1440 йил 12 жумадис сони | 2019 йил 17 февраль, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN AR
Сийрат

Расулуллоҳнинг ахлоқлари ҳақида уламоларнинг айтганлари

19:52 / 28.04.2017 865 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Баъзи уламолар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратлари ва сифатлари борасида келган ривоятлар асосида у зотнинг гўзал ахлоқларини қисқа иборалар билан ифода қилишга ҳаракат қилганлар:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларнинг энг ҳалими, энг шижоатлиси, энг адолатлиси ва энг иффатлиси бўлганлар. Ул зотнинг қўллари ўзларига номаҳрам ёки никоҳда бўлмаган аёл зотига тегмаган.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларнинг энг сахийси бўлганлар. У кишининг ҳузурларида динор ёки дирҳам бўлса, ухлашга ётмаганлар. Агар бирор нарса ортиб қолса ва уни бергани одам бўлмаса, ўша нарсадан қутулмагунларича, муҳтож одамга бермагунларича ухламаганлар.

Аллоҳ таоло у зотга берган нарсалардан фақат бир йилга етадиган озуқани олганлар, холос. Шунда ҳам муяссар бўлганича хурмоми ёки арпами олганлар ва қолганини Аллоҳ таолонинг йўлида сарфлаганлар.

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан нима сўралса, ўшани берар эдилар. Сўнгра бир йиллик озуқаларига қайтар эдилар. Кўпинча, йил охиригача бирор нарса келмаса, ўзлари муҳтож бўлиб қолар эдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кавушлари ва кийимларини ўзлари ямар ҳамда ўз аҳллари хизматида бўлиб, улар билан бирга гўшт тўғрар эдилар.

Ул зот одамларнинг энг ҳаёлиси эдилар. Назарлари бировнинг юзига тик боқиш ила собит бўлмас эди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қулнинг ҳам, ҳурнинг ҳам даъватини қабул қилар эдилар.

Ул зот ҳар қандай ҳадяни, гарчи у бир хўплам сут ёки қуённинг сони бўлса ҳам қабул қилар эдилар. Унга мукофот берар ёки ер эдилар.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам садақани емас эдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам чўри ёки мискинга ижобат қилишдан ўзларини юқори тутмас эдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Роббилари учун ғазаб қилар, ўзлари учун ғазаб қилмас эдилар.

Ул зот агар ўзларига ёки саҳобаларига зарар келтирса ҳам, ҳаққа амал қилар эдилар.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари билан бирга бир одам зиёда бўлишига муҳтож бўлиб турганларида ҳам мушриклардан ёрдам олишдан бош тортганлар ва: «Мен мушрикдан ёрдам олмайман», деганлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг энг яхши ва фозил саҳобаларидан бири яҳудийлар ичида қатл қилинган ҳолда топилганда, улардан талаб қилмай, ўликнинг яқинларига ўзлари юзта туяни хун сифатида берганлар. Ҳолбуки, саҳобалари бир дона туяга зор бўлиб турган эдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам гоҳида очликдан қоринларига тош боғлаб олардилар. Гоҳида борини тановул қилардилар, бор таомни рад қилмас эдилар. 

Ҳалол таомдан ўзларини тақво учун тортмас эдилар. Нонсиз хурмонинг ўзини топсалар, ўшани ер эдилар. Буғдой ёки арпа нон топсалар, уни ҳам ер эдилар. Ширинлик ва асал бўлса ҳам, тановул қилар эдилар. Сут бўлиб, нон бўлмаса ҳам, борини тановул қилар эдилар. Қовун ёки ҳўл хурмони ҳам ер эдилар.

Ул зот ёнбошлаб ҳам, хонтахтага қўйиб ҳам емаганлар. Вафот этгунларича уч кун кетма-кет буғдой нон емаганлар. Бу ишни камбағал ёки бахил бўлганлари учун эмас, бошқаларни ўзларидан устун кўрганлари учун қилганлар. 

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам маросимларга борар, беморларни кўрар, жанозаларга ҳозир бўлар ва душманлар ичида қўриқчисиз ўзлари пиёда юрар эдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларнинг энг тавозуълиси, кибрсиз энг сокини, гапни чўзмасдан энг балоғатли гапирадигани эдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам топган кийимларини кияр эдилар. Гоҳида шамла ¬(белдан пастга тутиб оладиган кийим), гоҳида Ямандан келтирилган енги тор яхтак, гоҳида жун чопон кияр эдилар. Мубоҳ бўлган нима топсалар, кияверар эдилар.

Ул зотнинг узуклари кумушдан бўлиб, ўнг ёки чап номсиз бармоқларига тақиб юрардилар.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уловларига ходимлари ёки бошқаларни мингаштириб олардилар. Имкони бўлган уловни: гоҳида от, гоҳида туя, гоҳида хачир ёки эшак минар эдилар. Гоҳида яланг-оёқ пиёда юрган ҳоллари ҳам бўлган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадийнанинг энг четидаги беморни ҳам кўргани борар эдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хушбўй нарсани яхши кўрар ва бадбўй нарсани ёмон кўрар эдилар.

Ул зот камбағаллар билан бирга мажлис қурар ва мискинлар билан бирга овқатланар эдилар.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам аҳли фазл кишиларни ахлоқлари учун икром қилар, шарафли кишиларни улфат тутар ва уларга яхшилик қилар эдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қариндошларига, уларни афзал кишилардан устун қўймасдан, силаи раҳм қилар эдилар.

Ул зот бирор шахсга жафо қилмас, узр айтувчининг узрини қабул қилар эдилар.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақдан бош-қани айтмаган ҳолда ҳазиллашар эдилар. Қаҳ-қаҳа отмасдан кулар эдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мубоҳ ўйинни тамоша қилар, уни инкор қилмас эдилар. Аҳллари билан мусобақа қилардилар. Олдиларида овозлар баланд кўтарилса, сабр қилардилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг урғочи туя ва совлиқлари бўлиб, ўзлари ва аҳллари уларнинг сутини ичар эдилар.

Ул зотнинг қул ва чўрилари бўлиб, овқатланиш ва кийинишда ўзларини улардан юқори қўймас эдилар.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам вақтларини Аллоҳ таоло учун бўлган амалдан ва ўзлари учун керак бўлган ишдан бошқага сарфламас эдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларининг боғларига чиқар, мискинни камбағаллиги учун ҳақир санамас эдилар. Шунингдек, маликдан мулк учун ҳайиқмас эдилар. Унисини ҳам, бунисини ҳам баробар Аллоҳ таолога даъват қилар эдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга Аллоҳ таоло фозил сийрат ва тугал сиёсатни берган эди. 

Ул зот жаҳолат ва фақийрлик юртида, онадан қандай туғилган бўлсалар шундай ҳолда, ўқиш-ёзишни ўрганмай, отасиз, онасиз ўсган эдилар. 

Бас, Аллоҳ таоло Ул зотга барча гўзал ахлоқларни, мақталган йўлларни ва аввалги ҳамда охиргиларнинг хабарларини таълим берди. Охиратдаги нажот, бу дунёдаги ютуқ йўлини ўргатди. Аллоҳ таоло барчамизга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга итоат қилишни, у зотдан ўрнак олишни насийб этсин! Омийн!» 

Шу жойга келганда Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳамма тарафдан етукликларига оид баъзи ривоятларни батафсил ўрганиб чиқишимиз мақсадга мувофиқдир.


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шамоиллари1. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади.Абу Суфён ибн Ҳарб бевосита менга айтди .Мен давоми...

2478 10:46 / 17.08.2018
Оила ҳақида қавлий ҳадисларРасулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оилавий тутумлари ҳақида сўзлар эканмиз, у зотнинг ушбу мавзуга доир ҳадислари, қарашлари давоми...

937 20:01 / 28.04.2017
Анас розияллоҳу анҳу бизга Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Каъба масжидидан исро қилдирилганлари ҳақида гапириб шундай деди.Ул зотга ваҳий қилинишидан давоми...

1002 20:01 / 28.04.2017
Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Анасга.Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сочлари қандай эди, ndash дедим. .Сочлари тўлқин сифат ndash жуда жингалак ҳам, давоми...

847 19:54 / 28.04.2017
Видеолар

1 20:30 / 16 февраль

203 14:11 / 15 февраль
Аудиолар

8951 11:58 / 10.10.2018
Китоблар
Топ рейтинг www.uz Openstat