1445 йил 23 шаввол | 2024 йил 02 май, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Холислик сари

Мақтов (мадҳ)

15:15 / 28.04.2017 2659 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Мақтов кимсаларнинг қилган ишлари ёки феълларини тил билан бошқаларга билдиришдир. Аслида барча мақтов Аллоҳ таолога хосдир ва Унинг Пайғамбарига (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) муносибдир. Шунинг учун доимо Аллоҳга ҳамд-санолар айтамиз. Шу боис, саҳобалардан Аббос, Ҳассон, Каъб ва бошқалар Расулуллоҳни мақтаб  шеърлар ёзишган. 

Мақтовга лойиқ кишиларни мақташ жамиятда фазилат ва комиллик ортишига сабаб бўлгани учун шариатимиз бундан қайтармайди. Шунинг учун муболаға ва ёлғон сўзлардан сақланган ҳолда кишида бор бўлган сифатлар билангина мақташ жоиз. Лекин мақтовга лойиқ бўлмаган кимсаларни, кишининг мансаби, бойлиги ё обрў-шуҳрати учун мақташ ҳақиқат ва ахлоққа зид бўлгани учун ёмон иш саналади.

Кишини юзига мақташнинг фойдаси ҳам, хатари ҳам бор: агар мақталаётган киши комил имонли, ишончли, риёзатли, маърифатли бўлса ва мақтовдан фитналанмаса ёки ғурурга кетмаса, мақтов ҳаром ҳам, макруҳ ҳам бўлмайди. Аксинча бўлса, кишини юзига мақташ қаттиқ макруҳ бўлади.

Абу Мусо Ашъарийдан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир кишини кўкларга кўтариб мақташаётганини эшитиб: "Уни ҳалок қилдинглар-ку!" (ёки белини синдирдинглар), деганлар (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).

Мақтовчи (маддоҳ) бирор мансаб ёки манфаат илинжида одамларни юзига мақтовчи, асли йўқ, ҳақиқатга зид ва ботил нарсаларни тарғиб қилувчидир. Ҳадисда келишича, бир киши Усмонни (розийаллоҳу анҳу) мақтаганида саҳоба Миқдод ибн Асвад (розийаллоҳу анҳу) унинг юзига тупроқ сочиб юборган. Усмон: "Бу нима қилганингиз?" деб сўраганида, Миқдод бундай деган: "Расули акрам "Агар маддоҳларни (мақтовчиларни) кўрсангиз, юзига тупроқ сочинглар", деганларини эшитганман" (Имом Муслим ривояти). Айрим уламолар "юзга тупроқ сочиш"ни "маддоҳнинг овозини ўчириш" деб шарҳлашган.

Суннатга кўра, агар бир кишини мақташга тўғри келиб қолса, "у шундай фазилатларга эга бўлса керак, деб ўйлайман, агар у шу сифатларга эга бўлса, "унинг кифоячиси Аллоҳдир, Аллоҳ олдида бирор киши айбсиз эмас" дейиш керак. 

Одамлар даражаларига қараб мақтовни турлича қабул қилишади. Авом кишилар мақтовдан яйраб, хурсанд бўлишади, маддоҳ айтаётган фазилатлар ўзларида мавжудлигидан фахрланиб, кибрланишади, мақтовчини ўзларига дўст тутишади. Обидлар мақтовни эшитиб, ундан иложи борича қочишади, у эгаллаб қолмаслиги учун қалбларини иҳоталаб олишади. Орифлар эса бундай ҳолларда "агар Аллоҳ айбларимни беркитмаганида одамлар фақат фазилатларимни кўриб, мени мақташмасди, демак, бу мақтовлар Аллоҳга тегишлидир" деб фикрлайди ва барча мақтовларни Парвардигорига ҳавола этади.

   Абулқосим аз-Замахшарий: "Ўзи сазовор бўлмаган ҳамду сано ва мақтовларни талаб қилиш уятсиз, телба одамларнинг одатларидандир", деган. Қайюм Носирий айтибди: "Биров сени ўзингда йўқ сифатлар билан мадҳ этса, ундай одамга ишонма. Чунки у сенда йўқ ёмон сифатлар билан бошқа ерда сени ёмонлашга қодир".

Фосиқ ва бидъатчини мақташ, мадҳда ҳақиқатни айтмай риё ва ёлғон қўшиш, мақталган киши бундан кибр ё ғурурга кетиши, мақтов орқали бирор манфаатни кўзлаш динимизда қоралангандир. Агар мақтов бу хусусиятлардан холи бўлса, мақташ ҳам, мақтовга рози бўлиш ҳам мумкин. 

Мақтовнинг акси зам (ёмонлаш), яъни бир кишига нисбатан ёмон сўзлар гапириш, ҳолатини фош этишдир. Ҳар қандай инсонни ноҳақ ёмонлаш ҳаромдир.


Аҳмад МУҲАММАД



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Устознинг муҳимлиги ҳақида устозларимиздан бирининг ажойиб сўзини сизларга тақдим қиламан Инсоннинг ҳидоят топишида китобнинг ўзи кифоя қилмайди. Чунки китоб давоми...

2636 14:49 / 28.04.2017
Яқинда уйланган йигит отаонасининг топшириғига биноан имом домлани уйига чақириб келди. Домла деворлари оқланган, дарвозаси чиройли қилиб бўялган дарвозадан давоми...

2850 15:33 / 28.04.2017
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтади Мен тўрт кишини тақдирлашга ожизман. Менга биринчи бўлиб салом берган кишини, менга мажлисда силжиброқ ўтириб жой давоми...

2257 14:55 / 28.04.2017
Имоми Ҳофиз Шамсуддин Заҳабий ўзининг quotГуноҳи кабираларquot китобдан қуйидаги ривоятни келтирган.Бир киши ҳикоя қилади .Қўли елкасидан кесилган бир кишини давоми...

2262 15:11 / 28.04.2017