1445 йил 18 шаввол | 2024 йил 27 апрель, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фарзанд тарбияси

Ота масъулияти

11:51 / 06.01.2018 8035 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Тирик эканман, бир куни Аллоҳ раҳмат қилгур отамдан олган дарсимни ҳеч унутмайман. Ўша куни нотўғри иш қилиб қўйган эдим. Ўртоқларим билан ўйинга берилиб, отам билан бир муҳим учрашувимиздан кеч қолиб кетдим. Отам нега кеч қолганимни сўраганида ҳақиқатни айтишдан қўрқиб, ёлғон гапирдим. Отам кеч қолишимнинг ҳақиқий сабабини билар эди. Энди мени қаттиқ койиб, оғир жазога тортса керак, деб кутдим. Лекин Аллоҳ раҳмат қилгур отам менга муҳаббат билан қараб, шундай деди: «Ўғлим, мен сендан узр сўрайман, чунки менга ёлғон гапиришингга мажбур қилдим. Қачондир сенга қилган муомалам туфайли менга очиғини айтишдан қўрқадиган қилиб қўйган бўлсам керак. Ҳечқиси йўқ, ўғлим. Бугун ўзимга жазо сифатида уйга пиёда қайтаман. Ўзимни сарҳисоб қилиб, хатоимни топаман. Сен хижолат бўлма, сен эмас, мен масъулман».

Мен ўша куни масъулиятни кўтаришни амалий ўргандим.

Аллоҳим, ўтиб кетган оталаримизга Ўзинг раҳм айла, тирикларини эса ҳифзу ҳимоянгда асра!


Ота хом узум еса, фарзанднинг тиши қамашади ёхуд ҳолвани ҳоким, калтакни етим ейди


Бола барибир бола-да, баъзан бироз шўхлик қилиб қўяди, ундан нотўғри хулқ-атвор ёки хатти-ҳаракат содир бўлиб қолади. Ана шунда кўпчилик ота-оналар бу муаммонинг пайдо бўлишига аввало ўзлари сабабчи эканини унутиб қўйишади. Фарзандлар кўзгу, холос. Уйда ва мактабда олинган тарбия уларда акс этади. Доно халқимиз буни «қуш уясида кўрганини қилади» дейди.

Тарбиячилар болага ўз ҳукмини ўтказиб, унга ортиқча босим ўтказиб юборса, унинг катта-ю кичик ҳар бир ишига аралашаверса, бола шахсияти заиф, мустақил фикри йўқ одам бўлиб ўсади. Натижада санаб бўлмайдиган даражада нафсий муаммоларга йўлиқиши тайин бўлиб қолади.

Мураббийлар болани керагидан ортиқ ҳимоя қилиб, эркалатиб юборса, шамолдан ҳам, қуёшдан ҳам тўсаверса, болада ўзига ишонч йўқолади. У доим кимгадир суянишга муҳтож бўлиб қолади, ҳар нарсадан ҳадикда, хавфда ўсади.

Худди шунингдек, бола эътиборсиз ташлаб қўйилса, унинг таҳсинга сазовор ишлари мукофотсиз қолдирилса, шижоатлантирилмаса, мақталмаса, ўқишга, ишга бўлган қизиқиши, ғайрати йўқолади. Оқибатда бола дангаса, лоқайд бўлиб қолади.

Агар мураббийлар бола тарбиясида лоқайдлик қилишса, уни талтайтириб юборса, айтганини муҳайё қилаверса, бола манман, худбин, беэътибор, бефарқ бўлиб ўсади.

Мураббийлар болага қаҳр-ғазаб қилаверса, куч ишлатса, жисмоний ва руҳий азобласа, бола қўрқоқ, қатъиятсиз бўлиб ўсади. Бундай мураббий боланинг юрагига ҳиқду ҳасад, нафрат келтириб чиқарадиган энг хавфли омилни – қўрқувни қалбига эккан бўлади.

Агар мураббий болага ҳадеб эътироз билдираверса, тинмай панд-насиҳат қилаверса, уларни бола малолланадиган даражада кўпайтириб юборса, айтилаётган ўгитлар ўз маъносини, аҳамиятини йўқотади. Бола эшитаётган барча панд-насиҳат ва ҳикматларини жиддий қабул қилмай қўяди, пинагини бузмай, тепса-тебранмас бўлиб қолади.

Агар тарбия жараёнида мураббийда изчиллик бўлмаса, боланинг қилган ишига қараб ҳар сафар турлича тасарруф қилса, гоҳ мукофотлаб, гоҳ жазоласа, гоҳ бақириб, гоҳ эркалатса, гоҳ таҳдид, дўқ-пўписа қилса, бола доимий хавотирда юрадиган бўлиб қолади, яхши билан ёмонни, тўғри билан хатонинг орасини ажрата олмай қолади.

Ота-она фарзандларига бирдай муомала қила олмаса, бирини ҳадеб уришиб, бирини доим мақтайверса, бир-биридан афзал кўрса, уларда ғайирлик, нафрат ва ўч олиш ҳисси уйғонади.

Шунинг учун доим ёдда тутингки, боланинг тиши қамашса, демак, ота-она хом узумни кўп еб қўйган бўлади…


«Болаларимиз бамисоли жавҳар, лекин биз темирчимиз»

китобидан Муҳаммад Али Муҳаммад Юсуф таржимаси

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Нурий амаки қишлоқлик, камтар киши. Баъзилар уни одамлар билан муомала қилишни билмайди деб ўйлашади. Чунки у камгап. Бемаъни нарсалар ҳақида сўзлашмайди, давоми...

2883 05:00 / 16.02.2017
Бечора болажонларhellip Ўз хатоларимиз туфайли сизларни бунчалар жазоламасакБечора болажонлар... Ўзимизнинг камчиликларни деб сизларга бунчалар зулм давоми...

5344 11:46 / 09.01.2018
Абдулқуддус амакининг сабоқлари 3қисмФАРИШТАЛАР ҲАҚИДА Ассалому алайкум, ширинданшакар дилбандларим Ўтган машғулотда берилган калимани ёдлаб бўлдингизми Қани, давоми...

6342 05:00 / 16.02.2017
Салмон ибн Омир азЗоббий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади..Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Ғулом ила ақийқа бордир. Бас, унинг учун қон чиқаринг ва ундаги давоми...

10935 05:00 / 15.02.2017