1445 йил 18 шаввол | 2024 йил 27 апрель, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN

ҚОМУС

Қалам сураси -

Маккада нозил бўлган. 52 оятдан иборат.

Ушбу суранинг номи унинг биринчи оятидаги «қалам» сўзидан олинган. Аллоҳ таоло унда қалам билан қасам ичган.

Қалам сураси ҳам ақийда ва иймон аслини ўз ичига олувчи маккий суралардан бўлиб, уч асосий мавзуни ёритади:

1. Пайғамбарлик масаласи ва Макка кофирларининг Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даъватларига шубҳа билан қарашлари.

2. Боғ эгаларининг қиссаси. Бу қиссадан мурод куфрнинг натижасини кишиларга англатиш, охиратда Аллоҳ таоло мусулмонлар ва гуноҳкорлар учун тайёрлаб қўйган нарсаларга эътиборни тортишдир.

3. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳақиқий пайғамбар эканликларини исботлаш.

Сураи карима Набий алайҳиссаломнинг қадр-қийматлари улуғлиги мушриклар қилган туҳматлардан пок бўлиб, олий ахлоқ эгаси эканликларини таъкидловчи қасам ила бошланади.

Сўнгра мушрикларнинг Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даъватларига муносабатлари ва Аллоҳ таоло улар учун охиратда тайёрлаб қўйган азоб-уқубатлар ҳақида зикр қилинади.

Ундан кейин эса Аллоҳ таоло Макка мушрикларига Ўзи берган неъматига ношукр бўлиш, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни ёлғончига чиқариш оқибати нима бўлишини тушунтириш учун боғ эгалари қиссасини келтиради.

Бу сурада ҳам Қуръон мўминлар ва мушрикларнинг ҳолини ўз услуби бўйича солиштириб кўради. Шунингдек, қиёмат куни кофирларнинг ҳоли нима кечиши ҳам тасвирланади.

Суранинг охирида Ҳақ субҳанаҳу ва таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни сабр қилишга амр этиб, Юнус алайҳиссаломга ўхшаб, шошмасликка ундайди.