1445 йил 18 шаввол | 2024 йил 27 апрель, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сиз юборган

Мотуридия мазҳаби тарғиботчиси

21:10 / 21.04.2017 3021 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Мотуридия мазҳабининг шаклланиб ривожланишида ҳам, тараққий этишида ҳам Мовароуннаҳр уламоларининг хусусан Ўзбекистон олимларининг алоҳида ўринлари борлиги ҳеч кимга сир эмас. Бу юртдан етишиб чиққан алломалар турли илмлар бўйича бутун дунёга устозлик мақомига эришганлар. Бугунги кунда бутун дунёда бу юрт алломаларининг китоблари ўқитилмайдиган бирор бир доруфунун топилмаса керак. 

Мотуридия мазҳабининг шаклланиши, ривожланиши ва буларга хизмат қилган омиллар ҳақида баҳс юритган  уламолар бу мазҳаб тарихини икки даврга ажратганлар:

1)    Имом Мотуридий томонидан шаклланиб Ўрта осиёга кенг тарқалган   ва Мовароуннаҳр уламолари томонидан ривожлантирилган давр. "Бу даврда имом Мотуридийнинг "Китабут тавҳид", "Таъвийлоту аҳли сунна", Абул Муъийн Насафийнинг "Табсиротул адиллати фи усулид дин", "Баҳрул калом", Нажмиддин Насафийнинг "Ақоидун Насафия" каби асарлари билан мотуридия мазҳаби шаклланиб ривожланган.  

2)    Кичик Осиё уламолари томонидан тараққий эттирилган давр. Бу даврда Камолиддин Аҳмад ибн Ҳасан Баёзийзода Румийнинг "Ишаротул маром мин ибаротил имам Аби Ҳанифа Нуъман", Абдурраҳим ибн Али Шайхзоданинг "Назмул фароид ва жамъул фаваид" каби асарлар мотуридия мазҳабининг  тараққий этишига хизмат қилган.  

  Ўзининг қимматли асарлари билан мотуридия мазҳабининг Мовароуннаҳр ва ундан бошқа ўлкаларга кенг тарқалишига хизмат қилган зотлардан бири Сўфи Аллоҳёр бобомиздир. 

Сўфи Аллоҳёрнинг туғилган саналари аниқ маълум эмас. Турли тадқиқотчиларнинг қарашларига кўра бу зот 1630-1650 йиллар оралиғида Самарқанддаги Каттақўрғон беклигига қарашли Минглар қишлоғида таваллуд топган. Сўфи Аллоҳёр дастлаб ўз қишлоғида савод чиқаради сўнгра Бухородаги мадрасаларда илм таҳсилини давом эттиради.    

Сўфи Аллоҳёр кўплаб илмлар бўйича етук олим ҳамда форс тилида ҳам, туркий тилда ҳам маҳорат билан ижод этган нозимлардан ҳисобланади. Асарларида баён қилинган маълумотларга кўра бу зот Шайх Ҳабибуллоҳ, Сўфи Наврўз Бухорий ва Хўжа Мўмин сингари устозлардан таълим олган. Сўфи Аллоҳёрнинг илм даражаси жуда юқори бўлганлиги ёзган асарларидан ҳам билиниб туради. 

Сўфи Аллоҳёрнинг турли мавзуларга оид кўплаб асарлари бўлиб уларнинг айримлари қуйидагилардир:

1.    "Маслакул муттақийн", (Тақводорларнинг тутган йўли) ақоид ва фиқҳ илмига бағишланган ушбу асар форс тилида битилган. Уламолар "Маслакул муттақийн"ни Сўфи Аллоҳёрнинг энг салмоқли асари сифатида эътироф этганлар. Шеърий услубда ёзилган ушбу асар юздан ортиқ мўътабар китоблар асосида таълиф этилган бўлиб, ҳажми ўн икки минг байтдан ортиқдир. Таҳқиқларга кўра бу асар  милодий 1700-1701 йиллар атрофида ёзиб тугалланган. "Маслакул муттақийн"нинг тошбосма ва қўлёзма нусхалари Ўрта Осиё, Афғонистон, Покистон, Ҳиндистон ва бошқа жойларга кенг ёйилган. 19 асрнинг иккинчи яримида "Маслакул муттақийн" асари Қўзихўжа Ҳафизхўжа ўғли Туркистоний томонидан ўзбек тилига ўгирилган. Бу китоб 2007 йилда Сайдиддин Сайфуллоҳ ва Акром Деҳқонлар томонидан нашр этилган.    

2.    "Муродул орифийн", яъни "Орифлар муроди" маъносини англатувчи бу асар ҳам форс тилида таълиф этилган. Асар ўн беш фаслдан иборат бўлиб ўттизга яқин рисолалар асосида ёзилган. Асарда тасаввуф илмига тааллуқли масалалар баён қилинган. "Муродул орифийн" асарининг кўплаб нусхалари бўлиб, қўлёзма нусхаларидан бири Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг кутубхонасида 1716 рақам остида сақланади.  

3.    "Махзанул мутиъийн" яъни "итоаткорлар саройи" маъносини англатувчи ушбу асар ҳам форс тилида ёзилган. Бу асар икки бўлимдан иборат бўлиб биринчи бўлимда ақидавий масалалар, иккинчи бўлимда фиқҳий масалалар баён қилинган. Ушбу асарнинг қўлёзма нусхаси Ўзбекистон республикаси Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтида 4982 рақами остида сақланмоқда. 

4.    "Саботул ожизийн", яъни "ожизлар матонати" маъносини англатувчи ушбу асар ақоид илмига бағишланган бўлиб ўзбек тилида шеърий услубда ёзилган. Муаллиф бу асарни "Маслакул муттақийн"дан кейин ёзган. Форс тилида ёзилган "Маслакул муттақийн" асари яхши қабул қилиниб халқ орасида машҳур бўлиб кетгач муаллифнинг яқин кишилари уни ўзбек тилига ўгириб беришини сўрашади. Мазкур сўровларга кўра муаллиф эътиқодий масалларни ўзбек тилида назмий услубда баён этган. 

  "Саботул ожизийн" асари Покистон, Ҳиндистон, Эрон, Ироқ, Афғонистон, Татаристон, Саудия Арабистони, Миср, Туркия, Хитой, Венгрия ва Россия давлатларида нашр этилган. Шунга кўра ушбу асарни мотуридия мазҳабининг мазкур юртларга ҳам кенг тарқалишига хизмат қилган, дейиш мумкин.    

"Баъзи олимлар "Нажотут толибин" ва "Фавзун – нажот" китобларини ҳам Сўфи Аллоҳёрга нисбат берадилар ". 

Сўфи Аллоҳёрнинг вафот этган санаси кўпчилик тадқиқотчиларнинг қарашларига кўра 1721 йилга тўғри келади. Қабри Сурхондарё вилоятининг ҳозирги Олтинсой туманига қарашли Катта Вахшивор қишлоғидадир. Сўфи Аллоҳёрнинг кўплаб авлодлари ҳозирда ушбу қишлоқда яшайдилар. 

Аллоҳ таоло Сўфи Аллоҳёр бобомизни Ўз раҳматига олиб, ётган жойларини жаннат боғларидан қилган бўлсин. 

 Оламлар Роббисига ҳамду санолар, пайғамбаримиз Муҳаммад мустафога салавот ва саломлар бўлсин.


Абдулқодир Абдур Раҳим



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Умму Аҳмад адДуайжий ҳикоя қилади Йигирма ёшли қиз автомобил ҳалокати натижасида вафот этди. Вафотидан бироз аввал яқинларининг аҳволинг қандай деган давоми...

2829 10:01 / 24.03.2017
Махлуқотлар ризқи азалда Аллоҳ таоло томонидан қатъий суратда тақдир қилиб белгилаб қўйилгани аниқ. Аммо кишида, бандалар ризқининг зиёда бўлиши ёки камайиши давоми...

2628 14:03 / 24.03.2017
Бир йигит шундай хикоя қилади Жума тонгида онажонимнинг .Бугун муборак кун, вақтли туриб ибодатингни қилгин,, деган овозидан уйғониб кетдим. Ўрнимдан турарканман, давоми...

2760 14:35 / 27.03.2017
Али Тонтовий1959 йилда Дамашқ радиосида қилган нутқим Ҳурматли тингловчилар Албатта, деҳқончиликнинг ҳам, тижоратнинг ҳам ва илм олишнинг ҳам ўз мавсуми бор. Агар давоми...

2335 10:17 / 27.03.2017