1445 йил 11 шаввол | 2024 йил 20 апрель, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN

ҚОМУС

Нажм сураси -

Маккада нозил бўлган. 62 оятдан иборат.

Ушбу сураи каримага ҳам ўзининг биринчи сўзи исм бўлиб қолган.

«Зориёт», «Тур» ва «Нажм» («Юлдуз») сураларининг услуб ва мавзу жиҳатидан бир-бирига ўхшашини кўп тафсирчилар баён этганлар. Нажм сураси ҳам аввалги икки сура каби, асосан ақийда масаласини муолажа қилади. Хусусан, унда Муҳаммад алайҳиссаломнинг ҳақ пайғамбар эканликлари, ваҳийни фаришта Жаброил орқали қабул қилишлари, у улуғ фариштани ҳақиқий яратилган ҳолида кўрганликлари тўғрисида сўз кетади. Шу билан бирга, динсизларнинг ва мушрикларнинг ақл ишлатмасликлари хусусида ҳамда қиёмат куни ҳақида ҳам оятлар келган.

Мушриклар худо тўғрисида хаёлларида ўзларича ҳар хил тасаввурлар яратиб олишган, фаришталар хусусида ҳам бузуқ фикрлар баён этар эдилар. Мисол учун, бутлару фаришталар бизни шафоат қилади, деган маънода афсоналар тўқиб олишган эди.

Сура давомида ана шу ботил тушунчалар фош этилади. Мушрикларнинг барча эътиқод ва ишлари гумонларга асосланганлиги, Набий алайҳиссалом эса уларни очиқ-ойдин ва ишончли хабар орқали иймонга чақираётганликлари баён қилинади.

Сўнг Набий алайҳиссаломга хитоб қилиниб, Аллоҳни унутган, фақат дунё ташвишида бўлган, саркаш динсизлардан юз ўгиришга кўрсатма берилади. Қиёмат муқаррар қоим бўлиши, унда ҳамма қилмишига яраша жазо ёки мукофот олиши айни ҳақиқат экани айтилади. Чунки Аллоҳ таоло ҳар бир инсоннинг онаси қорнида ҳомила эканидан бошлаб, то оламдан ўтгунича бўлган даврдаги ҳар бир ҳаракати, қилган иши ва юриш-туришини очиқ-ойдин ҳисоблаб қўйган. Энди қиёматда буларнинг бари адолат ила ҳисоб-китоб бўлиши таъкидланади.

Шундан сўнг Аллоҳ таоло ҳамма шариатларда, ҳамма пайғамбарларда, яъни Иброҳим алайҳиссаломдан то охирги Пайғамбар Муҳаммад алайҳиссаломгача – ҳаммаларида ақийданинг асли бир эканини тушунтиради. Сўнгра Аллоҳнинг қудрати, асарлари, Унинг ягоналиги, улуғлиги, буларнинг далиллари ҳақида сўз юритилади. Мушрикларнинг эътибори ўтган қавмларнинг тақдирларига қаратилади, улар куфрга кетганлари туфайли қандай ҳалок бўлганликлари эслатилади.