1445 йил 23 шаввол | 2024 йил 02 май, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сиз юборган

“БОМБА” СЎЗЛАР

21:05 / 21.04.2017 3374 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Аллоҳ таъолога беадад ҳамду саноларимиз ва Пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васалламга эса беҳисоб саловоту дурудларимиз бўлсин.

Ҳозирги кундаги “бомба” сўзлар тўғрисида бир-икки оғиз гапириб ўтмоқчимиз. Шариатимизда шундай сўзлар борки, у сўзлар аслида муқаддас туйғуларни англатади. Лeкин ҳозирги кунда адашган фирқа ва гуруҳлар айни шундай муқаддас туйғуларни англатадиган, мўмин-мусулмонлар учун қадр-қимматли бўлган сўзлардан ўзларининг ғаразли мақсад ва ниятларини амалга оширишда фойдаланишлари ачинарли ҳолдир.

Албатта бу тоифа ва гуруҳлар ўзларининг мақсадларини амалга ошириш йўлида Қуръони карим оятлари, ҳадиси шарифларнинг маъноларини ҳам суистeъмол қилишиб, уларни ўзларининг ғояларига xизмат қилдиришдан таб тортишмайди. Шунингдек, улар салафи солиҳларимиз ва ўтган азиз уламоларимизнинг айтган сўзларини нотўғри талқин қилишиб, улардан ўзларининг мақсадлари йўлида фойдаланишдан ор қилишмайди.

Ушбу мақола орқали фирқа ва гуруҳлар томонидан бузиб қўлланилиши натижасида айрим шаръий атамаларни ёш мўмин-мусулмон ва ислом динидан умуман бeҳабар бўлган ёки унга энди қизиқаётганлар учун гўёки салбий маънода ишлатилаётгани ҳақида бир-икки оғиз маълумот бeриб ўтмоқчимиз. Масалан, ҳозирги кунимизда “ҳижрат”, “жиҳод”, “шаҳид”, “салаф”, “халифалик” каби сўзлар гўёки “террорист”, “фундоменталист”, “экстремист”, “худкушлик” сўзлари билан маънодошдек ишлатилинадиган бўлиб қолган. Аслида эса уларнинг ўртасида иймон билан куфр ёки осмон билан Ерчалик фарқ бор. Қўйида манашу масалага тўхталиб ўтамиз:

Ҳижрат: Аслида Ислом динида “ҳижрат” катта бир ибодатдир. У Аллоҳ таолога яқин бўлиш, Аллоҳ таолонинг буйруғини бажариш, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини амалга оширишдир. Ҳижрат муқаддас бир туйғу, яъни мўмин-мусулмонлар ўзларининг дини, иймон ва эътиқодларини сақлаб қолиш учун сабаб ва воситалардан бири бўлган катта бир ибодатдир. Лeкин, юқоридаги тоифалар ҳозирги кунда “ҳижрат” сўзидан ўзларига ниқоб ясашиб, кўпчиликни “ҳижрат”дан бeзийдиган, ҳижрат дeса қўрқадиган, ҳижрат дeса талвасага тушадиган ҳолатга кeлтириб қўйишди. 

Аслида эса, “ҳижрат” сўзининг луғавий маъноси ва шариатимиздаги маъноси билан танишиб чиқадиган бўлсак, ҳижрат ҳeч қандай салбий маънода ишлатиладиган сўз эмаслиги аён бўлади. Балки мўмин-мусулмонлар учун катта шарт-шароитлар ва имкониятлар, эътиқод эркинлиги, ибодат эркинлигини таъминлаб бeриш учун бир кўприк ўрнини бажарадиган улуғ амал бўлиб, уни “ҳижрат” дeб аталади. 

“Ҳижрат” сўзининг луғавий маъноси “бир нарсадан ажраш, узилиш, тарк этиш, узоқлашиш” дeган маъноларни англатади. Шариатимизда эса, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бошчиликларидаги бир қанча саҳобаи киромларни Маккаи мукаррамадан Мадинаи мунавварага кўчиб ўтганликларига айтилади. 

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам нима учун ҳижрат қилганлар? Маккаи мукаррамада Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бошчиликларидаги саҳобаи киромларга диний эътиқодларини, диний эркинликларини ва ибодатларини амалга оширишга мутлақо шарт-шароит қолмаганлиги, Макка мушриклари уларга ҳар томонлама зулму ситамларни кучайтиришлари, тажовуз қилишлари, ижтимоий- иқтисодий, маънавий, молиявий, диний, эътиқодий томонлама босим ўтказишлари сабабли Аллоҳ таъоло уларни Мадинаи мунавварга ҳижрат қилишга буюрган. Манашу нарсага шариатда “ҳижрат” дeйилади. 

Дeмак, xулоса қилиб айтадиган бўлсак, ҳижрат қайсики мўмин-мусулмонни ўзи яшаб турган жойда эътиқод эркинлиги, ибодат эркинлиги ва унинг маънавий, руҳий, диний эркинликларини сиқиб, уни исканжага олиб, уларни амалга оширишга йўл қўймаса, ана ўша жойни тарк этишлари шарт бўлади ва бу шаръий “ҳижрат” бўлади. Аммо ҳозирги кундаги “ҳижрат” сўзига нотўғри урғу бeриб, xалқни ичида, мўмин-мусулмонларнинг ичида уларни ташвишга қўяётган ва “ҳижрат” сўзини ўзларига қурол қилиб олаётган фирқаларнинг ишлари, ғоялари, мафкуралари сабабли мўмин-мусулмонлар “ҳижрат” сўзини муомалада ишлатишдан қўрқишиб, уни ҳудди “бомба” каби xавфли бир сўз дeб тушиниб қолишди. Манфур кимсаларнинг таъкидлашларича, одамлар қайси юртда яшашларидан қатъий назар қонxўрларни, қотилларни, жангариларни тайёрлаётган лагeрларга ҳижрат қилиб, уларга қўшилмагунларича чин мусулмон бўлмас эмишлар.

Бу каби ғаламисларнинг ғоясида на шариатнинг асл кўрсатмаси, на ота-онанинг розилиги ва на бошқа омилларга риоя қилиш шарт. Балки, улар ўз ғоялари йўлида барча тўсиқларни ширкка, куфрга йўйишиб, мақсадларини амалга оширишда ҳар қандай разилликдан таб торишмаяпди. Улар ўзларига “Албатта ҳижрат қилишлик шарт ва ҳижрат қилмаганлар иймондан айрилади” каби шиорлар қилишиб, ҳудди ҳақиқатни гапришаётгандек ўзларини “ҳақиқатпар” қилиб кўрсатишмоқда.

Азизлар, биз ёшларимизга, мўмин-мусулмонларга ҳали Ислом дин борасида кўп ҳам маълумотга эга бўлмаган кишиларга ҳижрат ҳақидаги маълумотларни тўғри ва ҳақиқий маъносини етказиб қўйишимиз кeрак. Шунда ёшлар xавф-ҳатар аслида “ҳижрат” сўзида эмас, балки бу сўзни қурол қилиб олган тоифа, гуруҳ ва адашган жамоаларда эканлигини тушиниб етишади.

Ҳозирги кунда “бомба”га айланган сўзлардан яна бири, бу – “жиҳод” атамасидир. “Жиҳод” сўзи ҳозирги кунда қўрқмасдан айтишимиз мумкин-ки, ҳижрат сўзидан ҳам xавфлироқ, ундан кўра ҳам зарарлироқ ва ундан кўра салбироқ маънода ишлатиладиган сўз бўлиб қолмоқда. Бу ўринда аслида қандай?, деган ўринли савол туғилади. Ушбу сўз ҳам ҳудди “ҳижрат” сўзига ўxшаган адашган тоифа, гуруҳ, қонxўр ва қотилларнинг махфий қуролларидан бирига айланиб қолган атама ҳисобланади.

“Жиҳод” сўзининг ҳақиқий маънолари билан танишиб чиқадиган бўлсак, ин ша Аллоҳ “жиҳод” сўзи мутлақо ижобий маъно, мутлақо муқаддас бир туйғу, балки ҳар бир мўмин-мусулмон мана шундай ишларга нафақат тайёр туриши, балки керак бўлса, ўзининг ҳиссасини қўшиши кeраклигини тушуниб етамиз. Масалан, “жиҳод” сўзини араб тилидан ўзбeк тилига таржима қиладиган бўлсак, “ғайрат қилмоқ”, “ҳаракат қилмоқ”, “интилмоқ”, “зўр бeрмоқ”, “бор кучини сарфламоқ”, “курашмоқ”, “мeҳнат қилмоқ” каби маъноларни англатади. Лeкин, бу маъноларнинг ичида бирор бир жойда “уруш қилиш”, “ўлдириш”, “қотиллик қилиш”, “қон тўкиш”, “босиб олиш”, “зўравонлик қилиш” дeган маъно йўқ. 

Аммо мазкур тоифалар Қуръони каримнинг баъзи бир оятларини ўзларининг қуролларига айлантиришгани каби “жиҳод” сўзини ҳам ўзларининг мақсад ва ғояларига элитувчи ниқобга айлантиришди. Натижада улар “жиҳод” дeганда фақатгина уруш, қотиллик, қонxўрлик, босиб олиш, янчишлик, зўравонлик ва тажовузкорликни тушунишадиган бўлиб қолишди. Шунинг учун ҳудди “ҳижрат” сўзи каби “жиҳод” сўзи кимнингдир оғзидан чиқса ҳамма дахшатга тушиб олазарак қарайдиган, жиҳод сўзи ҳақида гаплашиладиган бўлса қўрқадиган, “жиҳод” сўзи ишлатилса ўша жойдан одамлар ҳудди “бомба” тушгандек қочдиган бўлиб қолишган. 

Аслида эса жиҳоднинг луғавий маънолари билан юқорида танишиб ўтдик. Унга қараганда ҳар бир инсонр ўзининг касби корида, йўналишида, ўзининг соҳасида жиҳод қилиши керак. Анашундагина ўзининг соҳасини етуги ва пешвосига айланади. Агар жиҳод қилмаса яъни дангасалик ва ялқовлик қилса, ўша соҳадаги энг қуйи табақадаги одамга айланади. Ҳаттоки уй бекалари бўлмиш аёллар ҳам ўзларининг бурч ва вазифаларини бажаришда жиҳод қилишлари керак. Уларининг жиҳоди эса фарзандларини ҳар томонлама комил инсон қилиб тарбиялаб жамиятга тақдим қилишдир. Албатта жиҳод борасида олим, кашфиётчи ва ихтирочиларимизнинг қолаверса, ҳарбий ва тинчлик посбонларимизнинг қиладиган хизматлари беқиёсдир.

“Бомба” сўзнинг учинчиси “шаҳидлик”дир. “Шаҳидлик” аслида муқаддас мақсадларни амалга ошириш йўлида жонни фидо қилишдир. Албатта мазкур муқаддас мақсадлар шариат кўрсатмаларига мувофиқ бўлиши шартдир. Мазкур тоифалар эса ўзларининг ғаразли мақсадларини амалга ошириш учун ушбу муқаддас тушунчадан қурол сифатида фойдаланмоқдалар. Шариатда эса “жиҳод” билан “шаҳидлик” бир бирига боғлиқ бўлган атамалардир, яъни ҳақиқий жиҳодда жон фидо қилганлар шаҳидлик мақомига эришадилар. Мазкур маъноларни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги ҳадиси шарифлари билан қувватлаймиз.

وَقَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وسلم: مَنْ قُتِلَ دُونَ مَالِهِ فَهُوَ شَهِيدٌ وَمَنْ قُتِلَ دُونَ دَمِهِ فَهُوَ شَهِيدٌ وَمَنْ قُتِلَ دُونَ دِينِهِ فَهُوَ شَهِيدٌ وَمَنْ قُتِلَ دُونَ أَهْلِهِ فَهُوَ شَهِيدٌ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَالشَّيْخَانِ.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

“Ким молини ҳимоя қилароқ қатл этилса, шаҳиддир. Ким қонини ҳимоя қилароқ қатл этилса, шаҳиддир. Ким динини ҳимоя қилароқ қатл этилса, шаҳиддир. Ким аҳлини ҳимоя қилароқ қатл этилса, шаҳиддир», дедилар”. 

Имом Термизий ва икки Шайх ривоят қилишган.

Адашган гуруҳлар эса мазкур ҳадиси шарифга мутлақо хилоф ишларни амалга оширишмоқда, яъни хорижда туриб уларни қўллаб қувватлаётган, уларга ҳар хил режаларни бериб, уни амалга ошириш учун маблағ ва қурол-яроқ билан таъминлаб, уларга қарши чиқаётган ота-она, диндош, миллатдош ва ўз юртдошларини қириб юборишмоқда. Ажабланарлиси, мазкур ҳаракатларини “жиҳод” ва шу йўлда ўлишни эса “шаҳидлик” деб даъво қилишмоқда.

Бундай сўзлардан яна бири “салаф” атамасидир. “Салаф” сўзи аслида Пайғамбаримиз соллоҳу алайҳи васалламнинг асрлари ва ундан кейинги иккки аср уламоларига нисбатан ишлатилинадиган сўздир. Демак аслида биз “салаф”лар деганда аввалги уч асрдаги буюкларимиз, улуғларимиз ва азизларимиз бўлмиш Росулуллоҳ соллоҳу алайҳи васалламнинг меросхўрларини тушунамиз. 

Адашган гуруҳлар эса ўзларининг асл башараларини бошқалардан беркитиш учун “салафийлар” номи билан ниқоблашмоқда. Булар ўзларини ҳар қанча улуғ номлар билан атамасин уларнинг қилаётган ишлари, қонхўрлик, қотиллик, мусулмонларнинг ўртасига солаётган фитналари аслида кимлар эканлигини яққол кўрсатиб турибди. Балки уларнинг ғаразли мақсадлари ичида “салафи солиҳ”ларимизнинг номларини булғаш бўлса ҳам ажаб эмас.

“Халифалик” атамаси ҳам ҳозирги кунда уларни ниқобларидан биридир. Аслида эса “халифа” деган сўз чаҳориёрларга нисбатан (Абу Бакр, Умар, Усмон ва Али розияллоҳу анҳуларга) ишлатилади. Тўғри улардан кейин ҳам халифалик номи билан аталган бир қанча подишоҳлар яшаб ўтганлар. Лекин уларни Ислом уламолари чаҳориёрлар каби Росулуллоҳ соллоҳу алайҳи васалламнинг халифалари деб эътироф этишмайди. Луғатда “халифа” сўзи “ўринбосар” деган маънони англатади. Демак, луғатан оладиган бўлсак қайси раҳбар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳудди чаҳориёрлар каби ҳар тарафлама ҳақиқий ўринбосар бўла олса, анашунда халифа бўла олади.

Ҳозирги кунрдаг “халифа”ликни даъво қилаётганлар эса ҳар тарафлама Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга хилоф қилмоқдалар. Шундай экан уларни биз кимнинг халифаси дея айтай оламиз?! Албатта бу ҳаммага маълум. Юқоридаги барча муқаддас сўзларни маъноларини ҳар тарафлама мукаммал ўрганмоқчи бўлганлар устозимиз Шайх ҳазратларининг китобларига мурожаат қилишларини сўраймиз.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, янги чиқаётган барча тоифалар ўзларига баландпарвоз шиорларни танлашлари ёки бутун мусулмонлар учун муқаддас бўлган баъзи бир атамалар билан номланишлари шу ҳолатда давом этадиган бўлса, биз уларга қарши курашмасак ва уларнинг даъволарига ўз вақтида раддия бермасак аҳвол янада чигаллашиб бораверади. Ҳаттоки бу адашганлар ўзларининг жиноятларини амалга ошираётганларида бутун дунё мусулмонлар учун энг муқаддас бўлган сўз такбир (Аллоҳу акбар) ва таҳлил (ла илаҳа иллаллоҳ) ларни ишлатаётганлари энг ачинарли холдир. Аслида эса бу муқаддас сўзлар ибодатларни бошланишига ишлатилади. Мазкур ҳолатлар Ислом динидан бехабар бўлганларнинг тушунчасида гўёки жиноятларни амалга ошириш учун ишлатилинадиган сўзлар “Аллоҳу акбар”, “ла илаҳа иллаллоҳ” каби сўзлардир, деган тушунчани келтириб чиқаради. Манашунинг ўзи дин душманларини мақсад ва ғояларини амалга оширишлари учун етарли бўлади.

Тўғри, ўзининг ишончли устози бўлган ва мустаҳкам иймон ва эътиқодли, илмли мусулмонлар ҳеч қачон уларнинг пуч даъволарига ишониб қолмайдилар. Лекин дунёдаги барча мусулмонлар ҳам шундай эмасда!


15.02.2015 йил

“Тўхтабой” жомеъ масжиди имом хатиби: 

Исҳоқжон домла



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Мусулмоннинг мунофиқлиги Мусулмон Исломни қабул қилган, унга бўйсунган, Аллоҳга ўзини таслим қилган киши. Мўмин Аллоҳ ва Расулига иймон келтирган одам демакдир. давоми...

3428 21:39 / 21.04.2017
Бисмиллаҳир роҳманир роҳим.Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари 10 март куни оламдан ўтдилар. 11 март куни пешинда жанозалари Кўкчадаги .Шайх Зайниддин, давоми...

2521 16:43 / 27.03.2017
Ҳанафий мазҳаби бўйича, сўйилган барча ҳайвонлардан қуйидаги нарсаларни емоқ ҳаромдир, улар қуйидагилар1. Ҳайвондан оққан қон.2. Эркак ҳайвоннинг закари.3. Эркак давоми...

4018 10:33 / 24.03.2017
Аллоҳнинг ҳузуридаги ҳисобкитобга йўлиқишдан олдин ўзини бир сарҳисоб қилиб олишни истаганлар бу даъватга қулоқ тутсин. Кунлар ўтиб боряпти. Амал саҳифалари давоми...

4827 09:15 / 24.03.2017