1445 йил 11 шаввол | 2024 йил 20 апрель, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Қуръон

Буруж сураси, 4-10

05:00 / 23.01.2017 3923 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

quran.uz

4. «Ухдуд» эгаларига лаънат бўлсин.

«Ухдуд»–ерда ковланган узун-узун чуқурдир. Ухдуд эгалари кофирлар бўлиб, мўминларни Аллоҳга ишонганлари учун олов ёниб турган ухдудларга–чуқурларга ташлаб азоблаб ўлдирганлар. Ухдуд нима эканлигини кейинги оят тушунтиради.

quran.uz

5. У ёқилғиси кўп, қаттиқ исиган оловдир.
6. У(кофир)лар ўша(чуқур)лар атрофида ўтирибдирлар.
7. Ва улар мўминларга қилаётган нарсаларига ўзлари гувоҳдирлар.

Тафсирчиларимиз бу оятлар тафсирида қуйидаги қиссани келтирадилар. Имом Аҳмад ибн Ҳанбал Суҳайбдан ривоят қиладилар. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом айтибдилар: «Сизлардан аввал ўтган умматлардан бирида бир подшоҳ ўтган. Унинг сеҳргари бор экан. Сеҳргар қариганда, подшоҳга: 
«Мен қариб ажалим яқинлашиб қолди, менга бирорта ёш йигитлардан берсангиз, сеҳримни ўргатиб қўйсам», дебди. Подшоҳ унга бир йигитни берибди ва сеҳргар унга сеҳр ўргата бошлабди. Сеҳргар билан подшоҳ орасида бир роҳиб (диний олим) ҳам бор экан. Йигит ўша роҳиб ҳузурига келиб, унинг сўзларини эшитиб ажабланибди. Сеҳргарнинг олдига кеч қолиб борса: 
«Нимага кеч қолдинг?», деб урар экан. Уйига кеч қолиб борса, уйидагилар ҳам: 
«Нимага кеч қолдинг?»–деб урар эканлар. Йигит бу ҳақда роҳибга шикоят қилса, у сеҳргар урмоқчи бўлса, уйимдагилар тутиб қолишди, дегин. Уйингдагилар, нега кеч қолдинг деса, сеҳргар тутиб қолди дегин, деб ўргатибди. Кунлардан бирида йигит йўлда кетаётса, улкан, даҳшатли бир ҳайвон кўчани тўсиб одамларни ўтказмай қўйганини кўрибди. Шунда йигит, сеҳргарнинг иши Аллоҳга мақбулми, роҳибникими–биладиган кун келди, деб хаёлидан ўтказибди. Бир тошни олиб: 
«Эй Худоё, агар роҳибнинг иши сенга сеҳргарнинг ишидан кўра маъқулроқ бўлса, мана шу ҳайвонни ўлдиргин, одамлар ўтиб кетсин», деб тошни отса, ҳайвон ўлибди ва одамлар ўтиб кетибди. Гапни роҳибга айтган экан: 
«Эй болам, сен мендан афзалсан, келажакда балоларга гирифтор бўласан, ўшанда менинг сиримни бировга айтмагин», дебди. Йигит кўр, пес ва бошқа дардларни даволайдиган бўлибди. Подшоҳнинг бир дўсти кўр бўлиб қолибди. Йигитга кўп ҳадялар бериб: 
«Менга шифо бер», дебди. Йигит:
«Шифони мен эмас, Аллоҳ беради, агар иймон келтирсанг, дуо қиламан, сенга шифо беради», дебди. Сўнг у киши кўзи тузалиб, подшоҳнинг олдига бориб ўтирибди. Подшоҳ ундан: 
«Э фалончи, кўзингни ким қайтариб берди», деб сўрабди. 
«Роббим», деб жавоб берибди у. Подшоҳ: 
«Менми?», деб савол қилибди. У бўлса:
«Менинг ҳам, сенинг ҳам Роббимиз Аллоҳ», деб жавоб қилибди. Подшоҳ:
«Мендан ўзга ҳам Роббинг борми?» деб таъкидлаб сўрабди. Дўсти:
«Ҳа бор, менинг Роббим ҳам, сенинг Роббинг ҳам Аллоҳ», деб жавоб берибди. Сўраб-сўраб охири йигитни топибди ва унга: 
«Эй болам, сеҳринг кучли бўлиб, кўр, пес ва бошқа касалларни даволайдиган бўлибсан», дебди. Йигит: 
«Мен ҳеч кимга шифо бермайман, шифони Аллоҳ беради», деб тушунтирибди. Подшоҳ: 
«Менми?» деб сўрабди. Йигит: 
«Йўқ!» деб жавоб қилибди. Подшоҳ:
«Мендан бошқа ҳам Роббинг борми?» деб сўрабди. Йигит: 
«Менинг ҳам, сенинг ҳам Роббинг Аллоҳ», деб жавоб берибди. Йигитни азоблаб, охири роҳиб ҳақидаги маълумотни олишибди. Роҳибни келтириб, динингдан қайт, деган экан, кўнмабди. Бошидан арра солиб арралаб иккига бўлиб ташлашибди. Сўнг кўр бўлган кишига, динингдан қайт, дейишибди. У ҳам кўнмабди, уни ҳам арралаб иккига бўлиб ташлашибди. Йигитга ҳам: 
«Динингдан қайт», дебдилар. У ҳам:
«Йўқ», деб жавоб қилгач, подшоҳ бир гуруҳ одамларига: 
«Йигитни тоғ чўққисига олиб чиқинглар, динидан қайтса қайтди, бўлмаса чўққидан ташлаб юборинглар», деб буюрибди. Йигитни чўққига олиб чиқишганда: 
«Эй бор Худоё, ўзинг билиб мени булардан қутқаргин», деб дуо қилибди. Тоғ силкиниб ҳаммалари чўққидан қулаб ҳалок бўлишибди. Йигит подшоҳ ҳузурига қайтибди. Подшоҳ ундан:
«Шерикларингга нима бўлди», деб сўрабди. Йигит: 
«Аллоҳ мени улардан қутқарди», деб жавоб берибди. Яна бир гуруҳ одамларга йигитни топшириб, подшоҳ: 
«Буни денгизга олиб боринглар, диндан қайтса қайтди, бўлмаса чўктириб юборинглар», деб буюрибди. Денгизда йигит: 
«Ё бор Худоё, Ўзинг мени булардан қутқаргин», деб дуо қилибди. Подшоҳнинг барча одамлари ғарқ бўлиб, йигит яна подшоҳнинг олдига борибди.
«Шерикларингга нима бўлди?» деб сўрабди подшоҳ. 
«Аллоҳ мени улардан қутқарди», деб жавоб қилибди йигит ва подшоҳга:
«Менинг айтганимни қилмагунинггача мени ўлдира олмайсан, агар айтганимни қилсанг, ўлдиришинг мумкин», дебти. Подшоҳ: 
«Гапингни айт», деб буюрибди. Шунда йигит: 
«Ҳамма одамларни бир жойга тўплайсан, мени дарахт шохига осасан, ўқдонимдан бир ўқ оласан, сўнг «Йигитнинг Роббиси Аллоҳнинг номи билан», деб камондан отасан, шундагина мени ўлдиришинг мумкин», деб ўргатибди. Подшоҳ йигитнинг айтганини қилибди, ўқни камонга қўйиб туриб: 
«Йигитнинг Роббиси, Аллоҳнинг номи билан», деб отган экан, ўқ йигитнинг кўксига тегибди. Йигит ўқ теккан жойини ушлаб туриб вафот этибди. Тўпланган одамлар, йигитнинг Роббисига иймон келтирдик, дейишибди. Подшоҳнинг аъёнлари, мана энди сен қўрққан нарса содир бўлди, одамлар ҳаммаси иймонга келди, дейишибди. Шунда подшоҳ фармони билан «ухдуд» чуқурлар қазилибди ва ўтлар ёқилибди, динидан қайтганларни қўйиб, қайтмаганларнинг барчасини оловли чуқурларга ташлашибди. Одамлар ўзини тортиб орқага ташлашиб турган экан, эмизукли боласи бор бир аёлни ҳам ўтга ташлаш учун келтиришибди, у ҳам ўзини олиб қочмоқчи бўлган экан, гўдак тилга кириб, сабр қилинг онажон, сиз ҳақ йўлдасиз, дебди».
Бу қиссани Имом Муслим ва Имом Насаий ҳам ўз китобларида ривоят қилганлар.
Инсоният ўзининг узоқ тарихи давомида диндорларга қарши қилинган қатағонлар, жабр-зулмлар ва азоб- уқубатларни кўрган. Ана ўшалардан баъзиларини Қуръони Карим ўзининг баъзи сураларида келтирган. Ушбу, «Буруж» сурасида ҳам унинг сиёқига мослаб қисқа қилиб «Асҳоби Ухдуд»нинг қиссаси келтирилмоқда. Унда кофирлар мўминларни оловга тўлдирилган узун-узун чуқурга ташлаб куйдириб, ўзлари устида томоша қилиб турганлиги васф қилинмоқда. Ушбу оятлар нозил бўлаётган бир пайтда оз сонли мусулмонлар Макка мушрикларининг алвон азобларига дучор бўлаётган бир пайт эди. Ушбу оятлар албатта, мусулмонларга ибрат ва сабр-бардошга даъватдир. Қуръони Каримдаги ўтган умматларнинг иймон ва куфр орасидаги давомли курашининг тарихини яхшилаб ўрганган муфассирларимиз ушбу оятларда келган қисса ҳақида ўта ибратли бир фикрни айтганлар. Уларнинг айтишларича, Қуръони Каримдаги иймон билан куфр ўртасидаги бардавом курашни васф қилувчи барча қиссалар иймоннинг ғолиб бўлиши ва куфрнинг мағлуб бўлиши билан тугайди. Аҳли иймонлар аҳли куфрларга қарши сабр-матонат билан курашадилар, жабр-зулм ва азоб-уқубатларни енгиб, бу дунёнинг ўзида иймон-эътиқодлари ва жидди-жиҳодлари самарасини кўрадилар. Аҳли куфрлар эса бу дунёнинг ўзида шармандаи шаримсор бўлиб, мағлубиятга учрайдилар.
Фақатгина «Асҳобул ухдуд» қиссасида бу иш юзага чиқмайди. Унда мўминларнинг ғалабаси, кофирларнинг мағлубияти зикр қилинмайди. Бундан, оз бўлса ҳам, баъзи вақтларда иймон билан куфрнинг орасидаги курашнинг ҳақиқий натижаси охиратга қолиши мумкин экан, деган хулоса чиқади. Шунинг учун ҳам баъзи мусулмонлар ўз иймонлари ва жиҳодлари самарасини бу дунёда кўрмай кетсалар, хафа бўлмаслик керак, у дунёда албатта кўрадилар. Баъзи кофирлар ўз куфрлари ва гуноҳлари жазосини бу дунёда тортмай кетсалар ҳам, хафа бўлмаслик керак, у дунёда албатта тортадилар.
Модомики, қадимдан кофирлар мўминларга тазйиқ ўтказиб, уларга зулм қилиб, азоблаб, қамаб, ўлдириб келаётган эканлар, улар бу ишни нима учун қилаётганларини ўрганиш керак. Бечора мўминлар нима учун бунча азобланади? Кофирлар мўминлардан қандай айб топдиларки, уларни бунчалик тазйиққа олиб, азоблайдилар? Жумладан ушбу қиссадаги зикри келаётган кофирлар мўминлардан нима айб топдиларки, уларни ўтга ташлаб куйдирадилар?
Бу саволнинг жавоби келаси оятда келади.

quran.uz

8. Ва (улар) мўминлардан Азиз, Ҳамид Аллоҳга бўлган иймондан бошқа «айб» топа олмадилар.

Ҳа, кофирлар доимо мўминлардан уларнинг Аллоҳ таолога бўлган иймонларидан ўзга ҳеч бир айб топа олмаганлар. Аллоҳ таолога бўлган иймон доимо мўминларнинг кофирлар олдидаги айби бўлиб келган. Лекин мўминлар иймон келтирган Аллоҳ Азиз сифатига эгадир. Шунинг учун ҳам У Ўз иззати ила мўмин бандаларига ёрдам беради, уларни охир, оқибат ғолиб қилади. Бу иш учун мўминлар Ўзи Ҳамид-мақталган бўлмиш Аллоҳ таолога яна ҳамд-мақтов айтадилар. Келаси оятда Аллоҳнинг васфи давом этади.

quran.uz

9. У шундай зотки, осмонлару ернинг мулки Унга хосдир ва Аллоҳ ҳар бир нарсага Ўзи гувоҳдир.

Кофирлар мўминларни иймонли бўлганлари учун азобларга дучор қилиб катта хато қиладилар. Ўша мўминлар иймон келтирган Аллоҳ осмонлару ердаги барча нарсаларнинг молики бўлган Зотдир. Дунёдаги ҳамма нарса Унинг хос мулкидир. У нимани хоҳласа, шуни қилади. Унинг иродасига ҳеч ким зид чиқа олмайди. У мўмин бандаларини азоблаётган золимларни хоҳлаган лаҳзада ҳалок қилиши мумкин. Мабодо бу дунёда кофирларни жазоламаса ҳам 
«Аллоҳ ҳар бир нарсага Ўзи гувоҳдир».
Ҳамма нарсани кўриб, билиб, ҳисоб-китоб қилиб турадир. Жумладан, кофирлар мўминларга нисбатан нима ёмонликлар қилаётганларини ҳам кўриб, билиб, ҳисоб-китоб қилиб турадир. Худди ана шу ҳисоб-китоб асосида қиёмат куни кофирларнинг жазосини берадир.
Мўминларга азоб, озор берганларнинг қандоқ азобланишини келгуси оят васф қилади.

 quran.uz

10. Албатта, мўмин ва мўминаларни фитна қилиб, сўнгра тавба қилмаганларга, ана ўшаларга жаҳаннам азоби ва куйдирувчи азоб бор.

Мўминларни фитнага солганлар вақти борида тавба қилиб, ўзларини ўнглаб олсалар, ишлари ҳам ўнгланиши мумкин. Аммо тавба қилмасалар, мабодо бу дунё азобига учрамасалар ҳам, албатта, охиратда жаҳаннам азобига, ҳақ жаҳаннамнинг куйдирувчи азобига дучор бўлишлари турган гап.
Охиратда кофирларнинг ҳоли ана шундоқ аянчли бўлади. Аммо бу дунёда ўша кофирлар томонидан хорланган мўминларнинг ҳоли эса тамоман бошқача бўлади. Ўша ҳолат келаси оятда васф қилинади.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ушбу мавзу Улуми Қуръондаги энг нозик мавзулардан бири ҳисобланиб, уламоларимиз унга катта аҳамият берганлар. Бу мавзуга киришдан олдин ушбу икки нарса ndash муҳкам давоми...

3275 13:00 / 23.06.2020
44. Одамларни яхшиликка чорлаб туриб, ўзингизни унутасизми Ҳолбуки, китобни тиловат қиляпсизку. Ақлни ишлатмайсизмиМаълумки, яҳудийлар ва хусусан уларнинг диний давоми...

4763 05:00 / 19.01.2017
33.Аллоҳга даъват қилган, солиҳ амалларни қилган ва .Албатта, мен мусулмонларданман, деган, кишидан ҳам гўзал сўзли ким борДунёдаги энг гўзал сўз, Аллоҳ таоло йўлига давоми...

5638 05:00 / 23.01.2017
183. Эй иймон келтирганлар Сизлардан аввалгиларга фарз қилганидек, сизларга ҳам рўза фарз қилинди. Шоядки тақводор бўлсаларингиз.Бу ояти каримани ҳам Аллоҳ таоло давоми...

3894 05:00 / 23.01.2017
Аудиолар

120142 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41806 14:35 / 11.08.2021