1445 йил 27 шаввол | 2024 йил 06 май, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тафсири ҳилол

Бақара сураси, 257-оят

09:05 / 07.04.2018 4019 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ иймон келтирганларнинг дўстидир. Уларни зулматлардан нурга чиқарур. Куфр келтирганларнинг дўстлари тоғутлардир. Уларни нурдан зулматларга чиқарурлар. Ана ўшалар олов соҳибларидир. Улар унда мангу қолувчидирлар. Бақара 257. 

Биз оятда «дўст» деб таржима қилган ибора араб тилида «валий» деб келган бўлиб, бу сиз билан бизнинг тушунчамиздаги «дўст»дан кўра кенгроқ тушунчани ифода қилади. Бу дўст, ишбоши, ҳамма керакли нарсаларни тайёрлаб, ишларни тўғри изга солиб турувчи ғамхўрдир.

«Аллоҳ иймон келтирганларнинг дўстидир».

Яъни ишбошиси, ғамхўридир. Шу боисдан ҳам

«Уларни зулматлардан нурга чиқарур».

Аллоҳ иймон келтирганларни Иймон деб аталган нурга чиқаради. Аллоҳнинг йўли, Иймон йўли битта – нур йўлидир. Ундан бошқа ҳамма йўллар зулматдан иборатдир. Шунинг учун ҳам оятда «нур» сўзи бирликда, «зулмат» сўзи эса кўпликда зикр қилинмоқда. Аллоҳнинг йўлидан бошқа ҳамма йўллар, қайси ном билан аталишидан қатъи назар, зулматдир. Аллоҳ таоло иймон йўлига юрганларни ушбу зулматларнинг барчасидан иймон нурига чиқаради. Иймонлиларнинг қаршисида бошқа тоифа ҳам бор, улар куфр келтирганлардир. Хўш, уларнинг ҳоли қандай экан?

«Куфр келтирганларнинг дўстлари тоғутлардир».

Яъни кофирларнинг ишбошилари, ғамхўрлари Аллоҳнинг йўлидан бошқа йўлдагилардир. Тоғутнинг каттаси шайтондир. Шундай экан, тоғутлар ўзларига эргашганларга қандай дўстлик қиладилар?

«Уларни нурдан зулматларга чиқарурлар».

Тоғутлар ўзларига эргашганларни иймон нуридан чиқариб, жоҳилият зулматларига киритадилар.

Аввал айтилганидек, зулматлар жуда ҳам кўп ва улар турли номлар билан аталади. Оқибат нима бўлади? Оқибатда:

«Ана ўшалар олов соҳибларидир. Улар унда мангу қолувчидирлар».

Юқорида одамлар икки тоифага ажраб, уларнинг айримлари кофир, айримлари мўмин бўлиб кетганлари баён қилинган эди.

Келаси оятларда уларнинг баъзи бир ҳолатларининг, хусусан, туғёнга кетган кофирларнинг Аллоҳни ва Унинг сифатларини инкор қилишларининг зикри келади:

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Одамлардан эси пастлари «Буларни қиблаларидан нима юз ўгиртирди экан» дерлар. «Машриқу мағриб Аллоҳники, кимни хоҳласа, ўшани тўғри йўлга бошлайдир», деб айт. давоми...

2796 21:05 / 09.12.2017
Бу Роббингдан бўлган ҳақдир, бас, ҳаргиз шак қилувчилардан бўлма. Бақара 147. Набий алайҳиссалом умрлари давомида илоҳий масалаларда бирор марта шакшубҳага давоми...

2804 13:45 / 14.12.2017
Китобни ўз қўли билан ёзиб, сўнгра уни озгина баҳога сотиш учун .Бу Аллоҳнинг ҳузуридан,, дейдиганларга вайл бўлсин Қўллари билан ёзган нарсалари туфайли уларга давоми...

3125 09:05 / 02.10.2017
Маъруф сўз ва кечирим ортидан озор келадиган садақадан кўра яхшироқдир. Ва Аллоҳ беҳожатдир, ўта ҳилмлидир. Бақара 263. .Ортидан озор келадиган садақа,нинг кераги давоми...

3415 10:45 / 15.04.2018