1445 йил 23 шаввол | 2024 йил 02 май, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тафсири ҳилол

Бақара cураси, 124-оят

09:25 / 21.11.2017 2769 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Эсла, вақтики, Робби Иброҳимни калималар ила синаб кўрганда, у уларни батамом адо этди. (У Зот:) «Албатта, Мен сени одамларга пешво қилмоқчиман», – деди. (У:) «Зурриётимдан ҳамми?» – деди. (У Зот): «Менинг аҳдим золимларга ҳеч қачон етмас», – деди. Бақара 124.

Аллоҳ таоло Иброҳим алайҳиссаломни синаган «калималар» ҳақида тафсирчиларимиз турлича фикрлар билдирганлар. Хулоса шуки, бу калималар буйруқ ва қайтариқлар мажмуасидир. Яъни Аллоҳ таоло Иброҳим алайҳиссаломни бир қанча ишларга амр қилди ва бир қанчаларидан қайтарди. Иброҳим алайҳиссалом вафодор банда сифатида у калималарни бекаму кўст адо этдилар. Мукофот тариқасида Аллоҳ таоло у кишига:

«…сени одамларга пешво қилмоқчиман», – деди».

Бу оятда келган «пешво» сўзи «имом», «олдиндаги бошловчи шахс» деган маъноларни билдиради. Аллоҳ таоло Иброҳим алайҳиссаломни одамларга пешво, бошлиқ, раҳнамо қилмоқчи эканини билдирди. Шу пайтда Иброҳим алайҳиссаломнинг инсонлик табиатлари ўзини кўрсатди: оддий бир инсон сифатида болалари, набиралари, зурриётларини ўйладилар-да:

«Зурриётимдан ҳамми?» – дедилар.

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло бу саволга бевосита жавоб бермади, балки умумий қоидани айтди:

«Менинг аҳдим золимларга ҳеч қачон етмас», – деди».

«Золимлар» кимлар?

Зулм, золимлик турлича бўлади. Куфр, ширк ва гуноҳ ишлар қилиш билан, диний кўрсатмалардан чиқиш билан ўзига ўзи зулм қилиш ҳам золимлик, ўзга кишиларга нисбатан адолатсиз муносабатда бўлиб, зулм қилиш ҳам золимликдир.

Жумладаги «аҳд» сўзи имомликка ваъда маъносида келяпти. Имомлик эса намоздаги имомликдан тортиб, то Ислом юрти раҳбарлигигача бўлган масъулиятли ишдир. Шундан келиб чиқилса, дин нуқтаи назаридан, золимлар мусулмонларга пешволикка лойиқ эмаслар. Бу ишда наслу насаб, молу дунё ёки бошқа дунёвий сабаблар эътиборга олинмайди. Ислом ўлчовига кўра, яъни илоҳий ўлчов бўйича, фақат иймон, тақво, амали солиҳларгина эътиборлидир. Иброҳим алайҳиссаломдек улуғ пайғамбарнинг зурриётларига ҳам насл-насаблари фойда бермас экан, бошқаларга йўл бўлсин.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ёки Расулингиздан, бундан аввал Мусодан сўралганидек, савол сўрамоқчимисиз Ким иймонни куфрга алмаштирса, батаҳқиқ, тўғри йўлдан адашибди. Бақара 108. Маълумки, давоми...

3153 08:20 / 04.11.2017
Албатта, у сизларни фақат ёмонликка ва фаҳшга ҳамда Аллоҳга нисбатан билмаган нарсангизни гапиришингизга буюрадир. Бақара 169.Аллоҳ таоло ўтган оятда .Эй одамлар, давоми...

3424 14:15 / 07.01.2018
2 8. Ва одамлардан .Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирдик,, дейдиганлари бор. Ҳолбуки, улар мўмин эмаслар.Мунофиқларнинг бош сифатлари ушбу оятда зикр давоми...

3462 17:24 / 12.05.2017
Ёки худди осмондан ёмғир ёғиб, қоронғи босиб, момақалдироқ ва чақмоқ чаққанда, яшиндан қочиб, бармоқларини қулоқларига тиқиб, ўлимдан эҳтиёт бўлаётган одамга ўхшарлар. Ва Аллоҳ кофирларни қуршаб олувчидир. Бақара 19

3603 13:54 / 14.07.2017