1445 йил 19 Рамазон | 2024 йил 29 март, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Суннат ва замонавий илм

Таомга тушган пашша

19:40 / 14.01.2019 6698 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бирортангизнинг идишига пашша тушиб қолса, унинг ҳаммасини ботириб, кейин ташлаб юборсин. Чунки унинг икки қанотининг бирида шифо, бошқасида дард бор», дедилар».

Бухорий ва Абу Довуд ривоят қилганлар.

Абу Довуд «У (пашша) дард бор қаноти билан ҳимояланади» деган жумлани қўшимча қилган.

Бу ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам сиз билан биз – умматларига идишимиздаги суюқликка пашша тушиб қолса, қандай тасарруф қилишимиз ҳақида маслаҳат бермоқдалар.

Бу маслаҳатга биноан, идишдаги суюқликка тушган пашшанинг суюқликка тушмай қолган томонини ҳам ботириб туриб, сўнгра олиб ташлаш керак экан.

Бу сиртдан қараганда ғалати туюлади. Пашша ва унга ўхшаш ҳашаротлар таомга тушганда иложи борича уни ўша нарсага камроқ теккизишга ҳаракат қилиш мантиққа тўғрига ўхшайди.

Бу ҳадис билан танишувчи ҳар бир инсонда шу каби фикр пайдо бўлишини эътиборга олган Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам юқоридаги гапни нима учун айтганларини шарҳлаб, «Чунки унинг икки қанотининг бирида шифо, бошқасида дард бор», дедилар».

Имом Абу Довуд келтирган ривоятда эса «У (пашша) дард бор қаноти билан ҳимояланади» деб, пашша бирор суюқликка тушиб, хатарга йўлиққанда ўзини сақлаш учун дард бор қанотини хатар томонга тўғрилашини баён қилдилар.

Демак, ҳар бир пашша таомга тушганда, албатта зарарли қаноти билан тушар экан. Мазкур зарарни даф қилиш учун унинг шифоли қанотини ҳам таомга ботириш керак экан.

Бу ҳадиси шарифга нисбатан одамларнинг муносабати тарих давомида ўзгариб келган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида саҳобаи киромлар ўз одатлари бўйича бу ҳадиси шарифни эшитишлари билан дарҳол «Эшитдик ва бўйсундик», деб амал қилиб кетаверишган.

Кейинчалик ҳадиси шарифларни чуқур ўрганган ва улардан турли ҳукмларни чиқарган уламоларимиз эса: «Бировнинг идишига пашша тушиб қолса, уни аввал ботириб, кейин олиб ташлаши керак», деб айтганлар ва ёзганлар.

Ундан сўнг асрлар ўтиб, баъзи бир чала олимлар пайдо бўлиб, «Пашшани таом ёки ичимликка ботириб олиш илмга тўғри келмайди, пашшада турли микроблар бўлади, у суюқликка қанча кўп ботса, микроблари шунчалик кўп тўкилади», дея бонг урдилар. Бу фикрни баъзилар Исломни, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни қолоқликда, жоҳилликда айблаш учун ишлатдилар.

Баъзи бир ўзича Исломни «ҳимоя» қилмоқчи бўлганлар эса ушбу ҳадисни тўғри эмас, заиф ҳадис деб эълон қилишга шошилдилар. Лекин илм ривожланиши билан ҳамма нарса ўз ўрнига тушди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам жоҳил эмас, олим эканлар. Олим бўлганларида ҳам, мўъжиза гапларни айтадиган олим эканлар. Бу ҳадиси шариф саҳиҳ экан. Саҳиҳ бўлганда ҳам, Имом Бухорий ривоят қилган саҳиҳ ҳадис экан.

Турли ҳашаротларнинг, жумладан, пашшанинг ҳам тузилиши, таркиби чуқур ўрганилди. Уларнинг баъзиларида ҳам дард, ҳам шифо мавжуд эканлиги аниқланди. Уларнинг дард бор жойи инсонга тегса, ачишиб оғриши, қичиши, қизариб ёки кўкариб, ишиб чиқиши, ҳасосия (аллергия) ва бошқа каттароқ офатларга ҳам сабаб бўлиши аниқланди. Шу билан бирга, ана шу ҳашаротлар ўзлари билан турли касалликларнинг микробларини ташишлари ҳам равшан бўлди. Яна ўша зарари бор ҳашаротларнинг баъзиларида шифо, яъни фойдали хусусиятлар ҳам борлиги аён бўлди. Мисол учун, асалари ҳам чақади, ҳам асал беради. Энг қизиғи, ҳамма ҳашаротларда ҳам ўзини ҳимоя қилиш сезгиси, воситаси бор экан. Улар ўзларига нисбатан хавф-хатарни сезганда, ана шу воситани ишга солар эканлар. Шунинг учун ҳам кўпчилик ҳашаротларни билмай, босиб олсак, дарҳол чақиб олар экан. Бу туйғу уларда табиий бўлиб, хавф-хатар пайдо бўлганда ўз-ўзидан ишга тушар экан.

Ҳайвонот оламини яхши ўрганган олимларнинг таъкидлашларича, ушбу ҳадисда пашша ҳақида келган гап ҳақ экан. Пашшада заҳарлаш қуввати бор экан. Агар пашша бирор жойга қулайдиган бўлса, ўзини ҳимоялашга уриниб, заҳарли қаноти билан қулар экан. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг зарарини кесиш мақсадида суюқликка иккинчи, шифоли қанотини ботириб олишни маслаҳат берган эканлар.

Шу билан бирга, таъкидлаш лозимки, ҳадисда пашшани ботириб, сўнг олиб ташлаш айтилган, холос. У тушган ичимлик ёки таомни тановул қилиш амр қилинмаган. Кўнгли тортган одам есин, кўнгли тортмаган одам емасин. Бу ерда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам пашшанинг зарарини қандай қилиб йўқотиш ва ҳалол нарсани зое қилмаслик борасида маслаҳат берганлар, холос. Бу нарсани яхшилаб тушуниб олиш, мўмин-мусулмон киши бундай саҳиҳ ҳадис ила собит бўлган нарсага эътироз қилмаслиги керак. Агар у бунга ўхшаш нарсаларни тўғри тушуниб етса, жуда яхши. Агар тушуна олмаса, «Мен тушуна олмаяпман, илмим етмаяпти», деб одоб сақлаши зарур. Дарҳол эътироз билдиришга шошилмаслиги керак. Чунки мазкур нарсани у билмаса, бошқалар билади, бугун билинмаса, эртага ёки юз йил, минг йил ўтгандан кейин билинади. Кўпгина оят ва ҳадисларнинг сир-асрорлари асрлар ўтиб, илм ривожланиши билан кашф бўлмоқда.

 “Қуръон ва Суннатдаги илмий мўъжизалар” китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Расмда квазарнинг тахминий сурати акс этган. Квазар ndash галактика ядросида пайдо бўладиган, кучли радионурланишга эга бўлган, коинотдаги энг ёрқин давоми...

1443 12:23 / 20.12.2023
Мадина ndash хурмолари билан машҳур шаҳар. Мадина хурмолари ичида энг афзали .Ажва, хурмосидир. Ажва хурмоси ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан кўп давоми...

11415 17:23 / 04.06.2021
Эркак арслоннинг оғирлиги 160180 кг атрофида бўлиб, баъзиларининг вазни 230 кг бўлиши мумкин. Узунлиги 3 метрга, ердан баландлиги бир метрга етади.Урғочи шер эркагига давоми...

2559 09:00 / 19.11.2021
Одам сўлаги кучли оғриқ қолдирувчи восита сифатидаИлмий тадқиқотлар шуни кўрсатмоқдаки, инсон оғзидаги сўлак безлари кунига бир литр, бир ярим литр атрофида давоми...

3119 11:00 / 04.10.2021
Аудиолар

118783 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40733 14:35 / 11.08.2021