1446 йил 17 рабиъул аввал | 2024 йил 20 сентябрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Қуръон

Саф сураси, 7-9

05:00 / 23.01.2017 4797 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

quran.uz

7. Исломга даъват қилиниб турганида Аллоҳга нисбатан ёлғон тўқиган   кимсадан ҳам золимроқ киши борми? Ҳолбуки, Аллоҳ золимларни ҳидоятга солмас.

Яъни, инсон Исломга даъват қилинса, икки дунёнинг саодатига эриштирувчи динга чақирилса, уни хурсандлик билан қабул қилишнинг ўрнига, Аллоҳга нисбатан ёлғон тўқиса, ҳақиқатдан у дунёдаги энг ашаддий золим ҳисобланади. Ундайларнинг Аллоҳ таолога нисбатан тўқиган ёлғонлари турлича бўлади. Жумладан, Қуръонни сеҳр ёки шеър дейишади, Аллоҳ бизни бунга буюргани йўқ, дейишади, Муҳаммад Пайғамбар эмас, дейишади ва бошқа кўплаб бўҳтон ва туҳматлар қўллашади. Аллоҳ таоло эса бунақа золимларни ҳидоятга бошламайди. Чунки гуноҳкорлиги туфайли ҳидоятга нолойиқ шахсларни ҳидоятга бошламаслик У зотнинг суннатидир. Бу золимларнинг нияти нима ўзи? Ушбу саволга келса оят жавоб беради.

quran.uz

8. Оғизлари билан Аллоҳнинг нурини ўчирмоқчи бўладилар. Ҳолбуки, Аллоҳ, кофирлар ёқтирмаса ҳам, ўз нурини тугал этгувчидир.

Оятдаги «Аллоҳнинг нури»дан мурод Ислом динидир. Ислом динини йўқ қилиш учун уринувчиларнинг ҳаракати қуёшнинг шуъласини оғиз билан пуфлаб ўчиришга ҳаракат қилишга ўхшайди. Ундайлар қанчалик уринмасин, қуёшни сўндира олмаганларидек, Ислом нурини ҳам ўчира олмайди.
Пайғамбаримизга Қуръони Каримнинг биринчи ояти тушган замондан то ҳозиргача Аллоҳ таоло душманлари Исломга, мусулмонларга қарши қанчадан-қанча ишлар олиб бордилар. Турли усуллар ва услублар билан динимизга қарши урушни бир дақиқа ҳам тўхтатганлари йўқ. Бу машъум урушни Макка мушриклари бошлаган бўлса, сўнг яҳудийлар, мунофиқлар давом этирдилар. Кейинроқ ўша замоннинг икки улкан императорлиги рум ва форс қарши чиқди. Қаршилар кўпайиб, дунёнинг ҳар тарафидан бош кўтара бошладилар. Салибчилар, саҳюнийлар (сионистлар) мусулмонларга қарши барча ваҳшийликларни қилдилар ва қилмоқдалар. Шундай давр бўладики, азиз Исломий ватаннинг барча тупроғи мустамлакачилар оёғи остида топталди. Лекин оятда келганидек 
«Аллоҳ, кофирлар ёқтирмаса ҳам, ўз нурини тугал этгувчидир». 
Мана, Ислом душманларининг ҳаммаси ўтди, ҳаммаси расвои радди бало бўлди, икки дунёси куйди ва тарихда номлари ёмонлик билан зикр этиладиган бўлиб қолди. Лекин Ислом юксаклигича, улуғворлигича қолмоқда, Аллоҳга шукр.
Ушбу ояти каримада сиз билан биз мусулмонларга улуғ башорат бордир. Бу масалада икки ироданинг тўқнашуви кўзга кўринмоқда. 
Бири-Ислом душманларининг иродаси.
Иккинчиси-Аллоҳ таолонинг иродаси.  Албатта, Аллоҳнинг иродаси ғолиблиги ҳаммага маълум. Ислом истиқбол динидир. 
Буни тушуниш учун келаси оятга эътибор берайлик. Ислом ҳали кучсиз, мусулмонлар ҳали жуда оз ва турли душманлар атрофдан ўраб турган пайт тушган бу оятда Исломнинг келгусида бутун динлардан устун бўлиб, дунёга тарқалишидан башорат бермоқда.

quran.uz

9. У зот Ўз Расулини ҳидоят ва ҳақ дин билан барча динлардан устун қилиш учун юборган зотдир. Гарчи мушриклар ёқтирмасалар ҳам.

Аллоҳнинг сўзи, ваъдаси ҳақ. Пайғамбар алайҳиссаломга Исломни бошқа барча динлардан устун бўлиши учун туширганини ушбу оят ила хабар берган эканми, шундай бўлиши муқаррар. 
Дарҳақиқат, Пайғамбар алайҳиссаломнинг вафотларидан сўнг бу ваъда амалга ошди-Ислом дунёга тарқалди. Бу ҳақиқат ҳам Қуръони Каримнинг улкан мўъжизасидир ва Муҳаммад алайҳиссаломнинг ҳақ Пайғамбар эканликларига ёрқин далилдир. Иншааллоҳ, бу ваъда охиригача рўёбга чиқади. Ислом барча динлардан устун бўлиб, жаҳон халқларини икки дунё саодатига эриштиради. Унинг ҳақиқатлари жами инсониятга етиб бориши учун эса, аввало, мусулмонлар ўзлари Исломни тўғри тушуниб, ҳаётларига тадбиқ қилиб, сўнгра ўзгаларга ҳам етказмоқлари лозим.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Қуръони Карим олдида барча инсоният ўзининг чегараланган илми ила ожиздир. Илмфан ривожланиши билан Қуръон маънолари ҳам янгиданянги маълумотлар билан намоён давоми...

4409 14:30 / 13.08.2019
Мусо алайҳиссаломнинг даврларидан кейин бир неча асрлар, қанчаданқанча авлодлар ўтиб кетди. Бу орада Мусо алайҳиссаломнинг қиссалари унутилди ёки бузилди. Сен давоми...

6407 15:15 / 28.01.2019
Эй иймон келтирганлар Рукуъ қилинглар, сажда қилинглар ва Роббингизга ибодат қилинглар ҳамда яхшилик қилинглар, шоядки, зафар топсангиз. Ва Аллоҳ учун ҳақ жиҳод давоми...

4155 22:47 / 07.04.2018
.Тафсир, сўзи луғатда .баён қилиш,, .очиб бериш, ва .равшан қилиш, маъноларини англатади.Уламолар истилоҳида бу илм қуйидагича таърифланади.Тафсир ndash Қуръони давоми...

2474 14:00 / 09.03.2021
Аудиолар

129973 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

50616 14:35 / 11.08.2021