1445 йил 18 шаввол | 2024 йил 27 апрель, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Руҳий тарбия

Зоҳидларнинг фикрлари ва хулосалари

21:49 / 30.07.2017 3441 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Зуҳд ҳақида келган оят ва ҳадисларни, тўрт рошид халифаларнинг бу борадаги ҳолатларини қўлдан келганича ўрганганимиздан кейин бу мавзуни яқиндан ўрганган ва ўзлари зуҳд ила яшаб ўтган азизларимизнинг фикрлари ва хулосалари билан ҳам қисқача танишиб ўтишимиз лозим бўлади.

Дунёда зоҳид бўлиш соликларнинг шарафли мақомларидан биридир. Аслида, зоҳидлик кўнгли тусаб турган бир нарсадан ўгирилиб, ундан яхшироғига юзланмоқдир. Кўнгилга ёқмайдиган нарсадан юз ўгириш зоҳидлик эмас.

Одатда, дунёдан юз ўгирган кишини «зоҳид» дейдилар. Аллоҳдан ўзга барча нарсадан юз ўгирган киши комил зоҳиддир. Дунёдан жаннат ва унинг неъматлари илинжида юз ўгирган одам ҳам зоҳид, аммо унинг даражаси аввалгидан пастдир.

Мол-дунёни тарк қилиш, уни сахийлик билан сарфлашнинг ўзи зоҳидлик бўла олмайди. Зоҳидликнинг энг олий мақоми Аллоҳ таолонинг розилигини топиш учун қилинган зоҳидликдир.

Ҳаёт учун зарур бўлган нарсалардаги зоҳидлик қуйидагилар:

1. Таомдаги зоҳидлик.

Бунда зоҳид очликни даф қилиш учун баданига мувофиқ таом билан кифояланади ва таом ила лаззатланишдан ўзини тияди. Кўпгина машҳур зоҳидлар оддий таомлар билан кифояланганлар. Баъзи машҳур зоҳидлар эса яхши таомлардан бош тортмаганлар. Мисол учун, Суфён Саврий раҳматуллоҳи алайҳи сафарга чиққанларида ўзлари билан қовурилган гўшт ва бошқа таомларни олиб юрар эдилар.

2.  Кийимдаги зоҳидлик.

Бунда зоҳид иссиқ ва совуқдан сақлайдиган ҳамда авратни тўсадиган кийим ила кифояланади. Кўплаб зоҳидлар оддий кийим билан кифояланганлар. Аммо Сабтий раҳматуллоҳи алайҳига ўхшаб ҳафта давомида ризқ-рўз топиш учун ишлайдиган зоҳидлар ҳам оз бўлмаган.

3.  Маскандаги зоҳидлик.

Баъзи бир зоҳидлар ўзларига маскан тутмай, такя[1] ва шунга ўхшаш жойларда яшаганлар. Бошқалари эса ўзлари учун ғоятда содда бошпана қилганлар. Иброҳим Нахаъий раҳматуллоҳи алайҳига ўхшаш зоҳидлар эса «Бино етарли бўлса, ажр ҳам, гуноҳ ҳам йўқ», деган шиорга амал қилганлар.

4. Уй анжомларидаги зоҳидлик.

Бунда зоҳид ўзига керакли асбоб-анжомдан зиёдасини тутмаган.

5.  Никоҳдаги зоҳидлик.

Бу масалада зоҳидлик маъноси йўқ, деса ҳам муболаға бўлмайди. Энг машҳур зоҳидлардан бўлган ҳазрати Али розияллоҳу анҳунинг тўртта хотинлари бўлган. (Фотима онамиз ўтганларидан кейин.)

6. Мол-дунёдаги зоҳидлик.

Кўпинча зоҳидлар ўзларига керакли бўлган миқдордан ортиқча мол тўплашга ўтмаганлар. Лекин бош­қача йўл тутган катта зоҳидлар ҳам оз бўлмаган.

7. Обрўдаги зоҳидлик.

Зоҳидлар зоҳирий обрўга эмас, қалбларда бўладиган обрўга соҳиб бўлиш учун ҳаракат қилганлар.

Хулоса қилиб айтиладиган бўлса, ҳаёт учун зарурий бўлган нарсалар дунёдан деб ҳисобланмаган.

Зоҳидлик ҳақида баҳс юритган уламоларимиз ва зоҳидларимиз: «Таркидунё қилиш зоҳидлик эмас», деганлар. Чунки молни тарк қилиш ва камбағалликни зоҳир қилиш зоҳидлик ила ном чиқарувчи шахс учун жуда ҳам осондир. Кўпгина роҳиблар бу даражага осонлик билан эришганлар. Бу риёкорликдан бошқа нарса эмас.

Зоҳидликнинг биринчи даражаси – борига масрур бўлмаслик, йўғига маҳзун бўлмасликдир.

Зоҳидликнинг иккинчи даражаси – мансабни мадҳ қилувчи ҳам, сўкувчи ҳам унинг олдида баробар бўлишидир.

Зоҳидликнинг учинчи даражаси – Аллоҳ билан унсу улфат бўлишдир.

Зоҳидларнинг имомларидан бири бўлган Абдуллоҳ ибн Муборак раҳматуллоҳи алайҳи:

«Энг афзал зоҳидлик зоҳидликни яширишдир», деганлар.

Абдуллоҳ ибн Муборак раҳматуллоҳи алайҳининг зоҳидликлари етти иқлимга маълум ва машҳур эди. Аммо у киши жун кийим ҳам, хирқа ҳам киймаганлар. Одамлардан ажраб, қоронғи хонада ҳам ўтирмаганлар. Таркидунё қилиб, мол жамлашдан юз ўгирмаганлар. У кишининг тижорат карвонлари чор атрофни кезар эди. Абдуллоҳ ибн Муборак раҳматуллоҳи алайҳининг тижорий сармоялари тўрт юз минг динорни ташкил қилар эди. Бу улуғ зоҳиднинг йиллик даромадлари юз минг дирҳамдан иборат эди. Абдуллоҳ ибн Муборак раҳматуллоҳи алайҳининг айтишларича:

«Зоҳидлик бутунлай таркидунё қилиш, ҳалол касбни тарк қилиш ва яхши ишларга нафақа сарфлашдан юз ўгириш эмас, балки:

Зоҳидлик ҳаромни тарк қилишдир.

Зоҳидлик шубҳали нарсаларни тарк қилишдир.

Зоҳидлик ҳар бир ҳалол ва мубоҳ нарсанинг керагидан ортиғини тарк қилишдир».

Қисқача қилиб айтганда, зоҳидлик Аллоҳдан узоқлаштирадиган нарсани тарк қилиб, Аллоҳга яқинлаштирадиган нарсани тутишдир.

Машҳур зоҳидлардан Фузайл ибн Иёз раҳматуллоҳи алайҳи Абдуллоҳ ибн Муборак раҳматуллоҳи алайҳидан:

«Эй Имом! Сиз бизни зоҳидликка ва озга сабр қилишга амр қиласиз. Аммо ўзингиз Хуросондан Аллоҳнинг мукаррам юрти бўлмиш Маккага тижорат молларини келтирасиз. Бу қандоқ бўлди?!» деди.

Шунда Абдуллоҳ ибн Муборак раҳматуллоҳи алайҳи:

«Эй Абу Али! Буни ўз эҳтиёжимни қондириш, обрўйимни сақлаш, Роббим – Аллоҳнинг тоатига кўмак олиш учун қиламан. Аллоҳнинг ҳаққини билишим билан уни адо этишга шошиламан. Эй Абу Али! Сен ва сенинг биродарларинг бўлмаганларингда, тижорат қилмас эдим», деб жавоб берганлар.

Нақшбандия тариқати силсиласининг кўзга кўринган арбобларидан бирлари – Хўжа Аҳрор Валий раҳматуллоҳи алайҳи ҳам мол-дунёларининг ҳисоби йўқ зотлардан бўлганлар.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, зоҳидлик қалбда Аллоҳнинг муҳаббатидан бошқа нарсага жой қолмаслигидир.



[1] Мусулмон мамлакатларида бой одамлар томонидан қурилган, мусофир, камбағал, уйсиз кишиларга вақтинча ётоқ, бошпана сифатида бепул хизмат кўрсатадиган меҳмонхона.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

 (Зуҳд ва ҳаё китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Оят. Аллоҳ таоло айтади .Ҳар бир қасамхўр, пасткаш, одамларни айбловчи, чақимчилик қилиб юрувчига итоат қилма,1Мазкур оят одамларни айблаш, ғийбат қилишнинг ярамас давоми...

3527 14:17 / 20.03.2018
Аллоҳ таоло.Осмонлардаги ва ердаги нарсалар Аллоҳни поклаб ёд этди. У Азийз ва Ҳакиймдир,, деган .Ҳадид, сураси, 1оят.Тасбеҳ айтиш улуғлаш, поклаш, нуқсонсиз деб ёд давоми...

5129 20:25 / 10.05.2018
Васваса1 бандадан қачон кесилиши ҳақида сўрабсан.Мен сенга шунга ўхшаш бир нарсанинг хабарини берурман. Токи менинг бу ҳақдаги жавобим сенинг у ҳақдаги жавобинг давоми...

4985 17:00 / 21.09.2017
Ва Роббингизнинг .Қасамки, агар шукр қилсангиз, албатта, сизга зиёда қилурман. Агар куфр келтирсангиз, албатта, азобим шиддатлидир,, ndash деб эълон қилганини ҳам давоми...

3402 16:47 / 31.01.2018