1445 йил 17 шаввол | 2024 йил 26 апрель, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Кекса инсонга ожизлик етиши ҳақида

15:05 / 21.10.2018 2571 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Инсон камолот ёшига етганида куч-қувватга тўлади. Аммо ёши ўтиб, аста-секин кексайиб борар экан, кўзидан нур, белидан қувват кета бошлайди, барча аъзоларида қарилик аломатлари сезилади. Танасидаги куч бора-бора камайиб, ҳаракатлари сусаяди, фикрлаш, эслаш қобилияти ҳам пасайиб боради. Бундай ҳолатлар Аллоҳ таолонинг Каломи – Қуръони каримнинг бир неча оятларида зикр қилинган.

Аллоҳ таоло Наҳл сурасида марҳамат қилади:

«Аллоҳ сизларни яратгандир. Сўнгра сизларни вафот эттирадир. Сизлардан билимли бўлгандан сўнг ҳеч нарса бил-майдиган бўлиши учун умрнинг энг заифлигига қайтариладиганлар бор. Албатта, Аллоҳ ўта билувчидир, ўта қудратлидир» (70-оят).

Одамларни яратган Зот Аллоҳдир. Шунинг учун ҳам инсон Яратувчисига шукрда, иймонда ва ибодатда бўлмоғи лозим. Лекин кўпчилик бундай эмас, ношукр, кофир ва осий бўлади. Ҳамма билиб қўйиши лозимки:

«Сўнгра сизларни вафот эттирадир».

Табиийки, вафот эттирган Зот ҳисоб-китоб ҳам қилади. Ўлимдан олдин бунга ҳам тайёр бўлиш керак.

«Сизлардан билимли бўлгандан сўнг ҳеч нарса билмайдиган бўлиши учун умрнинг энг заифлигига қайтариладиганлар бор».

Буни ҳам ўйлаб қўйиш лозим. Агар ишлар инсоннинг истаги бўйича бўлса, одамзод ўлимни хоҳламаганидек қариб-чириб, ақли-ҳуши кетиб, ҳеч нарсага ярамайдиган бўлиб қолишни ҳам ҳеч истамаслиги аниқ. Аммо ўлим ҳам, қарилик ҳам ундан сўрамай келади. Инсонлар ўлимдан ваъз-насиҳат олганларидек, қариликдан ҳам ўзларига панд-насиҳат олишлари лозим.

«Албатта, Аллоҳ ўта билувчидир, ўта қудратлидир».

У Зот ҳамма нарсани билиб қилади. У Зотнинг ҳамма нарсага қудрати етади.

Шунингдек, инсон қариганида сочи оқариши, суяги мўртлашиши ва бошқа баъзи хусусиятларини йўқотиши ҳам бор. Аллоҳ таоло Марям сурасида марҳамат қилади:

 «(Бу) Роббингнинг бандаси Закариёга раҳмати зикридир» (2-оят).

Яъни «Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам, ушбу қисса

«Роббингнинг бандаси Закариёга раҳмати зикридир».

Эй охирзамон Пайғамбари!

«Унинг Роббига махфий нидо қилган чоғини эсла» (3-оят).

Аллоҳдан бирор ҳожатини риёкорона ва хўжакўрсинга эмас, сидқидилдан, ихлос билан илтижо қилиб сўрайдиган одам махфий сўрайди. Шундай илтижоли дуонинг қабули ҳам осон бўлади. Аллоҳ таолонинг барҳақ пайғамбари Закариё алайҳиссалом ҳам Роббларига махфий дуо билан илтижо қилдилар.

«У деди: «Роббим, менинг суякларим мўртлашди, бошга оқ туташди, Роббим, Сенга дуо қилишла бахтсиз бўлмаганман» (4-оят).

Закариё алайҳиссалом муддаоларини баён этмасларидан бурун аҳволотларининг сабабини зикр этиб, дардларини тўкиб солдилар.

«Роббим, менинг суякларим мўртлашди…»

Суяги мўртлашган одам қариб, бутун вужуди заиф бўлиб қолади.

«...бошга оқ туташди...»

«Бошимдаги сочларга оқ туташди».

Бу ҳам кексаликнинг аломати.

«...Роббим, Сенга дуо қилишла бахтсиз бўлмаганман».

Қачонки Сенга дуо қилдим, саодатманд бўлдим. Дуоларимни доимо қабул айлаб, мени умидда қатъий қилиб қўйгансан.

Аллоҳ таоло Марям сурасида марҳамат қилади:

«Эй Закариё, албатта, Биз сенга исми Яҳё бўлган бир ўғилнинг хушхабарини берамиз. Бундан олдин унга исмдош қилган эмасмиз» (7-оят).

Кўриниб турибдики, Аллоҳ таоло Закариё алайҳиссаломга буюк раҳмат назари билан боқди. Ул зотга ўғил фарзанд берди. Фарзанд берибгина қолмай, унга Ўзи Яҳё деб исм ҳам қўйди ва бу исм билан ундан олдин ҳеч ким шарафланмаганини таъкидлади. Буларнинг бари дунёга келаётган фарзандининг келажаги жуда қутлуғ эканидан дарак берар эди.

Роббининг бу қадар ҳайратомуз жавобидан Закариё алайҳиссалом шошиб қолдилар:

«У: «Роббим, менда ўғил қаёқдан бўлсин?! Ахир аёлим туғмас бўлса, ўзим қариб, мункиллаб қолган бўлсам?!» деди» (7-оят).

Закариё алайҳиссалом бу фикрни инсонийлик воқелигидан келиб чиқиб изҳор этдилар. Одатда, бепушт хотиндан бола бўлмайди. Боз устига, унинг жуфти суяклари мўртлашиб, сочлари оқариб, қариб, мункиллаб қолган мўйсафид бўлса, фарзанд туғилмаслиги тажрибалардан аён.

«Қарилик заифликдан иборатдир».

Аллоҳ таоло Рум сурасида марҳамат қилади:

«Аллоҳ сизни заифликда яратган, сўнгра заифликдан кейин қувватли қилган, сўнгра қувватдан кейин яна заифлик ва қарилик ориз қилган Зотдир. У хоҳлаганини яратадир. У билувчидир, қудратлидир» (54-оят).

Эй одамлар, ўзингизга бир қараб қўйинг.

«Аллоҳ сизни заифликда яратган...»

Ҳамма томонингиз заифликдан иборат. Асли уруғларингиз «нутфа» деб аталмиш бир томчи жирканч сувдир. У жуда ҳам заиф нарса. Аммо Аллоҳ Ўз инояти ила ўша заиф сувдан ҳомила пайдо қилади. Ҳомила ҳам жуда заиф бўлади. Ҳеч нарсага қодир эмас. Аллоҳнинг инояти бўлмаса, бачадонда ётиши, вақти-соати келиб, ундан эсон-омон чиқиши ҳам мумкин эмас. Туғилган чоғида ҳам инсон боласи энг заиф ҳолатда бўлади. Узоқ йиллар давомида ўзи мустақил равишда бирор иш қила олмайди. Шундай заиф одамни Аллоҳ

«…заифликдан кейин қувватли қилган»дир.

Аллоҳдан ўзга ҳеч ким унга бу қувватни бермайди. Вояга етган инсон ҳамма жиҳатдан қувватга эришади. Лекин бу ҳам абадий эмас. Аллоҳ унга:

«...қувватдан кейин яна заифлик ва қарилик ориз қилган Зотдир».

Вақти-соати етиб, инсон қариб, куч-қувватдан кетади. Дунё ана шундай нарса. Ундаги ҳамма нарса ўзгариб туради. Бу ўзгари-шларнинг ҳаммасини Аллоҳ таоло бажаради.

«У хоҳлаганини яратадир».

Ҳа, Аллоҳ таолонинг хоҳлагани бўлади.

«У ўта билувчидир, ўта қудратлидир».

Аллоҳ таоло ҳамма нарсани билувчи ва ҳамма нарсага қудрати етувчи Зотдир.

“Кексаларни эъзозлаш” китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Фақиҳ Абу Лайс раҳимаҳуллоҳ айтадилар Қози иккала даъвогарни ўтқазишда, уларга қарашда ва бошқа муомалаларда, асарларда келганидек, баробар бўлиши керак.Умму давоми...

1541 17:00 / 22.11.2020
11. Рамазон тақво ойидир. Рамазон мўмин кишига тақво малакасини бахш этувчи ойдир. Чунки бу ойнинг асосий хоссаси ҳисобланган рўза ибодатининг энг катта натижаси давоми...

1608 15:00 / 27.04.2020
Тириклик ва ўлим фитнасининг маъноси нимаТириклик фитнаси .Инсон ҳаёти мобайнида йўлиқадиган дунё, шаҳватлар ва жаҳолатлари билан фитналаниши, синалишидир. давоми...

1969 17:00 / 16.05.2022
Қуръони Каримда исроф қаттиқ қораланган, исрофчилар турли салбий сифатлар билан сифатланган. Уларнинг оқибати яхши бўлмаслигининг хабари давоми...

2606 16:00 / 17.07.2019