1445 йил 24 шаввол | 2024 йил 03 май, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тарих

Иброҳим алайҳиссалом

16:20 / 29.01.2019 3026 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ироқ тарафга бориб, қарор топган одамлар жамоаси Шинъор номли пасттекисликка жойлашди. У ерда уларнинг ҳаёти яхшиланди. Қадрлари баланд, даражалари юқори бўлди ва «сумарийлар» деган ном билан танилдилар. Улар асосан зироатчилик билан шуғулланишди, тўғонлар қуришди. Уларнинг яқинидаги ерларга бошқа бир қавм ҳам жойлашиб, кўпая бошлади. Уларга пойтахт бўлган шаҳарнинг номи Аккод бўлиб, кейинчалик бу қавм «аккодийлар» деган ном билан танилди.

Улардан баъзилари мазкур жойнинг шарқий тарафидаги тепаликларга кўчиб ўтишди ва Суса деган шаҳарни барпо этишди. Бу халқ тарихда «ийломийлар» номи билан маълум ва машҳур бўлди.

Кейинчалик сумарийлар минтақада энг кучли давлатга айланди. Уларнинг энг машҳур подшоҳларидан бири Саржун исмли одам бўлган. Машҳур шаҳарларидан бири эса Ур деб номланган. Ҳайкалларга ва юлдузларга ибодат қилувчи мазкур кишилар узоқ йиллар залолатда қолиб кетишди.

Вақти-соати етганда, Аллоҳ таоло уларга Иброҳим алайҳиссаломни пайғамбар қилиб юборди. У киши Ур шаҳрининг қавмидан эдилар.

Иброҳим алайҳиссаломнинг оталарининг исми Озар бўлиб, насаблари Нуҳ алайҳиссаломнинг ўғиллари Сомга бориб тақалади.

Иброҳим алайҳиссаломнинг кунялари Абу Зийфон бўлган, бу «Меҳмондўст» деган маънони англатади. Иброҳим алайҳиссаломнинг уйларига ташриф буюрган меҳмонлар билан бўлган қиссалари Қуръони Каримдаги энг машҳур қиссалардан экани маълум.

Иброҳим алайҳиссалом, бир ривоятга кўра, Бобилда таваллуд топганлар. Маълумки, Бобил ҳозирги Ироқ давлати ҳудудига қарашли бўлган. У зот алайҳиссалом таваллуд топганларида оталари етмиш беш ёшда бўлган экан. Иброҳим алайҳиссалом ўртанча фарзанд бўлганлар.

Иброҳим алайҳиссалом илоҳий таълимотлардан узоқлашган, маънавий қадриятлар издан чиққан бир жамиятда ўсдилар. Ўша вақтда Бобилга Намруд исмли золим подшоҳ ҳукмдорлик қилар эди. У ернинг одамлари мол-дунё ва айш-ишратга ниҳоятда берилган, шу билан бирга, ширк эътиқодида бўлиб, бут-санамларга сиғинишарди. Қавмнинг эътиқоди бузуқлигидан фойдаланган подшоҳ ўзини худо деб эълон қилган эди.

Иброҳим алайҳиссалом ўз қавмлари – Ироқ калдонийлари орасида ўсиб-улғайдилар. Аллоҳ таоло у зотнинг қалбларини ҳидоят нури ила мунаввар қилган эди. Шу боис ўсиб-улғайганлари сари Иброҳим алайҳиссаломнинг бу номаъқулчиликларга нисбатан норозиликлари ҳам кучайиб борди. Ақлини танигач, отасининг ҳам, қавми ва бошқа яқинларининг ҳам тошдан, ёғочдан ўзлари йўниб-ўйиб ишлаб олган бут-санамларга сиғинаётганларига гувоҳ бўлдилар.

Иброҳим алайҳиссалом соф қалби ва онги ила бу иш нотўғри экани, жонсиз тош ёки қуруқ ёғоч одамлар томонидан бироз ишлов берилгани билан худога айланиб қолмаслигини тушуниб етдилар. Ўзи жонсиз бўлган нарса ўзгаларга қандай қилиб жон ато қила олсин?! Ўзи ақлсиз нарса қандай қилиб ўзгаларга ақл бера олсин?! Ўзидан зарарни қайтара олмайдиган нарса қандай қилиб ўзгалардан зарарни даф этсин?!

Вақти-соати етгач, Аллоҳ таоло Иброҳим алайҳиссаломни пайғамбарликка танлаб олди. Узоқ тайёргарликлардан сўнг у киши ширкка қарши курашга қатъий бел боғладилар. Бу ишни у зот аввал ўз оилаларидан бошладилар.

Иброҳим алайҳиссалом биринчи навбатда мушрик оталарини ширкни тарк этишга даъват қилдилар.

«Иброҳимнинг ўз отаси Озарга: «Санамларни худолар қилиб оласанми? Мен сени ва сенинг қавмингни, албатта, очиқ-ойдин адашувда кўрмоқдаман», деганини эсла» (Анъом сураси, 74-оят).

Ота эътироз билдирди, орада мунозаралар бўлди. Иброҳим алайҳиссалом оталарига қилган даъватлари фойда бермагач, оталарига қўшиб қавмларига ҳам хитоб қила бошладилар.

Ўтган умматлар орасида Аллоҳ таолога ширк келтиришда ғоят ном таратган қавмлардан бири Иброҳим алайҳиссаломнинг қавмлари эди. Улар нафақат бут-санамларга, балки юлдуз, ой, қуёш каби жисмларга ҳам сиғинишарди. Иброҳим алайҳиссалом уларни бу нарсаларга эмас, уларни яратган Холиққа – Аллоҳ таолонинг Ўзига иймон келтириб, ибодат қилишга даъват этдилар.

«Ислом тарихи» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Биз яшаб турган авлод ҳам, биздан кейин келадиган авлодлар ҳам ndash ҳаммаҳаммаси рисолаи Муҳаммадиянинг ва унинг шомил ва боқий даъватининг ҳамда самарали давоми...

1067 14:00 / 10.02.2023
ҲИНДИСТОННИНГ КИЧИК ПОДШОҲЛИКЛАРИ. XV аср охирларида Ҳиндистонда кўплаб мусулмон подшоҳликлари бўлиб, Деҳли султонлиги улар орасида энг қудратлиси эди. Деканда давоми...

3777 05:00 / 24.02.2017
1818 йилда Ҳинд диёрида Муҳаммад Раҳматуллоҳ ибнул Халил дунёга келди. Инглизлар Ҳинд диёрини эгаллашгач қўзғолонларнинг олдини олиш учун бу диёрдан исломни давоми...

2634 15:30 / 30.10.2021
Ушбу соф олтин динорлар тарихдаги энг кучли қийматдаги олтин тангалар ҳисобланиб, Муробитлар давлати томонидан зарб қилинган. Ушбу тангалар билан Андалусия, давоми...

1180 11:00 / 14.02.2023
Аудиолар

120800 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

42367 14:35 / 11.08.2021