1440 йил 15 жумадис сони | 2019 йил 20 февраль, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN AR
Сийрат

Нубувват хонадони туҳфалари (1)

19:10 / 28.04.2017 884 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бутун инсоният учун энг олий ўрнакдирлар. У зотнинг ҳаётларини ўрганиш ва унга қўлдан келганча эргашиш ҳар бир мусулмон учун фарзи айндир. Бунинг учун эса маърифат лозим. Шунингдек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат қилиш ҳам ҳар бир мусулмонга Аллоҳнинг амридир. Бу ҳам у зот алайҳиссаломни таниш орқалигина чин маънода рўёбга чиқади. Шу эътибордан мусулмон уммати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётларини ўрганишга алоҳида эътибор бериб келган. Мавлид ойини сийратни ўрганиш мавсуми ўлароқ ўтказишдан мақсад ҳам Набийюллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни яқиндан танишдир.

Бу йил мавлид ойига ожизона бир туҳфа бўлиши умида Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оилавий ҳаётларидан, хонадондаги тутумларидан айрим намуналарни эътиборингизга ҳавола қилмоқчимиз. Бу туркумни «Нубувват хонадони туҳфалари» деб аталди. 

Бу ерда бериладиган маълумотларнинг айримлари бошқа адабиётларда ҳам бор, кўпчилик улардан хабардор. Бироқ, минг афсуски, бугун кўпчилигимиз бу каби нақлларни шунчаки ўқиб кетишга, билиб қўйиш билан кифояланишга ўрганиб қолмоқдамиз. Кўп бўлиб, амалга ошмаган илмдан кўра, озроқ бўлса ҳам, ҳаётга татбиқ этилган билим афзал. Шу боис, ушбу берилажак маълумотларни шу мавлид ойи ичи бўлиб­бўлиб бериш маъқул топилди, шоядки, уларга амал қилиш муяссар бўлса. 

Келинг, азизлар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётларидан бериладиган ушбу лавҳаларни бирма­бир ўрганиб, ҳар кунги ўқиганимизни пухта ўзлаштириб, ўз оиламизда амалга оширишга ҳаракат қилайлик. Ажаб эмаски, шу билан ўқиганларимизга амал қилиш малакасини яхшироқ ўзлаштирсак ва ҳаётимиз том маънода набавий кўрсатмаларга мос бўлиб борса. 

Буюк муҳаддисларимиз: «Биз ҳадисларни амал қилиш билан ёд олардик», дейдилар. Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ: «Умид қиламанки, Аллоҳ мени ғийбат борасида ҳисоб­китобга тутмайди, чунки мен ғийбат ҳақидаги ҳадисни эшитганимдан буён бирор марта ҳам ғийбат қилмаганман. Ўшанда мен ўн икки ёшда эдим», деганлар. 

Аллоҳ таоло ҳаммаларимизни ўша буюк аждодларимизга муносиб авлод бўлишимизни насиб айласин!


НУБУВВАТ ХОНАДОНИ ТУҲФАЛАРИ



Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим



Роббимиз Аллоҳ таолога ҳамду санолар, дунёда йўлбошчимиз, охиратда шафоатчимиз бўлмиш севикли Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафога дуруд ва салавотлар бўлсин!

Аллоҳ таоло Ўз элчисининг инсоният учун ўрнак эканини таъкидлаб, шундай дейди:

«Дарҳақиқат, сизлар учун – Аллоҳдан ва охират кунидан умидвор бўлганлар ҳамда Аллоҳни кўп зикр қиладиганлар учун Аллоҳнинг Расулида гўзал ўрнак бордир» (Аҳзоб сураси, 21-оят).

Ҳа, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бутун инсоният учун, хусусан, мўмин­¬мусулмонлар учун энг олий ўрнакдирлар. У зот ибодат, ахлоқ ёки маълум бир соҳалардагина эмас, балки инсон ҳаётининг ҳар бир нуқтасида энг олий намуна кўрсатганлар. Шунинг учун ҳам у зотнинг ҳаётлари баркамол ҳаёт бўлди. У зот оддий фақирликдан тортиб, подшоҳликкача бўлган ҳаёт тарзини яшаб ўтдилар. Башар ҳаётининг у зот амалда кўрсатиб бермаган бирор жабҳаси қолмади. У зот алайҳиссалом оддий инсон сифатида гоҳ фақир, гоҳ бой бўлиб, қўшни бўлиб, эр бўлиб, ота бўлиб, имом бўлиб, муаллимлик ва воизлик қилиб, қози бўлиб, катта бир минтақада раҳбар, подшоҳ бўлиб, ҳарбий соҳада аскар ва қўмондон бўлиб ҳаёт кечирдилар. У зотнинг ҳаётлари ана шундай серқирра, инсон ҳаётини тўла қамраб олган эди. Бинобарин, у зот шоҳга ҳам, гадога ҳам, бойга ҳам, камбағалга ҳам, эркакка ҳам, аёлга ҳам, каттага ҳам, кичикка ҳам энг олий ўрнак бўлдилар. Ислом инсон ҳаётининг каттаю­кичик барча жабҳаларини қамраб олгани учун бу диннинг пайғамбари яшаб ўтган ҳаёт ҳам шунга монанд бўлди. Хусусан, ул зоти бобаракот инсониятга оилавий ҳаётнинг энг олий намунасини ҳам тақдим қилдилар. 

Айрим пайғамбарлар бой бўлиб ўтган бўлсалар­да, кўплари камбағалликда ҳаёт кечирган. Баъзи пайғамбарлар подшоҳ бўлиб ўтган бўлса­да, кўплари оддий фуқаро бўлиб яшаган. Кўпчилик пайғамбарлар оила қурган бўлса­да, айримлари уйланмаган. Табиийки, уйланмаганлари оилавий намуна кўрсатмаганлар. Бу уларга айб эмас, балки уларнинг вазифалари учун шу ҳолат керак ва етарли бўлган. Нима бўлганда ҳам, бундай ҳолат барча замон ва макон учун яроқли бўлган динга муносиб келмас эди. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётларида эса ҳар тарафлама баркамоллик устувордир. Айниқса, у зотнинг оилавий ҳаётлари уммат учун энг буюк неъмат ва беминнат раҳмат бўлди. 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оила қуришлари ва оилавий ҳаётлари уммат учун илоҳий бир туҳфадир, аммо бугун кўпчилигимиз ушбу неъматдан унумли истефода эта олмаётганимиз сир эмас. Кўпинча у зот алайҳиссаломнинг умумий сийратлари, ихлосу ибодатлари, хулқу одоблари, ижтимоий­иқтисодий ва бошқа соҳалардаги кўрсатмалари, одамлар билан муомалалари ҳақида сўз юритилади­ю, оилавий ҳаётлари чуқур ўрганилмайди. Қуръону Суннат ва улардан олинган фиқҳий ҳукмлар ҳақида ҳар доим гапирилса­да, ўша илоҳий йўриқларнинг ҳаётий намунаси бўлмиш набавий оила тутуми хусусида одатда етарли баҳс қилинмайди. Ана шу эътибордан, ҳозир сиз билан ушбу мавзуда суҳбатлашмоқчимиз. Келинг, оила ҳақидаги оят ва ҳадисларни санаб ўтирмай, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оилавий тасарруфларидан намуна келтириш билан ўша гўзал оилани кўз олдимизга келтирсак...

Аввало бу беназир оила раҳбари билан қисқача танишиб олайлик. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам йигирма беш ёшларида илк бор уйланганлар. Омонатдор, ростгўй, ишбилармон савдогар бўлганлар. Ўта камтарин, меҳрибон, меҳмондўст ва гўзал ахлоқли эдилар. Шу билан бирга, забардаст, чапдаст эркак эдилар. Қирқ ёшга тўлганларида Аллоҳ таоло у зотни охир замон уммати учун пайғамбар этиб тайинлади. Қавмларининг қаттиқ қаршиликларига қарамай, сабру матонат ва изчиллик билан йиллар давомида илоҳий рисолатни инсониятга етказиб, унинг барча таълимотлардан ғолиб бўлишига эришдилар. Инсониятга ҳеч ким тақдим эта олмаган кўрсатмаларни етказдилар. Бу илоҳий таълимотнинг маъно­мазмуни шунчалар бойки, мана бир ярим минг йилдан бери якун топмайди, аксинча, янги­янги маънолар улашиб, мағзининг мазаси ортиб бормоқда. Бу маърифат булоғи бутун дунёни илмга, китобга тўлдириб ташлади ва асрлар оша илм­маърифат зиёсини таратиб келмоқда. 

Муҳаммад алайҳиссалом жамиятни олий мақсад сари етаклашда ҳам, оилада ҳам, давлат ишларида ҳам,  зарур бўлганда эса, ҳарбий соҳада ҳам етакчи бўлдилар. У зотнинг бу борадаги салоҳиятлари оламшумул бўлди. Мадинада кичик бир давлатга асос солиб, қисқа муддат ичида бутун Араб жазирасини ҳақ дин байроғи остига бирлаштирдилар. Ҳаётлик даврларида у зотга эргашганларнинг сони юз мингдан зиёда эди. Бугун эса уларнинг сони бир ярим миллиардга етган. Инсоният ўзининг узоқ тарихи давомида у зотдек улуғ йўлбошчини кўрмаган. У зотнинг оддийгина бир кулбада ўтказган ҳаётлари ҳали­ҳануз бутун башариятни ҳайратга солиб келмоқда. Биз ҳозир ушбу буюк сиймонинг оилавий ҳаётлари билан қисқача танишмоқчимиз. Бунинг учун у зотнинг оилавий муносабатларидаги айрим нуқталарга тўхталиб, шу ҳақдаги саҳиҳ ҳадисларни ўрганиб чиқамиз. 


1. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз аёлларини севардилар, буни ошкора айтардилар ва бу билан уларнинг кўнглини кўтарар эдилар.

Афсуски, бугунги кунда севги­муҳаббат деса, негадир фақатгина бир­бирига бегона эркак ва аёлнинг ўзаро муҳаббати ёки жинсий майл тушуниладиган бўлиб қолган. Шунингдек, эр­хотиннинг муҳаббати деганда ҳам қандайдир афсонавий қаҳрамонлар ёки ажнабийларгина кўз олдимизга келади. Аслини олганда, бу борада ҳам энг гўзал, мусаффо, воқеий ва олий намуна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётларида акс этган.

Икки жинс – эркак ва аёлнинг бир­бирига рағбати, қизиқиши табиий фитрат, соғлом ғариза (инстинкт) экан, демак, Исломда бунга оид кўрсатма бўлиши лозим. Келинг, буни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратлари мисолида ўрганишга ҳаракат қилайлик. 


Амр ибн Ос розияллоҳу анҳу шундай сўзлаб берди:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам мени Зотус-салосил қўшинига бош қилиб юбордилар. У зотнинг ҳузурларига келиб, «Сиз учун энг севимли инсон ким?» дедим. «Оиша», дедилар. «Эркаклардан-чи?» дедим. «Унинг отаси», дедилар. «Кейин ким?» дедим. «Кейин Умар ибн Хаттоб», деб, яна бир қанча кишиларни санадилар».

Имом Бухорий ривояти. 


Оиша розияллоҳу анҳодан ривоя қилинади: 

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қўй сўйсалар, «Хадижанинг дугоналарига ҳам юборинглар», дердилар. Бир куни у зотни ғазаблантириб қўйдим. «Хадижа» деб юборибман. Шунда у зот: «Мен унинг муҳаббати билан ризқлантирилганман», дедилар».

Имом Муслим ривояти.


Имом Табароний «Муъжам»да, Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ ўзининг «Муснад»ида Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилади: 

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам руҳлари қабз қилинган ҳасталикларида менга: «Жаннатда ҳам менинг хотиним бўлишингни кўрганим менга ўлимни енгиллатади», дедилар». 


Бу ҳадислардан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўз аҳлу аёлларига қанчалар илтифотли бўлганларини кўриш мумкин. 


Қуйида келадиган, «Умму Заръ ҳадиси» деб номланган машҳур ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Оиша розияллоҳу анҳога «Абу Заръ Умму Заръга қандай бўлса, мен ҳам муҳаббат ва вафода сенга ана шундекман», деган сўзлари билан аёлларига бўлган муҳаббатларини, эътиборларини изҳор қилганлар. Оиша онамизнинг: «Ота-онам сизга фидо бўлсин! Сиз менга Абу Заръ Умму Заръга бўлгандан ҳам яхшироқсиз», деган гаплари хушомад эмас, балки чин қабдан айтилган дил сўзлари эди.

Демак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз аҳлу аёлларига муҳаббат изҳор қилганлар ва бу муҳаббатни бошқалардан ҳам яширмаганлар. Шу йўл билан у зот ўзга жинсга нисбатан табиий майлни тўғри йўналтиришни, уни ҳалол йўл билан қондиришни ўргатганлар. Айни пайтда, у зот алайҳиссалом бегона эркак ва аёл ўртасидаги ишқий муносабатларнинг ножоиз эканини ҳам таъкидлаганлар.

Одатда эркак киши ўз муҳаббатини тилда изҳор қилишга қийналади, ўнғайсизланади. Унинг учун бу туйғуни эътибор ва совға-салом билан ифодалаш қулай. Аммо ўрни келганда ўз жуфти ҳалолига сўз билан ҳам муҳаббат изҳор қилиб туриш жуда кўп яхшиликларга сабаб бўлади, аёл кишининг дилини ром этади, тушунмовчиликларни бартараф этади. Энг муҳими, бу иш ҳам Набий алайҳиссаломнинг гўзал суннатларидандир.

Кўпчилик эркаклар аёл кишига меҳрибон ва мурувватли бўлиш уни бузади, ўзидан кетишига сабаб бўлади, деб ўйлайди. Уларга «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аёллари билан қилган муомалалари сизларга етарли намуна эмасми?» дегинг келади. Ҳа, оилани қаҳр билан бошқаргандан кўра, мурувват билан бошқариш афзал ва осондир. Ўрни келганда сиёсат қилиш эса бошқа масала.


 

2. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аёлларининг ҳис-туйғуларини, ички кечинмаларини ҳам эътиборда тутиб, шунга яраша муносабатда бўлардилар. 

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: 

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга: «Мендан рози бўлган пайтингни ҳам, ғазабланганингни ҳам биламан», дедилар. «Қаердан биласиз?» дедим. «Рози бўлган пайтингда «Муҳаммаднинг Робби билан қасам», дейсан. Ғазабланганингда эса «Иброҳимнинг Робби билан қасам», дейсан», дедилар». Мен: «Тўғри. Аллоҳга қасамки, эй Аллоҳнинг Расули, мен исмингизнигина ҳижрон қиламан», дедим».

Бировнинг номини қасамга қўшишда уни эъзозлаш бор. Оиша розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан хушнуд бўлиб турганида гапнинг орасида қасам иборасини ишлатадиган бўлса, «Муҳаммаднинг Роббига қасамки», деб гап бошлар эканлар. Асл ҳолатлари шундай эди. Аммо ёш бўлганларидан баъзан нимадир сабаб билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан аразлаб қолса, қасам иборасини ишлатмоқчи бўлганда «Иброҳимнинг Робби билан қасамки», дейишга ўтарканлар. Бу ҳам бўлса, у кишининг эркаликларидан, аёллик табиати устун келганида ва вақтинча бўлар эди. Шунинг учун «Мен бундай пайтда исмингизни айтмайман, холос, лекин қалбимда асло сиздан оғриниб, сиздан воз кечмайман», демоқдалар.


3. Набий алайҳиссалом аёлларининг рашки ва муҳаббатини тўғри қабул қилардилар. 

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам аёлларидан бирининг олдида эдилар. Мўминларнинг оналаридан бири (яъни бошқа бир аёллари) товоқда таом юборди. Шунда уйида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўтирган аёл (рашки келиб, овқатни олиб келган) ходимнинг қўлига урди. Товоқ (ерга) тушиб, синди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам товоқнинг бўлакларини йиғиб, таомни унга сола бошладилар ва: «Онангиз рашк қилди да», деб қўйдилар. Кейин ўзлари уйида бўлган аёлдан товоқ келтирилгунча ходимни тўхтатиб турдилар-да, бутун товоқни товоғи синган аёлга бериб, синганини синдирганнинг уйида қолдирдилар».

Бухорий ривояти.


4. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам аёлларини улар яхши кўрган, суйган исмлари билан чақирардилар. Баъзан эркалаб, номларини қисқартириб, баъзан куня билан ҳам айтардилар. 

Имом Насоий Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жуфти ҳалоллари Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилади:

«Ҳабашлар масжидга кириб, ўйин тушишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳой оппоқ қиз, уларни томоша қилишни истайсанми?» дедилар».


Имом Бухорий ривоятида Оиша розияллоҳу анҳо айтади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй Оиш, мана Жаброил, сенга салом айтяпти», дедилар. «Унга ҳам Аллоҳнинг саломи ва раҳмати бўлсин!» дедим. У зот биз кўрмаган нарсаларни кўрардилар».


Имом Аҳмад Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилади: 

«Мен: «Эй Аллоҳнинг Расули, мендан бошқа ҳамма аёлларингизнинг куняси бор», дедим. У зот: «Сен Умму Абдуллоҳсан», дедилар». 


Оиша розияллоҳу анҳо жияни Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳуни ўз фарзандидек кўрардилар. Мазкур куняни шу эътибордан олганлар. Ўзлари фарзанд кўрмаганлар.


5. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аёлларига ҳамиша эътибор қилар, бемор бўлиб қолишса, ҳол сўраб, кўнгилларини кўтарар, дам солиб, ҳаққига дуо қилар эдилар. 

Имом Муслим ривоятида Оиша розияллоҳу анҳо айтади: 

«Хонадон аҳлларидан бирортаси касал бўлса, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам унга муъаввизот билан дам солардилар».

Муъаввизот – паноҳ тилаш маъносидаги оят ва дуолар.


Бунга Оиша розияллоҳу анҳонинг ифк воқеаси ҳақидаги ҳикоясида олинган қуйидаги иқтибос ҳам очиқ далолат қилади:

«Кейин Мадинага келдик. Келганимдан кейин бир ой касал бўлиб ётдим. Одамлар ифкчиларнинг гапларини тарқатишар эди. Мен эса буларнинг барчасидан бехабар эдим. Бемор бўлсам ҳам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан касал бўлган пайтларимда кўрадиган лутфни кўрмаётганим мени шубҳага соларди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузуримга кириб, салом берар, кейин: «Анави қалай?» деб қўярдилар, холос. Сўнг қайтиб чиқиб кетардилар. Мана шу мени шубҳага соларди, бироқ ёмонлик сезмас эдим. Ниҳоят, оёққа туриб, ташқарига ҳам чиқадиган бўлдим».


6. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аҳли­аёллари билан бадантарбия машқлари ҳам қилардилар. 

Бу ҳам у зотнинг аёллари билан ниҳоятда самимий, яқин ва гўзал муносабатда бўлганларининг нишонаси эди.

Имом Аҳмад, Термизий ва бошқа муҳаддислар ривоя қилган ҳадисда Оиша розияллоҳу анҳо айтади:

«Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан сафарда эдим. Ёш қиз эдим. Ҳали гўшт битиб, семирмагандим. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам асҳобаларига: «Илдамлашинглар», дедилар, улар илдамлаб кетишди. Сўнг менга: «Кел, мусобақалашамиз», дедилар. Шунда мен у зот билан кимўзарга югуриб, у зотдан ўтиб кетдим. Кейинроқ яна у зот билан сафарга чиқдим. Саҳобаларига «Илдамлашинглар», дедилар­да, сўнг: «Кел, мусобақалашамиз», дедилар. Олдингиси эсимда йўқ экан. Бу пайтда менга анча битиб қолган эди. «Эй Аллоҳнинг Расули, мен бу аҳволда сиз билан қандай мусобақалашаман?» дедим. У зот: «Эплайсан», дедилар. Мусобақалашган эдим, у зот мендан ўзиб кетдилар ва кулиб: «Бу ҳалиги билан биру бир», дедилар».

Бу ҳадис Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аҳли­оилалари билан қанчалар мулойим муомалада бўлганлари, уларга нисбатан ниҳоятда кенг бўлганларини кўрсатади. Шунингдек, бу ҳадисдан шариат кўрсатмалари доирасидаги жисмоний машғулот аёл киши учун ҳам жоиз экани тушунилади. Зеро, бу танани соғлом ва тетик қилади, кўнгилни ёзади, руҳий толиқишларни бартараф этади.


7. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аҳлу аёллари билан маслаҳатлашар, уларнинг сўзларини инобатга олар, гоҳида ўта нозик масалаларда ҳам уларнинг фикрларини маъқуллар эдилар. 

Ҳудайбия. Мушриклар мусулмонларни Маккага кириб, умра қилишга қўйишмади. Орада тузилган сулҳга кўра, мусулмонлар бу сафар Маккага кирмай, қурбонликка аталган жонлиқларни шу ерда сўйиб, ортга қайтишлари керак эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларига: «Туринглар, қурбонликларни сўйиб, кейин соч олдиринглар», дедилар. Аммо Маккаи Мукарраманинг ишқида ёниб, зиёртга қаттиқ бел боғлаб олган саҳобаи икромларга бу буйруқ оғир келди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оғизларидан чиққан ҳар бир сўзни жон бериб бажарадиган саҳобалар бу сафар ўзларида эмас… Ҳеч кутилмаган ҳолат: Набий алайҳиссаломга жонини фидо қилишга тайёр турган саҳобалар набавий амрни бажаришга ўзларида куч топа олмаяптилар. Бу ҳақда «Саҳиҳи Бухорий»даги узун ҳадисда жумладан қуйидагиларни ўқиймиз: «Аллоҳга қасамки, у зот буни уч марта қайтардилар ҳамки, уларнинг бирортаси ўрнидан турмади. Уларнинг ҳеч бири турмагач, Умму Саламанинг ҳузурига кирдилар ва унга бўлган воқеани айтдилар. Шунда Умму Салама: «Эй Аллоҳнинг Набийси, сиз шуни истаяпсизми? Чиқиб, жонлиқларингизни сўйиб, сартарошингизни чақириб, сочингизни олдирмагунингизча уларнинг ҳеч бирига бирор калима ҳам гапирманг», деди. У зот чиқиб, то ўша нарсаларни бажаргунларича уларнинг ҳеч бирига гапирмадилар. Қурбонликларини сўйдилар. Сартарошларини чақирдилар. Сартарош у зотнинг сочларини олди. (Саҳобалар) буни кўргач, туриб, қурбонликларини сўйишди ва бир-бирларининг сочларини ола бошлашди. Улар (буйруқни дарҳол бажармаганлари учун) аламдан бир-бирларини ўлдириб қўяй дейишарди».

Охир замон Пайғамбари, бемисл қийинчиликларни ҳеч тараддудланмай енгиб келаётган зот бу сафарги оғирликдан қаттиқ маҳзун бўлиб, аёллари Умму Салама розияллоҳу анҳога шикоят қилгандек бўлдилар. Шунда бу онамиз аёл бошлари билан доноларча маслаҳат бердилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай муҳим, катта аҳамият касб этган бир ишда аёлларининг маслаҳатларига кўра иш тутдилар ва шу сабабли уммат ҳалокатдан қутулиб қолди.


8. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам яхши егулик, ёқимли тансиқ таомларни кўрсалар, аҳли­аёлларига ҳам илинардилар.

Имом Муслим, Насоий, Ибн Ҳиббон ва Аҳмадлар Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: 

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бир форс қўшнилари бўлиб, шўрвага уста эди. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам учун таом тайёрлаб, сўнг у зотни чақириб келди. Шунда у зот: «Бу Оишага ҳамми?» дедилар. У: «Йўқ», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ундай бўлса, йўқ», дедилар. Кейин қўшни у зотни яна чақирди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бу Оишагами?» дедилар. У: «Йўқ», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ундай бўлса, йўқ», дедилар. Сўнг у яна қайта чақирди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Шунисими?» дедилар. Бу сафар у: «Ҳа», деди. Шунда икковлари биргалашиб унинг уйига келишди».

Имом Нававий раҳматуллоҳи алайҳ ушбу ҳадис шарҳида шундай дейди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аёлларини қолдириб, бир ўзлари таомланишни хушламадилар. Бу эса гўзал турмуш, ҳамсуҳбатнинг ҳаққи ва ҳамнишинликнинг қатъий одобларидандир».

Ҳа, мусулмон киши ўз аҳлига еганидан едиради, кийганидан кийдиради. Шариатнинг талаби шу, Исломнинг кўрсатмаси шу, набавий ахлоқнинг тақзоси шу. Афсуски, бугунги кунда кўпчилик мусулмон эркаклар бу ахлоқдан тамоман йироқда, умуман бошқа бир қутбда яшайдилар, десак, муболағаси йўқ. Айримлар бор, зиёфатма­зиёфат юриб, ҳали у чойхонада, ҳали бу ошхонада хўрандалик қилиб, тишини кавлаб уйга кириб келади, рўзғорда эса бир ҳафтадан бери гўшт йўқ. Бу ҳам етмагандай, қайнотасининг ҳамёнига илашиб олган замонавий «йигит»лар ҳам учраб туради. Ғарб мамлакатларида эса «тенг ҳуқуқлик» шиори остида «хотин бўлса ўзига, ўз аравасини ўзи тортсин» деган тушунча устувор. Бугун инсоният набавий намунага қанчалар муҳтожлигини мана шундан ҳам билса бўлади.


9. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аёлларига уй ишларида кўмаклашар эдилар. 

Бу ҳол у зотнинг сийратларида энг кўп зикр қилинадиган хислатларидан ҳисобланади.

Асвад ибн Язиддан ривоят қилинади:

«Оиша розияллоҳу анҳодан: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уйда нима қилар эдилар?» деб сўрадим. «У зот аҳлларининг юмушларида бўлар эдилар. Азонни эшитсалар, чиқиб кетар эдилар», деди».

Имом Бухорий ривояти.


Ҳишом ибн Урва отасидан ривоят қилади:

«Оишага «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уйларида нималар қилар эдилар?» деган эдим, «Кийимларини тикар, шиппакларини ямардилар, кишилар уйида қиладиган ишларни қилаверар эдилар», деди». 

Аҳмад, Ибн Саъд ва Ибн Ҳиббон ривоят қилишган.


Имом Термизий «Шамойил»да Оиша розияллоҳу анҳодан қуйидаги лафзда ривоят қилади: «У зот ҳам ҳамма каби бир инсон эдилар. Кийимларини тозалардилар, қўйларини соғардилар, ўз ишларини ўзлари қилар эдилар».

Ҳа, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қанчалар буюк ва муҳим ишлар билан банд бўлишларига қарамай, уй ишларида аҳли­оилаларига қарашиб юборар эдилар. 


10. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам аёлларнинг айрим енгил ҳазиллари, ўйин-кулги ва мутойибаларини ҳам кўтарар, эркаликларини табассум билан қарши олар эдилар.

Имом Насоий Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилади: 

«Бир куни Савда бизни зиёрат қилишга келди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўртамизга ўтирган эдилар. Бир оёқлари менинг қучоғимда, иккинчи оёқлари унинг қучоғида эди. Мен ҳарира (атала) тайёрлагандим Унга (Савдага): «Егин», десам, унамади. Мен: «Ё ейсан, ё уни юзинга чаплайман», дедим. У яна унамади. Шунда мен товоқдан озгина олдим­да, унинг юзига чапладим. У мендан ўч олсин деб Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг қучоғидан оёқларини олдилар. Шунда у ҳам товоқдан озгина олиб, юзимга чаплади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эса кулиб турардилар».

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўз аёллари билан ҳазил-мутойиба қилган ҳолатлари ҳам бўлган.


Қосим ибн Муҳаммад айтади:

«Бир куни Оиша: «Вой бошим!» деб қолди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Агар тириклигимда шундай бўлса, сен учун мағфират сўрайман, ҳаққингга дуо қиламан», дедилар. Оиша: «Вой ўлгай! Нима, менинг ўлимимни истайсизми? Агар шундай бўлиб қолса, ўша куниёқ завжаларингиздан бири билан бирга бўлиб кетаверар экансисиз-да», дебди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Йўқ, мен «Вой бошим», (дейин)», дебдилар.

Бухорий, Насоий, Ибн Можа ва Ибн Ҳиббон ривоят қилган.


Бу ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжаларига эътиборли бўлганлари, уларнинг кўнглига қараганлари кўриниб турибди. Ривоятнинг зоҳирига кўра, Оиша розияллоҳу анҳо «Вой бошим!» деганда «Ўлиб қоламан шекилли» дегандек бироз ваҳима қилиб юборганлар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишининг гапига ҳазил тариқасида «Агар мен боримда вафот этсанг, сен учун мағфират сўрайман, ҳаққингга дуо қиламан. Шундай экан, нега ғам чекасан?» дейдилар. Бироқ Оиша розияллоҳу анҳонинг бу гапдан ранжиганини кўриб, эркалаган маънода «Сен учун мен оҳ тортай» ёки «Сен эмас, мен олдин вафот қиламан» деб, унинг кўнглини кўтарганлар. 



Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
1. Аллоҳ таолонинг амрига бўйсуниш.2. Аллоҳ таолонинг саловотига мувофиқ иш қилиш.3. Фаришталарнинг саловотига мувофиқ иш қилиш.4. Бир саловот учун Аллоҳ таолодан ўн давоми...

2412 17:30 / 30.03.2018
Жубайр ибн Мутъам розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Менинг бир неча исмларим бор мен Муҳаммадман. Мен Аҳмадман. Мен Моҳийман давоми...

991 19:03 / 28.04.2017
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу ривоят қилади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам одамларнинг энг гўзали, одамларнинг энг сахийи, одамларнинг энг шижоатлиси давоми...

868 19:04 / 28.04.2017
Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламни оламларга раҳмат қилиб юборган ақ таолога Ўзининг жалолига яраша ҳамду санолар бўлсинОламларга раҳмат қилиб давоми...

911 18:44 / 28.04.2017
Видеолар

1 20:30 / 18 февраль

1 20:30 / 16 февраль
Аудиолар

9157 11:58 / 10.10.2018
Китоблар
Топ рейтинг www.uz Openstat