1446 йил 20 жумадул аввал | 2024 йил 22 ноябрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фарзанд тарбияси

Болалар тарбиясидаги энг муҳим қоидалар

19:35 / 02.08.2017 15807 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Агар бир киши илгари билмаган ва кўрмаган бирон бир мураккаб замонавий жиҳоз сотиб олгудек бўлса, албатта, уни ишлаб чиқарувчилар тарафидан тайёрланган  каталог (фойдаланиш йўриқномаси)ни ўқиш ёхуд бу жиҳозни ишлатиб кўрган кишилардан сўраб-суриштириш орқали ундан фойдаланишга ҳаракат қилади. Аксар ҳолларда ишлаб чиқарувчилар мижозларни жиҳоз тўғрисида етарли маълумотга эга бўлмасдан туриб уни ишлатишдан огоҳлантирадилар. Шунингдек, одамлар бундай буюмларни ишлатиш мобайнида жиддий хатога йўл қўядилар ва оқибатда катта маблағ эвазига қўлга киритилган бу жиҳозларнинг ишдан чиқишига олиб келади.

Бола ҳар қандай жиҳоздан кўра мураккаброқдир. Унга тўғри тарбия бериш пухта билим, тажриба ва маҳорат талаб қилади. Бироқ одамлар буни тан олгиси келмайди. Шунинг учун бўлса керак, бамайлихотир етти-саккизта бола кўришга журъат қиладилару, фарзанд тарбияси тўғрисида битта китобча бўлса-да, мутолаа қилиш ё бирон бир маъруза тинглаш ёхуд мутахассисдан маслаҳат сўраш хаёлларига ҳам келмайди. Биз бу лоқайдликнинг аччиқ самарасини татиб келмоқдамиз. Кўп сонли ўспирин йигит ва қизларнинг қинғир-қийшиқ йўлларга кириб кетиши, яна қанчадан-қанча ёш авлоднинг ўқиш ҳамда амалий ҳаётдаги муваффақиятсизлиги мана шу лоқайдликнинг мудҳиш натижасидир. Бироқ бизларни қувонтирадиган хушхабар шуки, кейинги пайтларда одамларда фарзандларининг яхши тарбия топиши ва намунали таълим олиши муҳим экани ҳақидаги онг-тушунчалари ўсиб бораётганини ҳис қилмоқдамиз.

Мен бу борада қуйидаги фикр-мулоҳазаларни билдирмоқчиман:

1. «Тарбия маданияти» деганда тарбиявий муҳитни ҳосил қилиш, болалар тарбияси ва уларни салоҳиятли ўстириш услублари ҳақида, шунингдек, фарзандлар муаммолари ва улардаги хато-камчиликларга қандай ёндашиш борасида талаб қилинган маълумот ҳамда тажрибалар йиғиндиси назарда тутилади.

Қолаверса, «тарбия маданияти» деганда, аввало, тарбия негизини, унинг ўзаро таъсирланиш, таъсир ўтказиш ва ўзаро жамоавий руҳият пайдо қилиш асосига қурилганини англаб етиш ҳамда бу нарса талаб қиладиган тамойиллар, қадриятлар, фидокорлик, ғоя ва тушунчалар назарда тутилади. Тарбия маданиятини ташкил қилувчи мазкур унсурлар мукаммал тарзда йиғилиши бениҳоят мушкул ишдир. Шунинг учун биз доимо ўзимизни тарбиявий муаммолар исканжасида ҳис қиламиз, бу муаммоларни бартараф этиш борасида муносиб равишда иш юритишни билмай бошимиз қотади. Негаки, тарбия иши ғоят мураккаб иш. Бу иш мураббийдан яхши билим ва ҳикмат, шунингдек, асабий мувозанат ҳамда вазминлик билан бир қаторда муайян даражада амалий тажриба ҳам талаб қилади. Агар, борди-ю, мазкур ишлар қаторида мураббийга Аллоҳнинг тавфиқи, ҳидояти ва тўғри йўлга йўналтириши ҳамроҳлик қилмас экан, у ҳолда бу нарсалар айтарли ҳеч нарса ифода этмайди. Шу боис масаланинг бу томонидан ғафлатда қолмаслигимиз, муттасил равишда Аллоҳдан тавфиқ ва ҳидоят сўраб дуо қилишимиз зарур.

2. Тарбия иши ниҳоятда қизиқарли ва айни чоғда ўта машаққатли ҳамдир. 

Бу ишнинг машаққатлилигининг бир томони шундаки, тарбия билан шуғулланар эканмиз, унинг оғирлигини ҳис этамиз. Бу йўлда кўп саъй-ҳаракат қилаётганимиз ва анча қимматбаҳо нарсаларни қурбон этаётганимизни биламиз-у, бироқ болаларнинг шахсияти ҳамда юриш-туришида бунинг асоратини пайқамаймиз.

Шу ўринда тадқиқотчилардан бирининг Хитойда ўсадиган бамбук дарахти ҳақида айтган сўзини эслатишни маъқул деб биламан.  Бу дарахт уруғи ерга кўмилгач, тўрт йил давомида унинг попукли илдизлари ер остида кенг кўламда тарқалади. Шу вақт асносида ер устида унинг уруғдан ёриб чиққан нимжон ғунчасидан бошқа нарса кўринмайди. Буни қарангки, бешинчи йилга ўтиб, бамбукнинг баландлиги қарийб 25 метрга етар экан!  

 Ҳа, тарбиянинг ҳоли ҳам шундай. Биз гарчи натижани кўрмасак-да, ўзгаришларни ҳис қилмасак-да, тарбия ишини давом эттираверишимиз зарур. Натижалар бор, ўзгаришлар мавжуд. Кўпинча улар тўсатдан пайдо бўлади. Шу боис умидсизланиш, зерикиш ва тушкунликка ўрин йўқ.

3. Жамиятлар содда ва тор муҳитлардан мураккаб ҳамда кенг муҳитларга ўтиш ҳаракатини бошдан кечиради.

Бу ҳаракат шиддатли кечади ва унга фарзандлар тарбиясида акс этадиган талай ўзгаришлар ҳамроҳлик қилади.

Тор жамиятларда одамлар ўртасидаги ўзаро меҳр-оқибат ва ҳамкорлик даражаси юқори бўлади. Чунки уларнинг бир-бирлари билан алоқалари кучлидир. Шундан келиб чиққан ҳолда бир-бирларининг ғам-ташвишларини ҳис қилиш нисбати ҳам юқоридир. Бу  ўз ўрнида бундай жамият аъзоларида қариндош-уруғ, қўни-қўшни ва ўртоқлари фарзандларининг хатти-ҳаракатларидан қандайдир маънавий жавобгарлик ҳиссини пайдо қилади. Бундай жамият аъзоларининг барчаси  тарбия иши билан шуғулланади, ўзаро ёрдам беради ва ҳамкорлик қилади. 

Бироқ бу ҳолат салбий томонга ривожланиб борди. Одамларда хусусийчилик ва шахсийлик доираси кенгайиб, кўпчилик оталар  фарзандлари  ҳаётига бошқаларнинг аралашувини қабул қилмай қўйдилар. Шунингдек, ҳозирги даврда одамларда қандайдир ўз қобиғига ўралиш, жамоавий йиғин ва тўй-хашамлар ўрнига ўзининг шахсий кўнгилхушликларига мойилликни кузатиш мумкин. Биз ҳақиқатдан ҳам борган сайин кўпроқ узлат ҳаёти сари йўл олмоқдамиз! Бу дегани бундан буён ота-оналар фарзандлар тарбияси борасида яқин вақтларгача мавжуд бўлган жамоавий ҳамкорликни кутмасдан, балки энди тарбия масъулиятини фақат уларгина ўз зиммаларига олишлари лозимдир. Бу бошқа бир тарафдан шуни ифода қиладики, эндиликда ҳаётимиздаги қусур ва камчиликларни ислоҳ қилиш жамиятдан оила ичкарисига йўналтирилмасдан, аксинча, оиладан жамиятга йўналадиган бўлиб қолди.

Намунали ва олийжаноб мусулмон оилагина жамиятдан ёрдам кутмаган ҳолда унга барчага ўрнак бўладиган  андозаларни тақдим этади. Бироқ бу афсусланарли ҳол!

4. Маданиятнинг таназзулга юз тутиши жамиятнинг таназзулидан келиб чиқади. 

Жамиятнинг таназзули эса оила тарқоқлигининг самарасидир. Негаки, оила жамиятни ташкил қилувчи асосий бирикмадир. Оила тарқоқлигининг сабаблари жуда кўп. Бироқ биз бу сабаблардан энг муҳимига эътибор қаратишимиз зарур. У ҳам бўлса, ақиданинг инқирозга учрагани, қалбларда иймон чўғининг сўнганидир. Қолаверса, ота-оналарда фарзандларга нисбатан масъулият туйғуси заифлашди, улар турли хил тубан йўллар ва услублар билан кўнгилочар тадбирлару дунёвий лаззатларга берилишди, ушбу нарсаларга ортиқча қадр-қиймат ва эътибор қаратган ҳолда ота-онанинг бундай ишларга муккасидан кетиши ҳам оила тарқоқлигининг энг муҳим сабабларидан биридир.

Шундан келиб чиққан ҳолда, оилани ҳимоя қилиш йўлидаги саъй-ҳаракатларимиз жамият ва умматнинг таназзулга юз тутишидан асраш ҳамда ақиданинг инқирозга учрашидан сақлашда катта ҳисса қўшади.

5. Шуни айтиб ўтиш ҳам лозимки, одамларнинг болалар тарбияси соҳасида бошдан кечирган қийинчиликлари турличадир.

 Шундай фарзандлар борки, уларни кўрганингизда ўзидан кичик укаларини тарбиялаш борасида ота-онасига ёрдам бериш учун берилган илоҳий инъом эканини ҳис қиласиз. У одобли, доно, итоатгўй, олийжаноб, тиришқоқ...

Айни дамда шундай фарзандлар борки, улар ўн йил ёки йигирма йил давомида оила аъзоларига тинчлик беришмайди. Шу боис олдин ишора қилиб ўтганимдек, муттасил фарзандларимизга ҳидоят ва дину-диёнат сўраб Аллоҳга дуо қилишимиз ва бундан асло зерикмаслигимиз зарур. Ушбу ўринда таъкидлаш керакки, характери оғир ва шўх фарзандларимизни тарбиялаш бизнинг оила ва тарбия маданиятимиз учун «калит» вазифасини бажарсин. Мисол учун болаларимиздан бирининг қайсарлиги, насиҳат ва йўл-йўриқларга осонликча қулоқ солавермаслигидан қийналадиган бўлсак, у ҳолда бу муаммонинг ечими боладан нолиш ва шикоят қилиш бўлмаслиги керак. Аксинча, агар фарзандлардан бири шизофрения касаллиги ёхуд алоҳида қаровга муҳтож бўладиган бошқа бирон ғаройиб хасталикка чалинганида уни даволаш учун ўқиб-изланганимиздек, қайсар болалар билан қандай муомала қилиш ҳақида ҳам ўқиб-ўрганиш зарур.

Оғир характерли, ўзига хос фарзандлар билан муомала қилиш биз учун бир синов бўлиб, бу синовдан муваффақиятли ўтиш бизнинг вазифамиздир.

Бир оиланинг дангаса, ўқишни севмайдиган фарзанди бор. Хўш, бу оиланинг бундай фарзандга нисбатан бурчи нима?

Ушбу оила дангаса болалар билан қандай муомала қилиш тўғрисида мутолаа қилиши, бу хусусдаги тарбия маданиятини бойитиши ҳамда оила аъзолари унинг мактабга бормасликка уринишига қарши қатъий ва ягона муносабат билдиришлари зарур. Қолаверса, бу борада мутахассислардан маслаҳат сўрашлари ва таълим олишга қизиқтирувчи барча воситаларни ишга солишлари керак. 

Шундай қилиб, тарбиявий қийинчилик ва муаммолар бепарво, лоқайд ёки ожизлик ва таслим бўлиш мавқеида туриш ўрнига тарбия маданиятимизни бойитиш, болаларни тарбиялаш, уларга бу борада лозим бўлган йўл-йўриқларни кўрсатиш соҳасида илдам қадам ташлашга бўлган қатъиятимизни янгилаш манбаига айланади.

6. Тарбия маданиятини ҳосил қилиш фақат ота-онанинггина вазифаси бўлмай, балки бу бутун оила аъзоларининг бурчидир. 

Ёлғиз ота-онанинг ўзи асло барча тарбия машаққатини кўтара олмайди. Оилангизда ёши учинчи ўн йиллик (20-30), иккинчи ўн йиллик (10-20) ва биринчи ўн йиллик (1-10) да бўлган, шунингдек, мактаб ёшига етмаган фарзандларингиз бўлса, у ҳолда бу болалар уйда ўзаро исломий одоб-ахлоқларни ўстириш, хато-камчиликларни бартараф этишда ҳамкорлик қилмоқликлари керак.

Биз фарзандлардан содир бўладиган хато-камчиликлар ва муваффақиятсизликлардан оиланинг умумий маданиятини пайдо қилиш йўлида фойдаланмоғимиз лозим. Айтайлик, қизингиз ўқув йили якуний имтиҳонидан ўта олмади ва бундан тушкунликка тушиб йиғлай бошлади. Бу сиз оила аъзолари учун қизингизга нисбатан ҳамдардлик, меҳрибонлик ва ёрдам қўлини чўзиш учун қулай фурсатдир.

Фарзандларингиздан бири ўз иниси билан жанжаллашиб қолди, дейлик. Бу жанжал асносида улар ўртасида ўзаро тушунмовчилик ва одоб доирасидан чиқиш юз берди. Мазкур ҳолат улар иккисидан хато содир қилганининг узр сўраши, бошқа бирининг эса ўз саховати ва кечиримлилигини изҳор қилиши учун айни муддаодир.

Шунингдек, фарзандлардан бири қайсидир шахсни ғийбат қилди, дейлик. Бу ҳолат ғийбат қилинган шахс шаънини ҳимоя қилиш ва боланинг ушбу хатти-ҳаракатининг нотўғри эканини эслатиш учун муносиб фурсатдир...

Биз жоҳил ва тарқоқ оилалар аъзолари ўртасига раҳна соладиган ишларнинг ўзаро оилавий ришталарни кучайтирувчи, жамоавий меҳр-оқибат туйғуларини ўстирувчи ҳамда уларнинг бу борадаги онг даражасини оширишга ёрдам берувчи омилларга айланишини истаймиз. Албатта, биз Аллоҳнинг мадади ва тавфиқи ила бу ишларга қодирмиз.

7. Биз оммавий ва оилавий ҳаётимизда содир этадиган энг катта хатолардан бири – «Бошқалар ҳам худди биз сингари фикр юритади, уларнинг ён-атрофдаги нарсаларга нисбатан муносабати ҳам айнан бизникига ўхшаш бўлиши керак», деб ўйлашимиз бўлса керак.

Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло бизнинг юз-чеҳраларимизни бири-биридан фарқли қилиб яратганидек, феъл-атворимиз ва ақлларимизни ҳам тафовутли қилди. Одамлар юз тузилишининг ўзаро фарқли эканида беҳисоб фойдалар бўлганидек, уларнинг ақл даражалари ва хоҳиш-истакларининг хилма-хиллигида ҳам кўплаб манфаатлар бор. Фарзандлардан бири билан муомала қилишда яраган бир услуб, эҳтимол, унинг укаси билан бўлган муносабатда қўл келмаслиги, шунингдек, улардан бири хоҳлаган нарсани бошқа бири хуш кўрмаслиги мумкин ва ҳоказо... Мақсад – тарбия маданиятимизни муттасил равишда бойитиб бориш ва фарзандларимизга қўлламоқчи бўлган тарбиявий услубларимизнинг хилма-хиллигини таъминлашдир. Мен биламан, бу иш ниҳоятда оғир ва машаққатли, бироқ буни қилмай иложимиз йўқ. Акс ҳолда муваффақиятсизлик бизга ҳамроҳдир. Кўп ота-оналарни кўрамизки, улар бирон бир тарбия услуби қайсидир фарзандига қўл келгани ва айни услубнинг бошқа фарзандига кор қилмаганидан ажабланадилар. Аслида биргина тарбия услубининг бир неча фарзандга мос келиши ажабланишга ҳақлироқдир.

8. Замонавий тарбия талаблари билан танишар эканмиз, биз ота-оналар фарзандлар тарбияси борасида жуда кўп ишларни амалга оширишимиз кераклигини чуқур ҳис қиламиз.

Амалга оширишимиз лозим бўлган бу ишлар балки бизнинг имконият даражамиздан ортиқ бўлиши, зиммамизга оғир мажбуриятларни юклаши мумкин. Мен бу ҳис-туйғунинг аниқ ва чинакам туйғу эканига аминман. Зеро, тарбия иши ҳафтада етти кун, бир кунда йигирма тўрт соат тўхтовсиз меҳнат талаб қилади. Тарбия иши баъзи ҳолатларда партизанлар уруши ёхуд тошлоқ ерда хандақ қазишга ўхшаб кетади. Дарҳақиқат, тарбия жараёни шундай, унинг табиати шундан иборат. Бироқ бу ўринда биз иккита нарсани доимо ёдда сақламоғимиз керак:

Биринчиси – фарзандларимизни тўғри тарбиялаш борасида сарфлаган барча саъй-ҳаракатларимиз, иншааллоҳ, ажр-савобга дохилдир. Зеро, уларнинг вужудга келишларига биз сабабчи бўлдик, уларни тўғри йўлга бошлаган ҳам бизмиз. Уларнинг қалбларига Аллоҳ ва Расулининг муҳаббатини солган, фозил инсонлар бўлиб етишишларига ҳаракат қилган, бу хусусда кўп нарсаларни қурбон қилган ҳам биз ота-оналармиз.

Аллоҳ таолодан умидимиз фарзандларимизнинг солиҳ амалларини бизнинг номаи аъмолларимизга киритсин, ҳаётдан кўз юмгач, болаларимизнинг дуолари сабаб даражаларимизни юксалтирсин. Агар бу нарса рўёбга чиқадиган бўлса, фарзандларимизнинг тарбияси борасида сарфлаган саъй-ҳаракатларимиз учун бизга бениҳоят катта мукофот берилган бўлади.

Иккинчиси – шуни эсдан чиқармаслигимиз керакки, бугун фарзандларимизга нисбатан биздан талаб қилинаётган нарса ўтмишда ота-оналаримиздан бизларга нисбатан талаб қилинган нарса эди. Шунингдек, бу нарса келажакда фарзандларимиздан ҳам уларнинг фарзандларига нисбатан талаб қилинажакдир. Демак, масала қарз ва мажбурият, олди-берди масаласи экан.

Билим ҳамда тажриба, келажакка умид, сабр ва матонат билан кўп яхши нарсаларни қўлга киритиш мумкин. Аллоҳнинг изни ва мадади ила, иншааллоҳ, бунга эришамиз.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бугунги кунда ривожланиш, ўсиш, илдамлаш юқори тезликда ортиб бормоқда. Фантехника асриrdquo деб ном олган 21 аср ҳақиқатдан улкан ривожланиш асри бўлмоқда. Бу давоми...

4395 23:11 / 19.02.2018
Абдулқуддус амакининг сабоқлари 4қисмКИТОБЛАР ҲАҚИДА Ассалому алайкум, менинг асалқанд фарзандларим Бугун сизларга Аллоҳнинг китоблари ҳақида сўзлаб бераман. давоми...

4334 05:00 / 16.02.2017
Бечора болажонларhellip Ўз хатоларимиз туфайли сизларни бунчалар жазоламасакБечора болажонлар... Ўзимизнинг камчиликларни деб сизларга бунчалар зулм давоми...

5633 11:46 / 09.01.2018
1. Ўғил бўлсин, қиз бўлсин, Аллоҳ таоло ёш болаларнинг барча ибодатларини қабул қилиб, уларга савоб ёзади. Бу У Зотнинг карами кенглигидандир. Болалар таҳорати, давоми...

4781 00:00 / 25.08.2017
Аудиолар

135067 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

55346 14:35 / 11.08.2021