1445 йил 8 шаввол | 2024 йил 17 апрель, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Муслималар саҳифаси

Саййида Хадийжа бинти Хувайлид розияллоҳу анҳо (VII)

12:10 / 21.10.2018 2346 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

VII

Хадийжа бинти Хувайлид розияллоҳу анҳо биринчи бўлиб Исломга кирдилар. У киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жуфти ҳалоллари бўлиш билан бирга, Аллоҳ таолога ва Унинг Расулига биринчи иймон келтириш шарафига муяссар бўлдилар.

Барча уламоларимиз у кишининг биринчи бўлиб мусулмон бўлганларига иттифоқ қилганлар.

Иззуддин ибн Асийр:

«Хадийжанинг Аллоҳнинг халқи ичида биринчи мусулмон экани мусулмонлар ижмоъсидир. Ундан олдинга тушадиган эркак ҳам, аёл ҳам йўқ», дейдилар.

Имом Байҳақий раҳматуллоҳи алайҳи:

«Ушбу умматдан энг аввал мусулмон бўлгани Хадийжа бинти Хувайлиддир», деганлар.

Ибн Исҳоқ раҳматуллоҳи алайҳи:

«Хадийжа энг аввал Аллоҳга ва Унинг Расулига иймон келтирган, у зотнинг Аллоҳ азза ва жалланинг ҳузуридан келтирган нарсасини тасдиқ қилган ва Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга ишларида вазир бўлган эди. Шу ила Аллоҳ Ўз Расулининг ишини енгиллаштирди. У зот қачон ўзларига ёқмаган раддияни ёки ёлғонга чиқаришни эшитсалар, хафа бўлсалар, Хадийжа бинти Хувайлид розияллоҳу анҳо ўша ғамни кетказар эди. Унга қайтганларида саботга чақирар, оғирларини енгил қилар, динларини тасдиқлар, одамларнинг қилмишларини аҳамиятсиз этар эди», деб ёзганлар.

Шу билан бирга, Хадийжа бинти Хувайлид Ислом йўлида улкан хизматлар ҳам қилдилар. У киши аввало ўз уйларининг куфр ва ширк олами ўртасидаги иймон воҳасига айланиши учун қўлларидан келган барча нарсаларни қилдилар.

Айнан ўша уринишлар Зайд ибн Ҳориса ва Али ибн Абу Толибнинг биринчилардан бўлиб иймон келтиришларининг омилларидан бўлган бўлса ажаб эмас.

Айнан ўша уринишлар оиланинг тўрт қизи – Зайнаб, Руқайя, Умму Кулсум ва Фотималарнинг оналарига эргашиб, оталарига иймон келтиришларига сабаб бўлган.

Ибн Исҳоқ раҳматуллоҳи алайҳи Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қиладилар:

«Аллоҳ Ўз Набийсини нубувват ила икром қилганда Хадийжа ва унинг қизлари Исломга келдилар».

Бошқа бир ривоятда эса:

«Руқайя онаси Хадийжа Исломга кирганда Исломга кирди ва аёллар байъат қилганда у ҳам байъат қилди. Опа-сингиллари Исломга кирганда Умму Кулсум ҳам Исломга кирди ва улар байъат қилганда, у ҳам байъат қилди», дейилган.

Ушбу ишларнинг барчасида Хадийжа бинти Хувайлиднинг ўзларига яраша муносиб ҳиссалари бор эди. У киши мисли кўрилмаган ихлос ила Аллоҳ таолонинг динига хизмат қилар эдилар.

Ўша пайтда Аллоҳ таоло намоз ўқишни ҳам фарз қилди.

Ибн Исҳоқ раҳматуллоҳи алайҳи ривоят қиладилар:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга намоз фарз қилинганда, у зот Макканинг юқори тарафида турганларида олдиларига Жаброил келди. У водийнинг бир тарафидаги ерни товони билан тепган эди, сув отилиб чиқди. Бас, Жаброил таҳорат қилди. Намозга таҳорат қандай қилинишини кўрсатди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам назар солиб турдилар. Кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Жаброилдан кўрганларига ўхшатиб таҳорат қилдилар. Сўнг Жаброил туриб, у зотга намоз ўқиб берди. У зот Жаброилнинг намозига эргашиб, намоз ўқидилар. Кейин Жаброил қайтиб кетди.

Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Хадийжа бинти Хувайлид розияллоҳу анҳонинг олдига келиб, ўзларига Жаброил кўрсатганидек таҳорат қилиб, намозга покланиш қандай бўлишини кўрсатдилар. У киши ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кўрсатганидек таҳорат қилди. Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан худди у зот Жаброил билан ўқиганларидек намоз ўқидилар».

Шундай қилиб, Ислом умматидан биринчи бўлиб иймон келтириш бахтига муяссар бўлган Хадийжа бинти Хувайлид Ислом умматидан биринчи бўлиб намоз ўқиш шарафига ҳам муяссар бўлдилар.

«Уюунул асар» китобида келтирилган ривоятда Афиф ал-Киндий қуйидагиларни айтадилар:

«Аббос ибн Абдулмуттолиб билан дўстлигимиз бор эди. У Яманга келиб, атир сотиб олиб кетар эди. Сўнгра уни мавсум кунлари сотар эди.

Мен Аббос билан Минода турган эдим. Бир бекаму кўст одам келиб, таҳорат қилди. Яхшилаб таҳорат қилди. Сўнг туриб, намоз ўқиди. Кейин бир аёл чиқиб, таҳорат қилди. У ҳам туриб, намоз ўқиди. Сўнг бўйи етай деб қолган бола чиқиб, таҳорат қилди ва унинг ёнида туриб, намоз ўқий бошлади. Мен:

«Шўринг қурисин, эй Аббос! Бу қандай дин?!» дедим.

«Бу укамнинг ўғли Муҳаммад ибн Абдуллоҳнинг дини. У ўзини Аллоҳ Расул қилиб юборганини даъво қилмоқда. Манави акамнинг ўғли Али ибн Абу Толиб. Анави бўлса Хадийжа – унинг хотини. У эрининг динига эргашган», деди».

Ўша вақтда намоз Афифнинг кўзига кўрингани каби, кишилар кўзига ғалати кўринар эди. Одамлар бунга ўхшаш ибодатни мутлақо кўрмаган эдилар. Улар намозни кўрганларида ҳайратга тушиб, ажабланар эдилар. Хадийжа бинти Хувайлиднинг ана шундай бир вақтда намоз ўқишни бошлаганларининг ўзи у зот учун шарафдир.


Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аксарият қиз фарзанди бор отаоналар қизимиз қариганимизда бизга хизмат қилади деган фикрда тарбия беришади. Ёши бир жойга бориб қолган аёллар ҳатто уйлижойли давоми...

2961 14:05 / 20 январь
Салмон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Агар қўлингдан келса, сен ҳеч ҳам бозорга энг аввал кирувчи бўлма ва ундан энг охирги чиқувчи ҳам бўлма. Чунки бу давоми...

2562 17:10 / 28.08.2019
Бугун баъзи аёллар уйларидаги оила сирларини кўчага олиб чиқяптилар. Номаҳрам эркаклар билан ижтимоий тармоқларда ёзишиб, эри, оиласи ҳақида шикоят давоми...

2816 14:00 / 24.05.2022
Ушбу мавзуда сўз юритишдан олдин .аёл киши билан эркак кишининг орасидаги тенг ҳуқуқлилик, деганда нимани тушуниш керак, унинг нисбийлиги борми ёки мутлақ бир давоми...

3494 19:10 / 06.10.2018
Аудиолар

119979 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41662 14:35 / 11.08.2021