1445 йил 17 шаввол | 2024 йил 26 апрель, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Руҳий тарбия

Ташвиш ва маҳзунликнинг сабаби

17:40 / 03.06.2018 3732 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Қалбларга етадиган ташвиш ва маҳзунликлар у(қалб)ларнинг кўришдан ман қилиниши сабабидандир.

– «Ҳаммун», яъни ташвиш – келажакда бўладиган кўнгилсизликдан ташвишланиш. Ёқмайдиган нарсанинг бўлишини кутиш.

– «Ҳузнун», яъни маҳзунлик – бўлиб ўтган нарсадан хафа бўлиш. Яхши кўрилган нарсанинг бўлмаганига хафа бўлиш.

Ибн Атоуллоҳ Сакандарий раҳматуллоҳи алайҳ ўзининг ушбу ҳикматида банданинг қалбига етадиган ғам-андуҳлар унинг қалбида тавҳид ақийдасининг ғойиблигидан ва барча жараёнларни Аллоҳ таоло бошқариб турганини тан ва қалб кўзи билан кўра олмаётганидан эканини баён қилмоқда.

«Қалбларга етадиган ташвиш ва маҳзунликлар у(қалб)-

ларнинг кўришдан ман қилиниши сабабидандир».

Зотан, бундай бўлиши ҳақиқатни йўқотиш ва қадарларга назар солмасликдан келиб чиқади. Чунки ким тавҳидни ўз кўзи билан аниқ кўрса, унда таслим ва рози бўлиш ҳосил бўлади. Шунинг учун унинг қалбида ғам-андуҳ асло қолмайди.

Ким тавҳидни унутса, турли махлуқотларнинг фаолиятига хаёли кетади. Уларга ўралашиб қолади. Бу эса ўз-ўзидан ғам-андуҳларнинг кўпайишига олиб келади. Бундай ачинарли ҳолатдан қутулиш учун банда қуйидаги ояти кариманинг маъносини ўзига, бутун вужудига сингдириши лозим.

Аллоҳ таоло Рум сурасида марҳамат қилади:

 

 «Осмонлару ернинг Унинг амри ила туриши Унинг оят(белги)ларидандир» (25-оят).

Бу ояти каримада қисқагина сўзлар билан улкан ҳақиқат ифодаланмоқда. Осмонлару ерни ким тутиб турибди? Нима учун улар жойидан қўзғалиб кетмаяпти? Ўзаро тортишиш кучи ушлаб турибдими? Хўп, ўша ўзаро тортишиш кучини ким пайдо қилган? Ёки бошқа яна бирор баҳона топилармикан? Топилса-топилар, аммо ҳаммаси Аллоҳга бориб тақалиши турган гап. Демак, осмонлару ернинг қоим туришининг ўзи Аллоҳнинг биру борлигига, баркамол сифатлар соҳиби эканига оят-белгидир.

Агар банда ушбу оят маъносини тўғри англаса, бу дунёдаги барча сабабларнинг бош сабабчиси Ҳақ субҳанаҳу ва таоло эканини тушуниб етади. Ўшанда банда ўзи яшаб турган оламни ва ундаги барча мавжудотларни ёлғиз Аллоҳ таолонинг Ўзи тутиб турганини, ҳаракатлантириб турганини, Унинг изнисиз қилча нарса бўлмаслигини тушуниб етади. Худди икки кўзи билан кўриб тургандек бўлади. Ана шунда у бўлиб ўтган андуҳлардан маҳзун бўлмайди ва бўладиган нарсалардан ташвишга тушмайди.

Аллоҳ таоло Ҳадид сурасида марҳамат қилади:

 

«Ер юзида ёки ўзларингизда бирор мусибат етса, уни (борлиқни) яратишимиздан олдин албатта китобда бўлур. Албатта, бу Аллоҳ учун осондир» (22-оят).

Ушбу оятда Аллоҳ таоло бизга етадиган ҳар бир мусибат – касаллик, очлик, камбағаллик, ўлим ва бошқалар, улар юзага чиқишидан аввал ҳам Лавҳул Маҳфузда, Аллоҳнинг илмида собит бўлишини таъкидламоқда. Шунинг учун мазкур мусибатларга ортиқча хафа бўлиб, ўзни қийнашнинг ҳожати йўқ. Ҳар бир мусибатни сабр-бардош билан қарши олиш мусулмонларнинг сиймоси эканини ҳамма билиши керак.

Худди мусибат каби ҳар бир хурсандчилик, яхшилик ҳам аввалдан Лавҳул Маҳфузда ёзилган бўлади. Шунинг учун бирон-бир неъмат – яхшилик етса, ортиқча хурсанд бўлиб, ўзини йўқотиб қўйиш ҳам мусулмонларга хос эмас. Ушбу ҳолатларни кейинги оят баён қилади:

 

«Токи сиздан кетган нарсага ҳам ачинманг ва сизга келган нарсадан ҳам ҳовлиқиб кетманг. Аллоҳ ҳеч бир димоғдор ва мақтанчоқни суймас» (23-оят).

Шундай бўлгандан кейин банданинг бўлиши мумкин нарсадан ташвишга тушиши ва бўлиб ўтган нарсадан маҳзун бўлиши беҳуда ишдир. Бўладиган ва бўлиб ўтган ишларнинг барчаси Ҳақ субҳанаҳу ва таолонинг қазо ва қадарида бор бўлганидан кейин, улар ҳақида ғам чекиш ва ташвиш қилишнинг нима кераги бор?

Мўмин банда Аллоҳ таоло унга нимани раво кўрса, бу унинг учун яхшилик эканига тўла ишониши керак, чунки Ҳақ субҳанаҳу ва таолонинг Ўзи одам боласини азизу мукаррам қилиб қўйганини Қуръони Каримда баралла эълон қилиб қўйган.

Аллоҳ таоло Исро сурасида марҳамат қилади:

 

«Батаҳқиқ, Бану Одамни азизу мукаррам қилиб қўйдик ва уларни қуруқлигу денгизда (улов-ла) кўтардик ҳамда уларни пок нарсалар ила ризқлантирдик ва уни Ўзимиз яратган кўп нарсалардан мутлақо афзал қилиб қўйдик» (70-оят).

Аллоҳ таоло борлиқдаги турли-туман мавжудотларни бир-биридан афзал қилиб яратган Зотдир. Ана ўша Зот ушбу ояти каримада одам боласини борлиқдаги ҳамма нарсадан азизу мукаррам қилиб яратганининг хабарини бермоқда:

«Батаҳқиқ, Бану Одамни азизу мукаррам қилиб қўйдик».

Аввало, одамнинг шакли, барча аъзоларининг тузилиши азизу мукаррамликдан далолат бериб туради. Бошқа махлуқотларда бу шакл, бу мутаносиблик ва бу каби аъзолар йўқ. Сўнгра Аллоҳ таоло Одамни Ўз қўли билан яратиб, мукаррам қилди. Ўз руҳидан жон пуфлаб, улуғлади. Бундай шарафга ҳеч бир махлуқот муяссар бўлган эмас. Шу боисдан ҳам инсон азизу мукаррамдир. Аллоҳ таоло яна Одам боласини Ўзи берган ақл билан мукаррам қилиб қўйди. Инсон ақли билан бошқа ҳамма махлуқотлардан устун туради. У Аллоҳ берган ақли ила турли тадбирлар қилади, нарсалар ишлаб чиқаради, бошқа махлуқотларни ўз фойдасига ишлатади. Буларнинг ҳаммаси Аллоҳ инсонни азизу мукаррам қилиб қўйганининг намуналаридир.

Аллоҳ таоло инсонга ваҳий туширади. Одамлар ичидан пайғамбар танлаб олади. Пайғамбарларга илоҳий китоблар нозил этади. Шариат ҳукмларини юборади. Буларнинг барчаси Аллоҳ инсонни азизу мукаррам қилганига намунадир.

Аллоҳ таоло Одамни Ўзининг ер юзидаги халифаси қилиши ҳам шунга далолатдир.

Аллоҳ таоло охирги индирган Китоби Қуръони Каримда:

«…Бану Одамни азизу мукаррам қилиб қўйдик», деб эълон қилишининг ўзи ҳам катта обрў-эътибордир.

«...ва уларни қуруқлигу денгизда (улов-ла) кўтардик...»

Аллоҳ таоло қуруқликда ҳам, денгизда ҳам инсон боласи учун турли уловларни яратиб, шунга биноан, қонун-қоидаларни жорий қилиб қўйди. Инсон қуруқликда турли ҳайвонлар ва нақлиёт воситаларида юриб, оғир ишларни енгиллик ила бажаради. Одамларни кўтарадиган, унга улов бўлиб хизмат қиладиган маркаблар Аллоҳ таолонинг махлуқлари бўлиб, улар Жаноби Ҳақ жорий этган қонун-қоида асосида уловлик вазифасини бажаради. Бу ҳам Аллоҳ Одам боласини азизу мукаррам қилганидандир.

Шунингдек, Аллоҳ таоло инсон учун сувда чўкмайдиган турли моддаларни яратиб, уларга маълум шаклларни беришни илҳом этиб, денгизларда сузиб юрадиган уловларни Ўзи жорий қилган қонун-қоидалар асосида ҳаракатланадиган этиб қўйди. Бу ҳам Аллоҳнинг Одам боласини азизу мукаррам қилганидандир.

«...ҳамда уларни пок нарсалар ила ризқлантирдик...»

Аллоҳ таоло Одам боласига барча пок нарсаларни ризқ қилиб берган. Уларни санаб, саноғига етиб бўлмайди. Одам бу пок ризқлардан тўғри фойдаланиб, уларни берган Зотга шукр қилса, жуда яхши бўлади. Ана шу сон-саноқсиз покиза ризқларнинг берилиши ҳам Аллоҳ таоло Одам боласини азизу мукаррам қилиб қўйганидандир.

«...ва уни Ўзимиз яратган кўп нарсалардан мутлақо афзал қилиб қўйдик».

Яъни одам бошқа махлуқотлардан мутлақо афзал саналади. Афзалликда унга яқин кела оладиган махлуқот оламда йўқдир. Барча махлуқотлар Одам боласи учун беминнат хизматкордир.

Агар банданинг қалби Аллоҳ таолони кўриш мавжудлигидан ман қилинмаган бўлса, унда на ғам қолади, на андуҳ қолади. Бундай ҳолатга эришган банда бошига тушадиган турли ҳолатларни сокинлик билан кутиб олади.

Бошига мусибат тушганда, ғам-андуҳга учраганда ўзини қандай тутиш борасида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам барчага гўзал намунадирлар.

 

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Абу Сайф ал-Қайннинг олдига кирдик. У Иброҳим алайҳиссаломнинг сут отаси эди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Иброҳимни олиб, ўпдилар ва ҳидладилар. Сўнгра Иброҳим жон бераётганида яна унинг олдига кирдик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўзларидан ёш оқа бошлади. Шунда Абдурраҳмон ибн Авф у зотга: 

«Сиз ҳамми, эй Аллоҳнинг Расули?!» деди. У зот: 

«Эй Ибн Авф, бу раҳматдир, – дедилар ва яна йиғладилар. Сўнгра у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: – Албатта, кўз ёш тўкади, қалб маҳзун бўлади, аммо Роббимизни рози қиладиган нарсадан бошқани айтмаймиз. Албатта, биз сенинг фироғингдан жуда маҳзунмиз, эй Иброҳим», дедилар».

Бухорий ривоят қилган.

Аллоҳ таоло барчамизга қалбларга етадиган ташвиш ва маҳзунликлар қалбларнинг кўриш мавжудлигидан ман қилиниши сабабидан эканини англаб етишимизни насиб этсин!


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Хислатли ҳикматлар шарҳи китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бу дунёга келган инсонларнинг барчаси бирбирлари билан муомала қилмасдан иложи йўқ. Одамларнинг бирбирлари билан қиладиган муомалалари худди меҳмонга қиладиган давоми...

3550 17:26 / 20.01.2018
Эй иймон келтирганлар Аллоҳни кўп зикр қилинглар.Аллоҳни зикр қилиш ndash қалбни Унга боғлашдир, У мени кузатиб турибди, деган доимий эътиборда туришдир. Аллоҳнинг давоми...

6407 19:05 / 11.02.2018
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Ким ёлғон гапиришни ва унга амал қилишни қўймаса, унинг таоми ва шаробини тарк давоми...

3700 19:02 / 22.03.2018
Маълум бўлсинки, ғийбат қилинган киши ғийбат қилувчидан ҳақдор бўлиб қолади, яъни қиёмат куни унинг устидан шикоят қилиб, даъво қилишга ҳаққи бўлади. Ғийбат давоми...

4599 12:35 / 12.06.2018