1445 йил 23 шаввол | 2024 йил 02 май, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Руҳий тарбия

Аллоҳни кўп зикр қилинглар

19:05 / 11.02.2018 6412 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Эй иймон келтирганлар! Аллоҳни кўп зикр қилинглар.

Аллоҳни зикр қилиш – қалбни Унга боғлашдир, У мени кузатиб турибди, деган доимий эътиборда туришдир. Аллоҳнинг буйруқларини бир лаҳза ҳам эсдан чиқармай, амалга оширишдир.

Ҳа, мўминлар Аллоҳни кўп зикр қилишлари матлубдир. Аллоҳ кўп зикр қилингандагина турли ёлғон, бўҳтон, иғво, ғийбат, чақимчилик каби гуноҳ гап-сўзлар узоқлашади. Аллоҳни кўп зикр қилган одамнинг қалбида беҳуда гапларга, сўкишишларга, кишига обрў келтирмайдиган ҳолатларга жой қолмайди. Аллоҳни кўп зикр қилган одамнинг қалбида дунёнинг, унинг матоҳларининг зикрига жой қолмайди. Аллоҳни кўп зикр қилган одамнинг қалбида турли кўнгилхушликларга, инсон зеҳнини чалғитувчи маишатларга жой қолмайди. Аллоҳни кўп зикр қилган одамнинг қалбига Аллоҳнинг муҳаббатидан бошқа муҳаббат сиғмайди. Аллоҳни кўп зикр қилган одамнинг, аввало, тилида Аллоҳнинг исми жо бўлади. Сўнгра бу муборак исм аста-секин ҳалқумига, кўксига ва қалбига етиб боради. Гарчи бундай инсон тили билан Аллоҳнинг исмини айтмаса ҳам, қалби «Аллоҳ, Аллоҳ», деб туради. Ниҳоят, бутун вужуди шу ҳолатга етади. Ана шунда зокирлик мақомига эришади.

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳи ривоят қилган ҳадисда қуйидагилар айтилади:

«Расулуллоҳнинг ҳузурларига икки аъробий келди. Улардан бири:

– Эй Аллоҳнинг Расули, қайси одам энг яхши одам? – деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

– Кимнинг умри узоқ бўлиб, амали яхши бўлса, ўша, – дедилар. Иккинчиси эса:

– Эй Аллоҳнинг Расули, Исломнинг таклифлари кўпайди. Менга бир ишни амр қилингки, уни маҳкам тутай, – деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

– Доимо тилинг Аллоҳнинг зикри ила ҳўл бўлсин, – дедилар».

Ҳа, Аллоҳнинг зикрини кўп қилиш мўмин бандани олий мақомларга эриштиради.

Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Роббингиз: «Модомики, бандам мени зикр этиб, лаблари қимирлар экан, мен у билан биргаман», – дейди», – деганлар.

 Ва эртаю кеч Уни поклаб ёд этинглар.

Эрталаб ҳам, кечқурун ҳам дунёда катта ўзгаришлар рўй беради. Шунинг учун ҳам бу икки вақтда Аллоҳни поклаб ёд этиш алоҳида таъкидланмоқда.

Агар бандалар Аллоҳ таолони кўп зикр қилиб, уни эртаю кеч поклаб ёд этсалар, мукофоти нима бўлиши келаси оятда айтилмоқда:

 У сизларни зулматлардан нурга чиқариш учун Ўзи ҳам, фаришталари ҳам саловот айтувчи Зотдир. У мўминларга ўта раҳмли бўлган Зотдир.

Аллоҳ таолонинг бандага саловот айтиши У Зотнинг бандага бўлган раҳматини билдиради. Фаришталарнинг саловот айтиши эса бандага Аллоҳнинг раҳмати ёғилишини тилаб, дуо қилишларини англатади.

«У мўминларга ўта раҳмли бўлган Зотдир».

Шунинг учун бандаларининг зикрига муҳтож бўлмаса ҳам, бандалар ўз фойдалари учун Уни зикр қилсалар ҳам, Ўзини кўп зикр қилган, эртаю кеч поклаб ёд этган бандаларига Ўзи саловот айтиб, фаришталарига ҳам саловот айттирмоқда. Бундан ортиқ яна қандай меҳрибонлик бўлиши мумкин?!

Имом Бухорий ривоят қилган ҳадиси қудсийда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Аллоҳ таоло: «Ким Мени ичида зикр қилса, Мен ҳам уни ичимда зикр қиламан, ким Мени жамоат ичида зикр қилса, Мен уни унинг жамоатидан яхшироқ жамоат ичида зикр қиламан», – дейди», – деганлар.

Яъни «Яхшироқ жамоат ичида зикр қиламан» дегани «Фаришталар ичида зикр қиламан», деганидир.

У Зотга йўлиқадиган Кундаги сўрашишлари «Салом»дир. Ва уларга гўзал ажрни тайёрлаб қўйгандир.

Аллоҳни кўп зикр қиладиган, эртаю кеч Уни поклаб ёд этадиган ана ўша бандаларга Аллоҳ таолонинг Ўзи ва фаришталари саловот айтиши билан бирга уларнинг

«У Зотга йўлиқадиган Кундаги сўрашишлари «Салом»дир».

Аллоҳга йўлиқадиган қиёмат куни ўша мўминларнинг ҳол-аҳвол сўрашишлари саломдан иборатдир. Аввало, салом бериб, кутиб олинади, қолаверса, барча хавфу хатардан, қиёмат куни даҳшатларидан ва дўзах азобидан саломатлик ато этилади.

«Ва уларга гўзал ажрни тайёрлаб қўйгандир».

Аллоҳ таолонинг Ўзи бундай зокир бандаларга гўзал ажрни – жаннатни тайёрлаб қўйгандир.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Тафсири ҳилол китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Насиҳат. Вуҳайб Маккий1 раҳимаҳуллоҳ айтади .Ғийбатни тарк этиш мен учун дунё ва ундаги нарсалар яратилганидан бошлаб йўқ бўлгунига қадар меники бўлиб, уларни давоми...

2737 15:03 / 27.03.2018
Роғиб вараъни уч турга тақсимлаган1. Вожиб.Бу турдаги вараъ ҳаромлардан сақланишдан иборат бўлиб, барчага баробардир.2. Мандуб.Бу турдаги вараъ шубҳалардан давоми...

2808 22:03 / 09.03.2018
Ғийбат ndash ҳаромлиги қатъий ояту ҳадислар ҳамда ижмо билан собит бўлган амалдир. Ғийбатнинг ҳаромлигини инкор қилган, яъни уни ҳалол санаган киши кофир бўлади ва давоми...

3425 15:36 / 08.03.2018
Имом Абу Ҳомид Ғаззолий Меъзонул иътидолrdquo китобида инсоннинг ёмон хулқлари тарбия орқали гўзал ахлоққа айланиши ҳамда ҳеч бир инсон ўзгартириб бўлмайдиган давоми...

5284 17:13 / 21.08.2017