1445 йил 18 шаввол | 2024 йил 27 апрель, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Бадфеълликнинг давоси

19:20 / 27.10.2018 2683 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бу ҳақда одоб китобларимизда жуда кўп тавсия-маслаҳатлар келган:

«Ҳамма ишларингизда тўғри бўлинг, одамларга муомалада хулқингиз чиройли бўлсин! Кичикни ҳурмат қилмаган, кексанинг қадрига етмаганлар биздан эмас».

«Одамларга таом беринглар ва ширинсўз бўлинглар».

«Яхшиликни чеҳралари очиқ, хушрўй одамлардан кутинглар».

«Дин – чиройли хулқ ва ғазаб қилмасликдир».

«Сизларнинг энг яхшиларингиз хулқ-атвори яхши бўлгани ва хотинларига яхши муомала қилганидир».

«Дўст-биродарларига қовоғини солиб қарайдиган кишиларни Аллоҳ ёқтирмайди, У ҳар ишда мулойимликни яхши кўради».

«Яхши инсонлар гўзал хулқлари билан кечаси ибодат қилганлар ва кундузи рўзадор бўлганлар даражасига эришишади».

«Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига севимли бўлган икки хислат бор: булар мулойимлик ва вазминликдир».

«Одамлар билан хушмуомалада бўлинглар, уларга қаттиққўллик қилиб, беҳаё сўзламанглар».

«Ўзини камтарин олиб юрувчи, ҳалол касб қилувчи, қалби пок, кўриниши ёқимли, одамларга зарар етказмайдиган, хайр-эҳсон қиладиган, беҳуда гапдан ўзини тиядиган кишилар инсонларнинг энг яхшиларидир».

Яхши хулқ инсонларни бир-бирига улфат қилади, ёмон хулқ уларни ажратиб ташлайди. Яхши хулқ муҳаббатни, ҳамкорлик ва муросани тақозо этса, ёмон хулқ нафрат, ҳасад ва келишмовчиликларга сабаб бўлади.

Анас ибн Молик бундай деганлар: «Албатта, инсон чиройли хулқи билан жаннатда олий даражага эришади – гарчи у ибодатгўй бўлмаса ҳам. Ва ёмон хулқи билан жаҳаннамнинг энг тубига етиб қолади – гарчи у ибодатгўй бўлса ҳам».

Ваҳб ибн Мунаббаҳ айтади: «Ёмон хулқнинг мисоли худди синган сопол идишга ўхшайди, уни ямаб ҳам, лойга қайтариб ҳам бўлмайди».

Фузайл ибн Иёз эса: «Чиройли хулқли фожир (ярамас) кимсанинг менга ҳамсуҳбат бўлиши ёмон хулқли обид (ибодатли) киши суҳбатидан яхшироқдир», деган.

Умар ибн Хаттоб: «Инсонларга чиройли хулқлар билан аралашинглар. Улардан яхши амаллар билан ажралиб туринглар», деб айтганлар.

Али ибн Абу Толиб: «Ҳусни хулқ уч хислатда бўлади: ҳаромлардан сақланишда, ҳалолни исташда ва оилани фаровон қилиб қўйишда», деганлар.

Ҳасан Басрийнинг бундай сўзлари бор: «Ҳусни хулқ очиқ юзли бўлиш, молни сарфлаш ва азият беришдан ўзини тийишдир».

Саҳл Тустарий айтадики: «Ҳусни хулқнинг энг ози азиятларни кўтариш, товон(пули)ни тарк этиш, золимга раҳм қилиш ва унга истиғфор айтишдир».

Ҳусайн Воиз Кошифий бундай ёзади: «Гўзал феъл-атвор, яхши хулқ нишонаси ўнтадир: яхшилик қилиш, инсофли бўлиш, бошқа одамдан айб қидирмаслик, ножўя ҳаракат қилаётганни тўғри йўлга бошлаш, айбига иқрор бўлганнинг узрини қабул қилиш, бошқалар машаққатини зиммага олиш, фақат ўз манфаатини кўзламаслик, очиқ юзли ва ширин сўзли бўлиш, муҳтожлар ҳожатини чиқариш, мулойим ва тавозеъли бўлиш».

Луқмони ҳакимдан: «Сен ўзинг кўрган иллатлар ва айблардан қай бирига даво топа олмадинг?» деб сўрашибди. У: «Мен барча иллатларга ҳикмат юзасидан даво топдим, аммо даволай олмаганим бадфеъллик бўлди», дея жавоб қайтарган экан.

«Тўғри йўлдан оғмаслик, инсофли-адолатли бўлиш, нафснинг орзусига қарши бориш, олим-фозиллар билан суҳбат қуриш, катталарга ҳурмат ва кичикларга шафқат қилиш, самимий дўстлар маслаҳати билан иш тутиш, муҳтожларга ёрдам кўрсатиш эзгуликнинг маъданидир», деган улуғ ҳакимимиз Абу Али ибн Сино.

Юсуф ибн Асботнинг айтишича, «Ҳусни хулқнинг аломати ўн хислатдадир: ўзгалар билан ихтилофга бормаслик, чиройли инсоф, бировларнинг тойилиб кетишини истамаслик, бошқаларнинг билинган камчилигини яхшиликка йўйиш, узр сўрай олиш, азиятларга чидаш, нафсини тергов қилиб туриш, ўзганинг эмас, ўз айбини билиш, каттаю кичикка бирдай очиқ юзли бўлиш, ўзидан юқори ёки паст кишига ҳам мулойим сўзлаш».

Қуйида ҳусни хулқ асоси бўлган муомала одобининг айрим қирралари билан танишинг:

Одамлар билан муомала қилишда ширинсўз, мулойим, босиқ, ҳалим ва камтар бўлишга ҳаракат қилинг.

Ғазаб келганида ва жаҳл чиққанида уни ичга ютиб, ташқарига чиқармаслик мардлик ва кучлилик белгисидир.

Кичикларни иззат-икром, катталарни ҳурмат-эҳтиром қилиш хушхулқлиликнинг бир кўринишидир.

Одамлар билан яхши муносабат ўрнатинг, уларга қўпол ва беҳаёларча сўзлаб, дилларини оғритманг.

Инсонларнинг энг яхшиси муросага осон келадиган, қалби пок, ортиқча гап-сўзлардан ўзини тиядиган кишилардир.

Оила аъзоларига, бола-чақасига, ҳамкасблари ва яқинларига чиройли муомала қилиш, қовоқни уйиб, зарда билан, кесатиқ, киноя йўсинида гаплашмаслик ҳам одоблилик белгисидир.

Чиройли хулқли бўлиш учун нафсингизни жиловлай олинг, ўзгалардан айб-нуқсон қидирманг, бировда ёмонлик содир бўлса, яхшиликка йўйиб, сабр қилинг, бошқалар ғамини енг.

Одамлар хурсандчилигини баҳам кўриш, ғам-андуҳидан қайғуриш, мол-мулкига хиёнат қилмаслик, яхшиликка чорлаб, ёмонликдан қайтариш ҳусни хулқ эгаларига хос фазилатлардандир.

Ўзгалар билан муомала чоғида уларни ғийбат қилиш, ҳасадгўйлик, суҳбатдошини камситиб, камчилигини юзига солиш, бошқаларни менсимай, паст назар билан қараш, обрўси, бойлиги ёки мансабига қараб муомала қилиш одобсизликдир.

Ёши улуғ кишилар, устозлар, илм аҳллари билан муомалада уларнинг кўзига тик боқмай, гапларини жим тинглаш, саволларигагина жавоб қайтариш, амрларини сўзсиз бажариш, хизматларига шай туриш ҳам ярашиқли одобдандир.

“Ижтимоий одоблар” китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бугун ўзбек адабиёти ва маданияти оғир жудоликка учради.Ўзбекистон халқ ёзувчиси, атоқли адиб Тоҳир Малик Ҳобилов Тоҳир 2019 йил 16 май куни 73 ёшида вафот этди.Шу давоми...

2157 09:40 / 16.05.2019
Ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтадилар .Умар розияллоҳу анҳу жароҳатланганида ҳузурига кириб, .Эй мўминларнинг амири, суюнаверинг. Чунки Аллоҳ сизга жуда кўп давоми...

1555 09:10 / 27.10.2019
Ҳакам ибн Утайба Муҳаммад ибн Сийриннинг дўсти эди. Муҳаммад ибн Сийрин вафот этганида ниҳоятда маҳзун бўлиб, ғамга ботди. У худди беморни зиёрат қилгандек, унинг давоми...

1562 07:10 / 30.09.2019
Муҳаммад ибн Каъб айтади .Умар ибн Абдулазиз амир бўлгач, менга одам юборди. Мадинада эдим, унинг олдига бордим. Ҳузурига кирганимда уни таниёлмай, таажжуб билан давоми...

1628 07:10 / 29.05.2019