1445 йил 25 шаввол | 2024 йил 04 май, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Исломий оила

БАЛОҒАТГА ЕТГАНДАН КЕЙИН ЕТИМЛИК ЙЎҚ

05:00 / 14.02.2017 2976 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Балоғатга етмаган, отаси йўқ ёш болани етим, дейилади. Отаси бор ёш бола етим эмас. Шунингдек, балоғат ёшига етгандан кейин ҳам етимлик қолмайди.

Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан: «Эҳтиломдан кейин етимлик йўқ, кундузи кечқурунгача жим юриш йўқ»ни ёдлаб олдим». Абу Довуд ривоят қилган.

Шарҳ: Эҳтилом уйқусида жинсий алоқани кўриб булбанишдир. Бу ҳолат ўғил болаларнинг балоғатга етганлик аломатидир. Бундан балоғатга етгандан кейин етимлик йўқ экани келиб чиқади.
Ҳадиси шарифда зикр қилинган иккинчи масала, жоҳилият даврининг ботил одатларидан бирини йўқ қилишдан иборатдир.
Жоҳилият пайтида кун бўйи, қоронғу тушгунча гапирмай юришни фазилат, деб билишар ва баъзилар шу ишни қилишар эдилар.
Ислом бу одатни номаъқул эканини эълон қилди. Кишининг фазли, унга ўхшаган мантиқсиз ишлар билан эмас, иймон-эътиқод, тақво ва солиҳ амал билан намоён бўлади.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга лашкарда кўрсатилдим, ёшим эса ўн тўртда эди. Бас, у зот мени қабул қилмадилар. Кейин, келгуси йили у зотга яна бир лашкарда кўрсатилдим, ёшим ўн бешда эди. Бас, у зот мени қабул қилдилар». Нофеъ: «Буни Умар ибн Абдулазизга айтувдим, бу кичик билан катта орасидаги чегарадир», деди» деган. Бошқа ривоятда: «Мана шу зурриёт билан жангчилар ўртасидаги чегарадир», дейилган. Бешовлари ривоят қилган.
Шарҳ: Бу ҳадиси шариф «Намознинг шартлари боби»да ўтган ва ўша ерда батафсил ўрганганмиз.
Баъзи уламоларимиз ўн беш ёшни балоғат ёши, деб олиб ушбу ҳадиси шарифни далил қилиб кўрсатган бўлсалар ҳам, кўпчилик уламолар иқлим ва бошқа шарт-шароитларга қараб ҳар ўлканинг мутахассислари масалани атрофлича ўрганиб чиқиб балоғат ёшини белгилайди, деганлар.
Етим бола ўша ёшга етганда етимликдан чиқади ва васийсининг қарамоғидан ҳам чиқиб ўзича яшай бошлайди.
Аммо, молини қўлига топшириш учун яна бошқа бир шарт юзага келиши керак. Икки одил шахс унинг молни тўғри, исроф қилмай, оқилона тасарруф қила олиши ҳақида гувоҳлик беришгандан кейингина гувоҳлар ҳузурида ҳужжатлаштириб берилади.

Атияя ал-Қуразий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Қурайза куни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга кўрсатилдик, ким (қовуқ жунинни) ўстирган бўлса, қатл қилинар, ким ўстирмаса, қўйиб юборилар эди. Мен (қовуқ жунини) ўстирмаганлардан эдим. Мен қўйиб юборилдим». Термизий ва Насаий ривоят қилган. Насаий лафзи: «Ким эҳтилом бўлган ёки қовуғи ўсган бўлса, қатл қилинди ва ким ундоқ бўлмаса, тарк қилинди» лафзи ила ривоят қилган.
Шарҳ: Аввало ровий Атияя ал-Қуразий розияллоҳу анҳу билан яқиндан танишиб олайлик.
Атияя ал-Қуразий, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрганлар ва у зотдан ҳадис эшитганлар. Бу саҳоба Куфада истиқомат қилганлар. Насаблари эса ноаниқдир.
Бу зот ривоят қилган ҳадисларни Мужоҳид ва Абдумалик ибн Умайрлар ривоят қилишди.
Бу ривоятда балоғатга етганликнинг эҳтилом бўлиш, маълум ёшга етишдан бошқа яна бир аломати, қовуқ жунининг ўсиши ҳақида кетмоқда. Қовуқ жуни ўсиши ҳам инсоннинг балоғатга етганлик аломатидир. Бунга шаръий далил қилиб ушбу ривоят олинган.
Яҳудийларнинг Бани Қурайза қабиласи Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан тузган аҳдномаларини бузиб хиёнат қилганларида, у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни бир ой қамал қилганлар. Кейин улар, Саъд ибн Муоз розияллоҳу анҳу нима ҳукм чиқарсалар шунга розимиз, дейишган. Саъд ибн Муоз розияллоҳу анҳу келиб, буларнинг эркакларини қатл қилинсин, аёллари ва болалари асир олинсин, деб ҳукм чиқарганлар.
Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишига, батаҳқиқ, улар ҳақида Аллоҳнинг ҳукми ила ҳукм қилдинг, деганлар. Шунда балоғатга етганлар эркак, етмаганлар бола ҳисоблангани учун ўсмирларни балоғатга етгани етмаганини аниқлаш керак бўлиб қолганда уларнинг қовуқларига қаралган. Қовуқ жуни ўсганлар балоғатга етган ҳисоб қилинганлар.
Қиз болаларда эса, ҳайз кўриш балоғатга етганликнинг асосий аломати ҳисобланади. Қовуқ жунининг ўсиш ва ёш кейинги аломатлар ҳисобланади.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Умр савдоси ҳақида бу китобчада ёзишнинг қандай зарурати бор эди, деган савол туғилиши мумкин. Жавоб шуки, ҳалол савдо ҳақида гаплашишга киришдикми, демак, гапимиз давоми...

3697 05:00 / 15.02.2017
Шу ерга келганда, талоқ тизими тўғрисида ҳам икки оғиз шарҳга эҳтиёж тушади..Талоқ, сўзи луғатда .моддий ва маънавий тугунни ечиш, деган маънони англатади.Шаръий давоми...

12019 05:00 / 07.03.2017
Исломда эр ва хотинлик алоқалари энг муқаддас инсоний алоқа эканини ҳаммамиз яхши биламиз. Аммо ўша алоқалар қай тарзда йўлга қўйилиши кераклигини ҳам билишимиз давоми...

10341 05:00 / 14.02.2017
Албатта ҳамду санолар Аллоҳникидир Биз У зотни мақтаймиз. У зотдан мадад ва мағфират сўраймиз. Аллоҳдан ўз нафсимиз ва амалимиз ёмонликларидан паноҳ тилаймиз. давоми...

5261 05:00 / 14.02.2017