1445 йил 26 шаввол | 2024 йил 05 май, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Рўза

УЛАБ ТУТИШ

05:00 / 11.01.2017 2997 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Улаб тутиш» деганда рўзадор киши ифтор ҳам, саҳарлик ҳам қилмай икки ва ундан ортиқ кун рўза тутиши, тушунилади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам улаб тутишдан наҳий қилдилар. Шунда одамлар: «Сиз улаб тутасиз-ку, эй, Аллоҳнинг Расули?» дейишди.
«Сизларнинг қай бирингиз менга ўхшайсиз?! Мени тунда Роббим таомлантиради ва сероб қилади», дедилар. Бас, қачонки, улар улаб тутишдан тўхташдан бош тортган эдилар, улар билан бир кун улаб тутдилар, сўнг яна бир кун улаб тутдилар, кейин эса (Шаввол) ҳилолини кўриб қолдилар. Ўшанда У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам худди уларга иқоб берувчидек бўлиб:
«Агар (ҳилол) кеч қолганида, сизларга яна зиёда қилар эдим», дедилар.
Бошқа бир ривоятда: «Сизлар улаб тутишдан ҳазир бўлинглар», деб икки марта айтдилар.
«Сиз Ўзингиз улаб тутасиз-ку?» дейилди. У зот: «Мен Роббим ҳузурида тунайман. У мени таомлантирур ва сероб қилур. Амалдан ўзингиз тоқат қиладиганингизни такаллуф қилинглар», дедилар». Тўртовлари ривоят қилганлар.
Шарҳ: Ислом шариатида инсоннинг имконидан ташқари, унинг ортиқча қийналишига сабаб бўладиган таклифлар йўқ. Шу билан бирга инсоннинг ўзича ўзини қийнашига, турли ортиқча ишларни ўйлаб чиқариб, қийналишига сабаб бўладиган амалларни қилишига ҳам рухсат берилмайди. Ушбу ҳадиси шарифда ўша ишнинг рўзадаги мисолини кўриб турибмиз.
Баъзи бир кўпроқ ибодат қилишни хоҳлаган кишилар учун тонг отгандан қуёш ботгунча рўза тутиш жуда осон кўриниши, бир неча кун улаб рўза тутса, худди ажойиб бир ибодат қилгандек ҳузур қилиши мумкин. Рўза фарз қилинганидан кейин маълум бир муддат ўтиб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмонлар ичида ана ўша руҳни мулоҳаза қилган бўлсалар керак, улаб рўза тутишдан қайтардилар.
Аммо рўзани улаб тутиш ишқибозлари ҳам бўш келмадилар. Улар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга Ўзлари улаб тутишларини эслатдилар ва бу билан улаб тутишда бирор сир борлигидан ўзингиз бу ишни қилсангиз керак, деб ўйловдик, демоқчи бўлдилар.
Шунда Пайғамбар алайҳиссалом бу иш фақат ўз зоти олийларига хос эканини баён этдилар. Кечаси таом ва шароб танаввул қилмасалар ҳам, Аллоҳнинг Ўзи у зотни таомлантириб, шароб ила сероб қилиб туришини айтдилар.
Афтидан рўзани улаб тутиш ишқибозлари бу билан ҳам қониқмаган бўлсалар керак, яна улаб тутиш истаги борлигини билдирдилар. Ана шунда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга амалий дарс бермоқчи бўлиб, улар билан бирга улаб рўза тутишни бошлаганлар. Аммо икки кундан кейин Рамазон ойи тамом бўлиб, Шаввол ойи ҳилоли кўриниб қолган ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам агар ой кўриниб қолмаганда улаб рўза тутишни давом эттираверар эдим ҳамда сизга унинг оқибати нима бўлишини кўрсатиб қўяр эдим, деганлар.
Оқибати эса, албатта, яхши бўлмас эди. Бу ишни қилган одамлар қийналар ва ибодатлари ҳам кўнгилдагидек бўлмас эди.
Ҳадиси шарифнинг охиридаги иборалардан нафақат рўзадор, балки барча ишларда ҳам инсон ўзига ўзи қийин қилиб, тоқатидан ташқари амал қилишга урунмаслиги кераклиги уқтирилмоқда.
Ҳамма нарса ҳам меъёрида бўлгани маъқул. Меъёрни эса, Аллоҳнинг шариати белгилайди. Шунинг учун Ислом шариатида кўрсатилган нарсани тўлиқ бажаришга ҳаракат қилиш керак. Шариат меъёридан кам ҳам, ортиқ ҳам бўлмаслиги лозим. Энг тўғри иш, энг тўғри ибодат шариатда кўрсатилганини зинҳор унутмаслигимиз лозим.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ҳар йили муборак Рамазон ойи яқинлашиб келар экан кишилар уни кутиб олиш учун тайёргарлик кўра бошлайдилар. Лекин афсуски, бу тайёргарликларнинг кўпи Рамазони давоми...

3282 05:00 / 11.01.2017
Рўзадор бирор нарсанинг мазасини татиб кўриши ёки чайнаши макруҳдир зарурат юзасидан ёш болага овқат чайнаб бериш бундан мустасно. Бу ҳолатларда бирон нарсанинг давоми...

1954 13:08 / 26 март
Лақийт ибн Собрата розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Мен .Эй Аллоҳнинг Расули, менга таҳоратдан хабар беринг,, дедим. .Таҳоратни яхшилаб қил. Панжаларинг орасини давоми...

2992 05:00 / 14.01.2017
Савол Рўза тутмасликни ёки тутган бўлса ҳам очишни мубоҳ қилувчи амаллар қайсилар Жавоб Улар қуйидагилардир 1. Беморлик. Ҳалок бўлиши, бирор аъзосига талофат давоми...

2177 15:10 / 26 март