1445 йил 27 шаввол | 2024 йил 06 май, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Дуонинг одоблари

22:19 / 16.05.2017 5895 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Дуонинг одоблари кўплигини ўзимиз ўрганиб чиққан матнлардан англадик. Ўшалардан баъзиларини эслаб ўтайлик.

1. Қиблага қараб дуо қилиш.

2. Икки қўлни кўтариб дуо қилиш.

3. Икки қўлни кўтариб дуо қилгандан кейин қўлларни юзга суртиш.

4. Икки қўлни кўтариб, кафтнинг ичини ўзига қаратиб дуо қилиш. Сўнгра уларни юзга суртиш.

5. Дуонинг аввалида Аллоҳ таолога ҳамду сано айтиш.

6. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтиш.

7. Азми қарор билан иккиланмай, бўшашмай сўраш.

8. Дуонинг ижобат бўлишига шошилмаслик ва «Нима учун дуоим қабул бўлмаяпти», демаслик.

9. Ижобатга аниқ ишонган ҳолда дуо қилиш.

10. Ўзига ҳамда ўзига тобеъ бўлган шахс ва нарсаларга дуои бад қилмаслик.

11. Гуноҳ аралаштирмасдан дуо қилиш.

12. Қариндошлик алоқасини узмасдан туриб дуо қилиш.

13. Дуода муболағага кетиб, ҳаддан ошмаслик.

14. Дуони уч марта такрорлаш.

15. Дуо қилувчи таоми, шароби ва кийимининг ҳалол-пок бўлиши учун ҳаракат қилмоғи. Бўлмаса, дуо қабул бўлмаслиги аниқ.

16. Дуо қилувчининг озуқаси, маскани, либоси ва барча нарсалари ҳалолдан бўлиши керак.

Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Бир киши узоқ сафар қилади. Ҳориб, чарчайди. Чангу ғуборга бурканади. Икки қўлини чўзиб, «Эй Роббим, эй Роббим», дейди. Ҳолбуки, таоми ҳаромдир, шароби ҳаромдир, либоси ҳаромдир, ҳаромдан ғизолангандир. Бас, қандоқ ҳам унга ижобат қилинсин», деганлар.

17. Дуо қилиш учун шарафли вақтларни ихтиёр қилиш лозим. Йилнинг энг шарафли вақти Арафа кунидир. Ойларнинг энг шарафлиси Рамазондир. Ҳафтанинг энг шарафли куни Жумъа кунидир. Саҳар чоғи ҳар бир куннинг энг шарафли вақтидир.

18. Дуо қилиш учун шарафли ҳолатларни ихтиёр қилиш лозим. Ёмғир ёғишни бошлаган вақт, азон ва иқомадан кейин, фарз намоздан кейин, ифтор пайтида, саждадаги ҳолда, кўнгил эриган пайтлар дуо қилиш учун муносиб ҳолатлар бўлади.

19. Овозни жуда кўтариб ҳам, жуда пастлатиб ҳам юбормай дуо қилиш керак.

20. Тазарруъ, хушуъ, хузуъ, рағбат ва илтижо ила дуо қилиш лозим.

21. Ёлворган ҳолда дуо қилиш.

22. Олдин астойдил тавба қилиб, зулм қилган бўлса, уни ўрнига қайтариб туриб, дуо қилиш лозим. 

Дуога солиҳ амални васила қилиш.

Шиддатли ҳолатга тушган одам ўзи қилган яхши амални васийла қилиб дуо айлаши мустаҳабдир. Бунга ғорга кирганларида чиқиш йўлини харсанг тўсиб қолган уч кишининг дуолари ҳужжатдир.

Дуони умумий қилиш.

Дуо қилувчи фақат ўзи учун дуо қилмай, умумийлаштириб дуо қилиши мастаҳабдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳазрати Али розияллоҳу анҳуга «Эй Али! Умумий дуо қил», деганлар. Бошқа далиллар ҳам бор.

Дуода ҳаддан ошиш.

Дуода ҳаддан ошмаслик лозим. Дуода ҳаддан ошиш бир неча хил бўлади.

1. Ҳаддан ташқари овозни кўтариб дуо қилиш.

2. Пайғамбарнинг мартабасини сўраш.

3. Амри маҳол нарсани сўраб дуо қилиш.

4. Гуноҳ ишни сўраб дуо қилиш.

Бу ҳақда машҳур ҳанафий фақиҳ Муҳаммад Амин ибн Обидийн раҳматуллоҳи алайҳи қуйидагиларни ёзганлар:

«Дунё тургунча офиятни сўраш ҳаромдир. Шунингдек, осмондан безатилган дастурхон тушиши, ҳаводан нафас олмайдиган бўлиши, дарахтсиз мева бўлиши каби амри маҳол нарсаларни сўраб дуо қилиш ҳам ҳаромдир. Кофирга мағфират сўраб дуо қилиш ҳам ҳаромдир».

Ривоят қилинган ва қилинмаган нарсалар билан дуо қилиш.

Албатта, ривоятларда келган дуоларни қилиш афзалдир. Аммо уламоларимиз «Барча дунёвий ва ухравий дуолар жоиздир», деганлар.

Намоздаги дуо.

Ҳанафий мазҳаби бўйича, намознинг салом беришдан олдинги ташаҳҳудида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтгандан кейин Қуръони Карим ва Суннатдаги лафзларга ўхшаш лафзлар билан дуо қилиш суннатдир. Одамларнинг лафзига ўхшаш «Аллоҳим, менга фалончини хотин қилгин, менга бунча тилла, бунча пул бергин» каби дуоларни қилиш жоиз эмас.

Аҳли фазллардан дуо сўраш.

Аҳли фазл кишилардан дуо сўраш мустаҳабдир.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф  

(Ҳадис ва ҳаёт китобидан)

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Саҳл розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Жаннатнинг бир эшиги бўлиб, у Райён деб номланур. Қиёмат куни рўзадорлар ундан давоми...

2059 14:00 / 07.05.2019
Ҳузайма Абу Муҳамад айтади .Бир киши Муҳаммад ибн Восийга .Менга маслаҳат бер,, деган эди, .Дунёю охиратда фаришта бўл,, деб жавоб берди. Сўраган одам .Қандай қилиб, давоми...

1945 08:00 / 09.02.2021
Бану Ҳошимнинг мавлоси Муҳаммад ибн Абул Қосимдан ривоят қилинади .Бир обид киши бир золимга панднасиҳат қилибди. Бундан ғазаби чиққан золим обиднинг давоми...

1968 08:00 / 20.06.2020
Залзала сурасининг 2ояти ҳам жуда қизиқдир. Бу ояти каримада ернинг ўз оғирликларини ортишидан, ташқарига улоқтиришидан сўз юритилади. Асрлар давомида инсонлар давоми...

6488 13:00 / 16.03.2020