1445 йил 19 Рамазон | 2024 йил 29 март, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN

ҚОМУС

Нисо сураси -

Мадинада нозил бўлган. 176 оятдан иборат

Уламоларнинг таъкидлашларича, бу сурада «нисо» сўзининг борлиги ва умуман, унда хотинлар тўғрисида кўп ҳукмлар келганлиги учун у шу ном билан аталган. Зотан, «нисо» сўзининг маъноси «хотинлар» демакдир. Бу сура ҳажм жиҳатидан Қуръони Каримда иккинчи ўринда туради.

Нисо сурасининг нозил бўлиши ҳам узоқ давом этган. Унинг биринчи оятлари учинчи ҳижрий санада – Уҳуд жангидан кейин нозил бўлган бўлса, охирги оятлари саккизинчи ҳижрий санада нозил бўлгандир. Албатта, авваллари таъкидлаб айтилганидек, орада бошқа сураларнинг оятлари ҳам тушиб турган.

Нисо сурасида етимларнинг ҳақларига риоя қилиш, кичик ёшдаги болалар, заиф кишилар ва аёлларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалаларига алоҳида аҳамият берилган. Шунингдек, бу сурада аёллардан жабр ва зулмни кўтариб, уларга ҳақиқий инсоний муносабатда бўлиш йўлга қўйилган. Оилани мустаҳкамлаш, қариндош-уруғчиликни жойига қўйишга катта эътибор қаратилган.

Жоҳилият пайтида одатдаги ҳол бўлган ишлар: бировларнинг молини ботил йўл билан ейиш, порахўрлик, омонатга хиёнат, кишиларнинг ҳақ-ҳуқуқларини поймол этиш, ноҳақ одам ўлдириш каби разолатлар муолажа қилинади. Уларнинг ўрнини исломий фазилатлар эгаллаши лозимлиги уқдирилади.

Сурада жамиятни фаҳш, зулм ва фитнадан сақлаш ҳақида ҳам сўз кетади. Мерос масаласи батафсил баён этилади, заифларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилишга тарғиб қилинади. Шу аснода халқаро алоқалар ҳақида ҳам сўз юритилади.

Жиҳод пайтида, урушда намозни қандай адо этишнинг ҳукми ҳам шу сурада келган. Доимо оғир пайтда панд берадиган мунофиқлар ҳақидаги масалалар ҳам уруш ҳақидаги оятлар ичида муолажа этилади. Яҳудийларнинг мусулмонлар жамоасига қарши олиб борган ишлари ҳақида баҳс юритилади. Улар мунофиқ ва мушриклар билан бирикиб олиб, Исломга, мусулмонларга қарши турли фитналар уюштирар эдилар. Жумладан, уларнинг мусулмонларда Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг пайғамбарликларига шубҳа уйғотиш учун қилган уринишлари фош этилади.

Шунингдек, бу сураи каримада диннинг маъноси, иймоннинг чегараси, Исломнинг шарти ва уларга тааллуқли масалалар атрофлича ёритилади. Ҳар бир жамиятнинг асосий унсури бўлмиш ахлоқ ҳақида алоҳида таъкидли баёнотлар келади.