1445 йил 21 шаввол | 2024 йил 30 апрель, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳаж

Минода туриш

18:14 / 23.08.2017 8284 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Минода тарвия кунининг пешин, аср, шом, хуфтон ҳамда арафа кунининг бомдод намозлари ўқилади. Асосан дуо, ибодат билан машғул бўлинади. Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай қилганлар.

Минода бажарилиши зарур бўлган амаллар ҳақида Қуръони Каримда шундай марҳамат қилинади:

«Ва ўзларига бўладиган манфаатларга шоҳид бўлсинлар. Маълум кунларда уларга ризқ қилиб берган чорва ҳайвонларини (сўйишда) Аллоҳнинг исмини зикр қилсинлар. Бас, улардан енглар ва бечора ва фақирларга ҳам едиринглар. Сўнгра ўзларидаги кирларни кетказсинлар, назрларига вафо қилсинлар ва «Қадимги уй»ни тавоф қилсинлар», деганимизни эсла» (Ҳаж сураси, 28-29-оятлар).

Ушбу ояти карималарда Аллоҳ таоло Мино кунлари жамаротда тош отиш, қурбонлик қилинадиган жойга бориб қурбонлик қилиш ва соч олдириб эҳромдан чиқиш кабилар аҳамиятли эканини таъкидланмоқда. Ушбу амаллардан кейин Байтуллоҳ тавоф қилинади.

Аллоҳ таоло ўша кунларда қурбонлик қилишга ва қурбонлик гўштидан истеъмол қилишга тарғиб қилди. Қурбонлик қилгандан кейин эса, соч олдириб, тирноқларни олиб, топ-тоза бўлишга ҳукм қилди. Булардан кейин Байтуллоҳни тавоф қилишга амр қилди. Мино кунлари, яъни қурбонлик кунларида юқорида зикр қилинган учта амални мукаммал тарзда бажариш вожибдир.

Ҳаж кунлари жами беш кун бўлиб, улар зул-ҳижжа ойининг саккизинчи, тўққизинчи, ўнинчи, ўн биринчи, ўн иккинчи   кунларидир. Ушбу кунлардан тўрттаси Мино кунларидир. Улар саккизинчи, ўнинчи, ўн биринчи, ўн иккинчи зул-ҳижжа кунларидир. Тўққизинчи зул-ҳижжа Мино куни ҳисобланмайди, балки у арафа кунидир. Шу боис арафадан олдин бир кун ва арафадан кейин уч кун Мино кунлари ҳисобланади. Мино кунларининг тўрт кун бўлиши ўн иккинчи зул-ҳижжада Минодан чиқиб кетишни истаган кишилар учундир. Чунки тўқсон тўққиз фоиз ҳожилар ўн иккинчи куни Минодан чиқиб кетадилар. Лекин ўн учинчи зул-ҳижжа куни Минода қолишни истаган кишилар учун эса, Мино кунлари беш кундир, яъни юқоридаги кунларга ўн учинчи кун ҳам қўшилади.

Ушбу кунларнинг алоҳида номи бўлиб, ўнинчи зул-ҳижжа куни «қурбонлик куни», ўн биринчи кун «қарор куни», яъни Минода туриладиган кун, ўн иккинчи кун «Минодан биринчи жўнаш куни», ўн учинчи кун «Минодан иккинчи жўнаш куни» дейилади. Ушбу тўрт кун «тош отиш куни» ҳам дейилади.

Минонинг уч кечаси мавжуд бўлиб, улар қуйидагилар:

1. Саккизинчи зул-ҳижжа ўтгандан кейин келадиган кеча;

2. Ўнинчи зул-ҳижжа ўтгандан кейин келадиган кеча;

3. Ўн биринчи зул-ҳижжа ўтгандан кейин келадиган кеча. Буларга уч Мино кечаси дейилади. Ушбу кечаларни Минода ўтказиш суннатдир. Узрсиз ушбу кечаларни бошқа ерда ўтказиш макруҳдир. Тўққизинчи билан ўнинчи зул-ҳижжа кунлари орасидаги кеча «Муздалифа кечаси» дейилади.

МИНОДА ҚИЛИНАДИГАН АМАЛЛАР

Саккизинчи зул-ҳижжа куни пешин намозидан олдин Минога етиб бориб, у ерда пешин, аср, шом, хуфтон ва тўққизинчи куннинг бомдодини ўқиб, офтоб чиққанидан кейин Минодан Арафотга равона бўлиш суннатдир. Унга хилоф тарзда иш тутиш макруҳдир.

Саккизинчи зул-ҳижжанинг бомдодидан кейин ихтиёри ўзида бўлса, Минога равона бўлиш суннатдир. Ҳозирги кунда гуруҳ бошлиқлари Минога кечки пайт етиб келадилар. Агар ҳожилар Минога гуруҳ бошлиқлари билан бирга келишмаса, у ерда қаттиқ қийналиб қолишади. Шу боис гуруҳ бошлиқлари билан Минога бориш лозим, акс ҳолда қийин аҳволга тушиб қолинади. 

Таматтуъ ёки қирон ҳаж қилувчи бўлса, тош отгандан кейин қурбонлик қилади. Таматтуъ ёки қирон қилувчи бўлмаса, қурбонлик қилиш зиммасига шарт эмас.

Қурбонлик зиммасига вожиб бўлган кишилар қурбонлик қилганларидан кейин, қурбонлик зиммасига вожиб бўлмаган кишилар тош отганларидан кейин сочларини олдирадилар ёки қисқартирадилар. Сочни олдиргандан кейин эҳромдан чиқилади ва тавофи зиёратдан олдин фақат аёли билан қўшилиш ман қилинади.

Агар ўша куни ҳожининг вақти бўлса, Ҳарами шарифга бориб, тавофи зиёратни қилади. Қурбонлик куни тавофи зиёратни қилиш зиёда ажру савобга сабаб бўлади. Агар ўша куни тавофи зиёрат қила олмаса, ўн биринчи, ўн иккинчи кунлари тавофи зиёратни қилиши мумкин. У кунларнинг кечаларида тавофи зиёратни қилиш жоиз. Лекин ўн иккинчи куннинг қуёши ботишидан олдин тавофи зиёратни қилиш вожибдир. Агар ўн иккинчи куннинг қуёши ботгандан кейин тавофи зиёратни қилса, ўз вақтидан кечиктиргани сабабли зиммасига қурбонлик қилиш вожиб бўлади.

Арафот ва Минога равона бўлишдан олдин саъй қилмаган бўлса, тавофдан кейин Сафо ва Марва тепаликларини саъй қилади.

Тавоф ва саъйдан фориғ бўлганидан кейин Минога бориб, кечани ўша ерда ўтказади. Ушбу юқорида келтирилган еттита амал қурбонлик куни бажарилади.

Мино ҳудуди Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобаи киромлардан насс билан собит бўлган. Муздалифа томондан Муҳассар водийси Минонинг охирги чегараси бўлса, Ҳарам томондан Ақаба жамрасининг охирги чегараси ҳисобланади. Икки томондаги тоғларнинг чўққисигача Мино ҳудуди ҳисобланади. Шу боис Муҳассар водийсидан Ақаба жамрасигача икки томондаги тоғларнинг ўртаси Мино ҳудуди ҳисобланади.

 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Мўминнинг умр сафари китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ҳажнинг таърифиҲаж луғатда қасд қилмоқ ёки улуғ қасд. Ҳаж шариат истилоҳида ҳаж нияти ила эҳром боғлаган ҳолда ўз вақтида арофатда туриш ва тавоф амалини давоми...

3477 05:00 / 16.01.2017
1620. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Ким менга салом берса, албатта, Аллоҳ менга руҳимни қайтаради ва мен унга алик давоми...

5191 19:57 / 21.08.2017
Савол Тавоф қилишАссалому алайкумҲаж ёки умра зиёратига бориб келган инсонларни тавоф қилиш халқимиз орасида кенг тарқалган. Бу ҳақида шариат ҳукми давоми...

7468 05:00 / 16.01.2017
Тaмaттуъ ёки қирoн ҳaжи қилувчи кишига бир сaфaрда ҳaж вa умрa қилиш имкoни бўлгани учун шукрoнa сифатида бир қурбoнлик вoжиб бўлaди. Қурбoнликка сўйиладиган жонивор қўй давоми...

3396 05:00 / 16.01.2017