1445 йил 17 шаввол | 2024 йил 26 апрель, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Маросимлардаги исроф

21:20 / 27.01.2019 2823 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳозирги кунда маросимларнинг тури кўпайиб кетди. Уларнинг кўпчилигига Исломнинг алоқаси йўқ. Мазкур маросимлар кўпроқ бошқаларга тақлид қилароқ шаклланган. Уларда қанчалик исрофга йўл қўйилаётгани ҳеч биримизга сир эмас. Бундай маросимлардаги асосий исроф ҳаром нарсаларга кетадиган харажатда бўлади. Маст қилувчи ичимликлар ва бошқа шунга ўхшаш нарсаларга кетадиган пул жами харажатнинг 80 фоизини ташкил қилиши ачинарли ҳолдир.

Эски маросимлар ҳам иккига бўлинади: Исломга боғлиқлари ва боғлиқ эмаслари. Исломга боғлиқ эмаслари минтақадан минтақага ўзгариб бориши ҳам мумкин. Ҳеч бир иккиланмасдан, уларнинг кўплари аёлларга хос, десак муболаға қилмаган бўламиз.

Бизда турли омиллар сабабли ўтган яқинларни, хусусан, ота-онани йўқлаб, уларга ортларидан савоб юбориш ниятида таом пишириб, одамларни чорлаш кенг тарқалган. Ҳатто кўпчилик ўтганларга савоб бағишлаш, деганда айнан мана шу ишни тушунадиган бўлиб қолган.

Диндан узоқлашиш ва яна бошқа турли сабабларга кўра, ўтганларга атаб, «уч», «йигирма», «қирқ», «йил» ва бошқа номлар билан аталадиган маросимлар ўтказиш одатга айланган. Бу каби маросимларни ўтказишнинг ўзига хос «қоида»лари ҳам шаклланган. Уларга биноан, кун санашнинг ҳам услуби бор – маросимни тоқ кунларда қилиш шарт эмиш. Қилинадиган таомларнинг тури ҳам аниқлаб, тайинлаб қўйилган. Яна шунга ўхшаш бидъат-хурофотлар анчагина. Бу ишларда, асосан, аёллар ва маҳаллалардаги маросимчиларнинг гапи гап бўлади. Баъзи жойларда маййитнинг дафни куни жонлиқ сўйиб, таом пиширишга киришиб кетилади. Юқорида номи айтилган маросимларнинг қилинмаслиги марҳумни хорлаш билан баробар кўрилади. Хуллас, бу борада шариатга тўғри келмайдиган гаплар ва ишлар анчагина бор.

Шунинг учун ҳам ушбу мақомда бу масалани қисқача ёритиб ўтишни маъқул топдик.

Аввало, мусибатга учраганлар дафндан кейинги уч кун ичида бошқаларга таом қилиб беришлари макруҳдир. Меросхўрларнинг ичида балоғатга етмаган болалар бўлса, бошқаларга таом қилиб бериш ҳаромдир.  Мусибатзадаларга уларнинг яқинлари ва қўшнилари таом тақдим қилишлари мустаҳабдир. Мазкур уч кундан кейин маййит аҳли таом қилиб, улашса, дурустлиги юзага чиқади. Аммо шариатда «уч», «йигирма», «қирқ», «йил» ва бошқа номлар билан аталадиган маросимлар йўқ. Катта китобларда ҳам, кичикларида ҳам, арабчасида ҳам, ажамчасида ҳам бу номларнинг бирортасини топиб бўлмайди.

Китобларда «Мотам муносабати ила қилинадиган таом «вазийма» дейилади» деган гап бор, холос.

Ўша вазийманинг куни, ҳажми, унга пишириладиган таомнинг тури ва бошқа нарсалари белгиланган эмас. Бундай эҳсонни киши ўзидан, оиласидан, қарамоғидагилардан орттирганда, балоғатга етмаган болаларнинг ҳаққини аралаштирмасдан, кўнгли истаган пайтда қилиши мукин. Бунда турли бидъат-хурофотларни аралаштирмаслик шарт.

Фақиҳлар бу борадаги ҳужжат ва далилларни таҳлил қилиб, жумладан, қуйидаги хулосага келганлар:

Маййитга савоби етадиган нарсалар:

Барча уламолар маййитнинг дуо, истиғфор, садақа ва ҳаж каби баданий-молиявий ибодатлардан манфаат олишига иттифоқ қилганлар.

Уламолар намоз ва Қуръон қироати каби баданий ибодатлардан маййит фойда олиши ҳақида бир оз ихтилоф қилганлар.

Ҳанафийларнинг ихтиёр қилган қавллари бўйича, қорилар қабрнинг олдида ўтириб, қироат қилсалар бўлади. Бошқа ерлардаги қироатнинг ҳам савоби етиши ҳақида шубҳа йўқ. Чунки Қуръон қироати бўлган ерга раҳмат ва барака нозил бўлади. Қуръон қироатидан кейинги дуонинг қабул бўлиши осон.

Ҳанбалийлар: «Қабр олдида қироат қилса бўлади», деганлар ва унга «Йаасийн»ни ўлганларга ўқиш ҳақидаги ҳадисларни далил қилганлар.

Моликийлар: «Маййитга унинг ўлимидан кейин ва қабр олдида қироат қилиш макруҳ, чунки аввалгилар бундай қилмаган», деганлар. Аммо уларнинг кейинги уламолари: «Қуръон қироати ва зикр қилиб, савобини маййитга бағишлаш мумкин ва бағишловчига ҳам ажр бўлади», дейишган.

Аввалги шофеъийлар: «Маййитга ўзининг амалидан бошқа амал манфаат бермайди», деганлар. Аммо бу мазҳабнинг кейинги уламолари масалани ўрганиб, таҳқиқ қилиб чиққач: «Ўлганларга Фотиҳа ва бошқа сураларнинг қироати савоби етади», деганлар. Одамлар шунга амал қилганлар.

Шундай қилиб, тўрт мазҳабнинг барчаси Қуръон қироатининг савоби ўтганларга етишига иттифоқ қилганлар.

Ўтганларни, хусусан, ота-оналарни йўқлаш, руҳларини шод қилиш ва ортларидан савоб юбориш ҳақида сўз юритилар экан, қуйидаги ҳадиси шарифни ёдга олиш зарур бўлади.

Анас ибн Моликдан эшитган кишидан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:

«Албатта, амалларингиз ўлган яқинларингиз ва қариндошларингизга кўрсатилур. Агар яхши бўлса, улар башорат олурлар. Агар бошқача бўлса: «Аллоҳим, бизни ҳидоят қилганинг каби уларни ҳам ҳидоят қилмай туриб ўлдирмагин», дейишади».

Аҳмад ривоят қилган. 

Демак, вафот этган ота-онамиз ва яқинларимизни ёдлашимиз йилда бир ёки икки марта ёзиладиган дастурхон пайтидагина эмас, ҳар лаҳзада бўлиши лозим.

Аллоҳ таоло барча фарзандларга ота-оналарига тириклик чоғида барча яхшиликларни қилиб, розиликларини топиб, дуоларини олишни насиб этсин. Ўтганларидан кейинги ҳақларини ҳам шараф билан адо этишга муяссар қилсин!

Демак, арабчада «вазийма» деб номланган мотам муносабати ила ўтганларга савоб етказиш маъносида қилинадиган ихтиёрий маросимни ўзига тўқ бўлиб, эҳтиёжидан ортиқ маблағи бор одам, дафндан уч кун ўтган бўлиши шарти ила, ўзига қулай пайтда, кун, ҳафта, ой ва йил санамай қилади. Ўзидан ва қарамоғидагиларидан пули ортмаган одам қилмайди. Бу маросимни қарз олиб қилиш мутлақо мумкин эмас.

«Исроф» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
.Таанний, луғатда шошмасдан, мулойимлик билан секин иш кўришни англатади.Уламолар тааннийни .бирор нарсани талаб қилишда шошмаслик, уни ҳосил қилишда муҳлат бериш давоми...

3829 20:10 / 28.03.2019
Тирикларнинг дуо ва садақаларидан ўлганларга манфаат бордир.Шарҳ Аҳли суннат ва жамоа ўлганлар тирикларнинг қилганидан икки йўл билан манфаат олишларига, давоми...

112769 18:21 / 02.12.2016
Тасаввур қилинг, вафот этяпсиз. Охирги лаҳзаларингиз. Яшаган умрингиз кўз олдингиздан ўтяпти. Шунда қандай нарсалар хаёлингиздан ўтган бўларди. Ўйлаб давоми...

2386 15:45 / 31.08.2019
Жаъфар ибн Сулаймондан ривоят қилинади .Ҳабиб Форсий шундай дейди .Бир куни хотиним нон ёпиш учун хамир қорди. Хамир тайёр бўлгач, тандирга олов ёққани кетди. Шу давоми...

2378 08:45 / 10.02.2019