1445 йил 17 шаввол | 2024 йил 26 апрель, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Руҳий тарбия

Аллоҳга ва унинг расулига муҳаббат

10:35 / 26.12.2018 3777 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Қуйида Аллоҳга ва Унинг Расулига муҳаббатлари билан тилларда достон бўлган авлод – саҳобалар авлоди вакилларидан бирига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам берган гувоҳлик ва унинг самараси ҳақида қисқача сўз юритамиз.

Салама ибн Акваъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Хайбарда Али Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ортда қолган эди. Унинг кўзи оғриб қолган эди. У: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ортда қолар эканманми?!» деди-да, чиқиб, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга етиб олди. 

Аллоҳ фатҳ берган тонгга ўтар оқшом Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:  

«Эртага туғни Аллоҳ ва Расули яхши кўрадиган [ёки Аллоҳ ва Расулини яхши кўрадиган] кишига бераман [ёки олади]. Аллоҳ унга фатҳ беради», дедилар.

Қарасак, Али (келибди). Биз уни кутмаган эдик. «Мана Али», дейишди. Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам туғни унга бердилар. Аллоҳ унга фатҳ берди».

Икки шайх ривоят қилишган.

Бу ривоятдан кўзи қаттиқ оғриб, бетоб бўлиб ётган ҳазрати Али розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Хайбар ғазотига боролмай қолганларини тушуниб оламиз.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ислом лашкарларини олиб, Хайбарга жўнаб кетганлари ҳақидаги хабарни эшитган Али ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳу хасталикларига қарамай, ўринларидан туриб, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга етиб олганлар...

Уларнинг буюклиги бундан бошқа нарсага изн бермайди. Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу худди ана шу тоифадаги буюкларнинг ичида ҳам нодир шахслардан бири эди. У кишига Аллоҳ таоло томонидан берилган шахсий сифатларнинг Ислом ила тобланиши айнан ана шундай мўъжиза мисол шахсиятни юзага келтирган эди.

Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Хайбар куни:

«Албатта, ушбу байроқни Аллоҳ унинг қўли ила фатҳ қиладиган, Аллоҳни ва Унинг Расулини яхши кўрадиган ва Аллоҳ ҳамда Унинг Расули уни яхши кўрадиган кишига берурман», дедилар.

Одамлар кечаси билан унинг кимларга берилиши ҳақида гаплашиб чиқдилар. Тонг оттирганларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бордилар. Ҳаммалари унинг ўзига берилишини орзу қилар эди. Бас, у зот:

«Али ибн Абу Толиб қани?» дедилар.

«Эй Аллоҳнинг Расули, унинг икки кўзидан шикояти бор», дейишди.

«Одам юбориб, уни менга олиб келинглар», дедилар у зот.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг икки кўзига туфладилар ва ҳаққига дуо қилдилар. Худди хаста бўлмагандек тузалиб кетди. Бас, у зот унга байроқни бердилар.

«Эй Аллоҳнинг Расули, уларга қарши то биз каби бўлгунларича уруш қиламанми?!» деди.

«Сен шошилмасдан уларнинг қаршисига бор. Сўнгра уларни Исломга даъват қил. Уларга вожиб бўлмиш Аллоҳнинг ҳақлари тўғрисида хабар бер. Аллоҳга қасамки, Аллоҳ сенинг сабабингдан бир кишини ҳидоятга солмоғи сен қизил туяларинг бўлишидан яхшидир», дедилар».

Икки шайх ривоят қилишган.

Бу ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мўъжизаларидан бирининг шоҳиди бўлмоқдамиз. Беморнинг кўзларига дам солиб, дуо қилишлари билан худди кўрмагандек бўлиб тузалиши катта мўъжизадир. Бу иш ўша пайтда у зотнинг ҳар бир ҳаракатларини синчковлик билан кузатиб турган дўсту душманнинг орасида бўлгани билан ҳам эътиборга сазовордир.

Ушбу ҳадиси шарифдан яна бир улкан исломий ҳақиқатни англаб оламиз: Мусулмонлар фатҳ ишларини уруш учун эмас, кишиларни яхшиликка, Исломга даъват қилиш учун олиб борганлар. Агар уруш қилиш ниятлари бўлса, Хайбар аҳли ўша ишга лойиқ эдилар.

Ўша пайтда Хайбар Исломга ва мусулмонларга қарши халқаро марказга айланган эди. У ердан Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга қарши, Ислом давлатига қарши турли иғво ва ҳаракатлар тинмай чиқиб турган эди. Ўша кундан аввал уруш ҳам бўлган эди.

Шундай бўлса ҳам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан байроқни олган ҳазрати Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу уларга қарши ўзларига ўхшагунча уруш қилишлари ҳақидаги масалани яна бир бор сўрадилар.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бўлсалар яна бир бор уларни масалани тинч йўл билан ҳал қилишга, Исломга даъват қилишга иршод қилдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Хайбар куни Али ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳуга:

«Аллоҳга қасамки, Аллоҳ сенинг сабабингдан бир кишини ҳидоятга солмоғи сен учун қизил туяларинг бўлишидан яхшидир», дедилар».

Ўша пайтда араблар учун энг гўзал ва мўътабар мулк айни етилиб, қизғиш тусга кирган туя ҳисобланган. Шунинг учун сўнгги жумлани «қизил туяларинг бўлиши» деб ҳам, «ана шундай қимматбаҳо мулкни садақа қилишдан яхши» деб ҳам тушунса бўлади.  Мана шу муборак кўрсатма, мусулмонларнинг фатҳ ишларидаги шиори бўлиб қолган эди...

«Руҳий тарбия» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Мавзуга оид мақолалар
У Зотга яқинлигинг Унинг яқинлигига шоҳид бўлишингдир. Бўлмаса У Зотнинг яқин бўлиши сенга қаердан ҳам бўлсинИбн Атоуллоҳ Сакандарий раҳматуллоҳи алайҳ ўзининг давоми...

3358 16:40 / 14.01.2018
Учинчи гуруҳ олимлар .Ғийбатнинг гуноҳи ўчирилиши учун тавба қилишдан ташқари ғийбат қилинган кишидан кечирим сўраш ҳам зарур. Ўша одамга уни ғийбат қилишгани давоми...

3310 12:33 / 12.06.2018
Бандага бу дунёда учрайдиган барча нарсалар икки турга бўлинади унинг ҳавойи нафсига мувофиқ келадиган ва мувофиқ келмайдиган нарсалар. Банда буларнинг иккисида давоми...

4030 21:04 / 07.05.2018
Ҳадис. .Дўзах аҳлининг баданларини қичима қоплайди. Бас, улар қашланадилар. Ҳаттоки улардан бирининг қашланавериб териси тушиб, суяги кўриниб қолади. Унга .Бу давоми...

3356 14:28 / 15.03.2018