1445 йил 17 шаввол | 2024 йил 26 апрель, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Ёлғонни тарк қилиш буюк фазилатдир

12:05 / 13.12.2018 2681 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким ёлғонни тарк қилса – ҳолбуки, у ботилдир – унга жаннатнинг саҳнида бир уй қурилади. Ким ҳақ бўлатуриб, талашиб-тортишишни тарк қилса, унга жаннатнинг ўртасида уй қурилади. Ким хулқини гўзал қилса, унга жаннатнинг юқорисида уй қурилади», дедилар».

Термизий ва Абу Довуд ривоят қилишган.

Абу Довуднинг лафзида:

«Мен ўзи ҳақ бўлатуриб, талашиб-тортишишни тарк қилган одамга жаннатнинг саҳнида бир уй бўлишига, ҳазил бўлса ҳам, ёлғонни тарк қилган одамга жаннатнинг ўртасида бир уй бўлишига ва хулқини гўзал қилган одамга жаннатнинг юқорисида бир уй бўлишига кафилдирман», дедилар», дейилган.

Бу икки ривоятдан нафақат ноҳақдан талашиб-тортишиш, балки ҳақ бўлиб туриб ҳам бу ишни қилиш яхши эмаслигини билиб оламиз. Чунки нима бўлса ҳам талашиб-тортишиш кишилар ўртасига ҳиқду адоват солади.

Шу туфайли жамият аъзолари ўртасида душманлик руҳи тарқалади. Агар ҳақ бўлса, талашиб-тортишмасдан, бошқа яхши йўллар билан ҳам мақсадга эришиш мумкин.

Гўзал хулқли инсон ҳаммадан гўзалдир. Ислом доимо мусулмонларни гўзал хулқли бўлишга чақирган. Бу ҳадиси шарифда эса гўзал хулқли бўлган мўмин-мусулмонларга жаннатнинг энг юқори жойидан уй ваъда қилинмоқда.

Мусулмон уммати ичида ёлғонни ёлғонлиги учун тарк қилганлар, уни ўзларига зарар бўлса ҳам тарк қилган шарафли инсонлар жуда кўп бўлган. Улар ушбу ишлари учун бу дунёнинг ўзида улкан мартабаларга эга бўлганлар.

Бундай аброрларнинг энг машҳурлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Табук урушига бормай қолганлардан уч кишидир. Мазкур уч кишининг бўлиб ўтган қиссаларини яхшилаб ўрганиш лозим. Бу жуда ҳам машҳур ва ибратли қиссадир. Қуръони Каримда уларнинг бошидан ўтган ҳолатлар-нинг алоҳида оят бўлиб нозил этилиши мисли кўрилмаган бир ҳодисадир. Бу уч кишининг қиссаси ҳамма тарих китобларимизда, тафсир ва ҳадис китобларимизда ривоят қилинган. Деярли ҳамма муҳаддислар қисса тафсилотларини мазкур уч кишидан энг машҳурлари Каъб ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар. Қиссанинг хулосаси қуйидагича.

Каъб ибн Молик шундай ҳикоя қиладилар:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қилган ғазотлардан бирортасидан ҳам қолмаган эдим. Фақат Табук ғазотида иштирок этмадим. Яна айтиш керакки, Бадр ғазотига ҳам чиқмаган эдим. Аммо Бадрга чиқмаганлардан бирор киши итоб қилинмаган. Ўшанда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва мусулмонлар Қурайшдан бошқани кўзлаб чиққан эдилар-у, лекин Аллоҳ кутилмаганда улар билан душманни тўқнаштирди.

Ақаба кечасида Ислом учун аҳдлашилганда ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга эдик. Гарчи Бадр одамлар ичида кўп зикр қилинадиган ва машҳурроқ бўлса ҳам, мен бу ишни Бадрга алмаштирмайман. Аммо Табук урушига келсак, мен ўша ғазотдан ортда қолган чоғимдагидек кучли ва имкониятли бўлмаганман. Аллоҳга қасамки, ўша ғазотгача ҳеч қачон иккита уловим бўлган эмас. Ўшанда иккита уловим бор эди. Одатда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бирор ғазотга борадиган бўлсалар, сиртдан бошқа томонга кетаётган қилиб кўрсатар эдилар. Лекин бу сафар ундай қилмадилар. Ғазотга қаттиқ иссиқ пайтида чиқдилар. Сафар узоқ, душман кўп эди. Мусулмонлар тўлиқ тайёр бўлишлари учун ҳамма нарсани очиқ-ойдин қилдилар. Қаёққа кетаётганларини ҳам очиқ айтдилар. Мусулмонлар кўп эди. Уларни ҳеч ким рўйхатга ҳам олмас эди. Агар бирор одам бормай қолмоқчи бўлса, Аллоҳдан ваҳий тушмаса, ҳеч ким билмай, махфий қолиб кетадиган даражада эди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ғазотга чиққанларида роса мева пишган, одам салқин жойларни хоҳлайдиган пайт эди. Мен ана шундай нарсаларни яхши кўрардим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у киши билан бирга мусулмонлар ғазотга тайёргарлик кўра бошладилар. Мен ҳам улар билан тайёргарлик кўрмоқчи бўлар эдим, аммо ҳеч нарса қилмасдим. Ўзимга ўзим «Агар хоҳласам, бирпасда қиламан», дер эдим. Расулуллоҳ ва мусулмонлар йўлга тушганларида ҳам мен қимирламадим. Улар кетганларидан сўнг ҳам мен иккиланардим. Орқаларидан етиб оларман, дер эдим. Кошки, шундай қилган бўлсам. Бироқ бу менга насиб этмади.

(давоми бор)

«Ёлғон» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Муовиянинг олдига ироқликларнинг вакиллари келишди. Уларнинг орасида Аҳнаф ҳам бор эди. Бир киши туриб, .Мўминларнинг амири сизларга ҳеч ким ўзидан бошқа одам давоми...

1939 08:00 / 08.07.2020
Аллоҳ таоло одам боласига жуда кўп неъматлар берган, уларни санаб адоғига ета олмаймиз. Шубҳасиз, улар ичида энг қимматли ва муҳимларидан бири ndash ҳаёт, тириклик давоми...

6620 11:50 / 13.09.2019
Бир бева аёл билан танишиб қолдим, ҳижоб ўраганига уч ой бўлибди. Турмуш ўртоғи вафот этган. У аёл тезтез бир маршрут таксисига чиқаркан. Уни бир ҳайдовчи учинчи давоми...

10693 17:40 / 19.12.2018
Сўзда яширин қувват бор. Ўша қувват билан кишини, ҳатто бутун бир жамиятни қўзғатиш, у ёки бу томон йўналтириш мумкин. Зотан, Ҳазрат Навоий айтганларидек, дунё ўзи давоми...

3268 23:59 / 19.03.2020