1445 йил 19 шаввол | 2024 йил 28 апрель, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Шахсият

БЕМОР КЎРИШНИНГ ФАЗЛИ

05:00 / 02.03.2017 3729 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абу Асма розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Ким биродари учун дуо қилса, жаннатнинг хурфасида бўлади», деди.
Абу Қилобага: «Жаннатнинг хурфаси нима?» дедим.
«Жаннатнинг мевалари», деди.
Абу Қилобага: «Абу Асмо кимдан қилган?» дедим.
«Савбондан, у эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан» деди
».

Шарҳ: Дуога муҳтож кишиларнинг энг олдинги сафларида бемор ётган кишилар турадилар. Ушбу ҳадисда беморни бориб кўриб, унга шифо сўраб дуо қилиш эса улкан фазийлатли иш эканлиги айтилмоқда.

БЕМОР ВА УНИ КЎРУВЧИГА ҲАДИС АЙТИШ

Абдулҳамид ибн Жаъфардан ривоят қилинади: «Отам менга хабар бердики, Абу Бакр ибн Ҳазм ва Муҳаммад ибн Мункадир масжид аҳли билан бирга Умар ибн Ҳакам ибн Рофиъ ал-Ансорийни кўргани боришди ва: «Эй Абу Ҳафс! Бизга ҳадис айтиб бер», дейишди.
«Мен Жобир ибн Абдуллоҳдан қуйидагиларни эшитдим: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Ким беморни кўргани борса, раҳматга шўнғиган бўлади. Агар унинг олдида ўтирса, ўша раҳматнинг ичида қарор топган бўлади», - деганларини эшитганман
».
Шарҳ: Демак, касални кўргани бориш Аллоҳнинг раҳматига шўнғиш экан, у ерда қарор топиб, раҳматнинг ичида қолиш экан.
Шунинг учун мўмин-мусулмонлар биродарларининг бемор ётганларини эшитсалар, кўргани боришлари, уларнинг ҳолларини сўрашлари, шифо тилаб дуо қилишлари улуғ савобли иш ҳисобланар экан.
Шу билан бирга бемор билан уни кўргани борган киши орасида ҳадис айтиш бўлиши мумкинлигини билиб оламиз.
Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:
1. Масжид аҳли билан бирга бемор кўргани бориш мумкинлиги.
2. Бемор кўргани борганда олим кишига, ҳадис айтиб бер, деб айтиш мумкинлиги.
3. Беморни кўргани борган шахс раҳматга шўнғиган бўлиши.
4. Беморни кўргани бориб, унинг ҳузурида ўтирган одам раҳматнинг ичида қарор топган бўлиши.

БЕМОРНИНГ ОЛДИДА НАМОЗ ЎҚИГАН КИШИ

Атодан ривоят қилинади: «Умар ибн Савфон мени кўргани келди. Шу пайт намоз вақти бўлиб қолди. Бас, Ибн Умар уларга имом бўлиб икки ракъат намоз ўқиди ва «Биз мусофирмиз», деди».
Шарҳ: Демак Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу мусофир бўлганлар. Шунинг учун намозда имом бўлиб, қаср ўқигач, муқимлар намозларини тўлиқ ўқишлари учун уларга «Биз мусофирмиз» дея ўзларининг мусофир эканликларини билдирганлар.
Бундан, беморни кўргани борган одам намозни ўша ерда ҳам ўқиши мумкин эканлиги чиқади.

МУШРИКНИ КЎРГАНИ БОРИШ

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга бир яҳудий бола хизмат қилиб юрар эди. У бемор бўлиб қолди. Бас, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уни кўргани келдилар. Унинг бош томонида ўтирдилар ва: «Мусулмон бўл» дедилар.
Шунда бола отасига қаради. Отаси ҳам унинг бош томонидан турган эди. Ота унга: «Абулқосим соллаллоҳу алайҳи васалламга итоат қил!» деди.
Бас, у мусулмон бўлди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам «Буни дўзахдан қутқарган Аллоҳ Таолога ҳамдлар бўлсин!» дея чиқдилар
».
Шарҳ: Демак, яхшилик умиди бор, Исломга хайриҳоҳлиги бор мушриклар, ғайридинларни ҳам касал бўлганда кўргани бориш мумкин экан. Уларнинг Исломга кириб қолишидан умидвор бўлиш керак экан. Бемор пайтида кўнгиллари юмшаб, Аллоҳни эслаб турганлигида Исломга чақириш ҳам мумкин экан.
Демак, бетоб ётган ғайридинларни бориб кўриш дуруст эмас, деган фикрларнинг асоси йўқ экан. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай қилганлар, яҳудий болани кўргани борганлар. Натижада ўша бола мусулмон бўлган экан. Мазкур яҳудий боланинг исми Абдул Қуддус бўлган.
Ҳанафийларнинг машҳур китобларидан бири бўлмиш «Дуррул Мухтор»да «Мусулмон зиммий яҳудий ёки насронийнинг беморлигини кўргани бориши жоиз. Чунки бу уларнинг ҳақида яхшиликнинг бир туридир. Биз бундан наҳий қилинмаганмиз. Шунингдек, мажусийни кўргани бориш ҳам жоиз.
«Наводир» номли китобда қуйидагилар айтилади: «Яҳудий ёки мажусий қўшнининг боласи ёки яқини ўлиб қолса, унга таъзия билдирмоқ лозим бўлади. «Аллоҳ сенга унинг ўрнига ундан яхшисини берсин. Сени яхшиласин» дейилади».
Ақлини таниб қолган, лекин балоғатга етмаган ёш бола Исломни қабул қилса бўлиши ҳам ушбу ҳадисдан олинади.

КАСАЛГА НИМА ДЕЙИЛАДИ

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадийнага кирганларида Абу Бакр билан Билол қаттиқ касал бўлиб қолдилар. Мен икковларининг олдиларига кирдим. «Отажон, қандайсиз? Билол, қандайсан?» дедим.
Абу Бакр иситма тутган пайтда дерди: «Ҳар бир киши ўз аҳлида тонг оттирур,
Ўлим кавуши ипидан ҳам яқин бўлур».
Билол иситмаси тушганда овозини кўтариб: «Қани билсайдим, бир кеча мен бўларманми,
Атрофимда изхир ва жалил ўсган бир водийда?
Бирор кун Мажанна сувларига кирарманми,
Кўринарми Шомма ва Туфайл кўз ўнгимда?» дерди.
Оиша розияллоҳу анҳо айтди:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга хабарни етказдим. Шунда У зот:
«Аллоҳим! Бизларга Мадийнани худди Маккага муҳаббат қилганимиздек, балки ундан ҳам кучлироқ маҳбуб қилгин! Уни соғ-саломат қилгин! Бизга унинг мудди ва соъида (тош-тарозусида) барака бергин! Унинг иситмасини Жуҳфага кўчиргин!» дедилар
».
Шарҳ: Билол ибн Рабоҳ розияллоҳу анҳунинг шеърларида Маккаи Мукаррама васф қилинмоқда.
Ҳазрати Билол Мадийнага касал бўлиб қолиб, ватанларини қўмсамоқдалар. Кўпроқ ўша ерларда ўсадиган изхир, жалил дарахтларининг соясида яна ётиш насиб қилармикан, демоқдалар. Маккадаги сувлардан бири бўлмиш Мажаннанинг сувига тушиб, яна бир ичармиканман, демоқдалар. Макка яқинидаги тоғлар Шомма ва Туфайлни яна кўриш насиб қилармикан, деб соғинч шеърларини айтиб, орзу қилмоқдалар.
Ушбу ҳадисда зикри келган Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг иситма хасталигини Мадийнадан мийқот маскани бўлган Жуҳфа номли ерга кўчириш ҳақидаги дуолари мустажоб бўлиб, Мадийнада бундай иситма касали тарқалмайдиган бўлди.
Исломда касални кўргани келган одам «Ҳолингиз қандай? Қандайсиз, яхшимисиз?» деб сўраш бор экан, чунки Оиша онамиз розияллоҳу анҳо оталарига ва ҳазрати Билол розияллоҳу анҳумага шундай деган эканлар.
Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:
1. Аёл киши бемор эркакларни кўргани бориши жоизлиги.
2. Бемор кўргани борган одам унинг ҳолини сўраши кераклиги.
3. Беморни кўргани борган шахс ундан «қандайсиз» деб ҳол сўраши.
4. Бемор киши ўз ҳолини сифатлаб шеър айтиши мумкинлиги.
5. Бемор киши ўз юртини соғиниб шеър айтиши мумкинлиги.
6. Беморларнинг ҳолини бошқаларга, хусусан раҳбарларга айтиш мумкинлиги.
7. Бир диёрнинг муҳаббатини сўраб дуо қилиш мумкинлиги.
8. Бир диёр ёки шаҳарнинг тош-торозисига барака сўраб дуо қилиш борлиги.
9. Бир диёр ёки шаҳарда соғлик сўраб дуо қилиш борлиги.
10. Бир диёр ёки шаҳардаги хасталикни кўтаришни сўраб дуо қилиш жоизлиги.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бир аъробийни кўргани кирдилар. Одатда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам касал кўргани кирсалар «Ҳечқиси йўқ, иншааллоҳ, покизалик», дер эдилар.
У: «Покизалик? Қанақа покизалик? Покизалик йўқ, бу ерда қайнаб турган иситма бор. Қари чолни ўлдириб, уни қабр зиёратига олиб бормоқчи», деди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Майли, ундай бўлса», дедилар
».
Шарҳ: Демак, беморни кўргани кирган одам «Дард сизни гуноҳлардан поклайди, иншааллоҳ бу яхшилик» деган маънодаги гапларни айтиши керак экан. Касал киши ҳам шукр қилиб, шундан умидвор бўлиши керак экан. Аъробий эса ношукрлик қилиб, тескари гап айтибди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам «Майли, ўзинг ҳоҳлаганингча бўлсин» деган маънодаги гапни айтдилар.

Нофеъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Ибн Умар бемор кўргани кирса: «Унинг ҳоли қандай?» қачон ўринидан турса: «Аллоҳ сенга хайр берсин» дер, бошқа зиёда қилмас эди».
Шарҳ: Бемор кўришнинг одобларидан бири унга машаққат туғдирмасликдир. Беморнинг ҳузурида узоқ ўтириб қолиш, ҳар хил гапларни гапиравериш ҳам одобдан эмас. Бемор кўришдан асосий мақсад ундан ҳол сўрава ва ҳақига дуо қилиш. Улуғ саҳобий Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу бу мақсадни энг содда ва қисқа тарзда амалга оширар эканлар. Албатта, бу сиз билан бизга ҳам ибрат бўлиши керак.

БЕМОР ҚАНДАЙ ЖАВОБ БЕРАДИ

Амр ибн Саъийддан, у отасидан ривоят қилинади: «Ҳажжож Ибн Умарнинг олдига кирди. Мен унинг ҳузурида эдим.
«У қандай?» деди.
«Яхши», деди.
«Сенга ким мусийбат етказди?» деди.
«Қурол кўтариб юриш ҳалол бўлмаган кунда қурол кўтаришга рухсат берган одам етказди», деди.
Яъни, Ҳажжож, деди
».
Шарҳ: Халифа Абдулмалик ибн Марвон ўз аскар бошиси Ҳажжож ибн Юсуф Сақафийга мактуб ёзиб, ҳаж ибодатида Абдуллоҳ ибн Умарга эргаш деди. Бу гап Ҳажжожга хуш келмади. Баъзи ривоятларда келтирилишича, ўшанда Ҳажжож бир одамга учи заҳарланган найза ила ўзини билмаганга солиб, Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳунинг оёқларига жароҳат етказишни топширган ва шундай бўлган ҳам.
Ушбу ривоят соҳиби Амрнинг отаси Саъийд Ибн Жубайрдан ривоят қилинади:
«Ибн Умарнинг оёғи остига найза кирганда бирга эдим. Унинг оёғи эгарга ёпишиб қолди. Мен тушиб суғириб олдим. Бу Минода бўлди. Бас, Ҳажжожга хабар етганда у кўргани келди...».
«Сенга ким мусийбат етказди?» деди.
«Қурол кўтариб юриш ҳалол бўлмаган кунда қурол кўтаришга рухсат берган одам етказди», деди.
Ҳарамда қурол кўтариб юриш мумкин эмасди. Ҳаж замонида ҳам мумкин эмасди. Қурол кўтариб юришга рухсатни Ҳажжожнинг ўзи берган эди. Яна билмагандек, савол бермоқда. Шунинг учун Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу унга ўзига яраша жавоб бермоқдалар.
Ушбу ривоятда номи зикр этилаётган Ҳажжож ҳақида қисқа маълумот билиб олишимиз ўзимиз учун фойдалидир. Чунки бу шахснинг номи кўпгина ерларда зикр қилиниши бор.
Унинг тўлиқ номи Абу Муҳаммад Ҳажжож ибн Юсуф Сақафий. Отаснинг исми Юсуф ибн Абу Ақийл Сақафий. Онаси Ҳумом ибн Урва ибн Масъуд Сақафий.
Ҳажжож ибн Юсуф Сақафий 41 ҳижрий санада, Тоифда дунёга келди. Болаларга таълим бериш ила шуғулланди. Кейин халифа Абдулмалик ибн Марвоннинг вазири Руҳ ибн Зинбоъ Жизомий билан танишиб миршаблик ишига кирди. Бу ишда ўзини кўрсатгани учун обрўси ортди.
Бир куни халифа Абдулмалик Руҳ ибн Зинбоъга аскарнинг бўйсинмаслигидан шикоят қилди. У Ҳажжож ибн Юсуф Сақафийни аскарбоши қилишни маслаҳат берди.
Аскарлар ичида Руҳ ибн Зинбоънинг одамлари кеч қолди. Ҳажжож ибн Юсуф Сақафий уларни қамчи билан савалади, аскар ичида сазои қилиб айлантирди ва чодирларни куйдириб юборди. Бундан кейин унинг обрўси тўхтамай ўсиб борди.
У ўзининг шафқатсизлиги ва золимлиги билан донг таратди. Ислом оламида Ҳажжожи золим номи билан танилди. Биз унинг ишларидан фақат биргина мисолни қисқача келтириш билан кифояланамиз.
Машҳур саҳобийлардан Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳу умавийлар давлатига қарши чиқиб Маккаи Мукаррамада ўз ҳукмини эълон қилдилар. Шунда Ҳажжожи золим халифа Абдулмаликка «Эй мўминларнинг амири! Уни менга қўйиб беринг! Тушимда уни терисини шилганимни кўрдим» деди.
Ҳажжожи золим аскари билан келиб Каъбаи Маъззамага яқин Абу Қубайс тоғига манжанийқ ўрнатди ва Каъбаи Маъззамага тош отишга амр қилди. Одамлари қўрқиб буюруқни бажараолмай турганларида ўзи қўли билан манжанийққа тош қўйиб отди. Фақат ҳаж мавсумида бир неча кун Каъбаи Маъззамага тош отишни тўхтатиб турди.
Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳу оғир аҳволда қолганларидан кейин Каъбаи Маъззамадан чиқиб ҳамла қилишга мажбур бўлдилар. Ҳажжожи золимнинг одамлари у кишининг қаршиларига чиқишдан қўрқдилар. Бу ҳолни кўрган Ҳажжожи золим ўзи олдинга тушиб одамларни урушга мажбур қилди.
Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳу қатл этилдилар. Ҳажжожи золим у кишининг мурдаларини осиб қўйди.
Ҳажжожи золим кейин Мадийнаи Мунавварга юриш қилиб кўпгина саҳобаи киромларни азоблади.
Имом Термизий Ҳажжожи золим ўлгунча қамаб қўйган одамларнинг сони бир йигирма минг эканини таъкидлаганлар.
Албатта, бундай золим одамларнинг оқибати яхшилик билан тугаши мумкин эмас. Ҳажжожи золимнинг оқибати ҳам ёмон бўлди.
У машҳур тобеъий Саъйид ибн Жубайрни қатл қилгандан кейин ўзи ақлдан озиб қолди. Ҳажжожи золимнинг тушига Саъийд ибн Жубайр кириб «Аллоҳнинг душмани! Мени нима учун қатл қилдинг?!» дея тинчлик бермас эди.
Ҳажжожи золимнинг қорнига қурт тушган эди. У ўзини кўрсатгани табиб чақиртирди. Табиб бир парча гўштни ипга боғлаб унинг оғзидан томоғига солиб бир муддат турди. Гўштни қайтариб олганда унга чирмашиб олган миж-миж қуртларни кўрдилар.
Аллоҳ таоло Ҳажжожи золимга қаттиқ совқотиш хасталигини берди. Унинг атрофига бир неча оловдонларни ёқиб танасига тегадиган даражада яқинлаштирилса ҳам сезмас эди.
Ҳажжожи золим ўз ҳолидан машҳур тобеъийн Ҳасан Басрийга шикоят қилди. У киши унга:
«Мен сени солиҳ кишиларга ёмонлик қилишдан қайтарган эдим. Кўнмадинг!» дедилар.
«Эй Ҳасан. Мен сендан Аллоҳ менга кушойиш беришини сўраб дуо қилишингни сўраётганим йўқ. Жонимни олишини ва азобимни чўзмаслигини сўра!» деди.
Шунда Ҳасан Басрий:
«Аллоҳим! Бунинг ўзини ҳам ўлдиргин, қилиғини ҳам ўлдиргин!» дея дуо қилдилар.
Ҳажжожи золим мазкур ҳолатда ўн беш кун ётиб ўлди. Бу ҳодиса Восит шаҳрида, тўқсон бешинчи ҳижрий санада рўй берди. Ўшанда Ҳажжожи золимнинг ёши эллик тўртда эди.
Ҳажжожи золимга Рамазонда намозга ўтиб юрган қори Ашъас ал-Ҳаддонийдан ривоят қилинади:
«Уни тушимда жуда ёмон ҳолатда кўрдим. У менга «кимни қандай қилиб қатл қилган бўлсам, ўзим ҳам худди шундай тарзда қатл қилиндим. Кейин мени дўзахга киришим ҳақида ҳукм бўлди» деди».

ФОСИҚНИ КЎРГАНИ БОРИШ

Абдуллоҳ ибн Амр ибн Осс розияллоҳу анҳу айтади: «Ароқхўрлар бемор бўлса, кўргани борманглар».
Шарҳ: Бундай киши асосан ароқ ичиб, фисқи сабаб бўлиб касал бўлган бўлади, шунинг учун эҳтиром қилинмайди. Бу Абдуллоҳ ибн Амр ибн Осс розияллоҳу анҳунинг ижтиҳодлари.
Аммо фуқаҳолар, хусусан ҳанафийлар фосиқ бемор бўлганда кўргани бориш жоизлигини айтадилар.
Машҳур ҳанафий олим Муҳаммад Амийн ибн Обидийн: «Тўғри гапга қараганда фосиқни кўргани бориш жоиз. Зотан у мусулмондир. Беморини кўргани бориш мусулмонларнинг ҳақларидандир. Бу қўшиб юришга кирмайди».

АЁЛЛАР БЕМОР ЭРКАКНИ КЎРГАНИ КЕЛИШИ

Убайдуллоҳ Ансорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Умму Дардо юклари устида ёғочлар тикиб устини ёпмаган ҳолда ансорийлардан бир аҳли масжидни кўргани келганини кўрдим».
Умму Дардо розияллоҳу анҳу туянинг устидаги юклар орасида, ёғочларни устун қилиб, устига чодир тикмай, ўзлари ўшанинг ичида масжид аҳлидан бўлган, бемор ётган ансорийлардан бирини кўргани келган эканлар.
Демак, қадрдон, яқин қариндош бўлмаган кишилар бемор ётган бўлса, аёл киши ҳам эркакни кўргани келса бўлади, деган ҳукм мана шу ердан чиқар экан.
Албатта, бунда фитнадан эмин бўлиш шарт қилинади. Яъни, шариат қоидалари бузилмаслиги керак.
Шунингдек, маҳрам бўлмаган эркак бемор аёлни кўргани бориши ҳам жоиз. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Умму Соиб ва Умму Алаа номли саҳобия аёлларни кўргани борганлари ривоят қилинган.

КЎРУВЧИ УЙДАГИ НАРСАЛАРГА НАЗАР ҚИЛИШИ МАКРУҲ

Абдуллоҳ ибн Абулҳузайл розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Абдуллоҳ ибн Масъуд бир касални кўргани кирди. У билан бир гуруҳ кишилар бор эди. Уйда аёл киши ҳам бор эди. Қавмдан бир киши аёлга назар солди. Бас, Абдуллоҳ ибн Масъуд унга: «Кўзинг ўйилиб тушса, ўзингга яхши бўларди», деди».
Шарҳ: Аслида назарни номаҳрамлардан ва бировнинг уйидаги нарсалардан сақлаш ҳар доим ҳам керак. Бироқ касал кўргани келган одам назарини аёл кишига қаратиши динимизда айниқса қатъий ман қилинган экан.
Шунинг учун ҳам, улуғ саҳобий Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ҳалиги одамга оғир гапни айтганлар.
Умуман бировнинг уйига кирган одам, айниқса беморни кўргани кирган одам турли нарсаларга қарайвермаслиги керак. Бундай қилиш беодоблик ҳисобланади.

КЎЗИ ОҒРИҒИДАН КЎРГАНИ БОРИШ

Абу Исҳоқ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Зайд ибн Арқамнинг қуйидагиларни айтганини эшитдим: «Менинг кўзим оғриб қолди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мени кўргани келдилар ва: «Эй Зайд! Агар кўзинг шундайлигича қолса, нима қилардинг?» дедилар.
«Сабр қилардим, савоб умидида бўлардим», дедим.
«Агар кўзинг шундайлигича қолса, сўнгра сабр қилиб, савоб умидида бўлсанг, мукофотинг жаннат бўлади», дедилар
».
Шарҳ: Демак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кўзи оғриб қолган одамни кўргани келган эканлар. Кўзинг шу ҳолатда бўлса нима қиласан, деган саволга бу улуғ саҳобий сабр қилишларини, савоб умид қилишларини айтибдилар.
Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бунинг мукофоти жаннат бўлишини айтибдилар.
Ушбу ва шунга ўхшаш ривоятларга асосланиб ҳанафий мазҳаби фақиҳлари, хусусан Бадриддин Айний ва Мулло Али Қорилар кўз, яра ва тиш оғириғига учраган одамни кўргани бориш мустаҳаб деганлар.

Қосим ибн Муҳаммад розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Муҳаммаднинг саҳобаларидан бирининг кўзи кўрмай қолди. Уни кўргани келишди. Бас, у: «Мен иккисини Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни кўриш учун ҳоҳлардим. Аммо агар Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қабз қилинган бўлсалар, Аллоҳга қасамки! Иккисидаги нарса Тиболанинг кийикларидан бирида бўлиши мени масрур қилмайди», деди».
Шарҳ: Тибола Ямандаги жойлардан бирининг номи.
Саҳобаи киромнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббатлари шу қадар кучли бўлган.
Кўз уларга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўриш, қулоқ у зотнинг сўзларини эшитиш учун керак бўлган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам энди йўқлар, шунинг учун бу кўзларим очилмаса ҳам майли, деяптилар ўша саҳобий розиялоҳу анҳу.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Аллоҳ азза ва жалла «Агар бандамни унинг икки маҳбуб нарсаси – икки кўзи - ила синаб кўрсам, сўнг у сабр қилса, эвазига жаннатни бераман» дейди» деганларини эштидим».
Шарҳ: Шунинг учун кўзи дардга чалинган ёки кўрмай қолганда сабр қилишнинг фазийлати жуда катта экан. Бу жаннатга киритадиган амаллардан бири экан.
Бас, шундай экан кўзи оғриганларни кўргани бориш ҳам фазийлатли амал бўлиши турган гап.

Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ «Эй Одам боласи! Қачон сенинг икки мукаррам кўзингни олиб қўйсам, сен дард етган дастлабки пайтдан бошлаб сабр қилсанг ва савоб умидида бўлсанг, Мен сен учун жаннатдан бошқа мукофотга рози бўлмайман» дейди», дедилар».
Шарҳ: Демак, ана шундай пайтларда сабр қилиш, Аллоҳдан савоб тилаш ҳар бир мўмин-мусулмоннинг тутган йўли бўлиши керак экан.

БЕМОР КЎРГАНИ КИРГАН ҚАЕРДА ЎТИРАДИ

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бир беморни кўргани борганларида унинг бош тарафида ўтирар эдилар ва етти марта: «Асъалуллоҳал азийм, Роббал аршил азийм ан юшфияка» дер эдилар. Агар унинг ажали етмаган бўлса, тузалиб кетар эди».
Шарҳ: Демак, мўмин-мусулмон киши ётиб қолган беморни кўргани кирганда унинг бош томонига ўтириб, унинг ҳаққига дуолар қилиб, Аллоҳдан шифо беришини сўраши, касал кўришнинг одобларидандир.
Айни пайтда ушбу ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мўъжизалари, яъни касалларга қилган дуоларининг қабул бўлиши ҳам баён қилинмоқда.

Робийъ ибн Абдуллоҳ айтди: «Ҳасан билан Қатодани кўргани бордик. Бас, бош тарафига ўтирди. Ҳол сўради. Сўнг дуо қилди. «Аллоҳим! Унинг қалбига шифо бергин! Дардига шифо бергин!» деди».
Шарҳ: Имом Ҳасан розияллоҳу анҳу бу нарсани ўз боболари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан кўрганлари учун қилганлар.
Шунинг учун сиз билан биз ҳам касал кўргани борсак, ана шу ҳадисдан ибрат олиб, касалнинг бош тарафига ўтиришимиз, унинг ҳолини сўраб, кўнглини кўтаришимиз ва унинг ҳаққига дуо қилиб, касалига шифо сўрашимиз керак бўлади.

КИШИ ЎЗ УЙИДА НИМА ИШ ҚИЛАДИ

Ал-Асвад розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Оиша розияллоҳу анҳодан: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз аҳлларида нима қилар эдилар? - деб сўрадим.
«Ўз аҳларининг хизматида бўлар эдилар. Намоз вақти бўлса, чиқар эдилар», деди
».
Шарҳ: Бу ҳадисдан кўриниб турибдики, Аллоҳнинг энг афзал бандаси, энг афзал пайғамбари Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бутун умматнинг йўлбошчиси бўлиш билан бирга жуда оддий ҳаёт кечирганлар. Уйларида аҳлларининг меҳнатини, хизматини қилиб юрганлар, ниҳоятда камтар ва мутавозеъ инсон бўлганлар.
У Зот соллаллоҳу алайҳи васалламга уммат бўлганлар ҳам ана шу аҳлоқи набавийдан ибрат олишлари, ўрнак олишлари лозим бўлади.

Ҳишом ибн Урвадан, у отасидан ривоят қилинади: «Оиша розияллоҳу анҳодан: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уйларида нима қилар эдилар», деб сўрадим.
«Ковушларини ямар эдилар. Бир эркак ўз уйида нима қилса, шуни қилардилар», деди
».
Шарҳ: Ҳа, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларини умматларидан юқори қўймас эдилар. Ҳар бир эркак киши уйда нима қилса, шуни қилганлар.
Масалан, кавушлари йиртилса, ўз қўллари билан ямардилар. Бу ҳам у Зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг улуғворликлари, олий мақомликларини кўрсатади. Чунки ҳамма имконлари бўлиб туриб, шундай ишни қиладиган одамни топиш қийин.
Кўплаб саҳобалар у Зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бир қарашларига интизор бўлиб турганлар. У Зот учун жонларини фидо қилишга тайёр бўлиб турганлар.
Шундай ҳолатда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кавушларини ўзлари ямаб юришлари улуғ бир аҳлоқнинг намунаси ҳисобланади.

Ҳишомдан, у отасидан ривоят қилинади: «Оишадан «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уйларида нима нима қилар эдилар» деб сўрадиим.
«Сизларнинг бирингиз ўз уйида нима қилса, шуни қилардилар. Ковушларини ёки кийимларини ямардилар. Керак нарсаларини тикардилар», деди
».
Шарҳ: Бу ҳадисдан ўша пайтларда турмуш тарзи жуда содда бўлганлигини, йиртилиб қолган кавуш ҳам ташлаб юборилмаганлиги, уни ямаб кийилганлиги кўрамиз.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам шундай қилган эканлар. Уст-бошларини, кавушларини ўзлари ямаб, кийиб юрган эканлар.

Умра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Оиша розияллоҳу анҳога: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уйларида нима қилганлар», дейилди. «Одамлардан бир одам эдилар. Кийимларининг битини тозалар, қўйларини соғар эдилар», деди».
Шарҳ: Бу ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қўйларни ҳам ўзлари муборак қўллари билан соғишлари қўшимча қилинди. Буларнинг барчаси бизларга ўрнак бўлиши лозим.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Билинг Чиндан ҳам, улфатчилик чиройли хулқ мевасидир ва бўлиниш тарқалиш, ажралиш ёмон хулқ мевасидир, зеро чиройли хулқ ўзаро дўстлик ва келишувни вужудга давоми...

5325 05:00 / 03.03.2017
Охирги пайтда кишиларда хотира пасайиши ва унутувчанликдан шикоятлар кўпайган. Бунга турли сабаблар келтирилади. Одамлар айбни турли нарсалар ва ҳатто атрофдаги давоми...

31784 20:27 / 22.08.2017
Ҳозирги кунимизда соғлиқни сақлаш, хасталикка чалинмаслик учун бадантарбия қанчалик аҳамиятли эканлигини ҳамма тушуниб етган. Каттаю кичик иложи борича давоми...

6146 10:59 / 21.09.2019
Ражаб ойи Аллоҳ таоло Қуръони Каримда хабар берган тўрт ҳаром ойнинг биттасидир. Бу ойларда қабилалар ўртасида уруш, йўлтўсарлик, қон тўкиш каби тажовузкорлик давоми...

6536 21:00 / 11 январь