1445 йил 27 шаввол | 2024 йил 06 май, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Мавлид ҳақида эътиборга молик нуқталар

13:08 / 20.11.2018 3001 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Мавлид ҳақидаги тушунчамиз тугал бўлиши учун бу борадаги айрим хатоларни алоҳида таъкидлаб ўтиш муносибдир.

1. Мавлид ақидага боғлиқ амал эмас. Яъни, мавлид қилишни жоиз ёки ножоиз дейиш кишининг ақийдасини белгиламайди. Мавлидни жоиз ёки ножоиз дейиш кишини Ислом миллатидан ёки аҳли суннанинг сафидан чиқармайди. Мавлидни жоиз ёки ножоиз деб билган кишини турли лақаблар билан аташ, ҳақорат қилиш, камситишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ, бу мутлақо дуруст эмас. Шаръий мезон шуни тақозо қилади. Чунки айрим олимларнинг ижтиҳодлари бу ишни жоиз дейишга ундаган бўлса, айримларнинг ижтиҳоди уни ножоиз дейишга олиб келган бўлиши мумкин. Ҳар икки тарафда ҳам аҳли суннанинг йирик уламолари бор. Муҳими, бу масалада ихтилоф қилмаслик, балки мақсадларни бирлаштириш лозим.

2. Мавлид фиқҳий мазҳабларга ҳам боғлиқ эмас. Яъни тўртала фиқҳий мазҳаб уламолари ичида мавлидни ёқлаганлар ҳам, ёқламайдиганлар ҳам бор. Аммо ёқлайдиганлар доимо кўпчиликни, асосий қисмни ташкил қилиб келган.

3. Мавлид маросими маълум бир асарга боғлиқ эмас. Ҳа, мавлид йиғини маълум бир китобга қайдланган мажлис эмас. Уламоларимиз мавлид маросимларида маълум бир мавлид асарига чекланмасликни маслаҳат берадилар. Чунки одамлар мавлид деса фақат ўша фалончининг асари ўқилиши керак, деган тушунчага бориб қолишлари ёки ўша асарни муқаддаслаштириб юборишлари, Қуръонга ўхшатиб қўйишлари мумкин. Буларнинг барчаси шариат ҳазир бўлишни талаб қиган ишлардир.

4. Мавлид фақатгина жамоавий равишда, масжид мадраса ёки бошқа жамоатчилик жойларида ўтказиладиган иш эмас. Мавлидни ҳар бир хонадон аҳли уй ичида, оила доирасида ҳам ўтказишини йўлга қўйиш керак. Бу, албатта келажак авлоднинг таълим тарбиясида муҳим аҳамият касб этади. Бу ойнинг кириб келганини фарзанду набираларимизга билдиришмиз, севикли Ҳабибимиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам шу ойнинг душанбасида таваллуд топганларини ва ушбу таваллуднинг аҳамиятини уқтиришимиз, бу ойда сийратни ўрганишга алоҳида эътибор беришимиз жуда ҳам зарур. Шу баҳона уларга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўпроқ таништириб оламиз. Чунки бугунги кунда аксар мусулмон фарзандлари мусулмон бўлмаган халқларнинг матбуот маҳсулотларини истеъмол қилишмоқда. Турли мультфильм ва бошқа томошалар орқали бўлмағур, афсонавий қаҳрамонларни таниб, ўшалардек бўлишга интилмоқда. Аслида эса ҳар қандай инсон учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан кўра афзал намуна йўқлиги аниқ, бўлиши мумкин ҳам эмас. Аллоҳ  таолонинг Ўзи инсониятга намуна қилиб шу зотни танлаган. Бизнинг қандайдир сохта қаҳрамонларга ҳожатимиз йўқ. Бизнинг Набийимиз бор, Саййидимиз – Муҳаммадимиз бор, Ҳидоятчимиз ва Шафоатчимиз бор. Бизнинг Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бошлиқ воқеъий қаҳрамонларимиз етарли ва беҳад кўпдир.


Муаллиф
Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Олимлар чумолилар дунёсини узоқ ўрганганларидан сўнг, уларнинг ҳаёти кўп сирларга тўлалигини таъкидламоқдалар. Ана шу сирлардан бири чумолиларда урушиш, давоми...

3078 11:06 / 05.11.2020
Тасаввур қилинг Шунча одам қиёмат куни сиздан ҳаққини олишни кутиб, навбатда турса.Биридан қарз олиб, қайтармагансиз, бошқасидан ўғрилик қилгансиз, яна бирига давоми...

3141 11:04 / 10.10.2020
Неъматларнинг асллари ҳам беҳисоб ва кўп. Уларнинг энг аввалгиси Аллоҳ таолога ва унинг ҳузуридан келган нарсаларга иймон келтириш ҳамда У зот буюрган ва вожиб давоми...

2245 13:45 / 07.01.2019
Ҳозирги кунда маросимларнинг тури кўпайиб кетди. Уларнинг кўпчилигига Исломнинг алоқаси йўқ. Мазкур маросимлар кўпроқ бошқаларга тақлид қилароқ шаклланган. давоми...

2836 21:20 / 27.01.2019