1445 йил 24 шаввол | 2024 йил 03 май, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Шахсият

Дангасаликдан паноҳ сўраш

23:31 / 04.05.2017 11222 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

801. Анас ибн Моликдан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбуни кўп айтар эдилар:

«Аллоҳим! Мен Сендан ғам ва маҳзунликдан, ожизлик ва дангасаликдан, қўрқоқлик ва бахилликдан, қарзга ботиб қолишдан ва одамларнинг менга ғолиб бўлишидан паноҳ сўрайман».

Шарҳ: Биз «ғам» деб таржима қилган сўз арабчада «ҳамм» дейилади ва кутилаётган ишдан кўнгил ғаш бўлиши ва қўрқиш маъносини билдиради.

Маҳзунлик эса бўлиб ўтган ишдан хафа бўлишни англатади.

«Қарзга ботиб қолиш»дан мурод, унинг оғирлашиб кетиши ва қарздорнинг ноилож қолишидир.

Ўтган азизларимиздан бирлари:

«Агар қарзнинг ғами қалбга кирса, албатта ақлдан унга қайтиб келмайдиган нарсани чиқаради», деганлар.

«Одамларнинг ғолиб бўлиши» дейилганда, эси паст ва пасткаш кимсаларнинг устин бўлиши кўзда тутилган.

Ушбу ҳадиси шарифдаги дуо жамловчи дуолардан ҳисобланади.

Зотан, разолатлар уч турли бўлади: нафсоний, жисмоний ва хорижий.

Нафсоний разолат инсондаги нафсоний қувватларга боғлиқ бўлади. Ақлий қувватга ғам ва маҳзунлик боғлиқ бўлади. Қўрқоқлик ғазаб қувватига, бахиллик шаҳвоний қувватга боғлиқ бўлади.

Жисмоний разолат бадандаги қувватга боғлиқ бўлади.

Ожизлик разолати бадандаги аъзоларда нуқсон борлигида кўпроқ юзага келади.

Дангасалик разолати эса кўпроқ бадандаги аъзолар соғ-саломат ва қувват баркамол пайтида бўлади.

Хорижий разолатлар ноўрин шиддат ва бошқаларга устинлик қилишдан иборат бўлиб, бири молга, иккинчиси мансабга боғлиқ бўлади.

Ушбу дуода разолатнинг барча турларидан паноҳ тиланмоқда.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам паноҳ тилаган ушбу нарсаларнинг ҳаммаси зарарли, инсоннинг обрўсини тўкадиган амаллар, сифатлардир.

Ғам-ғуссага ботиш, маҳзунлик, хафачилик – оғир мусибат, бундан Аллоҳ таолонинг Ўзи асрасин, булардан албатта паноҳ сўраш керак. Ожизлик, дангасалик, қўрқоқлик, бахиллик, қарзга ботиш ва одамларнинг ғолиб келиши ҳам ана шундай. Мўмин-мусулмон киши булардан доимо паноҳ сўраб юриши, ўзида бу нарсаларнинг бўлмаслиги учун ҳаракат қилиши керак.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф 

(Одоблар ҳазинаси китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Абу Асма розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Ким биродари учун дуо қилса, жаннатнинг хурфасида бўлади,, деди. Абу Қилобага .Жаннатнинг хурфаси нима, дедим. давоми...

3741 05:00 / 02.03.2017
Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан .Қилинадиган амалларнинг энг яхшиси қайси, деб сўралди. .Аллоҳга иймон давоми...

2826 05:00 / 03.03.2017
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий алайҳиссалом.Ким мени тушда кўрса, ҳақиқатда мени кўрган бўлади. Чунки шайтон менинг мисолимга кира олмайди,, давоми...

8012 05:00 / 03.03.2017
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Мусулмонга қай бир мусибат ҳорғинликми, беморликми, ташвишми, маҳзунликми, давоми...

3730 05:00 / 01.03.2017