1445 йил 18 шаввол | 2024 йил 27 апрель, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

Фақат тавба эшиги ёпилмас!

16:17 / 04.11.2018 3490 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ривоят қилинишича, Аллоҳ Шайтонни лаънатлаган пайтда Шайтон муҳлат сўради. Аллоҳ унга қиёматга қадар муҳлат берди. Шунда Шайтон:

– Иззатинг ва Жалолинг ҳаққи, одамзоднинг жони танини тарк этмагунча, уни тўғри йўлдан чиқаравераман – деди.

Аллоҳ ҳам айтдики:

– Иззатим ва Жалолим ҳаққи, одамзоднинг жони танини тарк этгунча, унинг тавбасини қабул этавераман!

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам билдирдиларки:

– Қилинган гўзал ва хайрли ишлар, сув либоснинг кирини кетказгандай гуноҳларингизни ювиб кетади.

Бир одам Абдуллоҳ ибн Масъуддан сўради:

– Мен бир гуноҳ қилдим. Тавба қилиб бошқа бундай қилмасам, Аллоҳ афв этадими?

Ибн Масъуд аввал у одамдан юз ўгирди. Жавоб бергиси келмади. Сўнгра бурилиб, унга қаради. Одамнинг кўзларидан ёш оқаётган эди. Шундай деди:

– Жаннатнинг саккиз эшиги бор. Ҳаммаси очилиб-ёпилиб туради, фақат тавба эшиги ҳеч ёпилмайди. Унинг устида эшик ёпилмасин учун бир малак бор. Тавба қил, маъюс бўлма!

Ибн Масъуд ривоят қилади.

Аллоҳ Расули дедиларки:

Бир кимса гуноҳига тавба қилиб, бошқа бундай гуноҳ қилмаса ва ёмон феълларини тарк этса, Аллоҳ ёзувчи малакларга у бандасига оид ёзилган гуноҳларни ўчиртиради; айни тарзда бандасининг барча аъзоларига, гуноҳ қилинган жойга ва кўкдаги мақомига ҳам у гуноҳларни унуттиради. Токи Қиёмат куни бу гуноҳларнинг қилинганига оид гувоҳлар қолмасин”.

Ҳазрати Али Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан нақл этади:

– Аллоҳ махлуқотни яратмасдан тўрт минг йил илгари Аршнинг атрофида шундай ёзув бор эди:

– «Мен тавба қилган ҳамда иймон келтириб, яхши амаллар қилган, сўнгра тўғри йўлга юрган кишиларни мағфират этгувчидирман!» (Тоҳа сураси, 82-оят).

Эй биродарим, билиб қўйки, тезлик билан катта ва кичик гунохлардан тавба қилиш ва ёмон феълларни тарк этиб, яхши ахлоқли бўлиш фарзи айндир. Кичик гуноҳларга бепарволик ва ҳадеб кичик гуноҳ қилавериш катта гуноҳларнинг юзага чиқишига сабаб бўлади. Шунинг учун ҳам Аллоҳ айтади:

(У тақводор зотлар) қачон бирон-бир нолойиқ иш қилиб қўйсалар ёки (қандайдир гуноҳ иш қилиш билан) ўзларига зулм қилсалар, дарҳол Аллоҳни эслаб, гуноҳларини мағфират қилишни сўрайдиган, ҳар қандай гуноҳни ёлғиз Аллоҳгина мағфират қилур,  билган ҳолларида қилган гуноҳларида давом этмайдиган кишилардир (Оли Имрон сураси, 135-оят).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ҳадисларида шундай дейдилар:

– Аллоҳ сизнинг бўй-бастингизга, кўринишингизга боқмайди, ёлғиз қалбингизга боқади.

Ибн Аббос дерки:

– Неча-неча одамлар борки, Қиёмат куни тавба қилганман, деб келади. Ҳолбуки, у тавба қилмагандир. Тавба қилганликнинг баъзи шартлари бор. Булар қуйидагилардир:

1. Одам ич-ичидан афсус-надомат билан тавба қилади.

2. Бошқа гуноҳ қилмасликка азм этади ва гуноҳни такрорламасликка интилади.

3. Мумкин бўлса, ҳақини еган кишининг ҳақини қайтариб беради.

4. Мумкин бўлмаса, кимнинг ҳақига тажовуз қилган бўлса, ўша киши билан ҳалолланади (розилашади).

Имом Абуллайс ҳикоя қилади.

“Бир кун Ҳазрат Умар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қошига йиғлаб келди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Нега йиғлайсан?! – деб сўраганларида Ҳазрат Умар:

– Эй Аллоҳнинг Расули, эшикда бир йигит йиғлаб ўтирган экан, кўнглим эзилди. Шунинг учун йиғладим, – деб жавоб берди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Уни ичкари олинг!» – деб буюрдилар. Йигит ичкари олинди. Йиғлаб турган йигитдан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам сўрадилар.

– Нега йиғлаяпсан, эй йигит?

Йигит:

– Гуноҳларим кўплиги мени йиғлатди. Аллоҳдан қўрқяпман, эй Аллоҳнинг Расули!

Сўнгра ораларида шундай савол-жавоб бўлиб ўтди:

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:

–Аллоҳга шерик кўрдингми?

Йигит:

– Йўқ!

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:

– Бировни ноҳақ ўлдирдингми?

Йигит:

– Йўқ!

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:

– Гуноҳларинг етти қават осмону, ер ва тоғлар қадар бўлса ҳам, Аллоҳ афв этиши мумкин!

Йигит:

– Эй Аллоҳнинг Расули соллаллоҳу алайҳи васаллам, менинг гуноҳим бундан ҳам катта!

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:

– Сенинг гуноҳинг каттароқми, курсими?

Йигит:

– Менинг гуноҳим каттароқ.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:

– Сенинг гуноҳинг каттароқми, Аллоҳнинг афвими?

Йигит:

– Аллоҳнинг афви каттароқ.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:

– Энг катта гуноҳни энг катта бўлган Аллоҳдан бошқа ҳеч ким афв этолмайди. Менга гуноҳинг нималигини айт.

Йигит:

– Сиздан уяламан, эй Аллоҳнинг Расули! Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:

– Айт, деяпман сенга!

Йигит:

– Эй Аллоҳнинг Расули, мен етти йилдан бери кафан шилувчилик қиламан. Охирги марта ансорлардан бир чўри қиз ўлганди. Бордим, қабрини очиб, кафанини шилдим. Сўнгра шайтоннинг сўзига кирдим. Унинг номусига тажовуз қилдим, оз ўтмасдан, Аллоҳнинг қудрати билан чўри тилга кирди ва менга шундай деди:

– Суф сенга, мазлумнинг ҳақини золимдан олувчи Аллоҳдан уялмайсанми? Мени қабр халқи орасида қипяланғоч қолдирдинг. Устига-устак, Аллоҳнинг ҳузурида жунуб бир ҳолга (наҳс босган ҳолга) келтирдинг!

Йигит буларни айтганда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўринларидан сакраб туриб кетдилар. Йигитни итариб: -Чиқ бу ердан, эй фосиқ! – деб буюрдилар.

У ҳам чиқди-кетди ва қирқ кун Аллоҳга ёлворди. Охири бошини кўкка кўтариб:

– Эй Муҳаммаднинг, Одамнинг ва Иброҳимнинг илоҳи! – деди. – Агар мени ёрлақаган бўлсанг, Расулинг Муҳаммадга ва асҳобига маълум қил. Йўқ, агар ёрлақамаган бўлсанг, кўкдан бир олов тушир ва мени ёқ, охират азобидан қутқар! Шунда Аллоҳ ўз Расулига Жаброилни йўллади. Жаброил келди ва дедики:

– Эй Муҳаммад, Раббинг сенга салом юборди ва «Махлуқотни у яратганми, менми?!» – деб сўради.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам дедиларки:

– Мени ҳам, бошқа махлуқотни ҳам Аллоҳ яратган. Мени ҳам, бошқа борлиқни ҳам у ризқлантиради.

Жаброил келтирган хабари билан гапга нуқта қўйди:

– Аллоҳ анов йигитни афв этганини маълум қилди!

Шунда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам у йигитни чақирдилар ва Аллоҳ уни афв этганини билдирдилар”.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қиладилар:

“Аллоҳ учун тавба қилаётган гуноҳкорнинг овозидан гўзалроқ овоз йўқ. Бандаси: «Эй Раббим!» – деган заҳоти Аллоҳ: «Лаббай, эй бандам!» – дея жавоб беради ва: «Тила тилагингни, – деб давом этади, – сен менинг ёнимда баъзи фаришталарим ўрнидасан! Мен сенинг ўнгу сўлингда ва бошинг устидаман! Сенга сендан ҳам яқинроқман. Эй фаришталарим! Гувоҳ бўлинг, бандамни афв этдим!» – дейди”.

Зуннун Мисрий дерки:

– Аллоҳнинг шундай бандалари бордирки, тўсатдан қилиб қўйган гуноҳларини қалб кўзи билан кўрадилар. Тавба қилиб, бошқа такрорламай, бу гуноҳларини йўқ қиладилар. Хазин тортиб, қайғуга ботадилар. Жинни бўлмай туриб, ақлдан озадилар. Ҳеч кимни ранжитмайдилар. Мана, Аллоҳни ва Расулини чинакамига таниганлар шулардир. Сўнгра сафо шарбатини ичадилар, узун балоларга чидашга мажбур бўладилар (сабрнинг меросчилари бўладилар). Кейинроқ маънавият оламида қалблари ҳайратланади, илоҳий қудрат пардасининг лашкарлари орасида фикрлари чалкашади. Надомат айвонида салқинлаб ўтирадилар. Гуноҳ саҳифаларини ўқийдилар. Тақво нарвони билан энг баланд маънавий мартабага юксалмоқ учун нафсларига мерос қилиб сабрсизликни берадилар. Дунёдан кетиш азобини ширинлаштирадилар. Қабр ётоғини юмшатадилар. Нажот риштаси ва омонлик ҳалқаси билан зафарга эришадилар. Руҳлари юксак-юксакларга кўтарилади, жаннат боғларига кирадилар, ҳаёт денгизига чўмадилар, сабрсизлик хандагини кўмадилар, ҳою-ҳавас кўприкларидан ўтадилар. Илм майдонига қўнадилар, ҳикмат кўлидан чанқоқларини қондирадилар, фаросат кемасига чиқадилар. Холоскорлик шамоли билан омонлик денгизини ёриб ўтадилар ва роҳат-фароғат боғларига, иззат ва каромат манбаига етиб борадилар.


Абу Ҳомид Ғаззолий, 

“Мукошафат-ул қулуб” китобидан 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Сенга кафолат берилган нарсага тиришиб ҳаракат қилишинг ва сендан талаб қилинган нарсада сусткашлик қилишинг, сендаги қалб кўзининг кўр бўлиб қолганига давоми...

3114 05:00 / 01.03.2017
Иффатrdquo сўзи луғатда қабиҳ нарсадан тийилишrdquo маъносини англатадиИбн Манзур .Иффат аслида қолдиқнинг ўрнига ўтадиган нарсани тановул қилиш ила кифояланишдир. давоми...

5834 05:00 / 01.03.2017
. ,. . . ,. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Ким Аллоҳга шукр қилмаса, одамларга ҳам ташаккур давоми...

720 19:00 / 02 март
Тақво билан вараъ орасидаги фарқлар қуйидагилардан иборат Тақво ҳимояга тайёргарликдир. Вараъ шубҳани даф қилишдир. Тақво сабаби аниқ нарсадир. Вараъ сабаби давоми...

859 19:00 / 22.10.2023