1445 йил 21 шаввол | 2024 йил 30 апрель, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ислом

Агар Аллоҳ хоҳласа, ҳаммангизни бир уммат қилиб қўяр эди

17:46 / 06.01.2018 3964 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ва сенга Китобни ҳақ ила, ўзидан олдинги барча китобни тасдиқловчи ва уларнинг устидан назорат этувчи қилиб нозил айладик. Бас, улар орасида Аллоҳ нозил қилган нарса ила ҳукм юрит. Ўзингга келган ҳақни қўйиб, уларнинг ҳавойи нафсларига эргашма. Сизлардан ҳар бирингизга алоҳида шариат ва маслак қилиб қўйдик. Агар Аллоҳ хоҳласа, ҳаммангизни бир уммат қилиб қўяр эди. Лекин У сизларни Ўзи берган нарсада синамоқни (истайдир). Яхшиликларга шошилингиз. Ҳаммангизнинг қайтишингиз фақат Аллоҳгадир. Бас, У сизга ихтилоф қилган нарсаларингизнинг хабарини берур.

Ушбу ояти каримани ҳар бир мусулмон яхши ўрганиб чиқмоғи ва ўзига сингдирмоғи бугунги кунда жуда ҳам муҳим. Ўзича мусулмонман, деб юрганлар ҳам яхшилаб ўргансалар, аслида ким эканликларини билиб олган бўлар эдилар.

Аллоҳ таоло бу ояти каримани Пайғамбаримизга:

«Ва сенга Китобни ҳақ ила, ўзидан олдинги барча китобни тасдиқловчи ва уларнинг устидан назорат этувчи қилиб нозил айладик», – дейиш билан бошламоқда.

Қуръон ва ундан келиб чиқадиган Ислом шариати Аллоҳ томонидан нозил бўлган. Уни нозил қилган Зот – бутун борлиқнинг Робби Аллоҳ таолонинг Ўзи. Ким уни инкор этса, Аллоҳни инкор этган бўлади. Ким Қуръонни беҳурмат қилса, Аллоҳни беҳурмат қилган бўлади. Ислом шариатига нисбатан паст назар билан қараган кимса Аллоҳга паст назар билан қараган бўлади. Қуръон ва Ислом шариати таълимотлари ила иш тутишдан бош тортган одам Аллоҳнинг таълимотларидан бош тортган бўлади. Ким шундай қилса, ҳеч қандай ҳолда ўзини мусулмон аташга ҳаққи йўқ.

Қуръони Каримнинг бу оятда қандай сифатланаётганига қаранг:

«...ўзидан олдинги барча китобни тасдиқловчи ва уларнинг устидан назорат этувчи...»

Яъни Қуръони Карим ўзидан олдинги китобларда келган илоҳий таълимотларни тасдиқлайди. У охирги ва боқий Китоб, шунинг учун ҳам олдинги китобларга ҳақиқий баҳони у беради. Қуръони Карим охирги Китоб бўлгани учун ҳам барча таълимотлар устидан нозир ва ҳакамдир. Улардаги ихтилоф ва келишмовчиликлар ҳақидаги ҳукмлар ҳам Қуръондан чиқади.

Пайғамбарига мазкур сифатларга эга бўлган Китобни нозил қилган Аллоҳ таоло қуйидаги амрни қилиши айни муддаодир:

«Бас, улар орасида Аллоҳ нозил қилган нарса ила ҳукм юрит».

Бошқа гап йўқ. Ер юзида Аллоҳнинг ҳукми жорий бўлиши лозим. Ким ўзини Аллоҳнинг бандасиман, деса, Унинг розилигини топиш мақсади бўлса, бу ҳақиқатни тўлалигича, чин кўнгилдан қабул этмоғи лозим. Акс ҳолда Аллоҳга қарши чиққан бўлади.

«Бас, улар орасида Аллоҳ нозил қилган нарса ила ҳукм юрит. Ўзингга келган ҳақни қўйиб, уларнинг ҳавойи нафсларига эргашма».

Демак, бу ишда ҳеч қандай узр кетмайди. Одамларда турли хоҳишлар бўлиши мумкин. Улар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга ўз хоҳишларини турли узрларга ўраб кўрсатишлари мумкин. Аммо Аллоҳ таоло олдиндан Пайғамбарини огоҳлантириб, ҳеч кимнинг ҳеч қанақа хоҳишини эътиборга олмай, Аллоҳнинг айтганинигина қилишга буюриб қўймоқда.

Ривоятларда зикр қилинишича, ушбу жумлага яҳудийларнинг баъзи муаммолари сабаб бўлган экан. Улар Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб: «Биз билан баъзи ҳукмларни ўзгартиришга, жумладан, зинокорни тошбўрон қилишни бекор қилишга ва бошқа ишларга келишсанг, сенга иймон келтирамиз», – дейишган экан. Ана шунда Аллоҳ таоло одамларнинг хоҳишига эргашмасдан, Аллоҳнинг ҳукмини амалга ошириш зарурлигини таъкидлаган.

Ислом оламшумул – барча халқлар, барча одамлар, барча замонлар ва барча маконлар учун салоҳиятли дин. Агар бугун бир миллатнинг бу динга киришига қизиқиб, унинг талабига асосан Аллоҳнинг ҳукми ўзгартирилса, эртага бошқа бир миллат ўз талаби, ўз шарти билан келади. Эҳтимол, бу талаб, аввалгиларнинг талабига мутлақо зид бўлар. Унда Ислом ҳамманинг устидан кузатувчи – ҳакамлик сифатини, илоҳий мукаммал динлик сифатини йўқотиб, одамлар қўлидаги ўйинчоққа айланиб қолади.

Ана шу ҳақиқатни баён қилиш учун Аллоҳ қуйидагиларни айтади:

«Сизлардан ҳар бирингизга алоҳида шариат ва маслак қилиб қўйдик».

Ҳар бир халқнинг ўзига яраша урф-одати, ҳаёт кечириш йўли, услуби бор. Бу нарсалар ўз-ўзидан, беҳудага бўлгани йўқ. Бир ҳикмати бўлиши керак. Ҳолбуки, ҳамма одамлар бир хил яшаб, бир хил ҳаёт кечиришса бўлмасмиди?

«Агар Аллоҳ хоҳласа, ҳаммангизни бир уммат қилиб қўяр эди».

Лекин қилмади. Турли-туман, хилма-хил қилиб қўйди. Хўш, бунинг ҳикмати нима? Нима учун шундай бўлди?

«Лекин У сизларни Ўзи берган нарсада синамоқни (истайдир)».

Яъни Аллоҳ таоло одамларни турли халқ ва миллатларга бўлишидан, уларга турли шариат ва йўл беришидан чиқадиган ҳикмат – уларни синаб кўриш. Улар Аллоҳ берган динда юрадиларми, шариатга амал қиладиларми, йўқми? Қиёматда – Аллоҳнинг ҳузурида ҳақиқат юзага чиқади. Бу дунё синов, имтиҳон дунёси, унда одамлар турли-туман бўлиб юраверадилар. У дунёда эса Аллоҳнинг айтганини қилганларгина нажот топадилар. Модомики, аҳвол шундай экан:

«Яхшиликларга шошилингиз. Ҳаммангизнинг қайтишингиз фақат Аллоҳгадир».

Ҳамма хилма-хил бўлгани билан, қайтар жой битта – Аллоҳнинг ҳузури. Демак, инсон бир хил бўладими, ҳар хил бўладими, энг аввало Аллоҳнинг розилигини топиш учун ҳаракат қилиши лозим. Аллоҳнинг розилиги Исломга амал қилишда эканини Аллоҳнинг Ўзи айтиб қўйган. Демак, яхшиликка шошилингиз! Исломга шошилингиз! Ана ўшандагина Аллоҳнинг ҳузурига қайтганингизда ҳижолат тортмайсиз. Чунки Аллоҳ қиёмат куни:

«Бас, У сизга ихтилоф қилган нарсаларингизнинг хабарини берур».


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Тафсири ҳилол китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
.Яхшилик юзингизни машриқ ёки мағриб томонга буришингиз эмас. Лекин яхшилик қилувчи ndash Аллоҳга, охират кунига, фаришталарга, китобга, набийларга иймон келтирган давоми...

19189 20:19 / 10.05.2018
Аҳкамул Қуръон асарида шундай ёзилади .Имом ибн Арабий Моликий раҳимаҳуллоҳ .Агар кимса кек сақловчи, ҳасад қилувчи, ўзига бино қўйган ва мутакаббир бўлар экан у давоми...

2312 14:00 / 06 январь
Илмни бировлар билан тортишиш, уларни мот қилиш учун ўрганмоқчи бўлган инсон ниятини тезда янгилаб олиши лозим. Аллоҳ таоло бу ҳақда Қуръони Каримда шундай давоми...

1496 19:00 / 09.12.2021
Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Сафо тепалиги яқинида ўтирган эдилар. Олдиларидан Исломга қарши ўз адовати ила машҳур бўлган Абу Жаҳл ўтиб қолиб, давоми...

3893 18:02 / 21.12.2017