1445 йил 17 шаввол | 2024 йил 26 апрель, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Оловда биринчи ёнадиганлар

18:03 / 21.11.2018 4815 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Валид ибн Абу Валид ва Абу Усмон ал-Маданийдан Уқба ибн Муслим ривоят қилади:

“Бир сафар Мадинага борганимда халқнинг бир одам атрофида тўпланганини кўриб:

— Бу одам ким? — деб сўрадим.

— Абу Ҳурайра, — дейишди.

Шундан сўнг унинг ёнига бориб ўтирдим. Абу Ҳурайра йиғилганларга ваъз айтарди. Сўзларини тугатганидан сўнг, жамоат тарқалгач, унга:

— Аллоҳ розилиги учун, агар Жаноби Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитиб, хотирангда яхши сақланган ҳадис бўлса, менга айтиб бер, — дедим.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу:

— Майли, Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитган ва яхши эслайдиганим бир ҳадисни айтақолай, — деди-ю, ҳушидан кетиб, ерга йиқилди. Анчадан кейин ўзига келиб, яна:

— Жаноби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитган ва яхши эслайдиганим бир ҳадисни сенга айтиб берай, деди-ю, такрор беҳуш ҳолда йиқилди.

Тағин ўзига келгач:

— Ҳа, ҳа, сенга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари билан мендан бўлак бирор кимса йўқлигида айтган ҳадисларини сўзлайин, — деди ва бу сафар янада қаттиқроқ беҳуш бўлиб, юзи билан ерга йиқилди.

Уни елкаларидан ушлаб, кўкрагим билан суядим. Ниҳоят ҳушёр тортганидан сўнг қуйидагиларни айтди:

— Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам, ўшанда марҳамат қилдиларки, Аллоҳ таоло қиёмат куни ҳаммани ҳисоб-китоб қилади. Тўпланганлар тиз чўккан кўйи, навбатини кутадилар. Энг аввал уч тоифа одам чақиралади: Қуръонни кўкрагида жамлаган киши, мол-дунёси кўп бўлган киши ва шаҳид бўлган киши.

Аллоҳ таоло Қуръонни ёд олган кишидан:

— Пайғамбарга нозил этилганларни сенга ўргатмадимми? — деб сўрайди.

— Менга билдирдинг, ё Раб.

— Сенга ўргатилган илмга мувофиқ ҳаракат қилдингми?

— Ҳа, ё Раббим! Мен кеча-кундуз Сенга ибодат қилардим.

Аллоҳ таоло:

— Ёлғон гапиряпсан, — дейди.

— Сен ёлғон гапиряпсан, — дейишади фаришталар ҳам.

Аллоҳ таоло:

— Бошқаларнинг: “Фалончи ўқиган одам, илмли”, деб мақташлари учун ўқиб-ўрганган эдинг.

Сени шундай дейишди ҳам, — дейди.

Ундан кейин мол-дунёси кўп бўлган киши ўртага олиб чиқилади. Аллоҳ таоло ундан:

— Мен сенга етарлича мол-дунё бермадимми, ҳатто ҳеч кимга муҳтож бўлмайдиган даражада сени бой қилиб қўймадимми? — деб сўрайди.

— Ҳа, ё Раббий, — дея жавоб беради у одам.

Аллоҳ таоло:

— Сенга берилган молни нима қилдинг, қандай сарфладинг? — деб сўрайди.

— Қариндошлик ҳақларига риоя этдим, садақа қилдим, муҳтожларга ёрдам бердим.

Аллоҳ таоло:

— Ёлғон гапиряпсан, — дейди.

Фаришталар ҳам:

— Ёлғон гапиряпсан, — дейишади.

Аллоҳ таоло:

— Сен “Одамлар мени сахий деб атасин” дея шундай қилардинг. Сени шундай аташди ҳам.

Шундан сўнг шаҳид бўлган киши олиб келинади. Жаноби Ҳақ ундан:

— Сен нима учун ўлдирилдинг? — деб сўрайди.

— Ё Раббий, Сенинг йўлингда қурбон бўлдим.

Аллоҳ таоло унга:

— Ёлғон айтяпсан, — дейди.

— Ёлғон сўзлаяпсан, — дейишади фаришталар ҳам.

Аллоҳ таоло унга дейди:

— Менинг амримни адо этиш учун эмас, одамларнинг: “Фалончи жасур экан” дейишлари учун курашдинг. Одамлар сени шундай дейишди-ку”.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу, давом этиб айтдики: “Жаноби Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам, шундан кейин менинг тиззамга уриб:

— Эй Абу Ҳурайра, қиёмат куни Аллоҳнинг махлуқларидан жаҳаннам оловида биринчи ёнадиганлари ана шу уч одамдир, — дедилар”.


“Қалбимизнинг нури” китобидан

Мавзуга оид мақолалар
Усайд ибн Абу Усайддан, у онасидан ривоят қилинади.Абу Қатодага.Сенга нима бўлган ўзи, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳадис айтган одамларга ўхшаб давоми...

2239 19:10 / 11.06.2019
Бизда турли омиллар сабабли ўтган яқинларни, хусусан, отаонани йўқлаб, уларга ортларидан савоб юбориш ниятида таом пишириб, одамларни чорлаш кенг тарқалган. Ҳатто давоми...

3329 20:00 / 30.03.2019
Савдо молини ўтказиш учун ёлғон қасам ичиш энг катта гуноҳлардан биридир.Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Қасам давоми...

2085 10:02 / 14.10.2018
Ийсо ибн Умар айтади .Амр ибн Атаба ибн Фарқад кечаси отига миниб, қабристонга борарди. Отидан тушиб, қабрлар олдида тўхтаб қолар ва .Эй аҳли қабр Саҳифалар ёпилди, давоми...

2698 09:15 / 11.01.2020