1445 йил 18 шаввол | 2024 йил 27 апрель, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Маддоҳликнинг офати

21:40 / 14.01.2019 3282 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Маддоҳлик баъзи жойларда ман қилинган. Мадҳнинг ўзида олтита офат бор бўлиб, уларнинг тўрттаси мадҳ қилувчида, иккитаси мадҳ қилинувчидадир.

Мадҳ қилувчидаги офатлар қуйидагилар:

1. Мадҳда ҳаддан ошиб, ёлғон қўшиб юбориш.

2. Мадҳга риёкорликни аралаштириш. Мисол учун, мақтаётганда уни яхши кўришини айтади, аслида яхши кўрмайди. Ёки гапираётган гапи ўз эътиқодига тўғри келмайди. Шунинг ўзи риёкорликдир.

3. Маддоҳ гоҳида рўёбга чиқиши мумкин бўлмаган нарсани ёки моҳиятини англаш қийин бўлган нарсани гапиради. Мисол учун, «Бу киши ўта тақводор, парҳезкор ва зоҳиддир», дейди.

Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бир кишининг бошқа бировни мақтаб маддоҳлик қилаётганини эшитиб қолдилар ва: «Ўша одамни ҳалок қилдиларингиз ёки белини синдирдиларингиз», дедилар».

Икки шайх ривоят қилишган.

Ортиқча ва ноўрин мақтов маддоҳлик бўлади. Бу иш мақталган кишининг ўзидан кетишига ва ҳовлиқиб, бузилишига олиб боради. Ана шу тариқа у одам ҳалокатга учрайди ва одамгарчиликдан чиқади. Шунинг учун ҳам маддоҳлик қилишда эҳтиёт бўлиш лозим.

Абу Бакра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида бир киши зикр қилинди. Бир одам унга яхши мақтов айтди. 

Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бир неча марта: «Шўринг қурсин! Соҳибингнинг бўйнини кесдинг! Агар бирингиз ноилож мадҳ айтадиган бўлсангиз, «Менимча, ундоқ, менимча, бундоқ», десин. Агар ана шундайлиги кўрилган бўлса, Аллоҳ унга етарлидир. Аллоҳга бировни поклаб кўрсатмасин», дедилар».

Учовлари ривоят қилишган.

Бу ерда бировни юзига мақташ ҳақида, шу билан бирга, мақтовдан сўнг ўзидан кетиб, адашув йўлига кириши эҳтимоли бор кишилар ҳақида сўз кетмоқда. Ўринли ва адолатли мақтов жоиз. Баъзи жойларда эса кишиларни яхшиликка тарғиб қилиш учун ҳатто зарур ҳам.

4. Маддоҳ золим ёки фосиқ одамни мақтаб, хурсанд қилади.

Мақталган шахсдаги офатлар:

1. Мақтов мақталган одамда кибр ва ўзини устун кўришига сабаб бўлиши мумкин.

2. Мақталган одам мақтовга учиб, ўзидан рози бўлиб, ҳимматини йўқотиши мумкин.

Мазкур олти офатдан холи бўлса, мадҳ жоиздир.

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига Бану Омирнинг элчилари келишди. Бас, улар: 

«Сиз саййидимизсиз», дейишди.

«Саййид Аллоҳдир», дедилар у зот.

«Фазлда афзалимизсиз, ато(мол бериш)да каттамизсиз», дейишди.

«Бу гапингизни ёки бу гапингизнинг баъзисини айтаверинг. Фақат шайтон сизларни тезлатиб юбормасин», дедилар».

Абу Довуд ва Аҳмад ривоят қилишган.

Меъёрида ва ҳаддан ошмасдан мақтов сўзларини айтиш мумкинлиги шу ҳадиси шарифдан олинади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларини мадҳ қилганлари ҳақида кўплаб ҳадислар келган.

Суфён ибн Уяйна дейди: «Ўзини билган одамни мадҳ қилиш зарар қилмайди».

«Бир киши келиб, Усмон розияллоҳу анҳуни юзларига мақтади. Миқдод ибн Асвад тупроқ олиб, унинг юзига сочди ва: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қачон маддоҳларни кўрсангиз, уларнинг юзига тупроқ сочинг», деган эдилар», деди».

Абу Довуд, Муслим ва Термизий ривоят қилишган.

Бундан маддоҳларни маддоҳликдан қайтариб туриш ҳам зурурлиги келиб чиқади. Бўлмаса, улар ўз маддоҳликларида ҳаддан ошиб, бир-бирлари билан мусобақалашиб бораверадилар.

Бир киши ҳазрати Али розияллоҳу анҳунинг юзларига қараб туриб, маддоҳлик қилди. Али розияллоҳу анҳу аввал шу одам ўзларини ёмонлаб юрганини билар эдилар ва унга: «Мен сен айтганчалик эмасман. Аммо ичингда сақлаб турганингдан устунман», деди.

«Руҳий тарбия» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади Ҳар бир жон ўлимни татиб кўргувчидир. Биз сизларни ёмонлик ва яхшилик ила имтиҳон учун синаймиз ҳамда бизгагина давоми...

3756 10:30 / 23.05.2021
Банданинг куннинг аввалида нафси билан яхшилик қилишга шартлашиб оладиган вақти бўлганидек, куннинг охирида қилинган ишларни ҳисоблашиб оладиган вақти ҳам давоми...

5916 09:00 / 23.07.2022
Халқаро конференцияларнинг бирида одам анатомияси соҳасидаги машҳур олимлардан бири, таиландлик профессор Тажасат Тажасан сўзга чиқиб, инсондаги асаб тизими, давоми...

5007 19:40 / 17.04.2019
Оилаларнинг бузилишига сабаб бўладиган, аёллар томонидан содир этиладиган биринчи хато ndash номаҳрам эркак билан холи қолиб гаплашишдир. Хоҳ телефон, хоҳ ижтимоий давоми...

25064 16:00 / 29.07.2019