1445 йил 25 шаввол | 2024 йил 04 май, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Эзгулик йўлида оқарган соч саодатдир

10:30 / 30.06.2019 3400 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Банда бир кун келиб кексайиши бор гап. Аммо кексайиш билан кексайишнинг орасида фарқ бор. 

Энг яхши кексайиш яхшилик билан яшаб, яхшилик қилиб юриб кексайишдир. Агар банда Ўзини йўқдан бор қилган Роббини таниб, У Зотнинг айтганини қилиб яшаб кексайса, унинг кексалиги энг яхши, энг чиройли кексалик бўлади. Унинг кексалиги бахтга ва саодатга олиб борадиган кексалик бўлади.

Қуйидаги сатрларда шарҳ қилинадиган ҳадиси шарифларда худди мана шу ҳақиқат борасида сўз кетади.

Абдуллоҳ ибн Бусрдан ривоят қилинади:

«Бир аъробий: «Эй Аллоҳнинг Расули, одамларнинг яхшиси ким?» деди.

«Умри узун, амали гўзал бўлган одам», дедилар».

Термизий ривоят қилган.

Қисқа ва жуда ҳам маъноли савол:

«Одамларнинг яхшиси ким?»

Дунёдаги барча одамларнинг яхшиси ким? Уларнинг ичида яхшилари кўп бўлиши мумкин. Аммо яхшиларнинг яхшиси ким. Набий солаллоҳу алайҳи васаллам ушбу қисқа ва балоғатли саволга жуда ҳам қисқа ва жуда ҳам балоғатли жавоб бердилар.

«Умри узун ва амали гўзал бўлган одам».

 Демак, узоқ умр кўриш одамларнинг яхшиси бўлиш учун омил бўлар экан. Ўша узоқ умр эгаси одамларнинг яхшиси бўлиши учун қўйиладиган шарт – амали гўзал бўлиши экан. Амалнинг гўзал бўлиши эса Аллоҳ таолонинг динида бўлиш ва унга амал қилиш билан юзага чиқади.

Аллоҳ таоло барчамизга умри узун ва амали гўзал бандаларидан бўлишни насиб этсин!

Фазола ибн Убайддан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:

«Кимнинг бир толаси Аллоҳ йўлида оқарса, бу унинг учун қиёмат куни нур бўлади».

Аҳмад, Термизий ва Насоий ривоят қилишган.

Ҳар бир инсон учун бир тола сочининг Аллоҳ йўлида оқариши буюк бахт, улкан саодатдир. Чунки ўша соч Аллоҳ йўлида, Исломда оқаргандир. Бундай инсоннинг соч-соқоли Аллоҳ таолонинг йўлида юриб, ибодатда бўлиб, борлиқдаги барча мавжудотга – инсонлар оламига, ҳайвонлар оламига, набототу жамодот оламига яхшилик қилиб оқаргандир. Шунинг учун ҳам Исломда оқарган ҳар бир тола қиёмат куни эгасига нур бўлиб келади.

«Саъид айтди: «Иброҳим биринча хатна қилинган, биринчи зиёфат берган, биринчи тирноқ олган ва биринчи толаси оқарган зотдир. Ўшанда у: «Эй Роббим, бу недир?» деди. «Виқордир», деди. «Эй Роббим, виқоримни зиёда қил!» деди».

Бухорий «Адабул муфрад»да ривоят қилган.

Виқор ўзини билган ҳар бир банда учун буюк мақомдир. Бу мақомга эришишнинг йўлларидан бири эзгулик йўлида яшаб қариш ва соч-соқолнинг Исломда оқаришига эришишдир. Бу йўлда оқарган ҳар бир тола эгасининг виқорини зиёда қилади.

Аллоҳим, барчамизга виқоримиз зиёда бўлишини насиб қилгин!

Амр ибн Шуъайбдан, у отасидан, у бобосидан ривоят қилади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:

«Оқарган толани юлманглар, чунки у мусулмоннинг нуридир. Кимнинг бир толани Исломда оқарса, Аллоҳ унга ўша тола учун бир яхшилик ёзади, бир ёмонликни ўчиради ва ўша ила унинг даражасини кўтаради».

Аҳмад ривоят қилган.

Юқорида зикр қилинган бир толанинг Исломда оқариши учун бериладиган мақомларга зиёда равишда бу ҳадиси шарифда яна учта буюк мақом зикр қилинмоқда. Аллоҳ унга ўша тола учун:

1. Бир яхшилик ёзади.

2. Бир ёмонликни ўчиради.

3. Бир даражасини кўтаради.

Ушбу уч нарсанинг ҳар бири ўзини билган мўмин банда учун катта мақомдир. Зотан, мўмин банданинг кўзлаган энг юқори мақомлари кўпроқ яхшилик жамлаш, ёмонликларнинг ўчирилишига эришиш ва даражасининг олий бўлишига уринишдан иборатдир. Ҳар бир толанинг оқариши айни ўша мақомларга сабаб бўлиши жуда ҳам улуғ ишдир.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:

«Аллоҳ таборака ва таоло: «Мен соч-соқоли Исломда оқарган бандам ва чўримни – зеро, бандамнинг соқоли, чўримнинг сочи Исломда оқаради – шундан кейин азоблашдан уяламан», дейди».

Абу Яъло ривоят қилган.

Ушбу ҳадисда зикр қилинган мақом мўмин ва мўмина бандалар учун энг олий даражадаги мақомлардан бири, десак муболаға қилмаган бўламиз. Аллоҳ таоло сочи ва соқоли Исломда оқарган отахон ва онахонларни оқарган толалари сабабли азоблашдан уялиши ниҳоятда катта ишдир. Оламларнинг Робби кексаларимизнинг соч ва соқолига тушган оқни шунчалар эътиборга олиб турганидан кейин, биз, ожиз бандалар ўзимиз учун керакли хулоса чиқариб олишимиз лозим. Кекса отахон ва онахонларни қанча эъзозласак, шунча оз эканини унутмаслигимиз, бу борада фарзандларимизга ҳам Ислом таълимотларини ўргатиб боришимиз лозим.


“Кексаларни эъзозлаш” китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Сафвон ибн Амрдан ривоят қилинади .Язид ибн Ҳусайн Сукуний Ҳимс шаҳрига волий бўлганда Язид ибн Майсарага шундай мактуб йўллади .Эй Абу Юсуф, бу султондан давоми...

1526 07:10 / 03.06.2019
Дуо ибодат турларидан бири бўлиб, у инсон билан Аллоҳнинг орасини боғлайди. Дуо инсон руҳига қўшиб яратилган нарса бўлиб, қийинчилик вақтида, бошга мусибат давоми...

3167 07:09 / 05.11.2018
Аслам алҲабаший қора қул бўлиб, бир яҳудийнинг қўйларини боқиб юрадиган чўпон эди. Ибн Исҳоқдан ривоят қилинишича, бир куни ўша қул Хайбардаги бир қўрғонда давоми...

2770 09:00 / 27.04.2021
Юқорида ўтган саҳифаларда ҳар бир инсонда бўлиши мумкин бўлган ёмон ахлоқлардан бири ndash ёлғончилик ҳақида ожизона сўз юритилди. Мазкур сўзлардан ёлғон жуда ҳам давоми...

2193 12:30 / 12.01.2019