1445 йил 23 шаввол | 2024 йил 02 май, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Намоз

Жамоат ила дуо қилиш

21:33 / 08.11.2017 9088 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳайъатга жаноб Фаҳддан қуйидаги савол тақдим этилди:

«Баъзи одамлар Аллоҳга жамоат бўлиб дуо қиладилар. Мажлислардан бирида буни кўриб, ҳайратландим ва ўша кишидан «Бу шариатда борми?» деб сўрадим. У менга бунинг шариатда борлигини ифода қиладиган ҳадисни айтди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Бир қавм жамланса ва баъзиси дуо қилса, қолганлари «Омийн», деса, албатта, Аллоҳ уларни ижобат қилади», деган эканлар.

Бу жамоъий дуо масжиддаги ҳар бир дарс ёки мавъизадан кейин бўлар экан. Доимо шундай қилишар экан. Мен бошқа жойларда бундай дуони бидъат деб эшитган эдим. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинмаган экан.

Мен ҳалиги одамга бу иш, яъни бир имом дуо қилиб, қолганлари унинг дуосига «Омийн», деб туриши бидъат эканини айтган эдим, у ўз фикрига таассуб қилди ва менга қараб ҳам қўймади. Ушбу саволга жавоб беришингизни умид қиламан. Ташаккурлар бўлсин!»

Ҳайъат қуйидаги жавобни берди:

«Истисқо ва Қунутда жамоъий дуо қилиш шариатда борлигига ҳамма иттифоқ қилган.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Бир киши қавмга имомлик қилиб, уларни қўйиб, ўзига хос дуо қилмасин. Агар буни қилса, уларга хиёнат қилган бўлади», деганлар.

Термизий ва бошқалар ривоят қилганлар.

Ибн Асир: «Бу Қунутдагига ўхшаб, бир киши дуо қилиб турганида бошқалар «Омийн», деб туришидир», деган. Ибн Таймия ҳам шунга ўхшаш гапни айтган. («Шарҳул мунтаҳа». 1/1995)

Жамоъий дуо зикр қилинган ҳолатлардан умумийроқ жойларда ҳам шаръийдир. Ҳофиз «Фатҳ»да Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Қачон қори «Омийн» деса, сиз ҳам «Омийн», денг. Чунки фаришталар «Омийн», дейдилар» деган ҳадиснинг шарҳида: «Қоридан мурод намоздаги имомдир. Қоридан мурод ундан ҳам умумийроқ бўлиши эҳтимоли бор», деган.

Бу ишга (жамоат бўлиб дуо қилишга) Ҳоким саҳиҳ иснод билан ва Тобароний Ҳабиб ибн Маслама ал-Феҳрий розияллоҳу анҳудан қилган ривоят ҳам далилдир. У киши дуоси қабул бўладиган одамлардан эди. Бир аскарга амир бўлиб борди. Душманга йўлиққанларида Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Бир қавм жамланса, баъзиси дуо қилса ва қолганлари «Омийн», деса, албатта Аллоҳ уларни ижобат қилади», деганларини эшитган эдим», деди. Кейин Аллоҳга ҳамду сано айтиб туриб: «Аллоҳим! Қонларимизни сақлагин. Ажрларимизни шаҳидларнинг ажрларидек қилгин», дея дуо қилиб турган эди, душманнинг амири (таслим бўлиб) Ҳабибнинг чодирига кириб келди.

Ал-Баҳутий «Кашфул қиноъ»да қуйидагиларни айтади:

«Имом Бомдод ва Асрдан кейин ўша пайтда фаришталар ҳозир бўлиши эътиборидан дуо қилади. Қавм «Омийн», деб туради. Шунда ижобатга яқин бўлади. Шунингдек, мазкур иккисидан бошқа намозларда ҳам дуо қилади. Чунки фарз намозидан кейинги пайт дуо қабул бўладиган вақтлардандир» (1-жуз, 367-бет).

Бас, жамоат бўлиб дуо қилиш мустаҳабдир. Бидъат эмас. Аммо у суннат деб билинмайди» («Мажмуъатул фатавои шаръийя». 7-жуз, 45-46-бетлар).


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Ҳадис ва ҳаёт китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Намозга алоқадор бўлган совғалар жойнамоз, тасбеҳ, рўмол, мушк анбар, соат, ёпинчиқ ва шунга ўхшаш анжомлар. Аёллардан бири айтади .Ёшлигимда онам менга жойнамоз давоми...

4576 09:00 / 24.04.2023
Бир ота айтади .Мен уйимда бир қути сақлар эдим. Унинг ичи фарзандларимга ёқадиган нарсалар ва ҳар хил ўйинчоқларга тўла эди. Фарзандларим жамоат намозларини давоми...

2018 14:00 / 25.11.2021
Ҳозирда кўпчилик намозга бепарво қарайдиган, уни ўзи учун кераксиз ва оғир бир иш деб кўрадиган бўлиб қолган. Намозга даъват қилсанг, узрлари ҳам тайёр. Баъзилари давоми...

5432 05:00 / 09.01.2017
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу ҳадисда умматларига машаққат бўлишини мулоҳаза қилганлари учунгина, ҳар таҳоратда мисвок қилишга амр давоми...

15749 05:00 / 31.12.2016