("чуқур тушуниш, билиш") -мусулмонларнинг хулқ-атвор қоидалари тўғрисидаги ислом доктринаси (ҳуқуқшунослик), ислом ижтимоий меъёрлари мажмуаси (кенг маънодаги мусулмон ҳуқуқи). Иккала маънодаги Ф. ислом дини вужудга келиб, мусулмон давлати - Халифалик қарор топиши билан дарҳол таркиб топган эмас. 8-а.нинг 1-ярмигача умуман халифаликнинг ижтимоий (жумладан юридик меъёрлари тизими ислом қоидалари билан белгиланмас, балки асосан исломдан аввал мавжуд бўлган ва янги тарихий шароитда амал қилиб турган нормалардан иборат эди. Араблар босиб олган ҳудудларда аввалги юридик норма ва урф-одатлар янги дин ақидаларига зид бўлмаса, улар ҳам жиддий ўзгаришларсиз сақланиб қолаверган, чунки, аввал бошда ислом ўзининг ҳуқуқий масалаларига унчалик эътибор билан қарамаган. Бу пайтда халифаликнинг ҳуқуқий тизими Рум (Византия), сосонийлар, талмудчилар ва шарқий христианлар ҳуқуқининг айрим унсурларини ҳамда кўпгина маҳаллий урф-одатларни қабул этди, уларнинг кўплари кейинчалик исломники қилиб олинди ва Ф.га киритилди. Ф.ни шакллантиришни, бир томондан, амал қилиб турган ҳуқуқ ва б. ижтимоий меъёрларни диний ақидаларга мослаштириш зарурлиги ва иккинчи томондан, илк мулкдорлар жамиятининг эндигина вужудга келган муносабатларини моҳият эътибори билан исломнинг диний-ахлоқий таълимотига асосланган қоидалар негазвда тартибга солиш эҳтиёжлари тақозо қилар эди. Ф.нинг қарор топиши Муҳаммад (сав) ҳадислари ва чорёрларнинг айтган гапларини ёзиб олиш билан бирга давом этди. Шу сабабли Ф.га оид дастлабки асарлар (мас., Зайд ибн ал- Ҳасаннинг "Мажмуа", Молик ибн Анаснинг "ал-Муватто", Аҳмад ибн Ҳанбалнинг "ал- Муснад" асарлари), аслида, ҳуқуқий мавзудаги тадқиқотлар эмас, балки муайян мавзуда танлаб олинган ҳадислардан иборат. Ҳадисларнинг бир тизимга солиниши Қуръон ва суннани оқилона талқин этиш орқали ҳал қилинадиган масалаларни белгилаб олиш ва шу тариқа Ф.ни мустақил фан сифатида шакллантириш имконини берди. 8-а. ва 9-а.нинг 1-ярмида Ф. - ҳуқуқшуносликда ўз тушунчалари вужудга келди, ўзига хос тил ва услуб шаклланди. Унда Муҳаммад (сав)нинг вафотларидан сўнг асл маънода қонунлар яратиш фаолияти тўхтади, деган фикрга келинди. Қуръон ва сунна ҳуқуқий ечимларнинг асосий манбалари бўлиб қолди. Фақихлар мусулмон жамоасининг якдил фикри (ал-ижмў)ни чорёрларнинг ягона фикри деб ҳисоблаб, уларни ҳам мустақил манба сифатида тан олар эдилар. Қуръон ва сунна фақиҳларни қизиқтирган ҳар қандай саволга жавобларни ўз ичига олади, деган хулосага келинди. Шу сабабли уларда мусулмонлар амал қилиши лозим бўлган аниқ феъл-атвор қоидалари хусусида бир хил ечим, кўрсатма бўлмаган такдирда фақиҳлар мазкур манбаларни ҳуқуқий ҳолатларга оқилона "татбиқ қилиш" ёрдамида амалий масалаларни ҳал этиш билан шуғулланади. Бора-бора Ф. - ҳуқуқшуносликни илм ал-фуру деб тушуниш ҳаммага маъкул бўла бошлади. Илм ал-фуруъ - шариатнинг аниқ манбалар асосида таърифланган (яъни Қуръон ёки суннанинг айрим қоидаларига асосланган ва ижмўда тасдиқланган ёхуд ижтиҳод ёрдамида баён этилган) "амалий" (одамлар хулқ- атворини тартибга соладиган) меъёрлари тўғрисидаги фандир. Ф. - ҳуқуқшунослик фани меъёрларнинг икки тоифасини: 1) мусулмонларнинг Аллоҳ билан муносабати (ибодот); 2) одамлар ўртасидаги ўзаро муносабат, шунингдек, мусулмон ҳокимияти (давлати)нинг ўз фуқаролари, бошқа динлар ва давлатлар билан муносабати (муомалот)ни белгиловчи, тартибга солувчи меъёрларни ўз ичига олади. Фақиҳларнинг асосий куч-ғайратлари меъёрларнинг иккинчи тоифасини ишлаб чиқишга қаратилди, уларнинг аксарияти ижтиҳод асосида жорий этилди. Ф. - ҳуқуқшунослик шаклланишининг илк босқичидаёқ икки мактаб юзага келган эди: улардан бири - Ироқ мактаби "мустақил фикрлаш тарафдорлари" (ашоб ар- раъй) мактаби деб, иккинчиси - Мадина мактабини "нақл тарафдорлари" (ашоб ал-ҳадис) мактаби деб аталган. Улар ўртасидаги тафовут мактаблар ўз таълимотларини ривожлантирган моддий ва маданий шароит хусусиятлари ҳамда улар мерос қилиб олган ҳуқуқий анъаналар билан изоҳланади. ироқлик ҳуқуқшунослар ижтиҳодни қиёсдангана иборат деб билмасдан, ундан кенгроқ фойдаландилар, Мадина мактаби эса, асосий эътиборни Қуръон ва суннага қаратди. Аввалига бу мактабларнинг таълимоти муайян ном билан аталмади, бироқ кейинчалик уларнинг ҳар бири ўз таълимотини ўз асосчиси номи билан атай бошлади. Чунончи, Нуъмон ибн Собит Абу Ҳанифа (767 й. в.э.) Ироқ мактабининг асосчиси бўлган. 9-10-а.ларда Ф. - ҳуқуқшуносликнинг бошқа сунний тариқат (мазҳаб)лари ҳам юзага келди. Мас., Муҳамммад ибн Идрис аш-Шофиъий (820 й. в.э.) номи билан аталган шофиъийлик тариқати ижтиҳодни қиёс билан айнан бир нарса деб ҳисоблаб, уни қатъият билан татбиқ этди. Кейинроқ Аҳмад ибн Ҳанбал (855 й. в.э.) асос солган ҳанбалийлик мазҳаби ҳам тан олинди. Бу тариқат Қуръон ва ҳадислардан имкони борича кенг фойдаланганлиги ва ижтиҳодга ишончсизлик билан қараганлиги маълум. Ф. -ҳуқуқшуносликнинг бошқа мактаблари ҳам бор эди, аммо, 14-а.га келиб, мазкур тўрт сунний мазҳаб ҳамда бир неча шиалик тариқатларигана сақланиб қолди. Ф. мазҳабларидан ҳар бирининг таълимоти унинг тарафдорлари эътироф қилган асарларда баён этилган. Бу асарларнинг кўпчилиги ўрта асрларда мазҳаб асосчилари, уларнинг яқин шогирдлари ва издошлари, атоқли ҳуқуқшунослар томонидан ёзилган. Мас., ҳанафийлик мазҳаби бўйича Абу Ҳанифанинг шогирди Муҳаммад ибн ал-Ҳасан ал-Шайбоний (805 й. в.э.)нинг олтита китоби энг мўтабар (Кутуб зоҳират ар-ривоя) ҳисобланади. Мазкур асарларнинг энг муҳим қоидаларини кейинчалик Абул Фазл ал-Марвазий ўзининг "ал-Кофи" китобида умумлаштирди, Шамсиддин ас-Сарахсий (1090 й. в.э.) бу китобни батафсил шарҳловчи "ал-Мабсут" асарини яратди. "Ал-Мабсут" ҳанафийлик мазҳабига оид энг обрўли асарлардан бири деб тан олинади. Молик ибн Анаснинг "ал-Муватто" китоби моликийлар фиқҳи бўйича етакчи манбалигича қолмоқда. Бундан ташқари моликийлик фақиҳларининг бир неча авлоди, аввало, Абдусалом Сахнун (854 й. в.э.) томонидан яратилган "ал-Мудавванаал-кубро" асари жуда машҳур. Аҳмад ибн Ҳанбалнинг "ал-Муснад" асари ҳанбалийлар учун шундай аҳамиятга эга. Аш-Шофиъийнинг "ал-Умм" асари шофиъийлик Ф. - ҳуқуқшунослиги бўйича биринчи манбадир. Шиалар Ф.га доир анчагина китоблар ҳам маълум. Умуман, Ф.га оид асарлар орасида турли мазҳабларнинг хулосаларини таққослашга бағишланган асарлар (илм ал-хилоф) сезиларли ўрин олади. Бир мазҳаб тарафдорлари ўртасида ҳам ихтилофлар борлиги Ф. - ҳуқуқшунослигига хос хусусиятдир. 9-а. ўрталаридан эътиборан сунний Ф -ҳуқуқшунослигида фақат ўтмишдаги йирик ҳуқуқшунослар ижтиҳод хукуқига эга, деган гоя қарор топа бошлаган эди, 10-а. ўрталарига келганда эса, ўзининг ҳуқуққа оид қарорларини таърифлаб бериш усуллари тизимига эга бўлган янги мазҳаблар юзага келиши мумкин эмас, деган эътирозсиз якдил бир фикрга келинди. Бинобарин, энди ҳар бир фақиҳ муайян мазҳаб таълимотига эргашмоғи даркор бўлиб қолди, буни таклид деб юритадиган бўлдилар. Шу вақтдан бошлаб Ф. - ҳуқуқшуносликнинг ривожи эътироф қилинган мазҳаблар доирасида давом этди. Бунда ўтмишдаги йирик мужтаҳидларнинг хулосаларини мунтазам ҳолатга келтиришга, уларнинг асарларини шархдашга, уларни қайта ишлаб, қисқа ва содда тўпламлар тайёрлашга асосий эътибор берилди. Ўрта асрларда ва янги даврда Ф. -ҳуқуқшуносликка оид асарлар орасида фатво тўпламлари кўпайди. Фатво тўпламлари тартибга солинадиган мавзулар бўйича гуруҳланган ва ҳар бирининг манбаи кўрсатилган фавқулодда меъёрлар мажмуасидир. Ал-Қудурийнинг (1037 й. в.э.) "Мухтасар", Қозихоннинг (1196 й. в.э.) "Фатово", Бурҳониддин Али Марғанонийнинг (1197 й. в.э.) "Ҳидоя", Ибн Баззознинг (1414 й. в.э.) "Фатово" асарлари бунга мисол бўлади. Сунний фақиҳлар фатволарининг аксарият тўпламлари кенг мазмунли бўлиб, таҳорат, намоз, дафн, закот, рўза, ҳаж, турли савдо-сотиқ битишувлари ва мажбуриятларини, мулкни тасарруф этиш тартиботини, вақф, мерос, никоҳ-оила муносабатлари ҳар хил ҳуқуқбузарликлар, мусулмон ҳокимиятини номусулмон ва б. давлатлар билан муносабатлари, қозилик, кийиниш, овқатланиш қоидалари ва шу каби асосий бўлимларни ўз ичига олади. Бир-бири билан боғлиқ бўлган айрим масалаларга тааллуқли ишлар ҳам борлиги маълум. Мас., ал-Мавардийнинг (1058 й. в.э.) "ал- Аҳком ас-султония" рисоласи асосан халифаликни ташкил этиш ва унинг фаолиятини йўлга қўйиш ҳамда шу муносабат билан молия, ер, жиноят ва қозилик ҳуқуқига бағишланган. Шиа ҳуқуқшунослари одатда бошқача таснифлаш йўлидан бориб, Ф.нинг барча меъёрларини тўрт гуруҳга бўладилар. Мазкур гуруҳдар ибодат тартибини, икки томонлама шартнома (уқуд), шу жумладан никоҳ, муайян шаклдаги бир томонлама битим (иқўат), жиноят учун жавобгарлик ва етказилган зарардан келиб чиқадиган мажбурият ёки ихтиёрий шаклдаги битишув ёхуд ҳаракатларни тартибга солади. Ф., бир томондан, ақлий таълимот бўлса, иккинчи томондан ижтимоий муносабатларни тартибга солиш тажрибасига қаратилган. Ф. -ҳуқуқшуносликнинг кўпгина хулосалари амалда татбиқ этилиб, ислом ижтимоий меъёрлари мажмуасини ташкил этганлиги боис улар ҳам Ф. ибораси билан атала бошлади. Ф. мусулмонлар орасида амал қилган феъл-атвор қоидалари маъносида ижтимоий меъёрларнинг ҳар хил диний, ҳуқуқий, ахлоқий турларини, шунингдек, урф-одатларни, оддий хушмуомалалик ва ахлоқ-одоб қоидаларини ўз ичига олган, яъни кенг, умумий ижтимоий тушунчадаги мусулмон ҳуқуқи бўлган. Шу мажмуага кирувчи меъёрларнинг турли тоифаларини ижтимоий муносабатларда ва шахсий феъл-атворда амалга оширишнинг ўзигахос хусусиятлари бор эди. Чунки, мусулмонлар диний аҳкомларни имон-эътиқод билан адо этар ва шу сабабли улар жуда мукаммал бўлар эди. Ф. - ҳуқуқшуносликнинг кўпгина қоидалари мусулмонлар орасида расм бўлган ва бу қоидаларга риоя этилишни кафолатлайдиган урф-одатларни акс эттирар эди. Аммо, фақиҳлар ишлаб чиққан меъёрларнинг бир қисми аксар ҳолларда давлат иштирокида амалга оширилар, давлатнинг мажбурлаши имкониятига таянар эди. Шу сабабли, исломда ягона ижтимоий-меъёрий тартибга солиш мажмуаси таркибида феъл-атворнинг ҳуқуқий қоидалари (юридик маънодаги мусулмон ҳуқуқи) алоҳида ўрин олди. Ф. - ҳуқуқшуносликнинг хулосалари давлат томонидан буюриш расмий қўллаб қувватлаш натижасида қисман амалдаги ҳуқуққа айланар, мас., тайинлаб қўйилган қозилар муайян мазҳаб хулосаларини жорий қилар эди. Жумладан, аббосийлар ҳокимиятни қўлга олгач, фақиҳларни қози лавозимига кўтариш йўли билан шундай хулосаларни қозилик тажрибасига татбиқ эта бошладилар. Юридик маънодаги Ф. - ҳуқуқ шу асосда таркиб топди, Ф. - ҳуқуқшунослик унинг манбаи бўлди. Мусулмон фақиҳларининг кўп асарлари қози ва муфтилар учун амалий қўлланма (дастуруламал) бўлди, кўпинча маъмурларнинг буюртмаси билан давлат маҳкамалари учун махсус китоблар ёзиб берилди. Абу Юсуфнинг (798 й. в.э.) "Китоб ал-хараж"и ёки Бобурийлар салтанатининг ҳукмдори Аврангзеб (1658-1707) амри билан 1669 й.да бир гуруҳ ҳанафий ҳуқуқшунослар тузган "ал-Фатово ал-ҳиндия" асари бунга мисолдир. Чигаллик Ф. меъёрларининг кўпчилигага хос хусусиятдир. Зеро, айни бир хил масалаларни ҳал этишда турли мазҳабларнинг бир-бирига тўғри келмайдиган хулосалари татбиқ этилиши мумкин эди. Ҳатто бир мазҳаб ичида ҳам зиддиятли қоидалар амал қилаверар, чунки Ф. ҳуқуқ кўп жиҳатдан йирик ҳуқуқшуносларнинг аниқ масалаларга оид қарорлари йигандисидан иборат бўлиб, улар айни бир масала юзасидан кўпинча турли хулосаларга келар эдилар. Шу сабабли ҳатто давлат Ф. - ҳуқуқдаги муайян тариқатни қўллаб қувватлаши ҳам бир хил меъёрлар тизими белгилаб қўйилганини билдирмас эди. Бинобарин, Ф. - ҳуқуқнинг бир-бирига мос келмайдиган кўпдан-кўп қоидалари орасидан қози қайси бирини танлаб олишини олдиндан билиб бўлмас эди. Шу сабабли Ф.нинг умумназарий асоси аста-секин биринчи ўринга чиқа бошлагани бежиз эмас. Ўрта асрларда мусулмон фақиҳлари қозиларнинг Ф. - ҳуқуққа оид якка-якка кўрсатмалари асосида унинг умумий қоидалари (ал-Қавўид ал-Куллия)ни шакллантириб беришга муваффақ бўлдилар. Шу соҳадаги ишлар орасида Ибн Нужайманинг (1562 й. в.э.) "ал-Ашбоҳ ва-н-назўир" асари яхши маълум. 16-17-а.ларда чигал фатволар билан бир қаторда меъёрий қоидалар узил-кесил шакллантириб берилганлиги иккала маънодаги Ф. - ҳуқуқни ривожлантиришда энг юқори нуқта бўлди. Ислом мамлакатлари ҳуқуқ тизимида Ф. -ҳуқуқнинг роли доимо бир хил бўлган эмас. Жумладан, 16-а.да Усмонли турк салтанатида ва 17-а. 2-ярмида Бобурийлар давлатидаги ъҳуқуқий амалиётда унинг қоидалари жуда кенг ва изчил қўлланилди. Бироқ, умуман Ф. - ҳуқуқ ҳеч қачон Ф. - ҳуқуқшунослик билан тўла-тўкис мос келган эмас. Ф. - ҳуқуқшуносликнинг ҳақиқатда амалга оширилган, ҳокимият тепасидаги кучларнинг манфаатларини ифодалаган ва давлат томонидан бирон-бир тарзда қўллаб-қувватланган қоидаларигина амалдаги ҳуқуққа айланган, фақиҳларнинг бошқа хулосалари эса ҳуқуқий назария доирасидан ташқари чиқмаган. Айни вақтда Ф. - ҳуқуқ меъёрларининг турли мажмуалари шу жиҳатдан ўз хусусиятига эга бўлган. Шахсий ҳолат ҳуқуқи (ал-аҳвол аш-шахсия) Ф. - ҳуқуқнинг энг ривожланган тармоғи ҳисобланади. У оила-никоҳ, мерос муносабатларини ва уларга яқин бўлган бошқа баъзи муносабат (ҳуқуқ қобилияти, вақф тартиби ва ҳ.к.)ларни тартибга солувчи меъёрий йиғиндисидан иборат. Жамиятнинг иқтисодий негизидан нисбатан хийла олис бўлган, икки томондан, диний ақидалар билан жуда қатий белгилаб қўйилган ушбу муносабатларни тартибга солишда Ф. - ҳуқуқ меъёрлари, одатда, бошқа тармоқларга нисбатан жуда кенг қўлланилиб келди. Аммо, ҳатто оила-никоҳ соҳасида ҳам маҳаллий урф-одатлар Ф. - ҳуқуқ билан рақобат қилар ва амалда унинг айрим қоидаларини йўққа чиқариб юборар эди. Ф. -ҳуқуқнинг жиноят (ғайриқонуний ҳаракат) тармоғи (ал-уқубот), сажияси (характери)дан қатъи назар, барча ҳуқуқбузарликлар учун жазо чорасини ўз ичига олади. Фақат 10 та энг хатарли жиноят учун қатъий белгиланган жазо чораси кўзда тутилган. Мазкур тармоқ, шунингдек, Ф. - ҳуқуқнинг қозилар суди (ал-муҳокамат) ташкилоти ва унинг фаолиятини тартибга солувчи меъёрлари амал қилиш соҳаси давлат ўтказаётган сиёсатга бевосита боғлиқ эди, бу сиёсат эса, унинг дунёвий ва диний вазифалари нисбатига қараб белгиланар эди. Фақиҳлар ишлаб чиққан давлат ҳуқуқи, маъмурий ва молиявий ҳуқуқ меъёрлари (ал-аҳком ас-султония) Ф. - ҳуқуқнинг нисбатан иккинчи даражали унсури бўлиб, кўп жиҳатдан мавҳум назария эди, у солиқ соҳасидагина бирмунча изчил амалга ошириларди. Мусулмон маъмурларнинг бошқа давлатлар билан муносабатларини, уруш олиб бориш ва ҳарбий ўлжани тақсимлаш тартибини, мусулмон ҳукмдорнинг бош дин вакилларига нисбатан ўтказадиган сиёсатини тартибга солиш учун фақиҳлар белгилаб берган ас-сияр меъёрлари ҳақида ҳам шу гапни айтиш мумкин. Шу меъёрларнинг айримларигина (жумладан, номусулмонларнинг ҳуқуқий ҳолатини белгиловчи меъёрлар) ҳуқуқий тус олар ва юридик (ҳуқуқий) маънодаги Ф. - ҳуқуққа айланарди. Шуни ҳам назарда тутиш керакки, ўрта асрларда ислом мамлакатларининг ҳуқуқий тизимларида Ф. - ҳуқуқ марказий ўрин олган бўлса ҳам, аммо барча ҳуқуқий меъёрларни қамраб олмас эди. Бу ерда Ф. - ҳуқуқ билан бир қаторда давлатнинг фақиҳлар хулосаларидан баъзан фарқ қиладиган ва ҳатто уларга зид бўлган қонун ҳужжатлари ("ҳуқуқий сиёсат" - ас-сиёса аш-шаръия) амал қилар эди. 19-а.нинг 2-ярмида Ф. ҳуқуқ низомида жиддий ўзгаришлар содир бўлди. Бунинг энг муҳим сабаби шундан иборат бўлдики, энг ривожланган ислом мамлакатларида (хусусан, Усмонли турк салтанати таркибидаги эл-юртларнинг кўпчилигида) Ф. - ҳуқуқ асослари ҳолларда Ғарбий Европадан олинган қонунларга етакчи ўринни бериб қўйди. Натижада Ф. - ҳуқуқ асосан шахсий ҳолат муносабатларини тартибга солиш .соҳасида ўз мавқеини сақлаб қолди ва мазкур мамлакатларнинг давлат, маъмурият, жиноят, савдр-сотиқ ҳуқуқида, кўп жиҳатдан фуқаролик ҳуқуқида ҳам қўлланилмай қўйди. Шу билан бирга бу даврда 1869-1877 йларда "Мажаллат ал-аҳком ал-ъадлия" деган ҳужжатни қабул қилиш йўли билан унинг меъёрлари биринчи марта расмий равишда шароитга мослаштириб олинди, бу иш Усмонли турк салтанатининг фуқаро кодексида муҳим рол ўйнади (ҳозирги пайтгача ҳам шу ҳужжат Кувайтда қисман қўлланиб келинмоқда). Диққатга сазовор томони шуки, мазкур қонун Ф. -ҳуқуқшуносликнинг ҳанафийлик мазҳаби хулосалари асосига курилган бўлиб, жумладан, Ибн Нужайманинг рисоласидан олинган аниқ меъёрларни ҳам, умумий қоидаларни ҳам ўз ичига олган эди. 19-а. 2-ярми ва 20-анинг бошларида ҳукумат маъмурларининг топшириғига биноан тайёрланган қонун лойиҳалари тарзидаги асарлар (мас., Қадри Пошо, Д.Сантиллана ва М.Мораннинг шахсий ҳолатга оид ишлари) пайдо бўлганлиги диққатга сазовордир, аммо, улар давлат томонидан эътироф қилинмади. Гарчи 19-а.нинг 2-ярмидан Ф. - ҳуқуқнинг аҳамияти тобора пасайиб борган бўлса ҳам, ҳоз. вақтда унинг айрим тармоқлари, тартиб-қоидалари ва меъёрлари кўпчилик аҳолиси мусулмон бўлган Шарқ мамлакатларида бирон-бир тарзда қўлланилмоқда (фақат Туркия бундан истиснодир, бу мамлакат 20-й.лардан эътиборан ундан бутунлай воз кечди). Шахсий ҳолат тармоғи изчил, кенг ва деярли бекаму кўст амал қилаётир, айрим ҳолларда (мас., Тунис ва Яманда) Ф. - ҳуқуқнинг оила-никоҳ масалаларига оид қоидалари бирмунча ўзгартирилди. Ф. - ҳуқуқнинг тартиботи жиноят ҳуқуқида (мас., Саудия Арабистони, Яман, Форс кўрфази мамлакатларида) ҳам ўз аҳамиятини сақлаб келмоқда, аммо бир қанча мамлакатлар (Ливия, Эрон, Покистон, Мавритания ва б.)да ҳуқуқнинг тармоғига унинг таъсири 70- й.лардан бошлаб ҳатто кучайиб кетди. Фуқаролик ва савдо ҳуқуқи ҳақида ҳам шу гапни айтиш мумкин. Ф. - ҳуқуқнинг бу соҳадаги меъёрлари вақфларнинг ҳуқуқий ҳолатини тартибга солиб келмоқтса (вақфлар тугатилган Жазоир, Тунис, Яман бундан мустасно). Бу меъёрлар фуқаролик кодексига айрим моддалари (мас., ҳуқуқни суиистеъмол қилиш, қарзни ўтказиш, ерни ижарага олишга оид моддалар) тарзида киритилган. Кейинги 10-15 й.да бир қанча мамлакатлар (Ливия, Покистон ва б.) фуқаролик ва тижорат ҳуқуқида Ф. - ҳуқуқ меъёрларини қўллаш миқёси кенгайди. Ф. -ҳуқуққа асосланган солиқ ва молия қонунлари (жумладан, фойда - рибо олишни тақиклайдиган ва шу асосда ислом банклари фаолиятини тартибга соладиган қонунлар) қабул қилингани бунга сабаб бўлди. Кўпчилик ислом мамлакатларида мусулмон (шариат) судлари сақланиб қолаётир (араб мамлакатларидан фақат Тунис, Жазоир, МАР, Яманда бундай судлар тугатилган). Уларнинг ташкил этилиши ва фаолияти кўп жиҳатдан Ф. - ҳуқуқ меъёрлари билан тартибга солинади. Ф. - ҳуқуқ қоидалари ва меъёрлари айрим мамлакатлар (аввало Саудия Арабистони) давлат ҳуқуқида акс этган ва ҳоз. вақтда 1979 й. конституциясида ислом республикаси деб эълон қилинган Эрондаги давлат шаклида жуда яққол кўриниб турибди. Шуни ҳам айтиш керакки, барча ислом мамлакатларида ёхуд бошқа мамлакатлар аҳолисининг озчилигани ташкил этувчи мусулмон жамоаларида диний қоидалар ва намоз тартибини белгиловчи Ф. - ҳуқуқ меъёрлари ҳали ҳам қўлланилаяпти. Ҳоз. шароитда Ф. расмий ҳуқуқ манбаи сифатидаги аҳамиятини сақлаб қолган. Бир қанча мамлакатларнинг шахсий ҳолат ва жиноят ҳуқуқига оид қонунларида кўзда тутилишича, агар қонунда тегашли меъёрлар бўлмаса, Ф. - ҳуқуқшунослик хулосалари қўлланилиши лозим. Баъзи мамлакатлар (Миср, Сурия, Ливия, Ироқ, Жазоир, Кувайт)нинг фуқаролик кодексларида ҳам шундай қоида белгиланган. Ҳоз. вақтда кўпгина ислом давлатларининг конституциялари фиқҳнинг асосий ва ўзгармас меъёрларини қонунчиликнинг асосий манбаи деб тан олади. Давлатнинг Ф. - ҳуқуққа нисбатан бундай сиёсати Ф. ҳуқуқшуносликка оид илмий ишларни рағбатлантиради. Бу ишлар икки асосий йўналишда олиб борилади. Назарий илоҳиёт билан чамбарчас боғлиқ бўлган биринчи йўналиш анъанавий фатво жанридан иборат (Мисрнинг собиқ муфтиси Ҳасанайн Муҳаммад Махлуфнинг икки жилдли фатволар тўплами бунга мисол). Иккинчиси - Ф. назарияси ва тарихига оид асарлардир.