1445 йил 24 шаввол | 2024 йил 03 май, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Савол жавоб

Аллоҳ ва Унинг расулини севиш билан ота-онани ва қизларни севиш ўртасида фарқ борм

18:49 / 26.04.2016 2991 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

САВОЛ: Ассалому алайкум, Шайх Ҳазратлари! Сизга бир саволим бор эди: Аллоҳ ва Унинг расулини севиш билан ота-онани ва қизларни севиш ўртасида фарқ борми? Аллоҳ ва унинг Расулини севиш нима билан бўлади? Бу борадаги муҳаббатни қандоқ тушунмоқ керак?

ЖАВОБ: Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.
Уламоларимизнинг бу саволга берган жавобларидаги иборалари турлича бўлса ҳам, маъноси бирдир. У ҳам бўлса, Аллоҳга муҳаббат Унинг айтганини қилиб, қайтарганидан қайтишдир. Аллоҳ яхши кўрган нарсани яхши кўриб, Аллоҳ ёмон кўрган нарсани ёмон кўришдир.
Шунингдек, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат ҳам у зотнинг шариатлари ва суннатларини лозим тутмоқдан иборатдир.
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Сиздан бирортангиз то мен унга ота-онасидан, боласидан ва одамларнинг ҳаммасидан маҳбуброқ бўлмагунимча мўмин бўла олмайди», дедилар».
Икки Шайх ва Насаий ривоят қилишган.
Ушбу ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «мўмин бўла олмайди» деганларидан мурод, комил иймонли мўмин бўла олмайди, деганларидир. Чунки, бу ерда гап эътиқод ҳақида эмас, майл ҳақида кетмоқда. Агар эътиқод бўйича бирор киши нафақат ота-она ёки болани, Расулуллоҳдан бошқа бирор шахсни афзал кўрса кофир бўлиши турган гап. Ушбу ҳадисдаги муҳаббатдан мурод ота-она ёки болага бўладиган меҳр-шафқат ҳам эмас, бошқа инсонга бўладиган ишқ ҳам эмас. Балки, маҳбубга нисбатан фидокорлик ва ҳар бир нарсани қурбон қилишга тайёр туриш ҳамда муҳбубнинг амрини бажариб, унинг розилигини топишга уринишдир.
Демак, мўмин банда учун Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу масалада ўз ота-онасидан ҳам, боласидан ҳам, бошқа барча одамлардан ҳам устун туришлари керак.
Уламоларимиздан Абу Зинод кишилар орасидаги ўзаро муҳаббатни учга бўладилар:

1. Улуғлаш ва таъзим муҳаббати, асосан ота-онага бўлади.
2. Раҳм-шафқат муҳаббати, асосан фарзандларга бўлади.
3. Ўзаро гўзал хислатларни қадрлаш му-ҳаббати, ўзга одамларга нисбатан бўлади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу ҳадисларида ўзларига нисбатан муҳаббатнинг уч тури ҳаммага бўлган муҳаббатдан устун бўлгандагина инсоннинг иймони комил бўлишини қайд қилмоқдалар. Бу муҳаббат у зотнинг тириклик пайт-ларида шахсларига нисбатан бўлса, энди ҳам шахсларига, ҳам динларига, ҳам суннатларига нисбатан бўлиши керак.
Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу ушбу ҳадиси шарифни эшитганлари замони унга амал қилишларини билдирмоқчи бўлиб:
«Эй Аллоҳнинг Расули, сиз мен учун ўзимдан бошқа ҳаммадан кўра маҳбуброқ-сиз», деганлар.
Шунда Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ундоқ бўлса бўлмапти. Ўзингдан кўра ҳам бўлиши керак», деганлар.
Ҳазрати Умар дарҳол:
«Ўзимдан кўра ҳам», деганларида у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ана энди бўлди, эй Умар», деганлар.
Яъни, ана энди иймонинг комил бўлди, деганлар.
Қизларга бўлган муҳаббат ҳам ўзаро гўзал хислатларни қадрлаш муҳаббати жумласига киради ва фақат шариатга мувофиқ бўлиши лозим. Валлоҳу аълам.

124-САВОЛ: Ҳозирда кўп аёлларимиз тижорат қилишади. Улар орасида эрининг рухсатисиз бу ишни қиладиганлар ҳам бор. Аёлларнинг ҳафталаб бошқа юртга кетишлари, маҳрамсиз мусофир бўлиб юришларига Ислом дини нима дейди?
124-ЖАВОБ: Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.
Албатта Ислом динида аёл киши эъзозланган. Доим эҳтиромда бўлиши, ўзининг аёллик латофатини кетказмаслиги учун аёлларга кўпгина имтиёзлар берилган. Шулардан бири–оиланинг сарф-харажатини, кетадиган нафақаси, барча-барча таъминоти, озиқ-овқат бўлсин, ки-йим-кечак бўлсин, турар жой бўлсин, таълим олиш, даволаниш, дам олиш ва бошқа нарсаларга кетадиган сарф-харажатлар бўлсин–барчаси эркакларнинг зиммасига юклатилган. Аёллар нафақа учун бир нарса топишга умрбод буюрилмаганлар, бу уларнинг иши эмас. Улар эркаклардан талаб қилиш ҳаққига эгалар. Шунинг учун аёлларда тижорат қилиш мажбурияти йўқ. Энди, ўша шариат рухсат бермаган ишни қилса, бунинг устига уни эрининг рухсатисиз қилса гуноҳ бўлиши турган гап. Бу гуноҳларга яна ҳафталаб бошқа юртларга маҳрамсиз кетиб қолиш гуноҳи ҳам қўшилиши мумкин. Пайғамбаримиз алайҳиссалом «Аллоҳга ва ва Қиёмат кунига имон келтирган аёл киши учун уч кундан ортиқ маҳрамсиз чиқиши мумкин эмас–ҳаром» деганлар. Демак, маҳрамсиз аёл кишининг сафарга чиқиши мутлақо мумкин эмас, мана шу нарсаларни яхши ўйлаб қўйиш керак. Ҳозирги кунда аёлларни турли юртларга кетиб қолишлари, тижоратдан бошқа, ҳаром ишларни қилишлари катта бир мусибатга айланиб қолган. Мана шу мусибатнинг пайдо бўлишида, шундай ноқулай ҳолатларнинг бўлиб туришида асосан эркаклар айбдор. Агар эркаклар ўз қизини, синглисини, опасини, хотинини, онасини нафақаси билан таъминлаб, барча нарсаларини муҳайё, тайёр қилиб, уларни муаззаза, мукаррама бўлиб яшаб боришларини таъминлаганларида ва яхши бир раҳбар сифатида беҳуда сафарларга чиқишни йўлга қўймаганларида, балки унинг йўлига тўсиқ бўлганларида мана шу нарсалар бўлмас эди. Бу ерда демак, аёллар эрлари уларни нафақа билан таъминлай олмаганликлари учун ҳам шундай ношаръий сафарларга чиқишга, пул топишга уринаётган бўлишлари мумкин. Иккинчидан, баъзилари ўзбошимчалик қилиб, ҳавои-нафсига берилиб қилаётган бўлишлари мумкин. Бунга эркакларнинг индамай қараб туриши қўшилса, албатта гап эркакларнинг ҳам айби борлигига бориб тақалади. Шунга ўхшаш барча ҳолатларда ҳам мана шу мулоҳазалар қилинади. Шунинг учун бу иллатни йўқ қилишда аввало аёллар ўзлари жонбозлик кўрсатишлари, қолаверса эркаклар зиммаларидаги масъулиятни сезишлари, аёлларининг кўчага чиқишига, маҳрамсиз ҳафталаб бошқа юртларда сафарларда юришига мажбур қилаётган нарса нима эканлигини билиб-ўрганиб, ана шу етишмовчиликни тўлдириш, аёлларини ана шундай ношаръий ҳаром сафарларга боришдан сақ-лаш учун ҳаракат қилмоқликлари лозим бўлади. Валлоҳу аълам.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бир рус қўшнимиз бор эди. У ёлғиз ўзи яшарди. Ўлими олдидан биз унга қараб турдик. Вафотидан олдин у аёл онамга мени христианлик шартларига кўра кўмингларrdquo деб давоми...

3502 20:59 / 27.04.2016
САВОЛ Ассаламу алайкум шайх ҳазратлариСаволим шундан иборатки, мен бир қизни Аллоҳ учун суйдим. Унинг уйига совчи юбормоқчи бўлдим, кейин билсам, уни ўзга бировга давоми...

3414 20:49 / 25.04.2016
СаволБу саволимга жавоб берадиган илмли инсон ёнимда йўқ. Шунинг учун сизни безовта қилдим. Хуллас араб тилини озгина 3 ой ўргандим. Қуръони Каримни мп3 форматдаги давоми...

8565 09:05 / 18.01.2018
Номаҳрам инсонни севиш мумкинмиБу ерда севиш нимадан иборат эканлигини аниқлаш керак. Агар севги яхши кўриш маъносида илми, маърифати учун, тақвоси учун, бошқаси давоми...

7994 15:36 / 26.04.2016