1445 йил 18 Рамазон | 2024 йил 28 март, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳаж

Ҳажга оид савол-жавоблар

05:00 / 16.01.2017 7300 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Савол: Тавоф қилиш

Ассалому алайкум!

Ҳаж ёки умра зиёратига бориб келган инсонларни тавоф қилиш халқимиз орасида кенг тарқалган. Бу ҳақида шариат ҳукми қандай?

Жавоб:

Ва алайкум ассалом!

Каъбадан бошқасини тавоф қилиш жоиз эмас. “Фатавои азизия” китобида: “Бирор улуғ зотнинг қабрини савоб умидида тавоф қилса, кофир бўлади” дейилган. Шунинг учун бундай қилишдан сақланиш керак.

Ҳожини кутиб олиш

Ҳожилар ватанларига қайтиб келганларидан кейин зиёратчилар улар билан салом-алик қилиб, қўл бериб кўришиб, улардан ўзларининг ҳақларига дуо оладилар. Чунки ҳожиларнинг қилган дуолари мақбулдир.

عَنْ أَبِى هُرَيْرَةَ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ -صلى الله عليه وسلم: "اللَّهُمَّ اغْفِرْ لِلْحَاجِّ وَلِمَنِ اسْتَغْفَرَ لَهُ الْحَاجُّ"

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Эй, Аллоҳим! Ҳаж қилгувчини ва ҳаж қилгувчи ҳаққига истиғфор айтганни ҳам мағфират қилгин» дедилар.» (Байҳақий ривояти)

Валлоҳу аълам!

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

 

Савол:

Ассалому алайкум!

Айтингчи, ҳажга борган инсонлар жаннатий бўлишадими?

Жавоб:

Ва алайкум ассалом!

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ  رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم قاَلَ: مَنْ حَجَّ ِللهِ فَلَمْ يَرْفُثْ وَلَمْ يَفْسُقْ رَجَعَ كَيَوْمِ وَلَدَتْهُ أُمُّهُ

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким Аллоҳ учун ҳаж қилса, фаҳш сўз айтмаса ва фисқу фасод қилмаса, худди онаси уни туққан кундек қайтади», дедилар.»

Шарҳ: Яъни, ҳаж ибодати даврида уят сўзларни айтмай, фисқу фасод ишларни қилмай юрган кишилар худди онадан туғилгандек бегуноҳ ҳолга қайтадилар. Бу ҳақиқатни ҳажга борувчи ҳар бир киши энг зарур нарсалар қатори қалбига сингдириб олмоғи лозим. Ҳаж одатда кишига умрида бир марта бериладиган фурсат. Ундан ҳар бир ҳожи унумли фойдаланиши лозим. Бунинг учун ҳажга жўнашдан олдин ҳаж сафарида ўзига лозим бўлган нарсаларни яхшилаб ўрганиб олмоғи керак. Бандага ўрганиши лозим бўлган нарсаларнинг энг муҳимларидан бири ушбу ҳадисда зикр қилинмоқда.
Ҳажни ният қилгандан бошлаб гуноҳлардан онадан туғилган пайтдагидек пок бўлиш ҳаракатига тушиш лозим. Тайёргарлик кўриб олиб, ҳаж давомида бирор оғиз фаҳш сўзларни айтмай, фисқу фасод қилмай юрса, иншааллоҳ, ўша банда муродига етади.

Ҳаж қилиш нияти ила эҳром боғлаган киши ўша ондан бошлаб то ҳаж амалларини адо этиб бўлгунича ибодатда бўлади. Ҳар бир ҳожи ушбу ҳақиқатни бир лаҳза ҳам унутмаслиги лозим. Буюк саҳобий Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу эҳром боғлаганларидан бошлаб, то ҳаж амалларини бажариб бўлгунларича бирор оғиз беҳуда сўз айтмас эдилар. У киши бу борада ҳаммага ўрнак бўлишлари керак.

وَعَنْهُ عَنِ النَّبِيِّ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم قَالَ: الْعُمْرَةُ إِلَى الْعُمْرَةِ كَفَّارَةٌ لِمَا بَيْنَهُمَا، وَالْحَجُّ الْمَبْرُورُ لَيْسَ لَهُ جَزَاءٌ إِلَّا الْجَنَّةُ. رَوَاهُمَا الْخَمْسَةُ إِلَّا أَبَا دَاوُدَ

Яна ўша кишидан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Умрадан кейинги умра иккисининг орасидаги нарсаларга каффоротдир. Ҳажжи мабрурнинг мукофоти жаннатдан бошқа нарса эмас», дедилар».

Иккисини бешовларидан фақат Абу Довуд ривоят қилмаган.

Шарҳ: Бу ривоятда ҳам умранинг, ҳам ҳажнинг фазли ҳақида сўз бормоқда. Кейинги умра ўзидан аввалги умрадан буён содир этилган Аллоҳ таолонинг ҳаққига оид бўлган маълум гуноҳларнинг ювилиб кетишига сабаб бўлар экан. Агар ҳажжи мабрур бўлса, унинг мукофоти жаннатдан бошқа нарса бўлмас экан.

Ҳажжи мабрур – риё ва гуноҳ ишлардан холи бўлган, сахийлик ҳамда ҳусни хулқ ила адо этилган ҳаждир. Ҳаж қиладиган одам жаннатга эришиш учун мислсиз катта имкониятга эга бўлади. Ҳаж қилувчи динимизнинг беш рукнидан бири бўлган ушбу улкан ибодатни адо этиш пайтида риё ва гуноҳ ишлардан холи бўлса, ҳажни сахийлик ҳамда ҳусни хулқ ила адо этса, мазкур ваъда қилинган нарсага эришади.

Бу ва олдин келган ҳадислардан ҳаж ибодатининг бошқа ибодатлар қатори одоб-ахлоқ масаласига қанчалар боғлиқ эканлигини кўрамиз. Мусулмон инсон бу ибодатни адо этиш жараёнида ўзининг одоби ва ахлоқини сайқаллаш имконига эга бўлади.

وَقَالَتْ عَائِشَةُ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا: يَا رَسُولَ اللهِ، نَرَى الْجِهَادَ أَفْضَلَ الْعَمَلِ أَفَلَا نُجَاهِدُ؟ قَالَ: لَا، لَكِنَّ أَفْضَلَ الْجِهَادِ حَجٌّ مَبْرُورٌ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ وَالنَّسَائِيُّ وَلَفْظُهُ: وَلَكِنْ أَحْسَنُ الْجِهَادِ وَأَجْمَلُهُ حَجُّ الْبَيْتِ

«Оиша розияллоҳу анҳо:«Эй Аллоҳнинг Расули! Жиҳодни энг афзал амал деб биламиз. Жиҳод қилайликми?» деди. «Йўқ. Аммо жиҳоднинг афзали Байтга ҳаждир», дедилар».

Бухорий ва Насаий ривоят қилганлар.

Насаийнинг лафзида:

«Лекин жиҳоднинг яхшиси ва гўзали ҳажжи мабрурдир», дейилган.

Шарҳ: Маҳбуб Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом ўзларининг бу муборак ҳадисларида ҳаж ибодатини жиҳоддан ҳам юқори даражага қўймоқдалар.

Аввалги мусулмонларнинг барчаси энг афзал амални қилиш ва энг улкан савобни олиш иштиёқи ила ёниб яшар эдилар. Мана, уларнинг вакиласи Оиша онамиз розияллоҳу анҳо Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан:

«Эй Аллоҳнинг Расули! Жиҳодни энг афзал амал деб биламиз. Жиҳод қилайликми?» деб сўрадилар.

Демак, аёллар жамоаси ўзлари ўрганган ояти карималар ва ҳадиси шарифлардан исломий амалларнинг ичида энг афзали жиҳод, деган хулосага келганлар. Аммо улар ўзбошимчалик дардидан холи бўлиб, ўзларига пешво бўлган, ўзларидан кўра илмли зотлардан сўрамай, бирор иш қилмаганлар. Бу сафар ҳам Оиша онамиз ўзлари билган нарсани, яъни аёл кишиларнинг ҳам энг афзал амални қилиш ниятида жиҳод қилишлари лозим ёки лозим эмаслигини яна бир бор аниқлаб олиш мақсадида сўрадилар. Шунда Расулуллоҳ алайҳиссалом:

«Йўқ. Аммо жиҳоднинг афзали ҳажжи мабрурдир», дедилар».

Демак, аёллар жамоасига ҳаж қилиш, ҳаж бўлганда ҳам, ҳажжи мабрур қилиш энг афзал жиҳод бўла олар экан. Насаийнинг лафзида: «Лекин жиҳоднинг яхшиси ва гўзали Байтга ҳаждир», дейилган.

Бу ҳадисдан ҳажжи мабрур энг гўзал ва энг яхши жиҳод эканлиги маълум бўлмоқда. Шунинг учун ҳаж қилиш бахтига муяссар бўлган ҳар бир банда ўз ҳажининг ҳажжи мабрур – риё ва гуноҳ ишлардан холи, ҳусни хулқ ила адо этилган ҳаж бўлиши учун ҳаракат қилмоғи зарур. (“Ҳадис ва Ҳаёт” китобидан)

Бу ҳақида батафсил “Ҳадис ва Ҳаёт” китобидан билиб оласиз. Валлоҳу аълам!

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

 

Савол:

Ассалому алайкум, Шайх ҳазратлари. Мен "Риёзус солиҳийн" китобида "Ибн Аббосдан розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васаллам "Рамазонда адо этилган умра ҳаж баробарида ёки мен билан ҳаж қилган баробарида бўлади", дедилар" деган жойини ўқиб қолдим. Ушбу ҳадис тўғрими? Исломнинг 5 фарзидан бири бўлган Ҳажни Рамазон ойида Умра билан адо этса бўладими?  Жавобингиз учун олдиндан раҳмат.

Жавоб:

Сиз ҳадисни тўғри тушунмабсиз. Унда ҳажни Рамазон ойида адо этса бўлади деган маъно йўқ. Балки, Рамазон ойида қилинган умрага ҳажнинг савоби берилади, деган маъно бор. Ҳажнинг бош рукни Зулҳижжа ойининг тўққизинчи куни Арафотда туришдир. Шунинг учун бошқа ой ва кунларда ҳаж қилишнинг мутлақо имкони йўқ.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

 

Савол:  Ҳаж қилиш давомида тижорат

Ассаламу алайкум, Шайх ҳазратлари. Бир савол билан мурожаат қилмоқчи эдим: Қуръонда «Бақара» сураси 198-оятда:"(ҳаж сафарида тижорат қилиш билан) Парвардигорингиздан фазлу карам исташингизда сизлар учун ҳеч қандай гуноҳ йўқ..." жумласини ўқидим. Устоз, шу пайтгача мен ҳаж пайтида тижорат қилишни ҳаром деб ўйлаган эканман, тўғрироғи ёшлигимда шундоқ гаплар эшитгандим. “Кимдир ҳажга бориб биратўласига бир қанча сумкада писта бодом сотиб кепти" каби ғийбатомуз гаплар... Бу оят ҳақида икки оғиз маълумот беринг, илтимос. Қолаверса тақво томони, ҳажда тижорат қилмаган яхшими (фикр чалғиши нуқтаи назардан)?

Жавоб:

198. Сизга ўз Роббингиздан фазл исташингизда гуноҳ йўқдир. Арофатдан қайтиб тушганингизда, Аллоҳни машъарул ҳаромда зикр қилинг. Илгари адашганлардан бўлсангиз ҳам, сизни ҳидоятга бошлагани учун Уни зикр қилинг.

Оятда зикр қилинган «фазл» сўзи ризқ, касб маъносини англатади. Одамлар ўртасида ҳажга борган киши тижорат билан ёки бошқа бирор касб билан шуғулланса бўлмайди, деган тушунча бор эди. Имом Насафий ривоят қилишларича, бир қавм: «Ҳаммоллик ва тожирлик қилган одамнинг ҳажи ҳаж бўлмайди», деган гапни тарқатганида, шу оят нозил бўлган экан. Шунга ўхшаш маънолар бошқа ривоятларда ҳам келган.

Имом Аҳмад қилган ривоятда, Абу Умома айтадиларки: «Абдуллоҳ ибн Умарга биз кирага ишлаймиз, ҳаж қилсак бўларми?» деб сўрасам, у: «Байтуллоҳни тавоф қилиб, Арофатда вуқуф қилиб, тош отиб, сочингизни олдирасизми?» деди. «Албатта» дедик. У киши: «Бир одам Расулуллоҳнинг ҳузурларига келиб, сен ҳозир мендан сўраган нарсани сўраган эди, жавоб бермай турдилар. Сўнг Жаброил «Сизга ўз Роббингиздан фазл исташингизда гуноҳ йўқдир», деган оятни олиб тушди, дедилар». «Имом Бухорий қилган ривоятда Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу: «Укоз, Мажална, Зул-Мажозлар жоҳилият бозорлари эди. Ҳаж мавсумида савдо қилиш гуноҳмикан, деб қолганларида, Аллоҳ тарафидан «Сизга ўз Роббингиздан фазл исташингизда гуноҳ йўқдир», деган оят нозил бўлган», дейдилар.

Ибн Жарирнинг ривоятларида, Абу Солиҳ ҳазрат Умардан: «Эй мўминларнинг амири! Ҳажда тижорат қилармидингиз?» деб сўраганида, у киши: «Тирикчиликларим ҳаждан бўларди-да», деб жавоб берган эканлар.

Айни чоғда, уламолар, кимки ҳаж ва тижоратни ният қилса, тижорат нияти устун бўлса, ҳажнинг савоби қолмайди, деганлар. Демак, олдин тижорат, кейин ҳаж бўлиши керак эмас. Ҳажга астойдил ҳаракат қилиб, орада бўш вақтларда тижорат қилса, бўлаверади. Ҳалол йўл билан ризқ талаб қилиш ҳеч айб бўлмайди.

Ризқ талаб қилиш ҳақидаги гаплардан кейин бевосита ҳаж ибодатларининг баёни келиши ҳам бежиз эмас. «Арофатдан қайтиб тушганингизда Аллоҳни машъарул ҳаромда зикр қилинг». «Арофат»нинг луғатдаги маъноси ҳақида ҳазрати Али ибн Аби Толиб розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда айтилишича, Аллоҳ таоло Иброҳим алайҳиссаломга Ҳазрати Жаброил алайҳиссаломни юбориб, ҳажни ўргатган. Арофатга келганларида: «Арафта?» (яъни, «Танидингми?») деб сўраган экан. Чунки бундан аввал ҳам бир марта келган эканлар. Шундан «Арофат» деб номланиб қолган экан. Маъноси – билиш, таниш дегани.

Арофатда туриш ҳажнинг бош ибодати, рукни ҳисобланади. Пайғамбаримиз алайҳиссалом: «Ҳаж Арофатдан иборатдир», деганлар. Арофатнинг чегараси ичида ҳожи арафа куни заволдан бошлаб шу куннинг шомигача бўлган муддатда бир оз бўлса ҳам турмаса, ҳажи ҳаж бўлмайди.
Пайғамбаримиз алайҳиссалом видолашув ҳажини қилганларида, пешинни ўқигандан сўнг қуёш ботгунча турганлар. Арофатдан қайтиб тушиш қуёш ботгандан сўнг бошланади. Оятда, Аллоҳни машъарул ҳаромда зикр қилинг, дейилмоқда. Машъарул ҳаром эса, Муздалифа деганидир. «Машъар» – очиқ аломат дегани. Муздалифанинг бу ном билан аталиши ҳарам ҳудудида бўлганидандир. Муздалифанинг маъноси «яқинлашиш» бўлиб, ҳожилар у ерга тушганларида Байтуллоҳга яқинлашадилар. Ҳожилар шом ва хуфтон намозларини қўшиб Муздалифада ўқийдилар. Ҳанафий мазҳабига кўра, Муздалифада ҳайит куни фажрдан кейин бир лаҳза бўлса ҳам туриш вожибдир.Пайғамбаримиз алайҳиссолату вассалом ҳам ўз ҳажларида Муздалифада бир азон икки иқома билан шом ва хуфтон намозларини қўшиб ўқиганлар. Сўнгра фажргача ёнбошлаб, тонг отгандан сўнг бомдодни ўқиб, кейин туяларини миниб, машъарул ҳаромга келганлар ва қиблага қараб дуои такбирлар қилганлар. Тонг ёришгандан сўнг юриб кетганлар.

Аллоҳ таоло мусулмонларга машъарул ҳаромда Ўзини зикр қилишга буюрмоқда, уларни ҳидоятга бошлагани учун зикр қилмоқ ила шукр келтиришга амр этмоқда.

«Илгари адашганлардан бўлсангиз ҳам, сизни ҳидоятга бошлагани учун уни зикр қилинг.»Илгари мусулмонлар Исломдан олдинги ҳаётлари билан мусулмон бўлганларидан кейинги ҳаётларини солиштириб кўриб, бу улуғ неъматларни тушуниб етар эдилар ва уни берган Аллоҳга шукр қилар эдилар. Ҳозирги кунда ҳам янги мусулмон бўлганларнинг кўплари фақат мусулмон бўлганларидан кейингина ўзларини ҳақиқий инсон деб ҳис қилаётганларини айтиб, уларни ҳидоятга бошлаган Аллоҳга шукр айтмоқдалар. Асли мусулмон бўлиб келаётганлар эса, мусулмонмас кишиларни кўриб, уларнинг залолат ботқоғида тортаётган азобларини билиб, ўзларини ҳидоятга бошлаган Аллоҳга шукрлар айтадилар.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

 

Савол:

Ассалому алайкум, ҳурматли Шайх Ҳазратлари! Эркак киши Ҳажга кетган кундан бошлаб то қайтиб келгунга қадар аёли остонадан ташқарига, яъни тўйларга, турли маросимларга, ҳатто қариндош-уруғларникида аза бўлса,  таъзия билдириш учун ҳам бориши мумкин эмас экан. Умуман, ҳеч қаерга бориши мумкин эмас экан. Ҳазрат, шу гап асослими?

Жавоб:

Асоссиз.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

 

Савол:

Ассалому алайкум!

Биз ҳаж амалларини бажариб, Шайтонга тош отганимиздан кейин, қурбонлик қилингунча сочимизни олдириб қўйдик. Чунки шу куни сўйилган қурбонликлар кўпайиб кетгани ва ҳаво исиб, айниб, яроқсиз ҳолга келиб қолиш хавфи борлиги учун қолдирилганди. Бизни қурбонликлар 2 кун ўтиб сўйилди. Шу ҳолатда бизга зарари йўқми ёки бизга жарима вожиб бўлдими? Жавоб учун раҳмат.

Жавоб:

Ва алайкум ассалом!

Ақаба тошини отиш, қурбонлик қилиш ва соч олдириш амаллари орасида тартибга риоя қилиш. Ушбу учта амал орасида тартибга риоя қилиш вожибдир. Унинг тартиби қуйидагичадир:

1. Қурбонлик куни ақаба тошини отиш.

2. Қурбонлик лозим бўлса, қурбонлик қилиш.

3. Сочни олдириш ёки қисқартириш.

Агар ҳожи тош отишдан олдин қурбонлик ёки соч олдириб қўйса ёки қурбонликдан олдин соч олдириб қўйса, жаримасига қурбонлик лозим бўлади. Ҳа, тавофи зиёратни ушбу учта амалдан олдин қилиш суннатга хилоф бўлса-да, лекин қурбонлик қилишни вожиб қилмайди.

وَالتَّرْتِيبُ بَيْنَ الرَّمْيِ وَالْحَلْق وَالذَّبْح يَوْمَ النَّحْرِ.

“Тош отиш, соч олдириш ва қурбонлик куни жонлиқ сўйиш орасида тартибга риоя қилиш вожибдир” (Баҳрур роиқ). Жиноят жонлиғини ҳар ким ўз ватанида эмас, балки Маккада сўяди. Валлоҳу аълам.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

 

Савол:

Ассалому алайкум, ҳурматли Шайх Ҳазратлари!

Худо хохласа онам ўтиб кетган ота-оналарига пул тўлаб ҳаж бадал қилмоқчилар. Лекин бир отин ойи: “ҳаж бадал йўқ нарса” дебди. Шунга ойижоним сиздан сўраб беришимни айтдилар. Жавобингизни интизорлик билан кутамиз.

Жавоб:

Бадал ҳаж шариатда бор. Аммо унда ўзининг фарз ҳажини бажариб бўлган бир киши бировнинг номидан ният қилиб, битта ҳожи нима қилиши керак бўлса, шуни қилиши керак. Бунинг эса, бизнинг шароитимизда имкони йўқ.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

 

Савол:

Ассалому алайкум, ҳурматли Шайх Ҳазратлари!

Ҳаж қилганда ҳамма гуноҳлар кечирилади деб эшитганман. Бировнинг ҳаққи ҳам кечириладими? Зулм, ғийбат, туҳматлар ҳам кечириладими?

Жавоб:

Бировнинг ҳаққи кечирилмайди.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

Савол:

Ассаламу алайкум, Шайх ҳазратлари!

Шу йил мен ҳажга боришни  ният килиб қўйганман. Бугунги кунда менинг одамлардан молиявий қарзларим йўқ.  Лекин бошқаларда менинг ҳақларим бор. Баъзиларини тартибга солиш имкониятим бор. Бир масалада Сиздан маслаҳат ва ёрдам беришингизни сўраб қоламан. Ота-оналаримиз 8-9 йил олдин ўтиб кетишган. Улардан биз – икки ўғил ва тўрт қиз қолдик. Ҳамма уйли-жойли. Ота-онани уйида менинг акам оиласи билан туради. Улардан анчагина мерос қолган ва шу кунга қадар бўлинмаган. Мен 15 йил олдин онамга ўзимнинг яшаб турган уйимни – ҳовлини омонат сифатида ташлаб, ҳужжатларини расмийлаштириб, бошқа шаҳарга ишга кетганман. 4-5 йиллар ўтгандан кейин акам мендан сўрамасдан онамга ушбу ҳовлини соттириб маблағни ўз оиласи учун автомашина ва бошқа нарсаларга сарф қилган. Бугунги кунда мен акам билан бу мавзуда унинг ҳурмати юзасидан гаплашганим йук. Аммо опа-сингилларим гаплашганда, қарзни бўйнига олиб, номига уч-тўрт йилда тўлаб бераман деган, лекин шу кунга қадар имконияти бўлса ҳам  тўламаяпти, менимча тўлаш нияти ҳам йўқ. Акам закот тўлаш имконияти бор одам ва у ҳам ҳажга бориш ниятида юрибди.

Саволим қуйидагича:

1. Мен ҳажга боришим олдидан ва керакли амалларни бажаришим учун ота-онадан қолган мерос тақсимланиши керакми? Ёки хайр-эҳсон қилиш керакми?

2. Акам қарзини тўламасдан ҳажга бора оладими?

3. Акам менга қарзини тўламаса, мен ўзим ҳажга бора оламанми?

Жавоб:

1. Мероснинг ҳажга алоқаси йўқ. Усиз ҳам тезроқ тақсимлаш керак.

2. Нотўғри иш қилган бўлади. Агар қарзни тўламай борса.

3. Бора оласиз.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

 

Савол:

Ассалому алайкум, Ҳазрат.

Сизга бир саволим бор эди. Ҳажнинг вожиб бўлган саъйини, мутаматтеъ явми тарвиядан олдин умра эҳромидан чиққандан сўнг ўз кийимида адо қилиб қўйса жоизми?

Жавоб:

Таматтуъ ҳаж қилган одам эҳромдан чиқиб юрганидан кейин Зyлҳижжa oйининг caккизинчи кyни ҳapaмдa (яъни, Maккa шaҳpи aтpoфидaги мaълyм ҳapaмлик чeгapacидaн чиқмай) эҳромгa киpaди. Эҳромгa киpиш чoғи:

«Aллoҳyммa иннии ypийдyл ҳaжжa фa йaccиpҳy лии вa тaқoббaлҳy миннии», дeб ният қилади.

Maънocи: «Эй, Аллоҳ! Мен ҳаж қилишни иpoдa этмoқдаман, yни менгa ocoн қил вa қaбyл aйлa».

Cўнгpa икки paкaт нaмoз ўқийди. Бaйтyллoҳни тaвoф қилиб, Caфo вa Mapва ўpтacидa caъйи қилиб oлca, яxши бўлaди, кeйин тиқилинч вaқтдa қийнaлиб юpмaйди.

Демак, ўз кийимида мазкур саъйини қилиб бўлмайди.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

 

Савол:

Ассалому алайкум, Ҳазрат, жавобингиз учун ташаккур.

Ҳазрат, сафар мобайнида яна бир савол бўлди, илтимос, шу тўғрида ҳам баён килиб берсангиз.

Маккаи Мукаррамада бир фатво эшитдик. Унда айтилишича, ҳажга келган ҳожилар касал ёки кексалиги сабабли тавофга қуввати етмайдиган бўлса, у Тавофи ифозани вакил орқали бажариши мумкин экан.

Умуман, ҳажнинг қайси амалларида вакил қилиш мумкин ва бунинг шароитлари тўғрисида ҳам тушунтириб берсангиз. Шояд бу кўпчилигимизга илм бўлиб, юртимиз ҳожиларининг ҳажлари комилроқ бўлишига сабаб бўлса, иншааллоҳ. Чунки ҳаж қилиш мобайнида кўпларимиз маънан ҳажга тайёр эмаслигимизни анча-мунча билдик. Аллоҳ рози бўлсин. Юртимизда Ислом зиёси учун Ўзи кўп қувватлантирсин.

Жавоб:

Умрда бир марта бўладиган бундай улуғ ибодатга яхши тайёрланиб бориш керак. Тош отишга ўзининг қурби етмайдиган кишиларнинг (ёш болалар, касаллар, кексалар ё ҳомиладор аёлларнинг) ўрнига вакиллари тош отиб қўйса бўлади. Жобир poзияллoҳy анҳудан ривоят қилинадики, у киши:«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан ҳаж қилдик, биз билан аёллар, ёш болалар бор эди. Ёш болалар ўрнига талбия айтдик ва тош отдик». Мазкур узрли кишилар одам кўплигидан издиҳомга кириб тош отишлари қийин, вақт ўтиб кетади, тош отишни эса қазо қилиб бўлмайди. Узрли шахсдан вакил бўлган одам тош отиладиган ҳар бир жойга борганда аввал ўзиникини, кейин вакил қилган кишиникини отади. Аввал уч жойда ўзиникини отиб бўлиб, кейин вакил қилганнинг тошларини уч жойда алоҳида отишга ҳожат йўқ. Тавофи ифозада бировни вакил қилиш тўғрисида кўрсатма йўқ.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

 

Савол:

Ассаламу алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ!

Азиз Устоз, ҳурматли Шайх ҳазратлари, Аллоҳ Ўзи Сиздан рози бўлсин! Бир акамизнинг қуйидаги саволини йўлламокчи эдим.

Ҳаж сафарига боришга анча йилдан бери ният ва ҳаракат қилган эканлар. Аёлларининг соғлиги ҳам унчалик даражада яхши эмас экан, шу сабабли Иншааллоҳ, шу йилги ҳаж сафарига бориш насиб қилиб турибди экан. Лекин, Ҳажга бориш тўловидан ташқари бошқа харажатлар ҳам бор экан. Ушбу харажатларни қилмаса, бора олмаслиги аниқроқ экан. Шу сабабли, ушбу харажатларни ҳаж тўловларини тўлаб бўлиб, тайёргарлик кўриб бўлгач, ҳажга кетишдан олдин берса (хизмат қилгани учун совға сифатида), ҳаром аралашган бўлиб қолмайдими? Бу харажатни қилмасалар, ҳажга бориш кечикиб кетиши ёки умуман бора олмасликларини ҳам кўпчилик таъкидлабди.

Жавоб:

Буни “пора” дейилади. Ўша акангиз махсус идораларга мурожаат қилиб, ундан пора олишга тамагирлик қилаётганларни қўлга олиб, маҳкамага тортишга ёрдам берсин. Ҳозир порахўрларга қарши кураш кетмоқда.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

 

Савол:

Ассаламу алайкум! Муҳтарам Шайх ҳазратлари!

Сизга биз учун муҳим бўлган савол билан мурожаат қиляпман. Мен Ўзбекистонда тураман, худо хоҳласа, ҳаж сафари ниятидаман. Менинг бувим Тожикистонда турадилар, бувим Тожикистондан ҳаж сафарига жўнасалар, мен Ўзбекистондан ҳаж сафарига жўнасам, мен бувимга маҳрам бўламанми? Олдиндан жавобингиз учун раҳмат, қилаётган ишларингизга Аллоҳ ривож берсин!

Жавоб:

Ҳажда маҳрам бирга бўлиши керак.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ҳожи ёки умра қилувчи ватанига яқин қолганда ушбу дуони ўқийди.Бисмиллаҳ, ааибуна, тааибуна, обидуна, лироббинаа ҳамидуна, содақаллоҳу ваъдаҳу ва насора аҳдаҳу ва давоми...

6125 17:20 / 11.09.2017
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади .Тонга қасам. Зулҳижжа ойидаги аввалги ўн кечага давоми...

25737 10:00 / 17.06.2023
Сайид Абдуллоҳ алЖардоний quotФатҳул Алламquot китобида ҳаж ҳақидаги саволларни ўрганиш заруриятини шундай ёзадилар quotҲаж сафарига бормоқчи бўлган киши учун энг давоми...

4066 16:42 / 15.08.2017
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар .Одамзот қурбонлик куни қон оқизишдан кўра Аллоҳга маҳбуброқ иш давоми...

7190 11:12 / 28.08.2017
Аудиолар

118719 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40688 14:35 / 11.08.2021