1446 йил 20 жумадул аввал | 2024 йил 22 ноябрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Саҳобалар ҳаёти

Ҳазрати Абу Бакр (5-қисм)

16:34 / 21.04.2017 4425 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

СОЛИҲ САЛАФЛАР ИБРАТИ

САҲОБАЛАР САЙЙИДИ

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ҳаётларидан лавҳалар

Ҳимоянгдан воз кечдим!

 (5-қисм)

Маккалик мусулмонлар бошига маломат ва зулм тошлари ёғилиб, ҳар қадамда таъқиб-қийноқларга солинаётган кунларда Абу Бакр розияллоҳу анҳу ҳам Ҳабашистон тарафга ҳижратга отландилар. Баркул-Ғимод деган жойга етганларида қўшни Қорат қабиласининг бошлиғи Ибн Дағинага дуч келиб қолдилар. У Абу Бакрдан:

—  Қаёққа кетяпсиз, Абдуллоҳ? – деб сўради.

— Қавмим мени юртимдан ҳайдаб чиқарди. Энди мен ер юзини айланиб, бехавотир жойда Раббимга ибодат қилмоқчиман, – дедилар Абу Бакр.

Ибн Дағина бу гапдан ҳайрон бўлди:

— Сиз каби яхши инсонни ҳеч ким юртидан ҳайдаб чиқара олмайди, ўзи ҳам юртини ташлаб кетолмайди. Сизнинг Маккада энг амин, хушхулқ, ҳалим инсон эканлигингизни яхши биламиз. Сиз ҳамиша бева-бечораларга ёрдам кўрсатасиз. Одамларнинг оғирини енгил қилиб, жонига оро кирасиз. Меҳмоннавоз ва мусибатзадаларга ҳамдард кишисиз. Биласизки, мен сизга қўшниман. Қўшни эса қўшнисига озор етмоғидан изтироб чекади, бунга йўл қўймайди. Ортингизга қайтиб, юртингизда Парвардигорингизга ибодат қилаверинг, бирор гап бўлса, мана, мен кафилман!

Абу Бакр розияллоҳу анҳу ортга қайтдилар. Ибн Дағина Қурайшнинг улуғлари олдига жўнади. Уларга бўлган воқеани айтиб маслаҳат солди:

— Абу Бакрга ўхшаган одамларнинг юртидан кетиши Қурайш учун ҳам исноддир. Ахир ҳеч ким ундан ёмонлик кўрмаган. Ўзи камбағалпарвар, ҳаммага раҳм-шафқатли, кўпчиликнинг ғамини ейдиган, меҳмоннавоз, мусибатга учраганларга ёрдамга ошиқадиган шундай одамни шаҳридан ҳайдайсизларми?

Қурайш ашрофлари Ибн Дағинанинг гапларини маъқуллашди. Абу Бакрга омонлик ваъда қилишди. У кишининг олдиларига Ибн Дағинани шундай буйруқ билан жўнатишди:

— Абу Бакрга бориб айт, ўз уйида Раббига ибодатини қилаверсин, меҳмондўстлигини давом эттираверсин, хоҳлаган китобини ўқийверсин. Фақат битта шартимиз бор: ана шу ибодатлари билан бизга азият етказмасин! Намоз ва Қуръонни паст овозда ўқисин! Чунки биз болаларимиз ва аёлларимизнинг унинг таъсирига берилиб кетишларидан қўрқамиз.

Ибн Дағина Қурайш зодагонларининг бу гапларини ҳазрат Абу Бакрга оқизмай- томизмай етказди. Абу Бакр шу кундан бошлаб ўз уйларида бемалол тоат-ибодат қиладиган бўлдилар. Кейинчалик ўз ҳовлиларида бир масжид барпо қилиб, ўша ерда кунларини Аллоҳга ибодат ва Унинг ҳақ каломи тиловати билан ўтказа бошладилар.

Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг намоз ўқишлари ва ундан кейин Қуръон тиловат қилишлари қўни-қўшниларни бефарқ, беэътибор қолдирмади. Мушрика аёллар ва болалар аввалига бу ғайритабиий ҳолда ибодат қилаётган, оятларни ажиб эҳтимом билан таъсирчан тиловат этаётган Абу Бакрни ҳайронлик ва таажжуб билан кузатишдан нарига ўтишмади. Бора-бора у кишининг хуш овозлари, юмшоқ табиатлари, ибодат чоғида юм-юм йиғлашлари уларга ўз таъсирини ўтказмай қолмади. Бир-иккитаси бу зотдан ибодатни қандай ўрганиш ҳақида суриштира бошлади ҳам. Бу эса мушрикларнинг хавотирини ошириб, ғазабини қўзғади. Қурайшнинг катталари зудлик билан Ибн Дағинани олдириб келишди ва унга зуғум бошлашди:

—  Эй Ибн Дағина, биз сен билан нимага келишган эдик?

—  Абу Бакрга маълум шарт билан омонлик бериш ҳақида.

—  Ҳа, молинг кўпайсин, Ибн Дағина, худди шунга шартлашган эдик. Абу Бакрга фақат ўз уйида ибодат қилишини, ўқиган Қуръонини бошқаларга эшиттирмасликни сен орқали буюрган эдик. Аммо у ҳовлисига масжид қуриб олиб, ўша ерда баралла намоз ўқиб, тиловат қилмоқда. Бола-чақаларимиз унинг таъсирига тушиб, эътиқодларидан чалғий бошлашяпти. Бу аҳволда батамом унга эргашиб кетишларидан қўрқамиз. Унга бориб айтиб қўй: агар ибодат ва тиловатини ҳеч кимга эшиттирмай адо этса – этсин, акс ҳолда сенинг ҳимоянгдан воз кечсин, ўзимиз боплаб таъзирини бериб қўямиз. Биз ўртамиздаги аҳдни бузишни истамаймиз. Бироқ унинг ошкора тиловат қилишига рухсат ҳам бермаймиз.

Ибн Дағина ҳазрат Абу Бакр ҳузурларига жўнади. Бориб, Қурайш катталарининг гапини етказди:

—     Сиз хусусингизда Қурайш улуғларига ваъда берганимни биласиз. Ё сиз тоат-ибодатингизни ва тиловатингизни баланд овозда адо этишни тўхтатасиз, ё мен ваъдамни зиммамдан соқит қиламан. Чунки баъзиларнинг «Ибн Дағина ваъдасининг устидан чиқолмабди», деган таъна-маломатини эшитишни хоҳламайман.

Бунга жавобан ҳазрат Абу Бакр вазминлик ва қатъият билан:

—     Эй Ибн Дағина, мен сенинг ҳимоянгдан воз кечдим, менинг молу-жоним Аллоҳ таолонинг ҳимоясидадир, – дедилар.

Ибн Дағина бир сўз дея олмай, ҳовлини тарк этди.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
1. Жаъфар ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу.Бу киши Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амакиваччалари.Бу киши мўминларнинг амири Али розияллоҳу анҳунинг давоми...

3691 14:00 / 22.02.2022
Худди ўша йили Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг амрлари билан Басра шаҳри ҳам қурилди. Унинг ўрнида бир қишлоқ бор эди. Бу қишлоқ Дажла ва Фурот дарёлари давоми...

915 10:39 / 04 июль
Уҳуд кунида Қатода ибн Нуъмон розияллоҳу анҳу битта кўзини қўлида кўтариб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келди. Расулуллоҳ соллаллоҳу давоми...

1348 11:00 / 19.05.2023
Саъд ибн Абу Ваққос Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг барча жангларида ихлос билан қатнашдилар. Бадр жангида у киши махсус топшириқ бажарувчилар ичида давоми...

1481 16:29 / 23 январь
Аудиолар

135119 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

55395 14:35 / 11.08.2021