1445 йил 17 шаввол | 2024 йил 26 апрель, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Исломий оила

ЭМИКДОШЛИК МАСАЛАСИ

05:00 / 14.02.2017 4518 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳар бир мусулмон шахс, хусусан ота-оналар билиши ва амал қилиши лозим бўлган ишлардан бири эмикдошлик масаласидир. Бу масала арабчада «разоъ», деб номланади. Яъни, бола онасидан ўзга аёлни эмиши билан собит бўладиган шаръий ҳукмлар масаласидир. Ислом шариати бўйича, икки ёшга тўлмаган ёш гўдак бир аёлни сутидан эмса, ўша аёлга эмизикли бола бўлади. Аёл эса унга эмизиш орқали она, эри ота, болалари ака-ука, опа-сингилга айланадилар. Шунинг учун бир аёлни эмган бошқа-бошқа аёллардан туғилган болалар орасида ҳам эмиш орқали қардошлик пайдо бўлади. Чунки, икки ёшдан кичик боланинг озуқаси сут бўлади, у эмган сут суягига ўтиб вужудини шаклланишига ва бошқа ўсиш жараёнларига омил бўлади. Бир хил сутдан эмган болаларнинг шаклланиш масдарлари бир бўлгани учун улар шаръий ҳукм бўйича эмикдош ака-ука, опа-сингил, ота-бола, она-қиз бўладилар.

Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам бундай эмикдошлар орасидаги никоҳ масаласини баён қилган ҳадисларида: «Насаб бўйича ҳаром бўлган нарса, разоъ-эмиш бўйича ҳам ҳаром бўлади», деганлар.
Шу ҳадиси шарифга биноан насаб бўйича бир-бирига никоҳи ҳаром бўлган ҳар-бир жуфт орасидаги никоҳ эмикдошлик орқали ҳам ҳаром бўлади. Бир аёлни сутини эмган йигит билан қиз уйлансалар ака-сингил эру хотин бўлган бўлади. Бошқаларини ҳам шунга қиёс қилавериш мумкин.
Исломий таълимотлардан узоқлашган минтақамиз аҳолиси орасида ушбу муҳим масала ҳам катта муоммога айланган. Баъзи бирлар умуман ишлари йўқ. Ҳалолми, ҳаромми, гуноҳми, савобми улар учун барибир. Эмикдош ака сингил эру хотин бўлиб қолиши уларга бурунларига қўнган пашшачилик ҳам таъсир қилмайди. Коммунистча туғуруқхоналар эса дард устига чипқон бўлган. У ерда ким, нима, ҳалолми ҳаромми деган гап йўқ. Янги туғилган бувакларни оналаридан тортиб олиб қўйилиб соғилган сутларни аралаш-қуралаш кимга тўғри келса шишадан эмизилаверади.
Бунинг аксича, баъзи бир ўзларини диндор хис қилган шахс ва оилаларда бу масалани тўғри тушинмасдан ўйнаб келиб етмиш ёшли энанинг кўкрагини оғзига солган болани ҳам эмикдошлик ҳукмига киритиб, турли муоммолар келтириб чиқарадилар. Бу хил тушунмовчиликлар, баъзи бир худосизлар томонидан бадийлаштирилиб, Ислом ва мусулмонлар устидан кулиш мақсадида хажвлар ҳам ёзилган.
Бу ҳақда билиш лозим бўлган шаръий ҳукмлар ва наслий хадларнинг мухтасари қуйидагилардан иборат.

1. Бекордан болаларни бегона аёларни эмишлари ёки сутларини ичишларига йўл қўймаслик керак.
2. Эмизикли бола етим қолганда ёки онасининг сути йўқ бўлгандагина бошқа аёлларнинг эмдиришлари мумкин.
3. Бола бошқа аёлни эмиши лозим бўлса, бу ишга покиза, адолатли муслима аёллардан гувоҳ қилиш керак.
4. Эмизиш сутли аёллардан собит бўлади. Сути йўқ аёлнинг кўкрагини оғзига олиши билан эмиш собит бўлмайди.

- Эмган бола икки ёш ёки ундан кичик бўлиши керак.
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда: «Эмизишни батамом қилмоқчи бўлганлар учун оналар болаларини тўлиқ икки йил эмизадилар», деган. (Бақара сураси, 233-оят).
Ушбу ояти каримадан уламоларимиз эмизиш собит бўлиши учун бола икки ёш ёки ундан кичик бўлиши керак, деган ҳукмни олганлар.
6. Эмиш орқали бир аёлга бола бўлган фарзанд, ўша аёлнинг эрига ҳам эмиш орқали фарзанд болаларига эса ака-ука ёки опа-сингил бўлади. Шу билан бирга, ўша боланинг туғишган ака-ука ва опа-сингиллар билан, эмишган ака-ука, опа-сингиллари орасида ҳеч қандай алоқа пайдо бўлмайди. Шаръий ҳукмлар фақат эмикдош бўлган болага нисбатан собит бўлади холос.
7. Бир аёлни бошқа аёллардан туғилган турли болалар эмса ҳам улар орасида ҳам никоҳ ҳаром бўлади.
8. Никоҳнинг ҳаромлиги фақат эмикдош бўлган ака-сингиллар орасида эмас, балки насаб қариндошлиги бўйича қайси жуфтлар орасида ҳаром бўлса, ўшалар орасида эмиш орқали ҳам собит бўлади.
Бунга аввал ҳам айтиб ўтилганидек Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам:
«Насаб бўйича ҳам ҳаром бўлган нарса, ризоъ-эмиш бўйича ҳам ҳаром бўлади», деган ҳадислари асос бўлган. Бунга биноан, бир мусулмон йигитга ўзининг эмиш орқали собит бўлган синглиси, опаси, аммаси, холаси, онаси, акасининг қизи, укасининг қизи, опа-сингилларининг қизи ва бошқалар никоҳ жиҳатидан ҳаром бўладилар.
Албатта, бу ҳукмларни мусулмон бўлган кишилар ҳеч қандай гап сўзсиз қабул қилиб, уларга тўлиқ амал қиладилар. Бўлмаса мусулмонликлари қолмайди.
Аммо баъзи Ислом душманлари турли гаплар чиқаришлари ва содда мусулмонларни чалғитишлари ҳам мумкин. Улар ёш бола бир хотинни эмса-эмибти-да, нима бўлар эди. Орадан йигирма ва ундан кўп йил ўтгандан кейин бу ишни суриштириб овора бўлишни нима хожати бор дейишлари мумкин.
Исломда оила масаласига катта аҳамият берилишини унга муқаддас робита, деб қаралишини яхши биламиз. Никоҳ иши умр савдоси. У қанчалик поклик, ҳалоллик ва тўғрилик ила ўрнатилса шунчалик бахт келтиради.
Аллоҳ таоло кўпгина ҳикматларга биноан маълум бир насаб, қудачилик ва эмизишлик қариндошлари орасидаги никоҳни ҳаром қилган.
Эмикдошлик қариндошлар орасида никоҳни ҳаром қилиш ҳам беҳикмат эмас. Фақат инсонлар фойдаси учундир. Зотан шаърий ҳукмларнинг ҳаммаси инсонлар фойдаси учун, уларнинг бахт-саодати учундир.
Маълумки, ҳар бир аёл ўзи эмизаётган болага нафақат сутини, балки меҳр-мухаббатини, хис-туйғуларини ҳам қўшиб беради. Ана шундай меҳр-мухаббат, хис-туйғулар бирлиги бор кишилар жинсий томондан бир бўлишлари соф инсоний табиатга тўғри келмайди.
Иккинчидан, аввал ҳам айтилгандек, сут боланинг суяги, қони ва вужудининг шаклланишига сабаб бўлади. Бир сутдан шаклланган вужудларнинг жинсий алоқада бўлишлари эса кўпгина касалликларга сабаб бўлади. Улардан пайдо бўлган болалар ҳам касалманд, майиб бўлиб туғиладилар. Бу ҳақиқатни ҳозирги замон тиб илми ҳам тасдиқлади. Мана шу ва яна биз билмаган бошқа ҳикматларга кўра Аллоҳ таоло эмикдош қариндошлар орасидаги никоҳни ҳаром қилган.
Шунинг учун бу масалага алоҳида эътибор билан қараш керак. Бунинг учун эса, Исломни ўрганиш, унга амал қилиш керак.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло .Мўминларга айтгин Кўзларини тийсинлар ва фаржларини сақласинлар. Мана шу улар учун покроқдир. Албатта, Аллоҳ нима қилаётганларидан ўта хабардордир. давоми...

12327 05:00 / 14.02.2017
Маҳмуд мусулмон, одобли, тарбияли бола. Отаонасининг гапини эшитади ва итоат қилади. Отаси билан масжидга намоз ўқиш учун боради.Маҳмуд отаси билан ўтирганда давоми...

4192 05:00 / 15.02.2017
Аёл зоти турмуш қургунича отаси, акаукаси ёки бошқа бирор эркак қариндоши нафақасида бўлиши маълум. У оила қуриши билан эрнинг нафақасига ўтади. Бас, оиласи давоми...

3244 05:00 / 14.02.2017
Эр ўн икки ишда қуйидаги одобларга риоя қилиб, мўътадил бўлмоғи вожиб1. Тўйни қилиш суннатдир.2. Хотинлар билан чиройли хулқда бўлиш.3. Улардан содир бўладиган давоми...

4447 05:00 / 14.02.2017