1440 йил 12 жумадис сони | 2019 йил 17 февраль, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN AR
Ақийда

Аллоҳнинг буйруғу қайтариқларини муҳофаза қилишнинг самараси

10:01 / 18.06.2018 2099 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

 

بسم الله الرحمن الرحيم

الحمد لله والصلاة والسلام على رسول الله، وبعد:

عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا قَالَ: كُنْتُ خَلْفَ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَوْمًا فَقَالَ: «يَا غُلَامُ، إِنِّي أُعَلِّمُكَ كَلِمَاتٍ: احْفَظِ اللهَ يَحْفَظْكَ، احْفَظِ اللهَ تَجِدْهُ تُجَاهَكَ، إِذَا سَأَلْتَ فَاسْأَلِ اللهَ، وَإِذَا اسْتَعَنْتَ فَاسْتَعِنْ بِاللهِ، وَاعْلَمْ أَنَّ الْأُمَّةَ لَوِ اجْتَمَعَتْ عَلَى أَنْ يَنْفَعُوكَ بِشَيْءٍ لَمْ يَنْفَعُوكَ إِلَّا بِشَيْءٍ قَدْ كَتَبَهُ اللهُ لَكَ، وَلَوِ اجْتَمَعُوا عَلَى أَنْ يَضُرُّوكَ بِشَيْءٍ لَمْ يَضُرُّوكَ إِلَّا بِشَيْءٍ قَدْ كَتَبَهُ اللهُ عَلَيْكَ، رُفِعَتِ الْأَقْلَامُ وَجَفَّتِ الصُّحُفُ». رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ.

Аллоҳга ҳамд Расулуллоҳга салавоту саломлар бўлсин.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Бир куни Набий алайҳиссаломнинг ортларида эдим. У зот: «Эй болакай! Мен сенга калималарни ўргатаман. Аллоҳни(нг буйруғу қайтариқларини) муҳофаза қилгин, шунда У Зот сени муҳофаза қилади. Аллоҳни муҳофаза қилсанг, У Зотни рўпарангда топасан. Сўрамоқчи бўлсанг, Аллоҳдан сўра. Кўмак истамоқчи бўлсанг, Аллоҳдан иста. Билки, агар бутун уммат (маҳлуқотлар) сенга бирор манфаат бериш учун жамланса ҳам, Аллоҳ сенга ёзган нарсадан бошқасини бера олмайди. Агар уларнинг ҳаммаси сенга бирор зарар етказиш учун жамланса ҳам, Аллоҳ сенга ёзган нарсадан бошқасини етказа олмайди. Қаламлар кўтарилган, саҳифалар қуриган», дедилар» (Имом Термизий ривоят қилган).

 

Ҳадиси шарифнинг бошқа ровийлари ва ривоятлари:

Ушбу ҳадисни имом Термизийдан ташқари имом Аҳмад, Абу Яъло, Табароний ва бошқалар ривоят қилишган.

Имом Термизийдан бошқаларининг ривоятида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

«احْفَظِ اللهَ تَجِدْهُ أَمَامَكَ، تَعَرَّفْ إِلَى اللهِ فِي الرَّخَاءِ يَعْرِفْكَ فِي الشِّدَّةِ، وَاعْلَمْ أَنَّ مَا أَخْطَأَكَ لَمْ يَكُنْ لِيُصِيبَكَ، وَمَا أَصَابَكَ لَمْ يَكُنْ لِيُخْطِئَكَ، وَاعْلَمْ أَنَّ النَّصْرَ مَعَ الصَّبْرِ، وَأَنَّ الْفَرَجَ مَعَ الْكَرْبِ، وَأَنَّ مَعَ الْعُسْرِ يُسْرًا».

Яъни «Аллоҳни(нг буйруғу қайтариқларини) муҳофаза қилгин, шунда У Зотни рўпарангда топасан. Аллоҳни фароғатда танисанг, У сени қийинчиликда танийди. Билки, сени четлаб ўтган нарса сенга етмайди. Сенга етган нарса сени четлаб ўтмайди. Билки, сабр ортидан ютуқ, ғам-ғусса ортидан кушойиш келади. Ва албатта, қийинчилик ортидан енгиллик бордир».

 

Ҳадиси шарифнинг шарҳи:

Ушбу ҳадис Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг буюк тавсиялари ва Ислом динидаги умумий қоидаларни ва Аллоҳ таолонинг бандалари зиммасидаги ҳаққи ўзида жамлаган.

Бир куни Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумо Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг хачирларига мингашиб олиб, у зотнинг ортларида кетаётган эдилар. Ўшанда Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумо тўққиз ёш бўлган, дейишган уламоларимиз. Шунда Набий алайҳиссалом у кишига:

1) «يَا غُلَامُ، إِنِّي أُعَلِّمُكَ كَلِمَاتٍ: احْفَظِ اللهَ يَحْفَظْكَ...»

«Эй болакай! Мен сенга калималарни ўргатаман. Аллоҳни(нг буйруғу қайтариқларини) муҳофаза қилгин, шунда У Зот сени муҳофаза қилади», дедилар.

Яъни Аллоҳнинг динидаги амр ва наҳийларга қатъий риоя қилгин, буйруқларини бажаргин, қайтариқларидан қайтгин, чизган чегарасидан чиқмагин, шунда Аллоҳ сени муҳофаза қилади, демоқдалар. 

Уламоларимиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «шунда У Зот сени муҳофаза қилади», деган сўзларини изоҳлашиб «Аллоҳнинг муҳофазаси икки турли бўлади. Биринчиси: инсонга танисихатлик бериши, бола-чақа, аҳли аёлини ва мол-дунёсини турли хил бало-офатлардан асраши, иккинчиси: бандани дину диёнатида, иймону эътиқодида залолатга кетишдан асраши, муҳофаза қилиши», дейишган. 

Аллоҳ таолонинг амрлари ичида муҳофаза қилиш керак бўлган энг буюк амал намоз хисобланади. Аллоҳ таоло Бақара сурасининг 238-оятида: 

{حَافِظُوا عَلَى الصَّلَوَاتِ وَالصَّلَاةِ الْوُسْطَى...}

«Намозларни ва ўрта намозни муҳофаза этинг», деб марҳамат қилган. Намозларни муҳофаза этиш уларни ўз вақтида, камчиликсиз ўқишни билдиради. Кўпчилик муфассир уламоларимиз: «Ўрта намоз»дан мурод аср намози», дейишган.

Аллоҳ таоло Маъориж сурасининг 34-оятида намозларни ўз вақтида ўқийдиганларин мадҳ этиб

{وَالَّذِينَ هُمْ عَلَى صَلَاتِهِمْ يُحَافِظُونَ}

«Улар намозларини муҳофаза қиладиганлардир», деган.

Ибн Можа Абу Қатода розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«قَالَ اللَّهُ عَزَّ وَجَلَّ: افْتَرَضْتُ عَلَى أُمَّتِكَ خَمْسَ صَلَوَاتٍ، وَعَهِدْتُ عِنْدِي عَهْدًا أَنَّهُ مَنْ حَافَظَ عَلَيْهِنَّ لِوَقْتِهِنَّ أَدْخَلْتُهُ الْجَنَّةَ... ». 

«Аллоҳ азза ва жалла: «Мен умматингга беш маҳал намозни фарз қилдим. Ким уларни вақтида муҳофаза қилса, жаннатга киргазаман, деб Ўзимга вожиб қилдим...», дейди», деганлар.

Имом Аҳмад ва Термизий Ибн Масъуддан қилишган бир ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: 

«الاِسْتِحْيَاءُ مِنَ اللهِ حَقَّ الحَيَاءِ - أَنْ تَحْفَظَ الرَّأْسَ وَمَا وَعَى، وَالْبَطْنَ وَمَا حَوَى»

Ҳадиснинг маъноси «Аллоҳдан ҳақиқий ҳаё қилиш бош ва ундаги нарсаларни муҳофаза қилишинг, қорин ва ундаги нарсаларни муҳофаза қилишингдир». Яъни қулоғинг, кўзинг ва тилингни харомдан сақлашинг. Қорнингни ҳаром луқмадан, қалбингни ҳасад, гина каби қалб ҳасталикларидан сақлашингдир, дегани.

Буюк аллома Ибн Мункадир: «Аллоҳ солиҳ киши сабабидан унинг фарзандини, фарзандини болаларини ва атрофидаги хонадонларни муҳофаза қилади», деган эканлар.

Айрим салаф уламоларимиз: «Ким Аллоҳга тақво қилса, ўзини муҳофаза қилибди. Ким тақвосини зое қилса, ўзини зое қилибди. Аллоҳ ундан беҳожатдир», дейишган.

Фузай ибн Иёз: «Мен Аллоҳга осийлик қилсам, ўша ишимнинг ёмонлигини хизматкорим ва уловимни хулқ-атворида сезаман», даган эканлар.

2) «احْفَظِ اللهَ تَجِدْهُ تُجَاهَكَ»

«Аллоҳни муҳофаза қилсанг, У Зотни рўпарангда топасан».

Яъни банда Аллоҳ таолонинг динига оғишмай амал қилса, у қаерда бўлмасин У Зот ўша бандани ҳефзи ҳимоясига олади, ёрдам беради, барча ишларига муваффақият ато қилади.

Аллоҳ таоло Наҳл сурасининг 128-оятида: 

{إِنَّ اللهَ مَعَ الَّذِينَ اتَّقَواْ وَّالَّذِينَ هُم مُّحْسِنُونَ}

«Албатта, Аллоҳ тақво қилганлар ва гўзал ишлар қилганлар биландир», деб марҳамат қилган.

Абу Бакр розияллоҳу анҳу билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккадан Мадинага ҳижрат қилиб йўлга тушиганини сезиб қолган Қурайш машриклари изларидан одам юборади. Шунда улар Маккадаги Савр ғорига яшириниб олишади. Абу  Бакр кўриб қолишларидан хавфсирайдилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишига:

«مَا ظَنُّكَ يَا أَبَا بَكْرٍ بِاثْنَيْنِ اللهُ ثَالِثُهُمَا؟»

«Учинчилари Аллоҳ бўлган икковлон ҳақида нима деб ўйлайсан, эй Абу Бакр?» дедилар».

Қатода: «Ким Аллоҳга тақво қилса, У Зот у билан бўлади. Аллоҳ ким билан бўлса, у билан мағлуб бўлмайдиган жамоа, ухламайдиган соқчи, адашмайдиган йўл кўрсатучи бўлади», деганлар.

 

3) «إِذَا سَأَلْتَ فَاسْأَلِ اللهَ»، 

«Сўрамоқчи бўлсанг, Аллоҳдан сўра».

Чунки У Зотдан ўзга берувчи йўқ. Бошқа берувчилар ҳам У Зотнинг амри ила У Зотнинг берганидан берадилар. Шунинг учун орага бошқани қўшмай, тўғридан-тўғри ҳақиқий берувчининг Ўзидан сўраш керак.

Аллоҳ таоло Нисо сурасининг 32-оятида:

{وَاسْأَلُوا اللهَ مِنْ فَضْلِهِ}

«Аллоҳдан фазлини сўранг», деган.

Имом Абу Довуд ва Термизий Нуъмон ибн Баширдан қилишган ривоятда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«الدُّعَاءُ هُوَ الْعِبَادَةُ» ثم قرأ ((وقَالَ رَبُّكُمُ ادْعُونِي أَسْتَجِبْ لَكُمْ))».

«Дуо ибодатдир», деб кейин «Роббингиз: «Менга дуо қилинг, сизга ижобат қилурман», оятини ўқидилар».

Дуо қилаётган одам Аллоҳга зорланади, муҳтожлигини билдиради. У Зот таолонинг ундан зарарни даф, фойдани жалб қилишини, барча истакларини рўёбга чиқаришга қудрати етишини эътироф қилади.

Имом Бухорий «Адабул муфрад»да Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«مَنْ لَمْ يَسْأَلِ اللهَ، غَضِبَ اللهُ عَلَيْهِ».

«Ким Аллоҳдан сўрамаса, Аллоҳ унга ғазаб қилади», деганлар.

Имом Бухорий ва Муслим Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси қудсида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ таоло: 

«مَنْ يَدْعُونِي فَأَسْتَجِيبَ لَهُ، مَنْ يَسْأَلُنِي فَأُعْطِيَهُ، مَنْ يَسْتَغْفِرُنِي فَأَغْفِرَ لَهُ».

«Ким Менга дуо қилади, ижобат қиламан. Ким Мендан сўрайди, унга бераман. Ким Мендан мағфират сўрайди, Мен уни мағфират қиламан», дейди», деганлар.

Имом Аҳмад: «Аллоҳим, ўзгага сажда қилишдан асраганингдек, ўзгадан сўрашдан ҳам асрагин», деб дуо қилар эканлар.

Товус Атога: «Юзингга эшигини ёпиб қўйган одамдан ҳожатингни сўрашдан ҳазир бўл. Сен қиёмат кунигача эшиги очиқ бўлган, Ўзидан сўрашингни сенга амр қилган ва сўровларингни ижобат қилишга ваъда берган Зотдан сўра», деди.

 

4) «وَإِذَا اسْتَعَنْتَ فَاسْتَعِنْ بِاللهِ»

«Кўмак истамоқчи бўлсанг, Аллоҳдан иста».

Чунки ҳақиқий кўмакчи ҳам – У Зотнинг Ўзидир. Бошқаларнинг барчаси кўмакка муҳтож. Аллоҳнинг амрларига итоат қилишда ҳам, қайтарган ишларидан қайтишда ҳам, қазо ва қадарига сабр қилишда ҳам Аллоҳнинг Ўзидан кўмак, ёрдам сўралади.

Аллоҳ таоло Фотиҳа сурасида: 

{إِيَّاكَ نَعْبُدُ وَإِيَّاكَ نَسْتَعِينُ}

«Фақат Сенгагина ибодат қиламиз ва фақат Сендангина ёрдам сўраймиз», деган.

Имом Муслим Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«احْرِصْ عَلَى مَا يَنْفَعُكَ، وَاسْتَعِنْ بِاللهِ وَلَا تَعْجَزْ» 

«Сенга фойда келтирадиган нарсага ҳарис бўл, Аллоҳдан кўмак иста, ожизлик қилма», деганлар.

Имом Бухорий Абу Мусо розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«يَا عَبْدَ اللهِ بْنَ قَيْسٍ، قُلْ: لَا حَوْلَ وَلَا قُوَّةَ إِلَّا بِاللهِ. فَإِنَّهَا كَنْزٌ مِنْ كُنُوزِ الْجَنَّةِ».

«Эй Абдуллоҳ ибн Қайс, «Лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллааҳ» дегин, зеро, у жаннат хазиналаридан биридир», деганлар. Яъни куч ҳам, қувват ҳам фақат Аллоҳ биландир.

Ҳасан Басрий Умар ибн Абдулазизга: «Аллоҳдан ўзгадан ёрдам истама, Аллоҳ ишингни ўшанга топшириб қўймасин», деб мактуб йўллаган эканлар.

5) «وَاعْلَمْ أَنَّ الْأُمَّةَ لَوِ اجْتَمَعَتْ عَلَى أَنْ يَنْفَعُوكَ بِشَيْءٍ لَمْ يَنْفَعُوكَ إِلَّا بِشَيْءٍ قَدْ كَتَبَهُ اللهُ لَكَ، وَلَوِ اجْتَمَعُوا عَلَى أَنْ يَضُرُّوكَ بِشَيْءٍ لَمْ يَضُرُّوكَ إِلَّا بِشَيْءٍ قَدْ كَتَبَهُ اللهُ عَلَيْكَ، رُفِعَتِ الْأَقْلَامُ وَجَفَّتِ الصُّحُفُ».

 

«Билки, агар бутун уммат (маҳлуқотлар) сенга бирор манфаат бериш учун жамланса ҳам, Аллоҳ сенга ёзган нарсадан бошқасини бера олмайди. Агар уларнинг ҳаммаси сенга бирор зарар етказиш учун жамланса ҳам, Аллоҳ сенга ёзган нарсадан бошқасини етказа олмайди. Қаламлар кўтарилган, саҳифалар қуриган».

Фойда ҳам, зиён ҳам Аллоҳдандир. Аллоҳнинг дунёдаги барча махлуқотлари жамланиб, сенга заррача фойда ёки зиён етказмоқчи бўлса ҳам, Аллоҳ тақдирингга битган нарсадан бошқаси бўлмайди. Шунинг учун ҳаммани қўйиб, фақат Аллоҳ таолонинг Ўзигагина таваккул қил.

Аллоҳ таоло Ҳадид сурасининг 22-оятида: 

{مَا أَصَابَ مِنْ مُصِيبَةٍ فِي الْأَرْضِ وَلا فِي أَنْفُسِكُمْ إِلَّا فِي كِتَابٍ مِنْ قَبْلِ أَنْ نَبْرَأَهَا إِنَّ ذَلِكَ عَلَى اللَّهِ يَسِيرٌ}

«Ер юзида ёки ўзларингизда бирор мусибат етса, уни яратишимиздан олдин албатта, китобда бўлур. Албатта, бу Аллоҳ учун осондир», деган.

 

Ушбу ривоятдан олинадиган фойдалар:

1. Болаларга хуш муомалада бўлиб, уларга таълим-тарбия бериш;

2. Аллоҳнинг буйруғу қайтариқларига бўйсуниш У Зотнинг инсонга танисихатлик бериши, бола-чақа, аҳли аёлини, мол-дунёсини турли хил бало-офатлардан асраши, дину диёнатида, иймону эътиқодида залолатга кетишдан асрашига сабаб бўлади;

3. Талаб-истакларни фақат уларни бажо келтирувчи Зотдан – Аллоҳдан сўраш кераклиги;

4. Кўмак ва ёрдамни ҳақиқий кўмак берувчи Зотдан – Аллоҳдан сўраш кераклиги;

5. Фойда ҳам, зиён ҳам Аллоҳдан экани

6. Аллоҳнинг қазои қадарига иймон келтириш ва унга рози бўлиш вожиблиги;

7. Солиҳ амаллар туфайли Аллоҳ бандадан бало-офатларни аритиши; 

8. Барча махлуқотлар жамланиб, бир инсонга заррача фойда ёки зиён етказмоқчи бўлса, Аллоҳ тақдирда битган нарсадан бошқаси бўлмаслиги;

9. Банда фароғат пайтида Аллоҳни ёдга олиб, тоат-ибодатда бўлса, қийинчиликка йўлиққан пайтида У Зот уни ёрдамсиз ташлаб қўймаслиги;

10. Сабр ортидан ютуқғам-ғусса ортидан кушойиш, қийинчилик ортидан енгиллик келиши.

 

Муҳаммад Али Муҳаммад Юсуф тайёрлади

 

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Роббининг ҳузурида туришдан қўрққанлар учун икки жаннат бор.Қиёмат куни Парвардигори оламнинг ҳузурида саволларга жавоб беришдан, ҳисобкитоб мақомидан қўрқиб, давоми...

1467 20:14 / 26.03.2018
Эй одамлар Сизларни бир жондан яратган ва ундан унинг жуфтини яратиб, икковларидан кўплаб эркагу аёллар таратган Роббингиздан қўрқинглар У билан ўзаро сўровда давоми...

2596 15:14 / 07.11.2017
Жиноятчилар сиймоларидан билиниб турар. Ва уларнинг пешона сочлари ва оёқларидан тутилур.Демак, гуноҳкорлар қиёматдаги халойиқнинг ичида белгили бўлиб туришади. давоми...

2502 20:08 / 26.03.2018
Ҳар бир жон ўлимни татувчидир. Сизларни ёмонлик ва яхшилик ила имтиҳон учун синаймиз ҳамда Бизгагина қайтарилурсиз.Бу дунёда ўлмайдиган жон йўқ. Шоҳ ҳам, гадо ҳам, давоми...

2001 20:01 / 14.03.2018
Видеолар

1 20:30 / 16 февраль

203 14:11 / 15 февраль
Аудиолар

8951 11:58 / 10.10.2018
Топ рейтинг www.uz Openstat