1445 йил 19 шаввол | 2024 йил 28 апрель, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тафсири ҳилол

Бақара сураси, 246-оят

09:55 / 29.03.2018 3130 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Мусодан кейинги Бану Исроилдан бўлган зодагонларни билмадингми?! Ўшанда улар ўз набийларига: «Бизга бир подшоҳ тайин қилгин, Аллоҳнинг йўлида уруш қилайлик», – дедилар. У: «Агар сизларга уруш фарз қилинса, эҳтимол, урушмассизлар?!» – деди. Улар: «Бизга нима бўлибдики, диёримиздан ва фарзандларимиздан жудо қилинсак ҳам, Аллоҳнинг йўлида урушмасак», – дедилар. Уруш фарз қилинганда эса озгиналаридан бошқалари юз ўгириб кетдилар. Ва Аллоҳ зулм қилувчиларни ўта билувчидир. Бақара 246. 

Ушбу ояти каримани Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссаломнинг қавмидан бўлган аъёнларни эслатиш билан бошламоқда.

«Мусодан кейинги Бану Исроилдан бўлган зодагонларни билмадингми?!»

Мусо алайҳиссалом вафот этиб кетганларидан кейин Бану Исроилнинг аъёнлари, катталари, ишбошиларидан бир гуруҳи

«Ўшанда улар ўз набийларига: «Бизга бир подшоҳ тайин қилгин, Аллоҳнинг йўлида уруш қилайлик», – дедилар».

Яъни у аъёнлар ўз пайғамбарларининг олдига келиб: «Бизга бир подшоҳ – бошлиқ тайин қилиб бер, унинг раҳбарлигида Аллоҳнинг йўлида урушмоқчимиз», – дейишди. Уларнинг бу гапларидан қалбларида иймон ҳисси уйғониб турган пайт экани билиниб турибди. Улар ўзларича, биз иймон эгаларимиз, ҳақ йўлдамиз, кофирлар ботилда, бизни Аллоҳнинг Ўзи қўллайди, деган фикрдалар. Шунинг учун «Аллоҳнинг йўлида уруш» қилмоқчилар. Лекин улар қуруқ хавас билан иш битмаслигини англаб етмайдилар. Бу ҳақиқатни Аллоҳдан бўлган ҳидоят туфайли уларнинг пайғамбарлари тушуниб етади. Шунинг учун

«У: «Агар сизларга уруш фарз қилинса, эҳтимол, урушмассизлар?!» – деди».

Ҳозир кенгликда туриб, бир-бирингизга қизиқиб, «Бизга бир подшоҳ тайин қилгин, Аллоҳнинг йўлида уруш қилайлик», – демоқдасизлар. Ҳақиқатан шу иш йўлга қўйилса, уруш фарзга айланади ва унда орқага қайтишнинг иложи қолмайди. Ортга қайтган гуноҳкор бўлади.

Бу мулоҳаза қизишиб турган тўдани янада қидириб юборди. Урушга кириш қарорига олиб келган сабабларни зикр қилишди:

«Улар: «Бизга нима бўлибдики, диёримиздан ва фарзандларимиздан жудо қилинсак ҳам, Аллоҳнинг йўлида урушмасак», – дедилар».

Яъни «Қайтишга йўл йўқ. Урушмасак, нима деган одам бўламиз?! Кофирлар бизни диёримиздан чиқарган, фарзандларимиздан жудо қилган бўлсалар».

«Уруш фарз қилинганда эса озгиналаридан бошқалари юз ўгириб кетдилар».

Аввалги қизиқиш, шижоат ва ҳавасдан асар ҳам қолмади. Одамзоднинг табиати шу – оломон ичида ақли ҳам оломоннинг ақлига қўшилиб қолиб, бир-биридан шижоатли бўлиб, оғзига келганини гапираверади. Турли фидокорона таклифлар қилади. Бошига калтак тушганда эса ҳаммаси ўзини қутқаришга тушиб қолади. Фақат чуқур иймоний тарбия олганларгина собитқадам бўлиб қоладилар. Жамоатга раҳбарлик қилувчи шахслар ушбу ҳолатнинг ҳисобини яхши олишлари керак. Кўпчиликнинг бир-бирига қизиқиб чиққан ташаббусига алданиб қолмаслик керак.

«Ва Аллоҳ зулм қилувчиларни ўта билувчидир».

Бошга иш тушганда ортга қараб қочадиганлар золим эканини шу оятдан биламиз. Аллоҳ таоло уларнинг зулмини билиб, муносиб жазоларини беради.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
2 8. Ва одамлардан .Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирдик,, дейдиганлари бор. Ҳолбуки, улар мўмин эмаслар.Мунофиқларнинг бош сифатлари ушбу оятда зикр давоми...

3457 17:24 / 12.05.2017
Бас, Мени зикр қилинг, сизни эсларман. Ва Менга шукр қилинг, куфр келтирманг. Бақара 152.Ушбу оят ўзи қисқа бўлишига қарамай, оламолам маъно касб этади. Аллоҳ таоло давоми...

6703 10:45 / 19.12.2017
Ким уни эшитгандан сўнг ўзгартирса, бас, гуноҳи фақат ўзгартирганларнинг ўзига бўладир. Албатта, Аллоҳ ўта эшитувчидир, ўта билувчидир. Бақара 181. Яъни ўлаётган давоми...

2651 08:25 / 19.01.2018
У «Албатта, У Зот «У минилмаган, ер ҳайдаш, экин суғоришда ишлатилмаган, айблардан саломат, чипори йўқ сигир», деяпти», деди. Улар «Ана энди ҳақни келтирдинг», давоми...

3663 09:00 / 22.09.2017