1445 йил 23 шаввол | 2024 йил 02 май, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Савол жавоб

Мусулмон одамга сариқ либос мумкин эмасми?

20:57 / 24.04.2016 3020 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Савол: Ассалому алайкум Шайх хазратлари! Аллоҳ Сизни халқимиз учун соғ ва саломат қилсин!!! Сиз каби уламоларимиз сафи янада кенгайишини Аллоҳдан сўраб коламан! Ҳазрат, мусулмон одамга сариқ либос мумкин эмасми? Сабабини билсак бўладими?

Жавоб: Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Аллоҳнинг Набийси соллаллоҳу алайҳи васаллам эркак киши заъфарон чаплаб олишидан наҳйи қилдилар».

Бешовлари ривоят қилганлар.

Ушбу ривоятдаги заъфарон чаплашдан мурод баданга ва кийимга ёки иккисидан бирига чаплашдир. Заъфарон сариқ рангли бўлиб, у ранг бошқа диндагиларнинг шиори, аломат-белгиси бўлганидан шундоқ наҳий бўлган, дейдилар уламо аҳли.

Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам мени тилло узук тақишдан, шойи кийишдан, рукуъ ва саждада қироат қилишдан ва сариқ ранг чапланган кийим кийишдан наҳйи қилдилар».

Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.

Ҳазрати Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳудан қилинган ушбу ривоятда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишини ва шу орқали бошқа эркак мусулмонларни ҳам тўрт нарсадан қайтармоқдалар.

1. Тилло узук тақишдан.

Мусулмон эркак нафақат тилло узук, балки тиллодан бўлган бошқа нарсаларни ҳам тақиши мумкин эмаслигини аввал ўрганиб ўтдик. Кумуш узук ҳақида, иншааллоҳ, келажакда сўз юритилади.

2. Шойи кийишдан.

Мусулмон эркакларга шойи-ипак кийиш ҳаром эканлигини ҳам аввал батафсил ўрганганмиз.

3. Рукуъ ва саждада қироат қилишдан.

Намоз ўқиётган одам рукуъга ёки саждага борганда Қуръон қироат қилиши мумкин эмас. У ҳолатларда тасбеҳ айтилади. Бу нарса ҳаммага маълум.

4. Сариқ ранг чапланган кийим кийишдан.

Худди мана шу жумла туфайли ушбу ҳадиси шариф бу ерда келтирилган.

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳу айтади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам устимда икки сариқ ранг чапланган кийимни кўриб:

«Албатта, мана шулар кофирларнинг кийимларидандир», дедилар».

Бошқа бир ривоятда:

«Онанг шунга амр қилдими!?» дедилар.

«Уларни ювиб ташлайми?» дедим.

«Балки куйдириб ташла!» дедилар.

Ушбу заъфарон ва сап-сариқ ранг чапланган кийим кийиш ҳақидаги наҳйилар фақат эркакларга хосдир. Аёлларга тааллуқли эмас. 

Нима учун эркакларга бундоқ наҳйи келди, дейилса, бу ранглар маълум кофир тоифаларнинг шиори бўлгани, эътиборни жалб қиладиган бўлгани, ҳиди кучли бўлгани, аёлларга хос бўлгани учун, деган жавобни айтганлар уламо аҳли.

Усули фиқҳ илмида наҳйи–бирор нарсадан қайтариш ҳақида келган шаръий буйруқлар учга бўлинади; ҳаром, макруҳ ва танзийҳ. Ушбу масаладаги наҳйи мазкур уч қисмдан қайси бирига хос, деб савол қўядиган бўлсак, кўпчилик уламо аҳли, бу ердаги наҳйи танзийҳ учун, дейдилар. Яъни, макруҳдан ҳам кучсизроқ бўлиб, ўта тозаликни ирода қилиш учундир. Чунки, машҳур саҳобий Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу соқолларига ва кийимларига хушбўй сариқ нарса суртиб юрар, нимага бундоқ қиласиз, деб сўралса, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундоқ қилганларини кўрганман, дер эканлар.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
СаволАссалому алайкум, ҳурматли Шайх Ҳазратлари Оиламиз ҳожатхона қоғози ишлаб чиқаради. Қонунчиликда айтилганидек патент қоғознинг биринчи муқовасида оиламиз давоми...

4541 09:05 / 19.09.2017
Ассалому алайкум Бир инсон уятли ва катта гуноҳларни кўп марта қилгани учун Аллоҳга дуо қилмаслиги тўғрими Агар дуо қилса Аллоҳ ижобат этишига ишонади, лекин давоми...

2112 10:16 / 22.02.2019
САВОЛ Ислом динида аёлларнинг масжидларга чиқиб, жамоат намозларида қатнашишлари маъқулланмаслигидан хабарим бор. Аммо эркак ва аёлларнинг намоз ўқишида ҳам бир давоми...

2734 20:08 / 26.04.2016
СаволАссалому алайкум Баъзи аёллар маҳрами йўқлиги ёки маҳрам билан боришнинг имконияти йўқлиги сабабли, бошқа бегона эркакларга никоҳланиб ҳажга кетишади. Яъни давоми...

5451 08:00 / 12.08.2018