1445 йил 18 Рамазон | 2024 йил 28 март, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

Меросни ман қилувчи нарсалар

15:48 / 26.01.2019 3120 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Мусулмон кофирдан мерос олмайди. Кофир мусулмондан мерос олмайди», дедилар». 

Тўртовлари ривоят қилганлар.

«Сунан» эгалари келтирган ривоятда: 

«Икки ҳар хил миллат аҳллари бир-бирларидан мерос олмайдилар», дейилган.

Абу Довуднинг ривоятида:

«Яҳё ибн Яъмарнинг олдига икки яҳудий ва мусулмон ака-ука оталаридан қолган мерос юзасидан хусуматлашиб келдилар.

Бас, у фақат мусулмонга мерос берди ва:

«Менга Абул-Асвад бир кишидан, Муъоздан, у эса  Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:

«Ислом зиёда бўлур, ноқис бўлмас», деганларини ривоят қилиб берди», деди».

Шарҳ: Ушбу ривоятлар асосида «Мусулмон кофирдан, кофир мусулмондан мерос олмайди», деган қатъий ҳукм чиққан ва жумҳури уламолар бунга иттифоқ қилганлар.

Уламоларимиз муртад – дийндан қайтган кишининг мероси ҳақидаги ҳукмни ҳам кофир билан мусулмон орасидаги мерос ҳукмига қўшганлар.

Чунки муртад Исломдан чиқиши билан бош-қа дийндаги кишига айланади. У мусулмон қариндошларидан мерос ололмайди. Ислом ҳукмига биноан, муртадга тайин қилинган ҳукм ижросидан кейин унинг мол-мулки Байтулмолга топширилади.

Ҳанафий мазҳаби бўйича эса унинг муртад бўлгунга қадар моли мусулмон қариндошларидан ҳақдорларига бўлиб берилади. Муртад бўлганидан кейин топган моллари эса Байтулмолга топширилади.

Демак, мерос олишни ман қилувчи биринчи сабаб кофирликдир. Яъни мусулмон киши билан унинг кофир қариндоши орасида мерос олиш-бериш бўлмайди.

Меросни ман қилувчи иккинчи сабаб эса келаси ҳадисда баён қилинади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Қотил мерос олмайди», дедилар». 

«Сунан» эгалари ва Дора Қутний ривоят қилганлар. Аллоҳ олий ва билгувчироқдир.

Шарҳ: Яъни мерос қолдирувчини ўлдирган қариндоши унинг меросидан маҳрум қилинади.

Чунки қотил ўз қариндошини ундан мерос олиш мақсадида ўлдирган бўлади. Ёмон ниятли кишининг ниятига етишига имкон берилмайди.

Бу ҳукмни ривожлантира бориб, нафақат бевосита ўз мерос қолдирувчисини ўлдирган одам, балки унинг ўлимига сабаб бўлган киши ҳам меросдан маҳрум қилинади.

Мисол учун, қариндошига ўлим ҳукми чиқарилиши учун гувоҳлик берган одам ҳам меросдан маҳрум қилинади.

Ақл жиҳатидан ўйлаб кўрилса ҳам, ўзининг мерос қолдирувчисини ўлдирган одамга мақтулдан қолган меросдан бериш жиноятчини молиявий тақдирлаш билан баробар бўлади. Агар мерос қолдирувчининг қотили ва унинг ўлимига сабаб бўлувчи меросдан маҳрум қилинмаса, мерос олиш мақсадида қариндошлар бир-бирларини ўлдириши турган гап.

Ҳозирги пайтда маданият ва тараққиёт даъвосини қилаётган баъзи юртларда яқин қариндошларининг меросини ёки суғурта пулини олиш учун уларни ўлдираётганлари тез-тез фош бўлиб қолаётганлиги ҳам Ислом шариатининг ҳукми қанчалик одил ва ҳикматли эканлигини кўрсатади.

Демак, мерос ҳаққидан ман қилинишнинг иккинчи сабаби – меросхўрнинг мерос қолдирувчининг қотили бўлишидир.

Ҳанафий уламоларимиз меросдан ман қилиниш ҳақидаги барча ҳужжат ва далилларни диққат билан ўрганиб чиққанларидан кейин меросдан ман қиладиган нарсалар қуйидагилардан иборат эканлигини баён қилганлар:

1. Қатл.

Бу мавзуда кўзда тутилган қатл – мукаллаф, яъни шаръий амалларни бажариши лозим бўлган, оқил, болиғ ва ҳур кишининг ўз мерос қолдирувчисини ноҳақ ва узрсиз қасддан ўлдиришдир. Бунда шахсан ўзи ўлдирса ҳам, ўлдиришда бировга шерик бўлиб қатнашса ҳам, барибир. Масалан, боласини ўлдирган ота ҳам меросдан ман қилинади. Ваҳоланки, боласини ўлдирган ота қасос учун ўлдирилмайди.

Агар меросхўр ўзига мерос қолдирувчи шахсни ўлдиришни бошқа одамга амр қилса ҳам, тарғиб қилса ҳам, ёрдам берса ҳам, ёлғон гувоҳлик бериб, мерос қолдирувчи устидан ўлим ҳукмининг чиқишига сабаб бўлса ҳам меросдан ман қилинади.

Агар балоғатга етмаган ёш бола, мажнун ва эсипаст одам ўз меросхўрининг ўлимига сабаб бўлса, меросдан ман қилинмайди. Чунки улар мукаллаф эмас.

Ўз меросхўрини ҳақ ила қатл қилган қотил меросдан ман қилинмайди. Мисол учун, шаръий маҳкама қарорига биноан, қасос учун – бировни ўлдиргани учун қатл қилиш. Шунингдек, ўзини ҳимоя қилаётиб қатл қилиш каби ҳолатларда қотил меросдан ман қилинмайди.

2. Мерос қолдирувчи билан меросхўрнинг дийни икки хил бўлиши.

Мусулмон одамдан мусулмон бўлмаган одам мерос олмайди. Шунингдек, мусулмон одам мусулмон бўлмаган одамдан ҳам мерос олмайди.

Муртад, яъни Исломдан чиққан одам мусулмондан мерос ололмайди. Мусулмон кишининг ўзининг муртад бўлган яқинидан мерос олиши ҳақида уламоларимиз баъзи тафсилотларни баён қилганлар.

Муртад бўлган киши эркак бўлсин, аёл бўлсин, унинг мусулмонлик пайтида топган молларини мусулмон меросхўрлари тақсимлаб олсалар бўлади. Муртадлик ҳолида топган моллари эса Байтулмолга қолади.

Зиндиқ – сиртидан мусулмон бўлиб кўринса ҳам, ичида Исломга қарши бўлган, унга қарши иш олиб борадиган одамнинг мероси бобидаги масала худди муртаднинг масаласига ўхшайди.

3. Қуллик.

Қул бўлган эркак ва аёллар бировдан мерос олмаганлар ва уларнинг мероси ҳам бўлмаган. Чунки ўша вақтнинг таомилига кўра уларнинг мол-мулки бўлмаган. Аксинча, уларнинг ўзлари бировнинг мулки ҳисобланган.

4. Ватаннинг икки хил бўлиши.

Бу масала асосан мусулмон диёрда яшайдиган ғайримусулмонларга оид бўлган.

5. Мерос қолдирувчи ва меросхўрнинг қай бири олдин ўлганини билиб бўлмаган ҳолатда. Мисол учун, мерос қолдирувчи билан меросхўр бирданига сувга оқиб ёки том босиб ёки шунга ўхшаш ҳолатда ҳалок бўлишди. Улардан қай бири олдин ўлгани маълум эмас. Шунда улар орасида мерос олди-бердиси бўлмайди. Аммо қайси бири кейин ўлгани маълум бўлса, кейин ўлган кишининг аввал ўлган кишидан қоладиган меросдаги ҳаққи ўша кейингининг меросига қўшилиб, меросхўрларига тақсимланади.

6. Меросхўрни аниқлаб бўлмаганда.

Бу ҳол бир неча кўринишда бўлиши мумкин:

– Бир аёл ўз боласи билан бирга бошқа бировнинг боласини ҳам эмизар эди. Аёл вафот этиб, икки гўдакдан қай бири ўзиники, қай бири бошқа одамники эканлиги билинмай қолди. Шунда икки бола ҳам мазкура аёлдан мерос олмайди.

– Бир аёл иккита болани эмизган. Улардан бири мусулмоннинг боласи, иккинчиси ғайримусулмоннинг боласи. Кейинчалик улардан қай бири мусулмоннинг боласи, қай бири ғайримусулмоннинг боласи эканлиги номаълум бўлса, меросдан ман қилинадилар.

7. Пайғамбарлик.

Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ҳадисларига биноан, у зотдан мерос қолмаган.

8. Лиъон.

Бир одам зино қилганидан шубҳа қилиб, хотини билан қозининг олдида лиъон – лаънат айтишиб, ажрашган бўлса ва унинг ҳомиласи ўзидан эмаслигини айтган бўлса, туғилган бола ҳалиги одамдан мерос олишдан ман қилинади. Чунки эркак «У менинг болам эмас», демоқда.

9. Зино.

Зинокор эркак ўзидан бўлган болани тан олса ҳам, бола ундан мерос олмайди.


«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан



Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Мавзуга оид мақолалар
Маккаи Мукаррамада жойлашган, дунёдаги энг мўътабар мусулмон ташкилоти бўлмиш Робитаи Олами Исломий ҳузуридаги Ислом фиқҳи Академияси қарорини эътиборингизга давоми...

4845 05:00 / 17.01.2017
Маълумки, сувсиз поклаш ҳам, покланиш ҳам мумкин эмас Шунинг учун ҳам ҳамма ҳадис ва фиқҳ китобларимизда сувларнинг ҳукми ҳақида алоҳида боблар бор. Одатда бу давоми...

7315 05:00 / 18.01.2017
...Қурбонлик Аллоҳ таолога атаб қилингани учун уни соғсаломат, ҳеч бир нуқсонсиз бўлишига уриниш Аллоҳ таолога нисбатан юксак одобни кўрсатади. Қурбонликнинг давоми...

13470 05:00 / 17.01.2017
Ҳадиси шарифда айтиладики .Поклик ndash имондандир,. Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло Яхшидир яхшиликни севади, Сахийдир саховатни севади, Покдир покликни севади. давоми...

2844 14:30 / 11.03.2021