1445 йил 17 шаввол | 2024 йил 26 апрель, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Руҳий тарбия

Воситачи – шафоатчи бўлиш ҳақида

20:11 / 20.07.2017 3507 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло бундай деб марҳамат қилади:

«Ким яхши шафоат қилса, ундан ўз насибаси бўлур. Ким ёмон шафоат қилса, ундан ўз ҳиссаси бўлур. Аллоҳ ҳар бир нарсанинг баҳосини берувчи Зотдир» (Нисо сураси, 85-оят).

Араб тилида «шафоат» сўзи бизда танилган маънодан кўра кенгроқ маънода ишлатилади. Бировни бошқалар олдида оқлаш учун қилинган саъй-ҳаракат ва гап-сўз ҳам шафоат ҳисобланади. Инчунин, қоралаш учун қилингани ҳам. Шунингдек, бир ишнинг яхшилигини тушунтириш учун тарғиб қилиш, унга қизиқтириш яхши шафоат, ўша ишни ёмон деб тушунтириш эса ёмон шафоат ҳисобланади.

Ояти каримада таъкидланишича, яхши шафоат қилган киши, яхшилик йўлида воситачилик қилган киши ўзи қилган шафоатчилигидан насибадор бўлар экан. Шунингдек, ёмон шафоатчилик қилган одам ёмонликдан насибасини олар экан.

Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Мўмин мўминга худди бинодек: баъзиси баъзисини тутиб туради», дедилар ва бармоқларини бир-бирига киритиб кўрсатдилар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўтирган эдилар. Бир одам ёки ҳожатманд киши сўров билан келди. Ул зот бизга юзландилар ва:

«Шафоатчилик қилинглар. Ажр оласизлар. Аллоҳ Ўз Набийси тилида нимани истаса, ҳукм қилсин», дедилар».

Тўртовлари ривоят қилишган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларини ҳожатманд кишига воситачилик қилиб, ёрдам беришга ўргатмоқдалар. «Бу одам мендан ўз ҳожатини сўраб келди. Сизлар унинг ҳожатини чиқаришимни сўраш ила унга ёрдам беринглар», демоқдалар. 

Ҳоким ва ишбошиларга мурожаат қилиб, бировларнинг ишини битириб бериш яхшидир. Фақатгина ҳадд­га лойиқ иш ҳокимга етганда ва ношаръий ишларда воситачилик қилинмайди. Бошқа барча ҳолатларда шафоатчилик ажр билан тақдирланадиган ишдир. 

Муовия розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Шафоатчилик қилинглар, ажр оласизлар. Мен бир ишни қилмоқчи бўлсам ҳам, сиз шафоатчилик қилиб, ажр олишингиз учун уни ортга суриб тураман. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Шафоатчилик қилинглар, ажр оласизлар», деганлар», деди».

Абу Довуд ва Насоий ривоят қилишган.

Саҳобаи киромлар шафоатчилик қилиш бобида бошқаларга ўрнак эдилар. Уларнинг бирлари бўлмиш Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг қандай шафоатчилик қилганлари билан танишиб қўйишимиз ўзимиз учун фойдалидир.

Имом Ҳоким ва Табароний келтирган ривоятда Ҳассон ибн Собит розияллоҳу анҳу қуйидагиларни айтадилар:

«Биз ансорийлар жамоаси Умар ёки Усмондан (ровийлардан Абу Зинод шак қилган) бир нарсани талаб қилдик. Бас, Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳуни ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан бир неча нафарини ўзимиз билан бирга олиб бордик. Шунда Ибн Аббос ҳам гапирди, қолганлар ҳам гапирдилар. Улар ансорийларни, уларнинг фазлларини зикр қилдилар. Биз талаб қилган иш оғир эди. Волий узр айтди. У уларнинг ҳар гапига жавоб топиб бераверди. Охири улар унинг узрини қабул қилиб, ўринларидан туришди. Фақат Ибн Аббос турмади. У гапида давом этиб:

«Йўқ! Аллоҳга қасамки, бундай қилиш ансорийларга тўғри келмайди. Ахир улар нусрат берганлар, жой берганлар...» деб уларнинг фазлларини зикр қилаверди. У яна:

«Мана буниси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шоирлари, у зотни ҳимоя қилган», деди. 

Ибн Аббос ўзининг жамловчи каломи ила барча узрларни тўсиб, мурожаат қилишда давом этаверди. Охири волийнинг бизнинг ҳожатимизни чиқаришдан бошқа иложи қолмади.

Бас, Аллоҳ унинг каломи ила бизнинг ҳожатимизни раво қилганидан кейин чиқдик. Мен Абдуллоҳнинг қўлидан ушлаб олиб, уни алқаб, ҳаққига дуо қилиб борар эдим. Бас, масжидда у билан бирга бўлиб, у қилган ишни қила олмаган жамоа олдидан ўтиб қолдим. Мен улар эшитадиган қилиб:

«Албатта, у ичингизда бизга энг яхшиси экан», дедим.

«Шундай!» дедилар.

Шунда мен Абдуллоҳга:

«Аллоҳга қасамки, бу нубувватнинг қолдиғидир. Аҳмад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг меросидир. У ичингизда ўша нарсага ҳақлироғи экан!» дедим».


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Руҳий тарбия китобидан)

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
У Зотнинг .Албатта, Аллоҳнинг ҳузурида ҳурматлироғингиз тақводорроғингиздир, деган қавли ҳақида сўраб .Тақводор оз илм билан тақвоси бўлмаган кўп илмли олимдан давоми...

3529 15:17 / 08.02.2018
Аллоҳ таоло Оли Имрон сурасида марҳамат қилади .Албатта, молларингиз ва жонларингизда синалажаксиз. Ва албатта, сиздан олдин китоб берилганлардан ва ширк давоми...

3113 18:31 / 08.04.2018
Шундай гуноҳлар борки, уларни қилган одамнинг аввал қилган барча яхшиликлари ҳабата бўлиб кетади. Улардан бири муртад диндан қайтган ҳолда ўлишдир. Аллоҳ таоло давоми...

3958 18:05 / 16.03.2018
Ихлоснинг ҳақиқати Аллоҳ таолодан бошқа барча нарсадан халос бўлмоқ ndash қутулмоқдир.Ихлос ndash амални, гапсўзни ва ибодатни уларга хиралик етказадиган риё, давоми...

3230 15:11 / 16.03.2018