1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Саҳобалар ҳаёти

Ҳазрати Абу Бакр (9-қисм)

16:30 / 21.04.2017 4947 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

СОЛИҲ САЛАФЛАР ИБРАТИ

САҲОБАЛАР САЙЙИДИ

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ҳаётларидан лавҳалар

Расулуллоҳга нима бўлди?

9-қисм

Абу Куҳофанинг ўғли Абу Бакр розияллоҳу анҳу Макканинг таниқли тожирларидан бўлиб, ақллари расо, шарафли, ўзларини гуноҳ ишлар билан булғамаган, санам-бутларга сиғинмаган, ҳурматли аъёнлардан эдилар. Шунинг учун Макка мушриклари у кишининг Исломга кирганларидан ғазаблари ошиб, тишларини ғижирлатиб юришса-да, у зотга қарши бирон таҳдид, зўравонлик қилишга ботина олишмас, у киши мансуб Бани Тамимнинг жиғига тегишдан чўчишар эди. Аммо у зот тобора «ҳаддиларидан ошар», қурайшийларнинг сабр косасини тўлдирар эди: «Майли, анави ҳошимий Муҳаммаднинг динига кириб, у билан яқинлашиб олганига ҳам чидаса бўлар. Майли, мусулмон бўлган бир неча қулларни эгаларини рози қилиб сотиб олгани ва озод қилиб юборганига ҳам кўнса бўлар. Майли, Усмон, Абдураҳмон, Талҳа, Саъд каби таниқли одамларни ҳам ўз сафига тортиб кетганига бир амаллаб тишни-тишга қўйиш мумкин бўлар. Аммо энди бунисига асло тоқат қилиб бўлмайди, бу қилиғига сира чидаш мумкин эмас!» Шу пайт Масжиди Ҳарамда қўр тўкиб ўтирган Макка мушрикларининг Абу Бакр пайғамбарлик даъвосида юрган Муҳаммадга эргашиб масжидга кириб келаётганларини кўриб, хаёлидан ана шундай фикрлар ўтгани аниқ эди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир четга бориб ўтирдилар. Уларга эргашиб келган бир неча мусулмон қабиладошлари ёнларидан жой олишди. Шу кунгача пана- пастқам, яширин жойларда кишиларни Исломга даъват этаётган Пайғамбар алайҳиссалом содиқ дўстлари Абу Бакрнинг бир неча бор «Кўпчилик ўртасига чиқиб Исломга даъват қилиш керак», деган таклифлари, қатъий ўтинчларига қарши бора олмадилар. «Ҳали озчиликмиз, сабр қил, эй Абдуллоҳ», деган мулоҳазалари ҳам Абу Бакрнинг ўжарликларини енга олмаганидан кейин ноилож Ҳарамга келишга рози бўлдилар. Ваҳоланки, мушриклар кўпдан буён мусулмонларнинг бир адабини бериб қўйиш учун қулай фурсат кутиб ётишганди. Абу Бакр розияллоҳу анҳу ўринларидан турдилар, ўнг қўлларини кўтариб боядан бери ғазаб, нафратдан қизариб-бўзариб ўтирган мушрикларни тинчлантирмоқчи бўлдилар. Кейин қатъий, аммо майин овозда:

— Эй қурайшийлар, Аллоҳнинг ҳақ динига кирсанглар бўлмайдими? – дедилар.

Аммо у зотнинг охирги сўзларини ғала-ғовур, шовқин-сурон босиб кетди. Кимдир

қўлини пахса қилиб луқма отар, кимдир Абу Бакрни бўғмоқчи бўлгандай қўлини у томонга чўзиб қичқирарди. Вазият қалтис туе олди. Ҳар томондан даъватчи шаънига ҳақорат, дўқ-пўписа, маломат ёғилиб кетди.

— Бу даҳрийнинг овозини даф қилинг!

— Бир боплаб адабини бериш керак...

— Ҳали бизни оталаримиз динидан қайтармоқчи бўлган сенмисан?

— Ур аблаҳни!

Бир зум ҳазрат Абу Бакрнинг овозлари тиниб қолди. Ҳамма худди «ур», деган амрни кутиб тургандай баравар у зотга ташланиб дўппослай кетди, ётқизиб биқинига тепди. Айниқса, Уқба ибн Робия исмли мушрик ёмон қутирди. Ковушининг орқаси билан Абу Бакрни юз-кўзи, демай савай бошлади. Бир пасда у зотнинг ҳамма ёқлари қип-қизил қонга бўялди. Бошқа мусулмонлар ҳам аламзада мушрикларнинг ҳужумига учраб, роса калтак ейишди. Ҳамма ёқларига уриб дабдала қилинган Абу Бакр ерда беҳуш ётардилар, ҳамон жаҳлидан тушмаган мушрикларни эса бир ваҳима қийнарди: «Агар Абу Бакр ўлиб қолса, уни калтаклаганлар Бани Тамимдан омон қолишмайди!» Бир неча қабиладош чалажон Абу Бакрни чойшабга солиб уйларига олиб кетди. У кишининг тирик қолишларига унча умид йўқ эди...

Абу Бакр уйда ҳушсиз ётардилар. Ора-сира у зотни чақириб кўришар, аммо жавоб бўлмасди. Кечга бориб ҳушларига келдилар. Аранг тилларига шу сўзлар келди:

— Расулуллоҳнинг аҳволлари қандай?

Бу гапни эшитган қабиладошларнинг ҳафсаласи пир бўлиб, сўкиниб чиқиб кетишди. «Ўзи ўлим тўшагида ётибди-ю, яна Муҳаммадни ўйлагани нимаси? » деб ғўдирлаганлари қулоққа чалинди. Аммо Абу Бакр бу гапларни эшитмадилар, яна ҳушдан кетдилар.

Оналари Уммул Хайр дилбандининг аҳволларига раҳми келиб атрофларида куймаланарди. Қўлида қошиқ, ўғлига нимадир ичирмоқчи бўларди. Аммо калтак зарбидан Абу Бакрнинг оғиз очишга мажоллари келмасди. Шу аҳволда яна оналаридан сўрадилар:

— Расулуллоҳнинг аҳволлари тузукми?

— Ўртоғингга нима бўлганини билмадим, ўғлим.

— Хаттобнинг қизи Умму Жамилдан бир сўраб кўринг-чи!

Умму Хайр ноилож йўлга чиқди. Саид ибн Зайднинг эшигини тақиллатди. Аммо Умму Жамил бечора онани ҳайрон қолдириб на Абу Бакрни, на Муҳаммад ибн Абдуллоҳни танимаслигини маълум қилди. Чунки Умму Жамил иймонга келганлардан бўлиб, ҳали Исломга кирмаган Умму Хайрга унча ишона олмасди. Онанинг аҳволига раҳми келган Умму Жамил унга қўшилиб Абу Бакрникига жўнади. Ёлғиз қолишгандагина у кишига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам соғ-саломат эканликларини, ҳозир Арқамнинг уйидаликларини маълум қилди.

— Бориб ўз кўзим билан кўришим керак, – дедилар Абу Бакр зўрға.

— Бу аҳволда қандай қилиб борасан? – ҳайрон бўлиб сўрашди икки аёл бараварига.

— Валлоҳи, Расулуллоҳнинг аҳволларини билмагунимча овқат ҳам емайман, сув ҳам ичмайман, – дедилар Абу Бакр қатъий оҳангда.

Кеч кириб, одамлар оёқлагунича кутишди. Макка кўчалари ҳам тинчиб қолди. Шундай кейин Абу Бакр хотинларнинг елкасига суяниб, оёқларини аранг судраб Арқамнинг уйига жўнадилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дўстларини бу аҳволда кўриб жуда хафа бўлиб кетдилар, юраклари ачишди. Бир сўз айтмай, юриб келиб у кишининг пешоналаридан ўпдилар. Шу пайтда муборак юраклари маҳзун, диллари хун эди... Расули акрамнинг қаттиқ қайғу чекаётганларини кўриб Абу Бакр тасалли бердилар:

— Ота-онам сизга фидо бўлсин, жароҳатларим унча оғримаяпти. Фақат анави баттол Утба пойабзали билан юзимга ёмон урди-да.

Абу Бакр бироз жим қолдилар. Кейин Набий алайҳиссаломга юзланиб сўрадилар:

— Ё Расулуллоҳ, онам оқила ва меҳрибон аёллардан, аммо ҳамон иймонга келмаганлар. Дуо қилинг, Аллоҳ таоло уларга ҳам ҳидоят берсин, дўзахдан халос этсин.

Абу Бакрнинг оналари учун дуои хайр қилинди ва Умму Хайр у ердан мусулмон бўлиб қайтди. Шу топда Абу Бакр ҳамма азоб-хўрликларни унутиб юборгандилар, оналарини мусулмон ҳолда кўриш у киши учун энг улуғ мукофот эди.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бир куни Абу Муслим Хавлонийга хотини деди Уйда ун қолмаганАбу Муслимнинг ёнида пул йўқ эди. Шу боис, унга Мабодо, уйда ҳеч қандай пул қолмаганмиди деди. Йигирган давоми...

4680 15:03 / 28.05.2021
Ҳижратнинг ўн учинчи йили, жумодилохир ойининг бошларида ҳазрат Абу Бакр қаттиқ бетобланиб қолдилар. Бунга совуқ кунда ҳаммом қилганлари туфайли шамоллаганлари давоми...

3492 19:32 / 21.04.2017
Нўъмон ибн Башир розияллоҳу анҳумонинг тўлиқ исми Нўъмон ибн Башир ибн Саъд ибн Саълаба Ансорий Ҳазражий бўлган бу саҳоба Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи давоми...

1225 09:38 / 10 сентябрь
Икрима ибн Абу Жаҳл розияллоҳу анҳу Макка фатҳидан кейин Исломга кирдилар. Исломга кирганларидан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳаммадан кўпроқ давоми...

2407 10:10 / 28.02.2022