1445 йил 25 шаввол | 2024 йил 04 май, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сиз юборган

Муҳаммад алайҳиссаломга муҳаббатли бўлиш

15:03 / 22.04.2017 2642 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

وَعَنْ أَنَسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: "لاَ يُؤْمِنُ أَحَدُكُمْ حَتَّى أَكُونَ أَحَبَّ إِلَيْهِ مِنْ وَالِدِهِ وَوَلَدِهِ وَالنَّاسِ أَجْمَعِينَ". مُتَّفَقٌ عَلَيْهِ.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: У киши айтдилар:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

« Мен сизларга отасидан ҳам, боласидан ҳам ва барча инсонлардан ҳам суюклироқ бўлмагунимча, сизлардан бирортангиз ҳақиқий мўмин бўла олмайсизлар», дедилар. Муттафақун алайҳ.  

Ҳадисни шарҳлашдан олдин ушбу ҳадис ровийси Анас ибн Молик ҳақида озгина маълумот бериб ўтамиз.   

У кишининг тўлиқ исмлари - Анас ибн Молик ибн Назр ал-Ансорий, ал-Хозражий, ан-Нажжорийдир.

Куняси - Абу Ҳамзадир. Ҳамза - “бақла” деб номланган полиз экинидир. Бу ҳақида Анас розияллоҳу анҳу шундай деганлар:

عَنْ أَنَسٍ ، قَالَ : كَنَّانِي رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ بِبَقْلَةٍ كُنْتُ أَجْتَنِيهَا   أَخْرَجَهُ التِّرْمِذِيُّ.

  Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: У киши: “Мен бақлани териб олаётган пайтимда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мени “бақла” деб куняладилар”, дедилар.

Онаси - машҳур саҳобия Умму Сулайм бинти Милҳон бўлган.

Отаси - Молик ибн Назр мушрик ҳолида ўлиб кетган.

Анас ўн ёшга етганларида оналари Умму Сулайм уни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга хизмат қилиш учун олиб борадилар ва Муҳаммад алайҳиссаломдан фарзанди ҳаққига дуо қилишни сўрайдилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эй Аллоҳим, унинг молига ва фарзандига барака бергин, унинг умрини узун қилгин ва гуноҳини мағфират қилгин”, деб дуо қиладилар.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз алайҳиссалом Мадинага келганларидан кейин, ўн йил у зотга хизмат қилдилар. У Набий алайҳиссаломга шундай хизмат қилдиларки, натижада саҳобалар орасида “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ходими” деган лақабни олдилар.

Умар розияллоҳу анҳу даврида инсонларга илм тарқатиш мақсадида Басрага борадилар. Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг дуолари шарофатидан узоқ умр кўрадилар. Ҳижрий 93-йили 100 ёшдан ошгандан кейин Басрада вафот этадилар. Басрадаги энг охири вафот этган саҳоба шу киши эди, дейилади.

Ҳадис шарҳи:

Инсониятда мавжуд бўлган муҳаббат уч хил бўлади:

1.Табиий муҳаббат - буни Аллоҳ таоло инсоннинг асл фитратида бор қилиб яратган. Бу муҳаббатда инсон учун яхши кўриш ёки яхши кўрмаслик ихтиёри бўлмайди. Бунга мисол, инсон ўзини, ўз фарзандини, ота-онасини яхши кўришлиги.

2.Ақлий муҳаббат - бу муҳаббат аслида инсоннинг фитратида бўлмайди, лекин ақлнинг тақозосига кўра, шу нарсага меҳр қўяди ва уни хоҳлайди. Бунга мисол, бемор кишининг аччиқ дорини истеъмол қилиши. Аслида нафси буни хоҳламаса ҳам, жисмига даво бўлишини билганидан буни хоҳлайди. Яна, бирор инсонни унга манфаъати етиб турганлиги сабабидан уни яхши кўриши.

3.Иймоний муҳаббат - бу муҳаббат Аллоҳ таолога ва унинг Расулига иймон келтирган иймонли кишидагина бор бўлади. Бунга мисол, бир мусулмон кишини табиий муҳаббат, (яъни қариндошлиги учун) ёки ақлий муҳаббат, (яъни бирор манфаъат учун) сабабли эмас, балки Аллоҳ учун яхши кўриши.

Ушбу ҳадисда зикр қилинаётган Муҳаммад алайҳиссаломга муҳаббатли бўлиш иймоний муҳаббатдан ҳисобланади.

Агар инсонда иймоний муҳаббат бўлсагина, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳақиқий муҳаббат қила олади.

Аслида Набий алайҳиссалом зоҳирий жиҳатдан ҳам муҳаббат қилишга ҳақли зот бўлганлар. Яъни, у киши жуда ҳам чиройли, хулқлари гўзал, ҳаммага меҳрибон, ҳалийм зот эдилар.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади:

النَّبِيُّ أَوْلَى بِالْمُؤْمِنِينَ مِنْ أَنْفُسِهِمْ

“Набий мўъминлар учун ўзларидан кўра ҳақлидир”. (Аҳзоб, 6-оят)

Яъни, Пайғамбаримиз алайҳиссалом мўминлар учун барча муҳаббат қиладиган кишиларидан кўра ҳам, севишликка ҳақли бўлган зотдир. Мўъминликни даъво қилган барча киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббатли бўлишлиги лозимдир. Бу жуда ҳам олий мақом бўлиб, бу мақом инсоният ичида фақат Муҳаммад алайҳиссаломга берилгандир.

عَنْ عَبْدِ اللَّهِ بْنِ هِشَامٍ قَالَ كُنَّا مَعَ النَّبِىِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ وَهْوَ آخِذٌ بِيَدِ عُمَرَ بْنِ الْخَطَّابِ فَقَالَ لَهُ عُمَرُ يَا رَسُولَ اللَّهِ لأَنْتَ أَحَبُّ إِلَىَّ مِنْ كُلِّ شَىْءٍ إِلاَّ مِنْ نَفْسِى . فَقَالَ النَّبِىُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ « لاَ وَالَّذِى نَفْسِى بِيَدِهِ حَتَّى أَكُونَ أَحَبَّ إِلَيْكَ مِنْ نَفْسِكَ » . فَقَالَ لَهُ عُمَرُ فَإِنَّهُ الآنَ وَاللَّهِ لأَنْتَ أَحَبُّ إِلَىَّ مِنْ نَفْسِى . فَقَالَ النَّبِىُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ « الآنَ يَا عُمَرُ »رَواهُ الْبُخارِيُّ

Абдуллоҳ ибн Ҳишом розиялоҳу анҳудан ривоят қилинади: У киши айтдилар:

“Биз Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга эдик. У зот Умар ибн ал-Хаттоб розияллоҳу анҳунинг қўлларини ушлаб турган ҳолда эдилар, шунда Умар розияллоҳу анҳу у зотга:

“Эй, Аллоҳнинг Расули! Сиз мен учун ўзимдан бошқа ҳаммадан кўра маҳбуброқсиз”, деди.

Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Йўқ, нафсим унинг қўлида бўлган зотга қасамки, токи мен сенга ўзингдан ҳам маҳбуброқ бўлмагунимча бўлмайди”, дедилар.

Умар розияллоҳу анҳу у зотга:

“Энди, Аллоҳга қасамки, албатта сиз мен учун ўзимдан ҳам маҳбуброқсиз”, дедилар.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Ана, энди бўлди, Эй Умар”, дедилар. (Бухорий ривояти)

Умар розияллоҳу анҳу айтган гапларининг икки хил эҳтимоли бўлиши мумкин:

1.У киши аввалги холатда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни яхши кўриш, инсоннинг фитратида бўлган, табиий муҳаббатдан деб ўйлаб, қалбидаги борини очиқ ойдин Набий алайҳиссаломга айтган бўлишлари мумкин, сўнгра бу иймоний муҳаббатдан эканлигини билиб, иккинчи гапни айтганлар.

2.Аллоҳ таоло у кишини Муҳаммад алайҳиссаломга мурожаат қилишлик баракаси билан улуғ мақомга етказди, натижада у кишининг қалбида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан улкан муҳаббат жойлашди.

Қозий шундай деганлар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳақиқий муҳаббатли бўлиш – У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатини қўллаб қувватлаш, унинг шариъатини ҳимоя қилиш ва пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳаётлик чоғида, у зотга ёрдам бериш мақсадида нафсини ва молини сарфлашлик учун, у киши билан бирга бўлишликни орзу қилишликдир”.

Имом Нававий: “Юқоридаги ҳадисда мутмаъиннаҳ нафс (хотиржам нафс) билан аммора нафс (ёмонликка ундовчи нафс)ларга ишора бордир. Кимнинг мутмаъиннаҳ нафси оғирроқ бўлса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббати кучлироқ бўлади. Кимнинг аммора нафси оғирроқ бўлса, у зотга бўлган муҳаббатининг акси бўлади”, дедилар.

Аллоҳ таоло барчамизни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббатли бўлиб яшашимизни насиб айласин.


Мадаминов Шокиржон

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ибн Ақийлнинг вафот этаётган вақтда quotМени тинч қўйинглар Аллоҳга йўлиқишдан роҳатланаманquot деганиИбн Жавзий айтади Имом Абул Вафо ибн Ақийл вафот этиши олдидан давоми...

2610 14:49 / 22.04.2017
Устоз, сиз ёзган китоблару мақолалар ўқиляпти, аудио дискларингиз эштиляпти. Мусулмонлар сизни йўқотганидан қайғудалар. Кимлардир бу кутилмаган ҳолатни эшитиб, давоми...

2329 16:44 / 27.03.2017
Эй, Аллоҳ таолодан қўрқувчи банда, гуноҳ ишга қўл уришдан аввал Аллоҳ азза ва жалла сени кўриб, яширин ва ошкора қилаётган барча ишларингни билиб турганини ҳамда давоми...

2312 10:09 / 27.03.2017
Агар банда тонг оттирганда ва кеч киргизганда, барча ғами ёлғиз Аллоҳ бўлса, Аллоҳ таоло унинг барча ҳожатларини Ўз зиммасига олади. Уни қийнаб турган барча давоми...

2269 16:47 / 27.03.2017